Публицистика – давр билан ҳамнафас ижод

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Бадиий публицистика

кенгашининг навбатдаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда уюшма мутасаддилари, публицист адиблар, олимлар ва ёш ижодкорлар иштирок этдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Бадиий публицистика кенгаши раиси Ўктам Мирзаёр ва бошқалар бугунги кунда ижодкорлар олдида турган долзарб масалар мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланган 2017 йилда амалга оширилган улуғвор ишлар ҳақида қай даражада ёритиб борилгани ҳамда галдаги вазифалар ҳақида сўз юритдилар.

Йиғилишда 2017 йил мобайнида газета, журнал, интернет сайтларида ёритилган, шунингдек, алоҳида тўплам ҳолида нашр этилган бадиий публицистикалар таҳлил қилинди.

Қуйида қатор журналларда ҳамда интернет сайтларида ёритилган публицистикалар таҳлилига бағишланган мақола ҳавола этилмоқда.

 ё6 ё1 ё2 ё3 ё4 ё5

Бугунги публицистикамиз ҳақида сўз юритганда мамлакатимизда 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлангани ҳамда шунга яраша жамиятимизда қандай туб ўзгаришлар юз бераётгани-ю, бу жараёнлар адибларимиз ижодида қай даражада ўз аксини топаётганига ҳам эътибор қаратиш даркор. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида айтилган кўпгина фикрлари, илғор ғоялари қалам аҳли учун ўзига хос “йўл харитаси”га айланиб қолди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Давлатимиз раҳбарининг “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” сарлавҳали ўша маърузасида ижод аҳли билиши, дилдан ҳис этиши зарур бўлган айрим фикрларга эътибор қаратамиз:

– 15-20 йилдан кейин Ўзбекистоннинг маданий ривожланиши қандай кечади, бугун биз яшаётган Интернет ва юксак технологиялар асрида адабиёт ва санъат, маданиятимизнинг ўрни ва таъсирини нафақат сақлаб қолиш, балки қандай қилиб уни кучайтириш мумкин, деган тўғри ва одилона саволлар барчамизни, биринчи навбатда, халқимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ижод аҳлини ўйлантириши зарур эмасми?

– Ҳозирги пайтда юртимизда турли мулк шаклига эга бўлган 1513 та оммавий ахборот воситаси, шунингдек, 122 та нашриёт фаолият олиб бормоқда. Аммо уларнинг барчаси ҳам бизнинг миллий ғоямизни ривожлантириш, халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиляптими, деган савол кўндаланг турибди.

Бу фикрларни – давр ҳикмати, деб таърифлагинг келади. Бу ҳикматлар – том маънода ҳаёт ҳақиқатига айланиб қолмоғи учун ҳар бир қаламкаш ҳаётга теран назар билан қараб, ўз устида изланмоғи зарур. Давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзларини барча ижодкорлар зиммасига юклатилган энг муҳим вазифалар сифатида қабул қилишларини истардим:

– бугунги кунда Ўзбекистон улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланмоқда. Замонавий корхона ва иншоотлар, автомобиль ва нефть заводлари, тўқимачилик комбинатлари, эркин иқтисодий зоналар барпо этиляпти. Янги-янги конлар ишга туширилмоқда, минтақа ва ҳудудларимизда автомобиль ва темир йўллари, сув омборлари, муҳташам кўприклар, аҳоли учун арзон уй-жойлар, кўплаб илм-фан, тиббиёт, маданият ва спорт марказлари қурилмоқда, минглаб гектар майдонларда катта-катта боғ-роғлар яратилмоқда. Энг муҳими, мураккаб ва оғир, чуқур билим ва тажрибани талаб қиладиган шароитларда, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан, мана шундай катта лойиҳаларни ким амалга оширяпти, ким бу ишларни қиляпти? Ўзимизнинг одамлар, ўзимизнинг йигит-қизларимиз. Ана шу қора кўзларнинг меҳнати ва жасорати, Ватанга фидойилиги ҳар қандай эътироф ва таҳсинга лойиқ эмасми? Бундай бунёдкорлик ишлари ҳар қандай ижодкор учун илҳом манбаи бўлиб, янги асарлар учун мавзу бўлиб хизмат қилиши мумкин.

– Замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган мана шундай қурувчи ва муҳандислар, дала заҳматкашлари ҳақида, жонкуяр муаллим ва шифокорларимиз, жасур ҳарбийларимиз, навқирон ёшларимиз эришаётган ютуқ ва марралар ҳақида сизлар ёзмасангиз, Ватанимиз тарихининг бадиий солномасини сизлар яратмасангиз, ким яратади? Агар биз истеъдод ва маҳоратимизни шу муқаддас замин, шу олижаноб халқимиз учун сафарбар этмасак, ҳазрат Навоий айтмоқчи, бу ҳунарни асраб нима қиламиз, қаерга опкетамиз уни?

Бу ҳаётбахш ва илҳомбахш сўзлар навбатдаги публицистикамиз мавзуларига замин яратиши шубҳасиз. Демак, уни ўқиш баробарида туб мазмун-моҳиятини уқиш, англаш, ҳис этиш лозим. Бу эзгу фикрлар ижодимизда – эзгу сўзларга уланмоғи ва ўз навбатида эзгу амалларга айланмоғи зарур.

Публицистиканинг ОАВда ёритилиши масаласига келганда шуни айтиш жоизки, у имкон қадар тезроқ, ҳозиржавоблик билан оммага етказилиши мақсадга мувофиқдир. Негаки, унда кўтарилган муҳим ва долзарб масалалардан одамлар қанча тез хабардор бўлишса, шунча яхши. Негаки, публицистика ўқувчи қалбини маънан бойитиш билан бир қаторда инсонни ўйлашга, фикрлашга ундайди. Кўпдан кўп фикр чиқади, деганларидек, баъзи масалалар ечимини ижобий ҳал этишда жамоатчилик фикри ҳам ғоят муҳим ўрин тутади. Демак, тезкор хабар каби публицистикани ҳам оммага тезкорлик билан етказиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада миллий интернет сайтларининг ўрни беқиёс. Зотан, бугунги кунда ҳар бир нашр, жумладан, журналларнинг ҳам ўз сайтлари мавжудлиги ва уларда долзарб мавзудаги публицистикалар ҳозиржавоблик билан ёритилаётгани эътиборга моликдир.

Булардан ташқари қатор оммавий ижтимоий тармоқларда ҳам ана шундай публицистикалар ёритиб борилаётгани ижобий ҳолдир.

2017 йил декабрь ойида www.uza.uz сайтида ёритилган адиб Аҳмаджон Мелибоевнинг “Журналистга журъат керакми?” сарлавҳали публицистикасидаги қуйидаги даъқаткор сўзлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди: “Дунё давлатчилиги тарихидан маълумки, давлат бошқарувига келган ҳар бир раҳбар ўз фаолиятини ислоҳотлардан бошлайди, бошқарув тизимига, қонунчиликка турли ўзгаришлар киритилишига ҳаракат қилади. Аммо бу ҳаракатларнинг барчаси ҳам кутилган натижани бермайди. Бунинг сабаби шуки, ислоҳотлар бир кишининг хоҳиш-истагини эмас, бутун халқнинг, эл-юртнинг, жамиятдаги барча қатламларнинг, содда қилиб айтганда, каттаю кичик, ёшу қари, соғлом ва дардманнинг хоҳиш-истагини, давлат, жамият ва миллат манфаатларини, ёндош ва жондош қўшнилар, узоқ-яқиндаги ҳамкорлар, стратегик шериклар билан бўладиган алоқалар ривожига уйғун ва ҳамоҳанг бўлсагина амалга ошади. Бундай хусусиятларга эга бўлмаганлари эса қоғозларда қолиб кетади”. Ахир, бу ҳар бир онгли фуқаро дилидан кечаётган ўйларга ҳамоҳанг фикр-ку.

