Исмингиздан уяласизми?

«Адолат» газетасида долзарб мавзуда мақоласи ёритилган мухбир адолатли

иш тутиб, манбани тўғри кўрсатибди, дейди Дониш домла «Ундан ўрнак олинглар» дегандек баъзи кўчирмакаш (плагиатор) ҳамкасбларига маъноли қараб қўяркан…

 28.03.2018 12:06   0  1260 

Исмингиздан уяласизми?

Фото: «АиФ»

Неча асрлар мобайнидан шаклланиб, сайқал топиб, турмуш тарзимизга сингиб кетган урф-одатларимиз, анъаналаримиз билан бир қаторда, кундалик мулоқотларда тилга олинадиган исмлар ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маданий-маънавий меросимиз ҳисобланади. Негаки, исмларда миллатнинг юзи, эътиқоди, маънавий даражаси экс этиб туради.

Халқимизда «Исм ҳам ҳусн» деган нақл бор. Оилада фарзанд дунёга келиши ота-онага олам-олам қувонч бағишлайди. Шу билан бирга, унга муносиб исм танлаш ўта масъулиятли вазифа саналади. Одатда, катта ҳаётий тажрибага эга бобо ва момоларимиздан бу борада маслаҳат сўралади. Албатта, ҳар бир ота-она оиланинг янги аъзосига маънодор, чиройли исм қўйишга интилади, унда эзгу орзу-умидлари, фарзандига бўлган меҳри-муҳаббати ўз аксини топишини истайди.

Минг афсуски, орамизда исми ноқулайлигидан, хато ёзилганидан хижолат бўлиб юрадиганлар ҳам оз эмас. Баъзи давлатларда исм-фамилиясининг тўғри ёзилиши ва айтилишини талаб қилиш ҳуқуқи қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. Масалан, инглизлар исм-фамилиясини нотўғри айтган одамни судга беришга ҳақли. Биз эса нотўғри ёзилган исмларга ҳеч бир эътирозсиз кўникиб кетаверамиз. Айрим кишиларни ҳақиқий исми билан чақирсангиз, уялмай «аниқлик» киритади: «Тоҳирхўжа эмас, менинг исмим – Тахирходжа» қабилида. Бундай кулгили ҳолатларнинг юзага келиши эса даставвал туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ёздиришда эътиборсизлик, бундай идораларда ўзбек адабий тилини яхши билмайдиган ходимлар фаолият кўрсатгани сабаб бўлган. Натижада, асл ўзбекча талаффуз қолиб кетиб, Дильдора, Зульфия, Батыр тарзидаги исмлар «кашф» этилган. Гулчеҳра, Гуландом, Гулбаҳор, Гулнора, Гулчирой, Гулшан, Гуласал каби исмлардаги ўзига хос оҳанг, ўзига хос жозиба, маъно нозикликларига бир ҳарфнинг нотўғри ёзилиши туфайли путур етказилган.

— Баъзи корхона, ташкилот, муассасаларга бош суқсангиз, эшикларига катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган антиқа исм-шарифларни ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз,— дейди таниқли журналист Тўлқин Эшбек.— Бир идора эшигига «Бошлиқ ўринбосари Тахтаева Паша Яковлевна», деб ёзиб қўйилибди. Ичкаридан буғдойранг, қора кўз, сочлари ҳам тим қора бир жувон чиқиб, мени қарши олди. Танишдик. Ўзбек экан. Тўхтабой деган оқсоқолнинг набираси, Ёқубжон исмли тиш дўхтирининг қизи. Тўхта — шўро даврида ёзилган ҳужжатларда, яъни туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва паспортда — Тахта, Ёқуб эса Яков бўлиб кетибди. Хуллас, на Тўхта бува, на Ёқубжон отанинг исмидан асар ҳам қолмабди.

— Ўзимнинг асли исмим Бўрипошша бўлган,— дейди жувон қизариб.— Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага Бирпашша, деб ёзишибди. Пайти келиб паспорт олаётганимда уялганимдан «бир»ни ўчириб ташланг, деб илтимос қилдим. «Фаросатли» паспорт ёзувчи хотин исмимнинг қолган қисмидан ҳам битта «ш»ни ўзича ўчирибди. Яхшиям, шунга фаҳми етибди. Бўлмаса, умрбод «Пашша» бўлиб юрармидим?!.

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонунининг 15-моддасида «Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар», деб белгилаб қўйилган. Шунга қарамасдан, бу борада бефарқлик ҳамон давом этмоқда. Кўп ҳолларда расмий ҳужжатларда ўзбекча исмлар нотўғри ёзилиб, камига айнан шу тарзда бузилиб талаффуз қилинади.

Одатда, имловий хато билан ёзилган исмларни турли ҳужжатларда учратавериб, «кўникиб» ҳам кетганмиз. Наҳотки, биз ўз исмларимизга шу қадар бефарқ бўлсак. Биз учун паспортдаги хато ёзув муҳимми ёки ўзбек адабий тилининг мавжуд имло қоидалари?.. Ҳатто, марҳумларнинг қабртошларида ҳаётлигида исм-фамилияси ҳужжатларида қандай хатоликлар билан ёзилган бўлса, худди шундай кўчириб қўйилишини айтишга тил бормайди.

Аслини олганда, исм якка шахсга атаб қўйилиши билан индивидуаллик касб этади, одамлар орасида, жамиятдаги қўлланиши билан эса умуммиллий характерга эга бўлади. Шу боис исмларнинг нотўғри ёзилишига ҳам, нотўғри айтилишига ҳам асло кўз юмиб бўлмайди.

Халқимиз нафақат моддий бойликлари, балки маданий мероси ва маънавий мулки билан ҳам ҳақли равишда фахрланади. Демак, ўзбек исмлари ҳам маънавий мулк ва маданий бойлик сифатида эъзозланиши, лозим бўлса, ҳимояланиши зарур.

Суюндик Мамиров

«Адолат» газетасидан олинди

https://www.xabar.uz/uh1

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *