Чўлпон: ТЎФОН
(Анадўли Қишлоғининг Музаффар Ўрдаларига )
Эй Инону, эй Сакария, эй истиқлол эрлари,
Миллий Мисақ олинганча тўхталмасдан илгари!
Биламиз, ким жаннат каби тупроғингиз ёвларнинг
Гўдакларни ястағучи оёқлари остида.
Биламиз, ким товушингиз ҳақсиз чиққан давларнинг,
Инсофсизча шовқинларнинг, хурушларнинг пастида.
Биламиз, ким “маданият” бешигида ўлтурган
Жаллодларнинг бутун таъма ва ҳислари сизларда.
Биламиз, ким “озодлик” деб шовқин қилган, бақирған
Бўриларнинг оч кўзлари, олтин тўла ерларда.
Биламиз, ким унлар сизни яшамоққа қўймайлар,
Биламиз, ким қонингизни томчи-томчи ичалар,
Биламиз, ким унлар сира ювош халқни севмайлар,
Биламиз, ким тупроқ учун инсонлиқдан кечалар.
Биламиз, ким сиз йўқсуллар сўнг чоғда
Шундай ёмон душманларнинг қўлида
Мангу асир, мангу тутқун бўлишни
Истамасдан қўлга яроғ олдингиз.
Биламиз, ким қатор-қатор қишлоқлар
Синасига нон тўлдирған тупроқлар,
Ўт ичинда, шунинг учун ўлишни
Ортиқ кўруб, жонни ўтқа солдингиз.
Жонни қонға –ўққа ўтқа солдингиз.
Фақат бу кун тотли бир ўч олдингиз,
Яна бир қўр тарихларда қолдингиз!
Эй истиқлол, эй Сақария, эй Инону эрлари,
Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олғучи селлари!
Сўнгги фикрлар