Муаллиф “матбуот бугун одамларнинг дарду ташвишлари билан яшамоқдами, эркин фикр, соғлом баҳс-мунозара майдонига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айландими, шунга харакат қилмоқдами? Таассуфки, бу саволларга бериладиган хаспўшловчи жавоблар, бошқаларни қўя турайлик, ўзимизни ҳам қониқтирмайди” деган хулосага келар экан, “Таҳририятга йўлланган мактублар таҳлил этилмайди ва уларга жавоб ёзилмайди” деган биргина жумла таҳририятга ўз дардини баён қилган, ундан ёрдам кутган газетхоннинг ҳафсаласини пир қилади, ўртадаги ишонч кўприги вайрон бўлади” дея хулосасини баён этади. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган адибнинг: :Журналистикада хабардорлик, маҳорат, тил бойлиги, мавзуни пухта билиш, фикрни таъсирчан ифодалаш билан бирга, озроқ муаллифлик журъати, қатъият, тиришқоқлик ҳам талаб этилди” деган фикрлари айниқса ёш ижодкорлар учун катта сабоқдир.

2017 йилда www.kitobdunyosi.uz сайтида Аҳмаджон Мелибоевнинг қатор публицистикалари ёртилди ва уларни ўқувчилар катта қизиқиш билан кутиб олдилар. Адибнинг “Айтматов афсонаси” сарлавҳали публицистикасида “Ёзувчи халқимиз тарихи ва маданиятини, бой маънавий меросимизни яхши билади, чуқур ҳис этади, буюк алломаларимиз билан ўзбек халқи каби фахрланади. Унинг қисса ва романларида, публицистик мақолаларида Ўзбекистон, ўзбек халқи, қадим тарихимиз, аждодларимизнинг буюк маънавий мероси, Самарқанд ва Бухоро тарихи билан фахрланиш, Орол кўлининг тақдири билан боғлиқ ўринлар кўплаб учрайди. Шу жиҳатдан қараганда, Чингиз Айтматовнинг Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги йирик публицистик мақоласи ғоят аҳамиятлидир” деган фикрлари ҳар бир ўқувчида ифтихор туйғусини жўш урдиради.

Адибнинг www.kitobdunyosi.uz, http://dia.uz сайтларида ёритилган “Компьютер ҳунар кўрсатганда…”, “Оқ уй”нинг қирқ бешинчи соҳиби” каби публицистикалари ҳақида ҳам шундай илиқ фикрлар айтишимиз мумкин.

2017 йил март ойида http://hordiq.uz сайтида ёритилган адиб ва олим Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ҳаёт ҳақиқатлари” сарлавҳали публицистикаси ўқувчини мушоҳадага чорлайди. “Инсон ҳаёти ўрганишдан иборат. Туғилганидан то умрининг сўнгги лаҳзасигача бирон дақиқа бўлсин, ўрганишдан тўхтамайди одам,– деб ёзади муаллиф.– Бу жараён гоҳ ихтиёрий, гоҳ ихтиёрсиз суръатда давом этади. Шу мақсад, шу ниятда у ўзидаги бор имкониятни сафарбар этади: кўзи, қулоғи, фаҳм-фаросати, илми-билими, хотираси, заковати, истеъдоди, эпчиллиги, уддабуронлиги, бойлиги… яна аллақанча “воситалари” ҳам ялписига унинг ўрганиши йўлида тиним билмай хизмат қилади”. Мазкур публицистика ва адиб тақдим этган битиклар ўқувчи тафаккурини бойитиш билан бир қаторда уни илғор фикрлашга чорлайди.

2017 йилда интернет сайтларида ёритилган Шарифа Салимова, Зулфия Мўминова, Ўктам Мирзаёр, Фарида Афрўз, Абдумажид Азим, Рисолат Ҳайдарова, Шарофиддин Тўлаганов, Бахтиёр Ҳайдаров, Мурод Абдуллаев, Ҳумоюн Акбар каби кўплаб ижодкорларнинг долзарб мавзудаги публицистикаларида давримизнинг долғали воқеа-ҳодисалари юксак маҳорат билан тасвирланганини эътироф этиш мумкин.

Бундай мавзулар қатор журналларда ҳам кенг ўрин олган. “Шарқ юлдузи” – адабий-бадиий, илмий, ижтимоий-сиёсий журнал бўлганига яраша унда юксак савияли, мазмунан хабар, мақола каби жанрлардан адабий-бадиий жиҳатдан мукаммаллиги билан ажралиб турадиган публицистикалар ёритилиши мақсадга мувофиқ. Зотан, журналнинг ҳар бир сонида алоҳида “Публицистика” саҳифаси мунтазам равишда берилаётгани муаллифларни ҳам илҳомлантиради. Унда давр билан ҳамнафас ижод намуналари журналхонларда қизиқиш уйғотмоқда.

Журналнинг 2017 йил 1-сонида Сирожиддин Рауфнинг “Замон шиддатига мос янги марралар” сарлавҳали публицистикасида ўқувчи эътиборини тортадиган қуйидаги фикр ва ташбеҳларни ўқиймиз: “Бир йил аслида сайёрамиз ҳаётида катта вақт эмас. Лекин бир йил давомида кечадиган уч юз олтмиш беш кун инсон, жамият, ва ниҳоят, мамлакат ҳаётида чуқур из қолдиришга, улкан ўзгаришлар ясашга қодирдир”.

Муаллиф не-не синовлардан мардона ўтган халқимиз 2016 йил охирида Президент сайловида ҳамжиҳат бўлиб, ягона мақсад сари бирлаша олганини, Ўзбекистон келажаги учун якдиллик билан овоз берганини “мамлакатимиз ҳаётида янги давр ибтидо топганидан далолатдир” дея баҳолар экан, “Авваллари Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижликлар, албатта, тирноқ остидан кир қидиришга тушиб кетишар, бизларга нималарнидир ўргатишга, турли сафсаталарни тиқиштиришга уринишарди. Йўқ, бу дафъа бундай бўлмади. Уларнинг аксарияти йигирма беш йил мобайнида халқимиз ўз ўтмиши, бугуни ва эртасига ҳаққоний назар ташлаётганини, асл маънавий-руҳий қиёфасини топганини ва, айниқса, истиқлол фарзандлари бўлмиш ўғил-қизларимиз тийнатида, хатти-ҳаракатида улуғ аждодларимизга хос фазилатлар мужассамлигига амин бўлишди” деган хулосасини баён этади.

Ҳар йили нималаргадир эришиш баробарида, афсуски, қандайдир йўқотишлар, бой беришлар ҳам бўлиши ҳаётнинг ёзилмаган қонуни. 2016 йили Ўзбекистон Қаҳрамонлари, атоқли шоирларимиз Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовни сўнгги манзилга кузатиш катта жудолик бўлган эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимиз ва маънавиятимизни юксалтириш борасидаги юксак эътибор ифодаси бўлгани ва бу борада амалга оширилгани, хусусан, Тошкент шаҳар Шайҳонтоҳур тумани, Ал-Хоразмий 1-тор кўчаси, 7-уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилгани, шоир туғилиб ўсган қишлоқ – Олтиариқ тумани Беглар маҳалласидаги Тошқўрғон кўчаси, 9-уйда “Эркин Воҳидов уй-музейи” очилгани, Марғилон шаҳридаги истироҳат боғига атоқли шоир номи берилгани, пойтахтимиздаги Миллий академик драма театрида юбилей муносабати билан ўтказилган тантанали кечада ва барча тадбирларда таниқли шоир, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, адабиёт ихлосмандлари фаол иштирок этишгани ҳақида сўз юритар экан, муаллиф “Янги йилни қандай кутиб олсанг, йил бўйи шундай яшайсан”, деган нақл юради. Биз 2017 йилни катта орзу-умидлар, муҳими, янги марраларни забт этишга қатъий ишонч руҳида қаршиладик”, дея мавзуга кўтаринки руҳ беради. 2017 йил бошидаёқ Ўзбекистон зиёратчилари учун ҳаж квотаси 5200 дан 7200 нафарга оширилгани, Самарқанддаги MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси MAN автобусларини йиға бошлагани, Қашқадарё вилоятида GTL заводи қурилиши, Тошкент метрополитени Юнусобод линиясининг иккинчи навбатидаги қурилиши бошлаб юборилгани ва бошқа улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётганига эътибор қаратади. Янги йилнинг илк кунларида Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойиши эълон қилингани халқимизни, айниқса, зиёлиларимизни тўлқинлантириб юборди. Бу Фармойиш мустақил мамлакатимизда шахс камолоти ва жамият келажаги учун давлатимизнинг жуда катта эътибори, интеллектуал тараққиётимизни таъминлашдаги ғамхўрлиги намунаси эканлиги ва у жамиятимизнинг маънавий ривожида қанчалик муҳим ўрин тутиши ушбу публицистикада теран таҳлил этилган. “Ҳозир инсон онги ва тафаккури учун кураш авж олиб бораётган бир пайтда интернет сайтлари, шунингдек, даврий нашрлар, китоб маҳсулотлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари ҳам китобсевар, ўқирманларнинг “нимани ўқиш керак?” деган саволларига жавоб бўлади, деб ўйлаймиз” дея хулоса чиқаради муаллиф ва бу борада мухтасар фикрларини баён этар этади.

Журналнинг 2017 йил 2-сонида Азамат Ҳайдаровнинг “Маънавий жасорат тимсоли” сарлавҳали публицистикасида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори халқимиз кўнглидаги ниятнинг ёрқин ифодаси бўлгани ва ушбу қарор ижроси ижтимоий-маънвий ҳаётимизда муҳим воқелик бўлгани теран таҳлил этилади. “Инсон яралибдики, илмга, маърифатга интилади. Шунинг учун ҳам маданият ҳукмдорлар, олимлар ва тараққийпарвар зиёлилар эътиборида бўлиб келган. Тарихдан маълумки, Соҳибқирон Амир Темур миллий давлатчилигимизнинг шаклланишида муҳим ўрин тутадиган омиллардан бири ҳисобланган маданиятнинг ривожланишига жуда катта ҳомийлик кўрсатган сиймолардан биридир. Айни дақиқада биз Ўзбекистоннинг янги миллий давлатчилигининг асосчиси сифатида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан маданият ва санъатга кўрсатилган жуда катта ғамхўрликнинг баъзи бир жиҳатлари ҳақида қисқача тўхталдик, холос” деб ёзади муаллиф бу борада амалга оширилган ишларга холисона баҳо берар экан.

Таниқли журналист Шуҳрат Жабборов журналнинг 3-сонидан ўрин олган “Шундай ўлка доим бор бўлсин!..” сарлавҳали публицистикасида миллий қадриятларимиз ўзига хос тарзда тасвирланади: “Баъзан хориж фильмларида, эътибор қилсангиз, қаҳрамонлар учрашишганда оддий салом-аликни ҳам насия қилиб, муомалага киришиб кетаверади. Бизда-чи? Сўз боши – ассалом! Айтайлик, ҳосил йиғиштираётган юртдошимиз ҳузурига келган меҳмон, албатта, “Ҳорманглар, хирмонга барака!” дея меҳрини намоён этиши табиий. Бу лутфга, албатта, “Саломат бўлинг, умрингизга барака!” деган жавоб олинади,– деб ёзади муаллиф.– “Умрингизга барака”. Нақадар эзгу, самимий тилак! Узоқ йиллар ҳаёт кечиринг, меҳнатларингиз ҳузурини кўринг, ниятларингизга етинг, деган катта маъно бор шу лўнда халқона иборада”. Шу тариқа публицистикада мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш даражаси, миллий даромаднинг аҳоли жон бошига қанчадан тўғри келганлиги, “Рўзғор халтаси”, ташқи савдо айланмаси, экспорт-импорт салоҳиятимиз ўсиши, аҳолининг турмуш фаровонлиги муттасил яхшиланиб бориши учун ҳисоб-китоб қилиниши теран таҳлил этилади. “Яратганга беадад шукрки, Ўзбекистон осмони ғубордан холи, ниятимиз каби соф. Юртимизда ҳамма нарса эзгуликка, бунёдкорликка, кўпайишга йўналтирилган. Имонли, адолатли демократик жамият қураяпмиз. Шуни ҳаммамиз бирдай ҳис этаяпмизми?!” дея савол берган муаллифнинг унга таҳлилий жавоби ўқувчини мушоҳадага ундайди.

