Мураббийлар семинар-тренинглари: самара ва натижалар
Талабаларга таълим, яъни, пухта билим билан бир қаторда муносиб тарбия ҳам бериш мураббийлардан улкан масъулият талаб қилади.
Тарбия жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг барча факультетларида мураббийлар учун семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
– Тарбия ишлари мураббийдан жуда улкан масъулият талаб қилади,– дейди ЎзМУ Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори вазифасини бажарувчи, Ижтимоий фанлар факультети декани Қодиржон Абдураҳимов.– Бу ишни талаб даражасида бажариш учун мураббий аввало ўз вазифаси ва бурчларини яхши билиши лозим. Тарбия ишларини қоғозда ё хўжакўрсинга қилишга асло бефарқ қараб бўлмайди. Бу борадаги ишларимиз самарали бўлиши учун талабалар билан доимий равишда мулоқотда бўлишимиз лозим. Хўш, талабаларимиз ўзларининг ҳуқуқ ва бурчларини тўлақонли билишадими? Ҳуқуқ ва бурчларини яхши билган талаба ҳеч қачон дарс қолдирмайди, кечикиб келмайди, кийиниш, юриш-туриш ва муомала маданиятига тўла риоя этади! Шунинг учун талабаларнинг қўлига махсус “Эслатма” қоғози тақдим этаяпмиз. Керак бўлса, бу нозик масалалар юзасидан “Шартнома” имзолаймиз. “Шартнома”да талабаларнинг ота-оналари билан узвий ҳамкорликда ишлаш ҳам назарда тутилган. Мураббий ўз фарзандлари каби ҳар бир талабанинг қачон, қаерда нима ишлар билан шуғулланиб юрганидан бохабар бўлмоғи шарт!
ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров мураббийларни тарбия ишларини тизимли равишда амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган тегишли тавсиялар билан таништирмоқда. Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбеков “Ахборот соатлари” машғулотларини юксак савияда ўтказиш билан бир қаторда бошқа дарсларда ҳам мамлакатимизда юз бераётган туб ўзгаришлар ҳақида ОАВда ёритилаётган энг муҳим ва долзарб ахборотлардан талабаларни бохабар қилиб қўйиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида сўз юритиб, бу борада мураббийлар билан фикрлашмоқда. Ҳуқуқшунос-маслаҳатчи Гули Яҳёева талабалар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган янги норматив-ҳужжатлар билан таништирмоқда.
Семинар-тренингларда университет психологи ва бошқа соҳа вакиллари талаба-ёшлар билан ишлашда уларнинг руҳий оламини ўрганиш, бу борада зарур тавсиялар бериш юзасидан ўзаро фикр алмашмоқда.
Жамшид Юсубов,
ЎзМУ Маънавият ва маърифат, иқтидорли талабалар ишлаш бўлим бошлиғи
Сўнгги фикрлар