Академиклар ёшлар билан суҳбат ўтказмоқда

Буюк шахслар мудом қай бир устоздан таълим олгани ҳақида 

фахр билан сўзлаганлар. Соҳибқирон Амир Темур устози Саййид Баракадан, ҳазрат Мир Алишер Навоийдек улуғ шоир ҳам Абдураҳмон Жомий, Лутфий каби устозларидан сабоқ олганлари билан фахрланганларини яхши биламиз. 

Улуғ устозларнинг муносиб шогирд тайёрлашдек эзгу ишларини бугунги академикларимиз изчил давом эттираётганлари таҳсинга лойиқдир. Улардан сабоқ олганлар – улуғвор мақсадларга интиладилар.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида айни пайтда 30 га яқин академик фаолият кўрсатмоқда. Улар наинки ЎзМУда, шу билан бир қаторда бошқа таълим муассасаларида ҳам ёшлар билан суҳбату машғулотлар ўтказмоқдалар.
 13.jpg
ЎзМУ Тарих факультети профессори, академик Анатолий Сагдуллаев яқинда Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги 15-сонли мактабда ўқувчилар билан ўтказган учрашувида мамлакатимизда илм-фан ва инновацион жараёнларни жадаллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий илм-фан ютуқлари хусусида сўз юритди. Академикнинг “Окс цивилизацияси” деб номланган тақдимоти, бебаҳо маданий меросимизни чуқур ўрганиш, ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда тарих ва археология соҳаларининг ўрни ҳақида айтган маълумотлари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар.
Мактаб кутубхонасига академик дастхати қўйилган китоб тақдим этилди.
– Юртимиз тарихи шу қадар бойлигини тасаввур этмагандим, академик сабоқларидан илҳомланиб мен келгусида албатта тарихчи олима бўлишни ният қилдим,– дейди 9-синф ўқувчиси Холидахон Илашева.– Юртимиз тарихига оид фикрларимни эътибор билан тинглаган устоз ўз китобига дастхат ёзиб бергани ҳаётимдаги энг унутилмас воқелардан бири бўлиб қолади. Орзуим – шу устоз даражасига етганимда мен ҳам ўз давримизнинг истеъдодли ёшларига шундай китобларимни ҳадя этишдир.
                                                                                     ***
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан республикамизнинг барча ҳудудларидаги олий таълим муассасаларига тўғридан-тўғри боғланган ҳолда турли фанлар бўйича академик соатлари ташкил этилган. ЎзМУ Математика факультети Математик анализ кафедраси мудири, профессор, академик Азимбой Садуллаевнинг яқинда ўтказган ана шундай машғулоти талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Унинг Комплекс ўзгарувчилар назарияси фанидан «Комплекс анализда элементар функциялар» мавзуидаги маърузаси онлайн тарзда республикамизнинг 12 та олий таълим муассасида тингланди. Энг муҳими, мазкур ҳудудлардаги талабалар академик билан мулоқот қилишиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.
                                                                                     ***
Бугун ЎзМУда ўтказилган навбатдаги онлайн дарсда Тошкент давлат техника университети Ахборотларга ишлов бериш ва бошқариш тизимлари кафедраси профессори, академик Ҳусан Игамбердиевнинг “Технологик жараёнларни автоматлаштириш ва бошқаришнинг замонавий усуллари” мавзуида”ги маърузаси тингланди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жойлашган олий таълим муассасаларида ташкил этилган видеостудиялар орқали талабалар бу мавзуда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
11.jpg
– Юртимизда турли соҳаларда технологик жараёнлар такомиллашиб бораётган ҳозирги даврда уларни автоматлаштириш ҳамда бошқаришнинг замонавий усуллари ҳақида кўп маълумотларга эга бўлдик,– дейди ЎзМУ Математика факультети талабаси Умида Пўлатова.– Ишлаб чиқариш соҳаларини янада ривожлантиришда бундай усуллар қанчалик муҳим аҳамият касб этишини академик устоз теран изоҳлаб берди. Бунда назария ва амалиёт уйғунлигининг самараси қанчалик салмоқли бўлиши катта қизиқиш уйғотди.
Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар меваю япроқ, деганларидек, бугун академиклардан сабоқ олаётган талаба-ёшларнинг истиқболи шунга яраша бўлишига умид қилсак бўлади.
Тўлқин Эшбек
http://uza.uz/oz/society/akademiklar-yeshlar-bilan-su-bat-tkazmo-da—16-04-2018
ак ак1 ак2

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *