«TV Park Uz» журнали – сержило кўзгу!
Журналист бўлсам-да шитоб билан одимлаб бораётган соҳамиздан гоҳо “ортда қолаётганим”ни яширмайман.
Яъни, асосий ишларимдан ортиб баъзи янги нашрларни вақтида кўришга улгуролмайман. Ҳамма телеканалларни томоша қилиш, радиоэшиттиришларни тинглаш, интернетда миллий сайтларимиз, ижтимоий тармоқларни кузатиб юришга фурсат етишмаётганини тан оламан. Булардан ташқари адабиётимиз бўстонида пайдо бўлаётган янги китобларнинг ҳаммасини варақлаб чиқиш учун ҳам вақт керак…
Бу йил миллий журналистикамиз “TV Park Uz” деган ажойиб журнал билан бойиганини шу нашрда ўзимнинг мақолам чиққанидан кейин билдим! Баъзи мухлисларимиз қўнғироқ қилиб табриклашгач, аввалига ҳайрон бўлдим, сир бой бермасдан “раҳмат!” дедим-у журнални излашга тушдим…
Ростдан ҳам журналнинг 2018 йил, 13-сонида суратим билан “Бирон кишига олдиндан савол бериб қўйилмайди” сарлавҳали ихчамгина мақолам ёритилибди!
Бироз хижолат чекдим. Қарийб қирқ йилдан бери журналистика майдонида “жавлон уриб” юрган бўлсам-да, шу кунгача бунақаси бўлмаган. Мақолаларини турли журналларга бериб, қачон ёритиларкин, деб юрадиган ижодкор учун бу ҳол ажиб мўъжиза эди.
“Мақолам”ни шоша-пиша ўқиб чиқдим. Хайрият, ўзим ёзган гаплар! Уни uchildiz.uz деган сайтимиздан олишибди. Кўнглимда журнал ижодкорларига раҳмат айтарканман, илҳом жўшиб, қўлга қаламни олдим.
Устоз тележурналист Қуддус Аъзам “Муносабат” кўрсатувига бир-икки марта таклиф этгач, бир ҳолдан ҳайратга тушгандим. Илгари ҳам баъзи “жонли кўрсатув”ларда иштирок этганман. Унда аввалдан “Сиз бу саволни берасиз, сиз ундоқ, сиз бундоқ дейсиз” қабилидаги тайёргарликларни кўриб энсам қотган. Келишилгандан ортиқча бирор сўз чиқиб кетмаслиги керак эмиш… Ундан кўра, яхшиси тасвирга олиб, кўнгилдагидек монтаж қилиб беравермайсанми?!
“Муносабат” кўрсатувида иштирок этгач, жонли эфирнинг жони қанақа бўлишига тан бердим ва таассуротларимни ёздим.
Кўрсатув камчиликлардан ҳоли эмас. Бироқ, беқиёс ютуқлари олдида бу жузъий камчиликлар билинмай кетади.
Бу кўрсатувнинг энг катта ютуғи ҳам, қалтисроқ жиҳати ҳам шу – жонли эфирда гапираётган одамнинг савияси қай даражада, ҳозир у нималар дейди… билмайсиз. Бутун мамлакат, қолаверса, жаҳон аҳли бевосита кузатиб турганига яраша долзарб мавзуларда чиройли гапирса хўб-хўб. Антиқа гап-сўзлар чиқиб кетса нима бўлади?!
Шундай катта минбарга чиқиб олгач, фақат ўз манфаатларини кўзлаб гапирган, кимларгадир яхши кўрингиси, қайсидир мутасаддиларнинг назарига тушгиси келаётгани яққол сезилиб турган кимсаларни ҳам кўрдик. Баъзи шов-шув бўлишга мойил кишилар бу жонли эфирдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётганлари ҳам сезилиб туради…
Жонли эфирда бундан баттарлари ҳам бўлиши ҳеч гапмас…
Бироқ, чумчуқдан қўрққан – тариқ экмайди, деган нақлга амал қилаётган “Муносабат” кўрсатуви ижодкорлари борган сари жонли эфирнинг жонини киргазаётганлари миллионлаб телемухлисларда қизиқиш уйғотаётгани, қаноат ҳосил қилаётгани айни ҳақиқатдир.
Кўрсатув мундарижасини янада бойитиш, мавзулар кўламини оширишга кўмаклашиш мақсадида “Муносабат” телеклуби ташкил этилди. Унга каминани жамоатчилик асосида раис, истеъдодли шоирлар Ислом Ҳамро, Муҳаммад Исмоил, таниқли тележурналист Рўзибой Қўлдошев доимий экспертликка таклиф этилдик.
