Талабалар шаҳарчасида қандай муаммолар мавжуд?
Парламент қуйи палатасининг Ёшлар масалалари бўйича
комиссияси томонидан “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси фаолиятини ўрганиш якунларига бағишланган тадбирда муаммолар айтилди.
Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар беради.
Хабарда қайд этилганидек, ўрганишлар жараёнида депутатлар томонидан бир қатор камчиликлар аниқланди. Хусусан, талабалар шаҳарчасидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг кўпчилиги тураржойга муҳтож. Шаҳарчадаги турар жойлар 6782 ўринга мўлжаллангани боис, 12098 нафар талаба шу ҳудуддаги маҳаллаларда ижара асосида яшаб келмоқдалар. Бу эса аҳоли хонадонларида ижарада яшаётган талабаларни вақтинча рўйхатга қўйишда, талабаларнинг хонадон эгаси билан ижара шартномаси тузиши мажбурийлиги учун, аксарият ҳолларда турар-жойга эҳтиёжи бор талабаларнинг аҳоли хонадонлари билан ижара шартномаси тузишда қийинчиликлар вужудга келиб, рўйхатга туриш билан боғлиқ турли қоидабузарликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан шаҳарча ҳудудидаги таълим муассасаларида турар-жойга муҳтож оилали талабалар таҳсил олаётган бўлса-да улар учун махсус турар-жойлар мавжуд эмаслиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб комиссия талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги олий таълим муаасасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжига мос равишда қўшимча турар-жой биноларини қуриш масаласини кўриб чиқиш, шаҳарча ҳудудидаги таълим муассасаларида турар-жойга муҳтож оилали талабалар учун махсус турар-жойлар ташкил этиш, бўш ва қаровсиз бино ва иншоотлардан самарали фойдаланиш чораларини кўриш таклифини илгари сурди
Тадбирда комиссия аъзолари томонидан аҳоли хонадонларида ижарада яшаётган талабаларни вақтинча рўйхатга қўйишда улардан хонадон эгаси билан ижара шартномаси тузилиши мажбурийлигини бекор қилиб, буни маҳалла фуқаролар йиғини маълумотномаси асосида амалга ошириш масаласини кўриб чиқиш юзасидан тегишли идораларга таклифлар тайёрланди.
Таъкидлаш жоиз, “Ёшлик” талабалар шаҳарчасининг умумий майдони 658 гектарни ташкил этади. Ҳудудда 4 та олий ўқув юрти, 4 та касб-ҳунар коллежи ва 4 та академик лицей, 5 та умумий ўрта таълим мактаблари жойлашган.
ЎзА
Сўнгги фикрлар