Америка янги Ўзбекистонга улкан умид билан қарамоқда
Навбаҳор ИМОМОВА, «Америка овози» телерадиосининг етакчи мухбири.
Вашингтон, 21 май, 2018 йил.
Май ойининг ёмғирли бирҳафтаси ВашингтондаЎзбекистонга қизиққан ҳарбир расмий, журналист васиёсатчи учун унутилмасдамлар сифатида тарихгакирди. Қўшма Штатлар пойтахтидан меҳмон аримайди, жумладан, чет давлатларнинг раҳбарлари. Улар Оқ уйга АҚШ Президентининг таклифисиз кела олмайди.
Давлат ташрифими ёки расмий, бундай учрашув бир неча ой олдин белгиланиши ва изчил тайёргарлик зарур. Бироқ Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи куни март ойининг охирида аниқланди. Бу дегани 15-17 май кунларидаги учрашувларга ҳозирлик кўриш учун бир ярим ойча вақт бўлди, холос. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида, яъни Вашингтондаги дипломатик ваколатхонада 15-16 киши ишлашини, қолаверса, Американинг Ўзбекистон ва умуман, Марказий Осиё билан алоқаларга масъул идораларида ҳам узоғи билан 3-4 ходим кундалик равишда тегишли масалалар билан шуғулланишини ҳисобга олсак, расмий ташрифни режалаш, кун тартибини белгилаш, жамики ҳужжатларни, техник ва логистик ишларни битириш учун куну тун меҳнат қилишга тўғри келди.
Вашингтоннинг бутун минтақага нисбатан сиёсатини ёритиб келаётган журналист сифатида бу жараён менга ҳам жуда қизиқ бўлди, чунки Ўзбекистон ва қўшни давлатларнинг раҳбарлари бу томонларга тез-тез келмайди.
Америкага 15 май куни оқшом eтиб келган Президент Мирзиёев келаси икки кунда бу давлатнинг муҳим даргоҳларида юксак эҳтиром билан кутиб олинди. Оқ уйдаги қарийб икки соатлик президентлараро мулоқот, Пентагондаги музокара, Давлат департаментидаги учрашув, Конгрессда қабул — бу тадбирлар нафақат Ўзбекистон, балки мезбон давлат ҳам расмий ташрифдан максимум даражада фойдаланиб қолишга ҳаракат қилганини англатади.
Томонлар юзма-юз мулоқотлар кўзланганидан ҳам сермаҳсул кечганини билдирмоқда. «Стратегик ҳамкорлик ҳақидаги келишувни акс эттирган қўшма баёнот Америка — Ўзбекистон алоқаларини кучайтириш учун мустаҳкам замин», дейди Президент Трампнинг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича маслаҳатчиси Лиза Куртис.
Бироқ АҚШдек глобал лидер билан ишлаш осон эмас. Келишувлар сўз ва қоғоздан амалга кўчиши керак. Аввало Ўзбекистон, Вашингтон кутаётганидек, умидбахш ва жадал тарзда ижобий томонга ўзгараётган мамлакат бўлиб қолиши керак. Сиёсий, ҳарбий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳамкорликнинг асосий шарти бўлмиш эркинлик, ошкоралик ва адолат таъминоти мустаҳкамланиши талаб этилади.
Президент Мирзиёев айнан шу борадаги режалари ва фикрлари билан Вашингтонда чуқур таассурот қолдирди. Ўзбекистон энди янги йўлдан кетмоқда, демократик ва очиқ системага айланади, деган ишончга путур етмаса, яъни бу борада салмоқли силжишлар бўлса, республика нафақат Марказий Осиёда балки бутун дунёда ҳам илғор давлатга айланиши муқаррар, дейди Мирзиёев таништирган ислоҳот дастурини кўриб чиқиб, уни қувватлаётган Америка сиёсатдонлари.
Журналист сифатида мен Президент Мирзиёевнинг нафақат расмийлар, балки ахборот воситалари билан муомаласини ҳам яқиндан кузатдим. Аввало, Президент билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдим. Президент ташрифи кун тартиби ниҳоятда тиғизлиги учун илтимосларим қониқтирилмади. Лекин мен имкониятни бой берадиган журналист эмасман. Президент билан юзма-юз кўришишим аниқ эди. Оқ уйда Президент Трамп офисида салом-аликдан кейинги шовқинли муҳитда мен ҳам овозим борича Тошкентдан келган олий меҳмонга мурожаат қилдим. Президент Мирзиёев чуқур мамнуният ила жавоб берди. Президентдан унинг ташрифини ҳаяжон билан кузатаётган ўзбекларга, жаҳоннинг турли бурчакларида кун кечираётган ватандош ва элатдошларга нима гапингиз бор, деб сўрадим.
«Мен ўйлайман, бугунги учрашувлар дунё ўзбекларига ҳам катта таъсир ва эътибор кўрсатади», — дея жавоб берди Ўзбекистон раҳбари.
«Раҳмат, соғ бўлинг»! — дея қўшиб ҳам қўйди.
Мен ҳам миннатдорлик билдирар эканман, «Сиз билан суҳбатлашамиз, деган умиддамиз», — дедим.
Мирзиёев табассум ила «Келинг Ўзбекистонга. Регистрация қилдик-ку энди», — дея мени Ўзбекистонга таклиф қилди.
Оқ уйдаги бу қисқа мулоқот унутилмас дақиқалар бўлиб қолади, чунки шу пайтгача бу eрда ҳеч ким ўзбек тилида бир-бири билан гаплашмаган. Ўзбекистон раҳбари ва ўзбек журналисти бу даргоҳда сўз алмашмаган.
Америкада журналистлар қандай ишлашини, айниқса давлат раҳбари билан кўришиш имконияти бўлганида уни қанчалик саволга тутишини олдин кўрмаганлар учун манзара бақир-чақир ва тартибсизлик сифатида кўриниши мумкин. Аслида эса Вашингтондек демократик пойтахт учун бу табиий манзара. Саволлар ҳам айнан учрашув ва кун тартибидаги масалалар ҳақида бўлмаслиги мумкин. Журналист бор имкониятидан фойдаланиб, ўзи истаган саволни бериши, ўз мухлислари учун долзарб ҳисобланган мавзуни кўтариши мумкин.
Бироқ менинг аудиториям учун Ўзбекистоннинг Америка билан бугунги алоқалари, давлат раҳбарининг Вашингтонга ташрифи ҳақиқий янгилик эди. Трамп агар кетма-кет саволларга жавоб бериб, вақтни олганида мен уни гапдан тўхтатиб, «илтимос, меҳмон ҳам сўзласин», дея мурожаат қилишга шай эдим. Ўзбекистон раҳбарининг менга жавоби таржима қилинар экан, Трамп менга ва меҳмонига қарата бош ирғаб маъқуллади.
Президент Мирзиёев билан алоҳида суҳбатлашганимда ундан Америка таассуротларини албатта сўраган бўлар эдим. Афсуски, Вашингтонда бунинг имкони бўлмади. Лекин Ўзбекистон раҳбари учун бу расмий ташриф бебаҳо имконият бўлгани муқаррар. Америка пойтахтини, дунё сиёсий юрагини яқиндан кўриш, уни тебратаётган одамлар билан юзма-юз гаплашиш, ғала-ғовур ичида бўлиб, уни ҳис қилиш ва энг муҳими, ундан самимий чиқиб кета олиш — ҳар қандай раҳбар учун ўзига хос ютуқ.
Мен каби хориждаги ўзбек журналисти ва Ўзбекистондан ташрифни ёритиш учун келган ўнлаб журналистлар учун бу кунлар унутилмас экани шубҳасиз. Сабоқ олдик. Бир-биримизни иш устида танидик. Бир-биримизни қийнаган азалий саволларнинг айримларига жавоб олдик. Фаолиятимизни муҳокама қилдик. Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақида фикр алмашдик.
Президент Мирзиёевнинг Матбуот котиби Комил Алламжонов учун ҳам бу катта тажриба бўлди, деб ўйлайман. Вашингтонда у икки кунлик матбуот марказини юритди. Пресс брифинглар қилди. Бундан ташқари, мен сингари узоқ йиллардан бери четдан маълумот узатиб келаётган журналистлар билан танишди. Танқидий ёндашуви билан ҳукуматга ёқмай келган ахборот воситаларининг вакиллари билан янгича мулоқот бошланди. Бу алоқа кенгаяди, деган умиддаман.
Минбардан туриб айтиладиган гаплар ва маърузалар бошқа, журналист билан юзма-юз савол-жавоб бошқа. Иккинчиси раҳбарни оммага яқинлаштиради, шахсияти ва иқтидорини очиб беради ва шу тариқа унинг нуфузини мустаҳкамлайди. Ўзбекистоннинг бугунги раҳбари бундай мулоқотга мойил ва тайёрлигига ишонч ҳосил қилдим.
Менга ҳозир Ўзбекистонга йўл очиқ. Аккредитация қилинган мухбир сифатида Тошкентдан туриб материаллар тайёрлашим, вазиятни ёритишим мумкин. Менинг режам — Ўзбекистондаги реал ҳолат ва реал ўзгаришларни, хусусан, давлат ташқи сиёсати, қўшнилар билан алоқалар, Афғонистонга нисбатан стратегия, бизнес муҳит ва ислоҳотлар кўламини ёритиш. Шу тарзда мен дунёга Ўзбекистоннинг қайта кашф этилишига ҳисса қўшаман. Янги Ўзбекистоннинг.
http://uzbekistonovozi.uz/articles/index.php?SECTION_ID=223&ELEMENT_ID=56555
Президентимиз томонларидан киска муддат ичида мамлакатимизнинг ички ва ташки сиёсатида олиб борилаётган ислохотлар таксинга лойик.