Журналистлар учун китоб тақдимоти
2018 йил 23 март куни Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университетида
ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда тайёрланган «Ўзбекистонда журналистика таълими моделлари стратегияси: миллий ва халқаро тажриба» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Унда университетнинг журналистика кафедраси профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, магистрантлар ва талабалар иштирок этдилар.
ЖУРНАЛИСТИКА ТАЪЛИМИДА МИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБАДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА
Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари, жумладан ноанъанавий шаклдаги медиалар ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. ОАВ турлари ва таҳририятлари сонининг кўпая бориши, шунингдек, кучаяётган медиа рақобат муҳити ўз навбатида юқори малакали журналистларга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда Журналистика ва оммавий коммуникация университетининг ташкил этилиши, журналистика таълимини янада ривожлантириш зарурлигини қайд этгани соҳа мутахассислари олдига муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.
Шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш мақсадига эришиш учун халқ билан самарали мулоқот механизмларини жорий қилиш; жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш; фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан, маҳалла институтини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш; оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш вазифаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Шу муносабат билан республикамиздаги тегишли олий ўқув юртлари ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан биргаликда Журналистика таълими ўқув дастурлари моделлари бўйича миллий ва халқаро тажрибага доир қатор семинар ва ишчи учрашувларни ўтказдилар.
Бўлиб ўтган семинарлар муҳокамаси натижасида тайёрланган янги китоб республикамиздаги журналистика таълими муассасалари учун муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз эканлиги алоҳида таъкидланмоқда.
Злиха Оразимбетова ҚҚДУ журналистика кафедраси мудири, филология фанлари номзади:
— Айтиб ўтиш жоизки, ушбу ўқув дастурлари моделлари миллий ва маҳаллий шароитларга мослаштирилган ҳолда жорий қилиниши назарда тутилади. Унда тегишли ғоялар, зарур материаллар ва методлар мавжуд бўлиб, улар ўқув ишларини режалаштирувчи мутахассислар учун ўзига хос манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. Унда ҳар бир предмет (модул) номи келтирилган бўлиб, унинг айнан нима учун хорижий мамлакатлар олий ўқув юртларида ўқитилиши сабаблари асосланади, ажратиладиган соатлар ҳажми кўрсатилади, курс таркибидаги асосий мавзулар мундарижаси берилади. Унда: медиа барқарорлик, дата журналистика, маданиятлараро журналистика, жамоа (коммьюнити) радиожурналистикаси, глобал журналистика, илмий журналистика, бирлаштирувчи (incorporating) биоэтика, гендер ва журналистика, гуманитар журналистика, одам савдосига (журналистика суриштируви) оид материалларни тайёрлаш (Reporting human trafficking), хавфсизлик ва журналистика модуллари кўрсатилган.
Ўқув дастурида кўрсатилган ҳар бир модулнинг асосий назарияси, методлари ва инструментлари билан таништиради, курс даражаси, курсга изоҳ, режим, ўқитишнинг олиб борилиши, педагогик ёндашув, унинг методлари, соатлар ҳажми, курс мавзулари ва адабиётлар тўла акс эттирилган. Айниқса, курс натижаларини аниқлаш: таҳлилий фикрлар кўникмасини ошириш, журналистикага оид муаммоли ҳолатларга жавоб бериш учун тўғри йўлни танлаш, ишлаб чиқилиган тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланишни ўрганиш, оғзаки тақдимотлар тайёрлаш ва уларни ўтказиш маҳоратини ошириш, булар орқали талабаларда миллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари тўғрисида тегишли тушунча ва билимлар бериш йўналишлари тўла кўрсатиб ўтилган.
Ушбу ўқув дастури журналист кадарларни тайёрлашнинг замонавий ва халқаро стандарларига тўла жавоб беришига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ҳақиқатан ҳам олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг стратегик мақсади – жаҳон бозорида рақобатдош, ахборот асрининг янги даъватларига ҳозиржавоб бўла оладиган, касбий малакаларни мукаммал эгаллаган журналист кадрларни етиштиришдир.
Бундай талабларларга жавоб берадиган журналист кадрларни тайёрлаш учун, энг аввало, таълим соҳаларининг давлат таълим стандартлари, таълим йўналишлари (мутахассисликлари)нинг малака талаблари ва ўқув режалари ҳамда фан дастурларини мунтазам такомиллаштириб бориш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Тузувчилар: тадқиқотчи Б.Алимов ва ф.ф.д. Я.Маматова.
Муҳаррир: Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта таълим вазирлги қошидаги Олий таълимни ривожлантириш маркази бўлими мудири А. Умаров.
Тақризчилар: ф.ф.н. Р.Абдусатторов (ЎзМУ), ф.ф.н. А. Каримов (ЎзДЖТУ), ф.ф.н. З.Оразимбетова (ҚҚДУ).
Китоб Extremum-Press нашриётида чоп этилди.
Сўнгги фикрлар