Бу шунчаки манзират эмас. Билъакс, улкан масъулиятдир.
Шахсан мен бу борада ўз режаларимни тузишга киришдим. Улар тахминан қуйидагича:
- Кўрсатувга ҳар томонлама ибратли ва маърифатпарвар зиёлиларни, илғор фикрли тадбиркор-у ишбилармонлар, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган донишманд сиймолар, фаол ёшларни кўпроқ жалб этишга кўмаклашиш лозим;
- Кўрсатув давомида иштирокчиларнинг адабий тилимизда гапиришлари борасида ҳам намуна кўрсатишга эришиш даркор. Токи, кўрсатувга чиқишдан олдин “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобини бир варақлаб, қайси сўз қандоқ талаффуз қилиниши ва қандай маъноларни англатишини ўрганишимиз лозим. Дейлик, энг кўп ишлатиладиган сўзлар – “керак”ни – “кере”, “айтдим”ни – “этдим” шаклида бузиб талаффуз қилмайлик. Чунки, адабий тилимизда “кере” – керишавер ёки йире, “этдим” – қилдим, бажардим маъноларини англатади. Эфирда баъзи мақолларни айтишдан аввал “Ўзбек халқ мақоллари” китобини ўқиб чиқиш шарт. Айтайлик, мазкур китобда “Устоз – отангдан улуғ” деб ёзиб қўйилган ва унинг мухтасар изоҳи ҳам ёритилган. Шу ҳақиқатни билмасдан “Устоз – отангдек улуғ” деб юбориш билан нафақат ўзингиз, шу билан бирга кўрсатувнинг ҳам савиясига путур етказасиз! Кўрсатувда фикр алмашиш ва баҳс маданиятини ибрат оладиган даражада намойиш этиш зарур;
- Долзарб мавзулар, танқидий фикрларни фақат ва фақат асослаб айтиш ҳамда уларнинг ечимларини тўғри баён этишга ўрганиш даркор. Бундай мавзу одамни ҳаяжонга солиши аниқ. Демак, бу жараёнда ҳис-туйғуларни жиловлаб, кўпроқ ақлни пешлаб гапиришга ўрганишимиз керак. Токи, бундан буён ким мазкур жонли эфирда чиқишни истаса, ана шу мезонларга қатъий амал қилиш зарурлигини билсин ва шунга ўзини руҳан тайёрлаб келсин;
- Телекўрсатувга ўзини кўз-кўз қилиш учун чиққандан кўра чиқмагани минг марта афзал. Телевизорда ҳадеб кўрингани билан одам машҳур ёки обрўли бўлиб қолмайди. Шундоқ катта минбарда гапиришга арзийдиган гапинг бўлса – марҳамат чиқ! Токи, сўзингни тинглаганлар, отангга балли, деса, маънавий олами бойиса, дардига малҳам бўладиган гап эшитса – оламгулистон!
- Кўрсатув мобайнида иккинчи бошловчи – Нурали Орипов телеграм орқали ўзига хос “халқ билан мулоқот”ни йўлга қўяётгани таҳсинга лойиқдир. Келгусида бу фаолиятини янада такомиллаштирса ва техник имкониятлардан янада самарали фойдаланган ҳолда экранда он-лайн савол бериш ё фикрини айтишни ҳам йўлга қўйса кўрсатувга янада жон кирар, биргина телестудияда эмас, балки, мамлакатимиз узра том маънодаги жонли эфирга айланган бўлур эди.
Бу ҳали хомаки режа. Уни такомиллаштириш учун албатта жамоатчилик фикрини ўрганамиз ва тўлақонли таклифларни телеклубимиз ижодкорларига тақдим этиб борамиз.
“Муносабат” кўрсатувининг навбатдаги чиқишларидан бири таълим ва тест мавзусига бағишланади. Унда кўпроқ тегишли муассасаларнинг мутасаддилари сўз юритадилар.
Камина эса бу мавзуда аллақачон ўз таклифларимни ёзган эдим. Албатта сўз тегса, қуйидаги мақолада баён этилган фикрларни илгари суришга ҳаракат қилиш ниятидаман. Марҳамат, сиз ҳам ўқиб, фикрингизни билдирсангиз нур устига аъло нур бўлур эди.
ИЛМ ОЛАМИЗМИ ЁКИ “ТЕСТ ЁДЛАЙМИЗ”МИ?”