Журналнинг 4-сонида ёритилган Ўктам Барноевнинг “Бунёдкор эл ҳиммати” сарлавҳали публицистикасида асосий эътибор иқтисодий таҳлилларга қаратилади. “Бир пайтлар гектаридан бир амаллаб 18-20 центнердан ҳосил олиниб келган бўлса, эндиликда ернинг ҳақиқий соҳиби пахта ҳосилдорлигини 29-32 центнерга етказмоқда. Бу миришкорлар етиштираётган пахта, ғалла, полиз, сабзавот ва бошқа хомашё ҳамда ноз-неъматлар нафақат бухороликлар эҳтиёжини қондирмоқда, балки бу неъматлардан мамлакатимиз, экспорт асносида дунё аҳли баҳраманд бўлмоқда” деб ёзади муаллиф. Айни пайтда Бухоро вилояти иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари ҳақида сўз юритар экан, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, 114 та қазиш қудуғи, 11 та махсус майдон ва 4 та йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киришини, 370 километр газ қувури, 160 километр автомобиль йўли қуриш режалаштирилган бу лойиҳа Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтариши, ушбу заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилишини теран таҳлил этади. Публицистикада шу каби улуғвор  кўплаб қиёсий таҳлиллар мамлакатимизда жадаллик билан амалга оширилаётган улуғвор ишларни кўзгу каби акс эттиради.

Сўнгги пайтларда матбуотда, миллий интернет сайтларида Сурхондарё воҳасида амалга оширилаётган улуғвор ишлар, вилоят  раҳбари Эркинжон Турдимовнинг ташаббуслари ҳақида кўп мақолалар ёритилмоқда. Журналнинг 5-сонида унинг “Қуёш ардоқидаги юрт” деб номланган бадиасида Сурхон воҳасининг бугунги манзаралари, турфа муаммолар ечими қандай ҳал этилаётгани теран таҳлил этилади.

“Вилоятимизнинг иқтисодий салоҳияти, табиий имкониятлари мамлакатимиз тараққиётида алоҳида аҳамиятга эга эканлиги муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам такрор ва такрор таъкидланмоқда,– деб ёзади муаллиф.– Шу билан бирга давлатимиз раҳбари бу юртнинг, бу заминнинг буюклиги фақат иқтисодий имкониятлари-ю сархил неъматлари орқалигина эмас, балки ўз ақлу заковати билан дунё тамаддунига муносиб улуш қўшган, яратган ихтиролари-ю битган асотирлари билан бани башар йўлини ёритган бобокалонларимиз номлари ила эътироф этилажагини ҳам фахр ила таъкидламоқдалар. Бағрикенг ва эзгуликпарвар халқимиз камоли ихлос билан солиҳ, фозил одамларнинг пойқадамини шарофатли деб билиб, улар билан қалбан ва руҳан уйғун яшашга интилишган. Барча яхшиликлар, файзу баракани уларнинг дуолари хосиятига йўйганлар. Азиз авлиёларнинг дуолари балою офатларни заминимизга яқинлаштирмайди, дейишади”. Бундай ҳаққоний фикрлар ўқувчида албатта мушоҳадага чорлайди.

