Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини, жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган паст даромадли оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, оғир ижтимоий-маиший шароитларда яшовчи оилалар арзон уй-жой билан таъминланмоқда, уларга тиббий хизматларни олишда, маиший техникалар ва уй ҳайвонларини сотиб олишда беғараз ёрдамлар кўрсатилиб келинмоқда ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг бандлигини таъминлаётган ташкилотларга солиқ ва кредит имтиёзлари тизими назарда тутилган.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ва тадбиркорлик субъектларининг аҳолининг ижтимоий заиф қатламини, жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этиш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатмоқда.
Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами фаровонлигини ошириш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5270-сон Фармонига асосан ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш мақсадида:
1. 2018 йил 1 августдан бошлаб 1-иловага мувофиқ алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имтиёзлар ва преференциялар берилсин:
харидор томонидан инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини “ноль” харид қийматида сотиш бўйича ўтказиладиган танлов савдолари натижаларига кўра танлов савдоларининг бошқа иштирокчилари билан унинг таклифлари ўртасида тенг шароитлар юзага келган ҳолларда битимни тузиш бўйича устуворлик ҳуқуқи;
давлат мулки объекти учун ижара тўловини ушбу объектга нисбатан
энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгилаш.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган имтиёз ва преференцияларни қўллаш тартибини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишган ҳолда ўрнатилган тартибда тасдиқласин.
2. Тижорат банкларига 1-иловада кўрсатилган алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига:
айланма маблағини тўлдириш учун – уч ойлик имтиёзли давр билан
18 ойгача муддатга;
асбоб-ускуналар ва сарфлаш материаллари харид қилиш учун – олти ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга кредитлар ажратиш тавсия этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ушбу бандда назарда тутилган кредитлар бўйича фоизларни тўлаш учун компенсация ҳамда мажбуриятлар таъминоти юзасидан кафиллик беришни таъминласин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2018 йил 1 августдан бошлаб штатдаги ходимларининг 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан ташкил топган ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари корхоналари жами ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 4,7 фоиз миқдорда белгиланади ва ягона ижтимоий тўлов суммаси ўрнатилган тартибда тақсимланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда илғор хорижий тажриба ва миллий амалиётни чуқур ўрганиш асосида ижтимоий тадбиркорлик субъектларини аниқлашнинг тартиби ва мезонларини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолияти эркинлиги кафолатларини назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда уч ой муддатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин фойдаланиши учун барча техник ва тиббий-ижтимоий имкониятларни инобатга олган ҳолда ҳомийлар ва ҳомийлик олувчиларни боғлайдиган, энг аввало, ҳомийлар ёрдамига ва қўллаб-қувватлашига ўта муҳтож кишилар ҳақидаги мақолалар ҳамда маълумотлар жойлаштириладиган махсус веб-портал яратиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор нодавлат нотижорат ташкилотлар билан биргаликда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишда берилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида, шунингдек, ногиронлиги бўйича ҳеч қандай камситишга йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини амалга оширишдаги тенг шароитлар яратиш ва уларни бузганлик учун жавобгарлик муқаррарлиги ҳақида кенг тушунтириш ишларини амалга оширсин.
6. Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти (кейинги ўринларда жамоат бирлашмалари деб юритилади)нинг уларнинг корхоналари тасарруфидаги ишлаб чиқариш объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларга бириктирилган ер майдонларидан оқилона фойдаланишни комплекс ўрганиш бўйича таклифлари қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
бир ҳафта муддатда республиканинг ҳар бир ҳудуди кесимида 2-иловага мувофиқ жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни комплекс ўрганиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этсин;
бир ҳафта муддатда жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни ўрганиш жадвалини уларнинг ҳар бир туман (шаҳар) даги сони ҳамда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда тасдиқласин;
2018 йил 1 августга қадар ишчи гуруҳлар томонидан жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни ўрганилишини ҳамда улар томонидан заруратга кўра аниқланган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилишини таъминласин;
2018 йил 1 сентябрга қадар ўрганишлар натижаси бўйича жамоат бирлашмаларининг корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ҳолатини яхшилаш ва уларга бириктирилган ер майдонларидан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ чора-тадбирлардан иборат “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун ҳамда моҳияти кенг ёритилишини ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2018 йил 11 июнь
Сўнгги фикрлар