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуманларда, халқ билан мулоқотларида “Тестдан воз кечамиз!” деган мазмундаги илғор фикрларини олимлар, профессор-ўқитувчилар, умуман, барча зиёлилар мамнуният билан қабул қилдилар. Барчада бирдек, яна ҳақиқий илмга қайтар эканмиз, деган ҳаётбахш умид пайдо бўлди.
Очиғини айтиш керак, бир пайтлар халқ муҳокамасига қўйилмай, мутахассислар фикри ўрганилмай, лоақал, маълум ҳудудда синовдан ўтказилмай туриб бутун республикамиз таълим муассасаларига жорий қилиб юборилган тест синовлари (аслида, балоси!) ўтган йигирма йил мобайнида илм-маърифат соҳасига жиддий зарар етказгани, ортиқча ташвиш келтирганидан ҳеч ким кўз юма олмайди.
Аввало тестнинг фожеаси нимада?
Биринчи галда унинг тузилиши, тартиби ва талаби ўта мантиқсиз! Тест жорий қилинган дастлабки йилларда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига ҳам ўзлари ўтадиган фанлардан 100 тадан тест тузиб бериш талаб этилган. Яъни, 100 та савол ва унинг 100 та жавоби, кейин ҳар бир жавобга 3 тадан ёлғон, ўқувчини имкон қадар чалғитадиган жавоблар ёзиб чиқиш буюрилди.
100 та саволга тўғри жавобларни ёзиб чиқиш муаммо эмас, бироқ, ўқувчини алдайдиган, чалғитадиган уч карра кўп ёлғон-яшиқ “жавоб”ни ўйлаб топгунча профессор-ўқитувчиларнинг бўлари бўлганди. Шундай чалғитадиган “ялтироқ” жавоблар ёзингки, ўқувчи тўғрисини тополмай қолсин, деган қабилда топшириқлар берилган ўшанда.
Профессор-ўқитувчилар қимматли вақтини илм, тадқиқот билан шуғулланиш, китоб ўқиш ўрнига тест учун ёлғон жавоблар топишга сарфлашга мажбур бўлдилар.
Бир томондан Тест маркази ташкил этилиб, унда қанча олимлар шунақа чалғитиб ташлайдиган “жавоблар” базасини қойиллатишди.
Натижада мамлакатимиз ёшларининг илмдан узоқлашиш жараёни бошланди. Яъни, олий таълим муассасасига киришни орзу қилганлар энди китоб ўқиш ўрнига тест ёдлашга, ёлғон-яшиқ “жавоблар” ичидан ҳақиқийсини излаб-ўрганишга киришиб кетдилар. Бу эса, одамга ҳеч қанақа билим бермайди…
Натижада, ўқишни истаган ёшлар китоб мутолаа қилиш, устоздан сабоқ олиш ўрнига ёппасига тест жавобини ёдлатадиган “репитетор” излашга тушди. Замонасига яраша тестларнинг жавобини топиб олган “репитетор”лар ҳам кўпайиб кетдилар.
Илгари, яъни, тест жорий қилингунга қадар абитуриентлар ўнлаб китобларни ўқиб, анча-мунча билимга эга бўлардилар. Имтиҳонларга тайёргарлик жараёнида ёшлар кўп билимга эга бўлардилар. Ўқишга кирганлари янада билимдон, кира олмаганлари ҳам ўзига яраша тафаккур соҳибига айланиб кетардилар.
Энди-чи? Тестни қойилмақом қилиб ечиб, энг юқори баллар билан бюджетга ўқишга қабул қилинганларнинг ҳам билим даражалари паст, савияси ҳаминқадар… Шу давр мобайнида қанча талаба-ёшларимиз фанлар бўйича халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлди, деб бирёқлама ўйлайдиганлар шуни билсинларки, улар кишанланган ҳолда майдонда рақибини енгган паҳлавонларга ўхшайди. Тест балоси уларни шунақа чалғитмаганида, ортиқча бошоғриқ бўлмаганида бундан ҳам кўпроқ натижаларга эришган бўлардилар.
Ал Хоразмий, Замахшарий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Обид Содиқов, Тошмуҳаммад Саримсоқов каби буюк алломаларимиз қай тариқа шу даражага эришганлар? Улар “тест балоси”ни тасаввур ҳам қилишмагандир? Агар улардан ҳам шунақа тест талаб қилинганида бу қадар аллома бўлишармиди?
Тест ҳеч қанақа билим бермаслиги, ҳатто, билим даражасини ҳам тўғри баҳолай олмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлади. Бу борада “хориж тажрибаси” деб кўр-кўрона “андоза олиш” ярамайди. Шунча илмий мактаблар яратиб, жаҳонни ҳайратга солган буюк бобокалонларимиз биз учун энг катта ҳаёт ва ибрат мактаби бўлмоғи лозим!
Муҳтарам Президентимизнинг бу борадаги танқидий фикрларини ақлирасо зиёлилар минг бора қўллаб-қувватлаётганлари боиси шунда!
Яна бир муҳим масала. Педагог-кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан асосий мақсад – уларни замонавий билимлар, янги адабиётлар, педтехнологиялар билан таништиришдан иборат бўлмоғи лозим. Минг афсуски, тест балоси бу эзгу ишни ҳам издан чиқармоқда. Малака ошириш муассасаларига дарсга кирсангиз жуда асабийлашиб ўтирган тингловчилар: “узр, бизга маъруза керакмас! Ундан кўра тест жавобини ўргатинг…” деб илтимос қиладилар. Уларга минг сермазмун маъруза ўқиганинг билан хаёли тестда, кўзи тестда, қалам тутган қўли тестда бўлади… Натижада, энг зарур, долзарб мавзулардаги маърузалар қулоғига кирмасдан, тестдан эсон-омон ўтганига шукр қилиб кетадиган бўлиб қолдилар…
Чунки, малака оширгани келган катта-ю кичик профессор-ўқитувчи ва мураббийларга қўйиладиган (юрагига ғулғула солиб айтиладиган) биринчи гап: тестдан етарли даражада балл тўплай олмасанг, куясан, кейин ёнингдан пул тўлаб, бошқатдан малака оширасан, унда ҳам тестдан ўта олмасанг, бу соҳада умуман ишлашга ҳаққинг бўлмайди…
Вақти-вақти билан ўзимиз ҳам шундай малака оширяпмиз ва бир пайтлар ўз қўлимиз билан тайёрлаб берган нақадар ялтироқ ёлғонлар ичидан рост жавобни ажрата олмай қоляпмиз… Ана, сизга натижа!
Не ҳолки, қанча дарслик, ўқув қўлланмалар яратган профессор-ўқитувчилар компьютерда саноқли дақиқалар орасида 100 та тест саволига ялтироқ ёлғонлар ичра рост жавобини топишга қийналиб, маънан мажруҳ бўлмоқда.
Коррупция ботқоғига ботган айрим амалдорлар балки шунақа тестдан ҳам ўзлари учун қандайдир манфаат топишаётгандир? Бироқ, илм-маърифат йўлида коррупцияга асло йўл қўйиб бўлмайди!
Йигирма йилдан ортиқ давр мобайнида шунча тест ва уларга ёлғон-яшиқ жавоблар тайёрлашга, ўша “синов”дан ўтиш учун кўр-кўрона (тест жавобини) ёдлашга сарфланган қимматли вақтларимизни барчамиз китоб ўқиб-ўрганишга, тадқиқотлар олиб боришга сарфлаганимизда илму-маърифатда қанча ютуқларни қўлга киритган бўлардик, дея армон билан ўйлаб қоласан киши…
Муҳтарам Президентимизнинг бунақа тест балосига барҳам бериш борасида айтган сўзларигина барчада бирдек умид уйғотмоқда.
Хўш, олий таълим муассасасига қабулда қандай, малака оширган профессор-ўқитувчилардан қай тариқа имтиҳон олиш керак, деган саволга жавоб излашга ҳожат йўқ. Ахир, ўзимизда синалган энг яхши усуллар бор-ку. Шуларни озроқ такомиллаштириш кифоя.
Бу борадаги таклифларимиз:
- Номини тест ёки яхшиси, ўзимизнинг имтиҳон дейсизми – моҳияти ўша: савол берилсин ва фақат тўғри жавоб талаб қилинсин. Ёлғон, чалғитувчи бир нечта гаплар орасидан тўғри жавобни кўрсат, деган номаъқул усулдан мутлақо воз кечиш даври келди!
- Олий таълим муассасасига қабулда иншо ва оғзаки (жумладан, чет тилида ҳам) савол-жавоблар етарли бўлади. Уларни ҳаққоний, шаффоф тарзда амалга ошириш учун замонавий коммуникация технологиялари орқали кенг жамоатчиликка ошкор этилишини таъминлаш мумкин.
- Малака оширган профессор-ўқитувчиларни синовдан ўтказишда ёзма ва оғзаки имтиҳон ҳамда дарс бериш жараёнларини тегишли мутасаддилар томонидан кузатиб баҳолаш мақсадга мувофиқдир.
Тўлқин ЭШБЕК,
“Муносабат” телеклубининг жамоатчилик асосида раиси,
филология фанлари номзоди, доцент.
Сўнгги фикрлар