Азалдан маърифатпарвар элнинг бугунги авлодлари учун ана шу маънавий неъматнинг қадри ўзгача. Журналнинг 6-сонида ёритилган Туробжон Жўраевнинг “Маърифатга йўл очган замин” сарлавҳали публицистикаси юнон солномачиси Истахрининг Самарқанд ҳақидаги сўзлари билан бошланган: “Мароканд Суғди шундай жойки, у мен кўрган бошқа ҳеч қайси шаҳарларга ўхшамайди. Бирорта тепаликдан туриб атрофга қаралса, кўз фақат яшилликка тушади. Ҳар бир қалъа ва шаҳар ям-яшил дарахтлар қўйнида кўринади. Гўё яшил парчадан тикилган либоснинг ҳар қаерида ярқираб кўринган безаклардек, ариқлар, ҳовузлар ва чиройли қалъалар бор…” Қадим солномада ёзилган таърифлар асрлар ўтгани сайин янги-янги ифодалар билан бойиб бораётганини, Самарқанд, бир сўз билан айтганда, илғор ўлкага айланганини, бу заминда моддий ва маънавий ҳаёт уйғунлиги қанчалик ўз ифодасини топаётганини муаллиф турли даврлардаги ҳолатлар билан қиёсий таҳлил этади. Кейинги йилларда “Юртни севмоқ саодати” номли икки жилдли альманах, “Зарафшон мавжлари”, “Ижод – кўнгил таскини”, “Ифтихоримсан, Ватан!” тўпламлари вилоят адабий муҳитини акс эттирувчи кўзгу экани тўғри таърифланган.

Сўз қадри ҳақида мушоҳада юритганда бетакрор шоир Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳам “Билмаган сўз қадрини, не билгуси ўз қадрини”, деган сатри бихтиёр ёдга тушади. Журналнинг 7-сонида ёритилган Пўлат Бобожоновнинг “Сўз қадрини баланд тутган эл” сарлавҳали публицистикасида Хоразм аҳли азалдан ўз қадрини ва сўз қадрини юксак тутиб келишига эътибор қаратади. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида ташкил этилган халқ қабулхоналарини бориб кўрганида, деҳқонлар ва тадбиркорлар, зиёлилар, вилоят фаоллари билан учрашганида айтилган ҳаётбахш сўзлар қанчалик воқеликка айланиб бораётгани теран таҳлил этилган.

Журналнинг худди шу сонида Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Йилларга татигулик кун” сарлавҳали публицистикасида ҳам кўҳна ва навқирон Хоразмнинг бугунги жамоли-ю замондошлар камоли юксак маҳорат ила тасвирланади.

Бугунги кунда Андижон вилояти ҳам улкан бунёдкорлик майдонига айлангани, амалга оширилаётган ислоҳотлар, юксалишлар жараёнида меҳнаткаш халқимиз ҳамда тадбиркор юртдошларимизнинг хизмати беқиёс эканлиги журналнинг 8-сонидан ўрин олган “Эзгу мақсадлар йўлида” сарлавҳали публицистикада ёрқин бадиий бўёқларда акс эттирилади. Асар муаллифи Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятда юз бераётган беқиёс воқеликларни теран таҳлил этади. Хусусан, Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электричка қатновини йўлга қўйиш, ўтган қисқа муддатда Қўқондан Андижон шаҳригача электропоезд қатновини йўлга қўйилаётгани ҳақида шунчаки гапириш камлик қилади. Муаллиф шу каби тарихий залворли қадамлар ҳақида таҳлилий мушоҳада юритгани ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотади.

Юртимиз мустақиллиги йўли – шараф ва машаққатга тўла зафар йўлидир. Бу йўлнинг шонли ибтидоси ва буюк истиқболи бор! Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, дунёнинг жуда кўп минтақаларида сиёсий низо ва қонли тўқнашувлар, манфаатлар кураши тобора кескин тус олаётган, курраи заминга терроризм, экстремизм, гиёҳвандлик, одам савдоси каби жирканч иллатлар жиддий хавф солиб турган мураккаб ва таҳликали бир шароитда серқуёш диёримизда тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити барқарор эканини катта мамнуният ва шукроналик билан тилга олишимиз табиийдир. Журналнинг 9-сонида Ғуломжон Ибрагимовнинг “Беқиёс имконият ва салоҳият майдони” сарлавҳали публицистикасида бу мавзуда мушоҳадага чорлавчи фикрлар бисёр. “Қарийб 2 миллиард АҚШ доллари ҳисобидан бунёд этиладиган янги кент Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизнинг энг гўзал, энг замонавий, энг тараққий этган шаҳарларидан бирига айланишига асло шак-шубҳа йўқ,– деб ёзади муаллиф.– Нурафшон бежиз вилоятимиз марказига айлантирилмади. Унинг географик жойлашуви талабга ҳар жиҳатдан мос. Унга вилоятимиз шаҳар ва туманларидан қатнаш қулай ва яқин”.

Журналнинг ушбу сонидан ўрин олган Зарифа эралиеванинг “Оқаётган дарё” сарлавҳали публицистикасида 1985 йилдаги аянчли воқеалар, хусусан, “Пахта иши”, “Пилла иши”, “Ўзбеклар иши” номи билан “қама-қама”лар авж олган, меҳнаткаш ўзбек халқи бошига туҳмат ва бўҳтонлар ёғдирилган мусибатли кунларнинг бирида Оққўрғон туманидаги Навоий номли хўжалик раиси Убайдулла Исроилов каби кўплаб заҳматкашларнинг бошидан кечган кўргуликлар жуда таъсирли ёритилган.

Журналнинг 10-сонида ёритилган Эргаш Солиевнинг “Меҳнат балоғидан дарё яралгай”, Мурод Абдуллаевнинг “Олийҳиммат одамлар”, 11-сонида Қобилжон Турсуновнинг “Тараққиётнинг янги тўлқини”, 12-сонида Қаҳрамон Сариевнинг “Янгиланиш ва юксалишлар йўли” сарлавҳали публицистикаларда ҳам давримиз қаҳрамонлари сиймолари юксак маҳорат билан яратилган.

“Ёшлик” журналида ёритилган публицистикалар ҳам долзарблиги, мавзулари ранг-баранглиги, юксак маҳорат билан ёзилгани билан ўқувчи эътиборини ўзига жалб этади. Чунончи, журналнинг 2017 йил 1-сонида Ғафур Шермуҳаммаднинг “Йўлбарс юрагини еган аёл”, 3-сонида Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Бойсунда тонг отди”, 6-сонида Рустам Мусурмоннинг “Салом, Зомин тоғлари!”, 9-сонида Илҳом Аҳрорнинг “Шам ва бўрон”, 11-сонида Ҳусан Мақсуднинг “Бўстонлиқ бағридаги бедорлик”, 12-сонида ёритилган Нодир Жонузоқнинг “Эзгу орзулар рўёби” сарлавҳали публицистикалари давримизнинг ўзига хос солномасига айланган, десак муболаға бўлмайди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, 2017 йил – публицистлар учун ўзига хос ижод, янги-янги мавзуларга лиммо-лим йил бўлди, десак муболаға ҳисобланмайди. Аслида, қалам аҳли бундан ҳам баракалироқ ижод қилишлари ва давримиз қаҳрамонлари сиймоларини юксак маҳорат ила яратишлари учун имкониятлар беқиёсдир. Умид қиламизки, бу йил ортда қолган дамларда улгура олмаган ишларимизни поёига етказиб, ҳақиқий “давр солномаси” дейишга арзигулик публицистик асарлар яратишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

 Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, филология фанлари номзоди

“Ҳуррият” газетаси 2018 йил 28 февраль

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *