Журфак бўстонида очилган гуллар
Журналистика факультетини тамомлаб, ижод бўстонида
муносиб ўрнини топган истеъдодли қаламкаш Нилуфар ЖАББОРОВАнинг мақола-ю бадиалари «Уч илдиз» маҳорат мактаби талабалари учун амалиёт сабоғидир, дейди Дониш домла.
Нилуфар Жабборова Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилган! Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги 2-мактабни ўқиб тамомлаган! Унинг 1999 йили «Ватан бағрингда бир гул бўлойин» номли шеърий тўмлами нашрдан чиққан! 2003-йил Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетини тамомлаган! Ҳозирги кунда «Гулхан» журналида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлайди!
***
АЁЛ – ПОКЛИК ДЕМАК, ПОКЛИК – ЭЪЗОЗ ДЕМАК
Ишхонамиз жойлашган бинога кирар эканман, шеърлари билан матбуотда тез-тез чиқиш қилаётган ҳаваскор шоирани учратдим. Одатий салом-аликдан сўнг у бетакрор иқтидори ҳақида сўзлай кетди. Якунда эса…
— Мен яна ҳам яхшироқ ва эҳтирослироқ ёза олишим учун кимнидир кучли севиб қолишим керак. Шунда севги ҳароратига лиммо-лим зўр шеърлар ёзаман, орзуимдагидек тезроқ таниқли шоира бўламан, – деди. Мен аввалига унинг сўзларини одатий қабул қилдим. Ва «бетакрор шоира»нинг оиласини таниганим учун:
— Ҳа, севиш учун бахтли оилангиз, турмуш ўртоғингиз, фарзандларингиз бор. Ана ўшалар сизга илҳом бераверади, – дедим. У эса кўзларини пирпиратганича:
— Йў-ў-ўқ, мен эримни назарда тутмаяпман, кимнидир деяпман. Бутунлай бошқа одамни севишим, ундан илҳомланишим керак, – деса бўладими?! Юзига тарсаки тортиб юборишимга сал қолди…
Шу воқеадан сўнг ўзини «буюклар сафида туришга муносиб», деб ўйлаётган аёл ижодини кузатдим. Бирор-бир шеърини кимдир мақтагани ёки ёд олганини эслолмадим… кейинроқ у гулдек оиласини барбод қилиб, ҳали-ҳануз «кимнидир севишга» ҳаракат қилиб юрганининг гувоҳи бўлдим…
Тушунарсиз «шеър» қандай яралади?
…Бир куни таҳририятга ёшгина аёл кириб келди. Қўлида планшет. Айтишича 4 мингдан ортиқ шеъри бор экан. Бир талай шеърларини хусусий нашрларда чоп эттирибди. Ўқиб чиқдим. Қанийди бирор нимани тушунган бўлсам? «Шеърларингизда нима демоқчисиз ўзи, тушунмадим?», деб сўрадим.
— Мен шундай мураккаб, фалсафий ёзаман. Ҳеч ким тушунмайди… Бу модерн услубидаги шеърларку, – деди ажабланиб.
— Модерн шеърияти ҳақида маълумотга эгамисиз ўзи? Шеърларингиз жуда кўп экан. Бир кунда нечта шеър ёзасиз? – Қизиқсиниб сўрадим.
— Илҳом келишига қараб. Агар ўткиридан бўлса кўпроқ, кучсизроғи бўлса, камроқ ёзаман, – деди. Минг бир ҳайрат билан: «Ниманинг ўткиридан?», — деб сўрадим. У бўлса, худди ўзга сайёраликни кўриб тургандек ажабланиб:
— Нимани бўларди? Мана буни-да, — дедию тиржайганча кўрсаткич ва бош бармоғи билан томоғини черта бошлади. — Ёзишга қийналсам катта ёрдами тегади.
— Ана холос, шеърларингизни нега ҳеч ким тушунмаслигининг сабабини топгандек бўляпман. Шундай қилиб 4 мингта «шеър»ни ёзиш учун аёллик шаънингизга тўғри келмайдиган ишларни қилиб юрибман, денг ҳали. Мана олинг «шеърингизни». Бундай шеърлар бизнинг таҳририятда чоп этилмайди, – дедим.
Норозиларча хонадан чиқиб кетаётган, шеъриятни алжираш деб тушунаётган бу аёлни ортидан кузатар эканман, узоқ хаёлга толдим. Унинг ўзидек бу «сархуш ижоди» кимга ёки нимага керак? Бундай «қурбонлик»ларга адабиёт, айниқса, ўзбек адабиёти муҳтожми?
Бир шоир «Момоларимиз, оналаримиз ор-номусда тенгсиз бўлишган. Бу каби аёллар улардан мерос бўлиб келаётган ор ва номусга тушган қуртдирлар», деган эди.
Неча-неча асрлар ўтса-да Нодирабегим, Увайсий, Зебунисо, Анбар Отин каби буюк аждодларимизнинг ижоди ўз қадр-қимматини йўқотмай келаяпти. Уларнинг ғазалларини ўқисангиз ҳаё, ибо, садоқат, нафосат тимсоллари кўз олдингизда намоён бўлаверади. Ҳам жамиятда, ҳам оилада ўз ўрнига эга бўлган буюк аждодларимиз йиллар, асрлар ўтиб ўз издошларининг сархуш аҳволда ижод қилишини ақлига сиғдира олган бўлармиди?! Бири ўз жуфти ҳалоли бўла туриб бошқа ёр ишқидан, бири аёл табиатига мутлақо бегона воситадан «илҳом» қидиришини нима, деб изоҳлаш мумкин? Ундан кўра, ўзбек адабиёти аёл ижодкорсиз қолса яхши эмасми?..
«Бир яйрабмиз-да»
…Яқинда бир ҳамкасбимнинг тўйига бордик. Тўй айни авжига чиққанда қўшни таҳририятда ишлайдиган аёллардан бири жазавага тушган ҳолда шундай рақс туша бошладики… уятдан ер ёрилмади, ерга кирмадик. «Раққоса» опамизнинг хатти-ҳаракатларидан кўзимизни қай томонга олиб қочишни билмай қолдик. Ёнидагилар уни даврадан олиб чиқолмай овора. Унинг ўзини бундай тутиши сабабини суриштирсак, яна ўша ичкилик. Ана холос! Ахир ичкилик одамни ҳар кўйга солиши ҳаммага маълум-ку! Худдики тўйга келганларнинг нигоҳи менга «Ақл ўргатиб, жамиятга маънавият улашаётганларнинг аҳволи шуми?» деяётгандек туюлаверди. Уйга қайтар эканман, йўл-йўлакай «Энди нима бўлади, бу аёл эртага қандай қилиб ишга боради, ҳамкасбларининг юзига қандай қарайди?» деган охири йўқ саволлар қийнай бошлади. Эртасига эса… ҳеч нарса бўлмади – осмон узилиб ерга ҳам тушмади, у аёл уятдан ишга келмай ҳам қолмади. Аксинча, илжайганича «Бир яйрабмиз-да», деб кириб келаверди…
Унинг бу аҳволини кўриб Абдулла Қаҳҳорнинг бир гапи ёдимга тушди… «Ичкилик одамни иркит, кишининг таъби тортмайдиган бебурд, субутсиз, ёлғончи, қилиб қўяди. Ёзувчи (ижодкор) эса покиза, чиройли, бурдли, субутли, ҳақгўй бўлиши керак».
…Иш юзасидан Ўткир Ҳошимов ва Эркин Воҳидов хонадонларида бўлганимда бу икки ижодкорнинг рафиқалари билан суҳбатлашдим. Уларга қараб бир елкасида айрилиқнинг оғир юки, иккинчи елкасида эса таниқли ижодкорнинг аёли отлиғ масъулият залвори турганини ҳис қилдим. Суҳбат давомида бу аёлларнинг нақадар билимли эканидан ҳайратландим. Ҳар қандай даврада ўзининг муносиб сўзини айта оладиган, юксак шуҳрату амалга лойиқ, аммо ўзини оиласига бахшида этган аёллар… Мулоҳазалари теран, фикрлари ўткир. Айниқса, Ўткир Ҳошимовнинг рафиқаси Ўлмас опанинг бир гапи менга жуда таъсир қилди:
— Ўткир ака ёлғонни ёмон кўрарди. Ҳаттоки у мақтов бўлса ҳам. Ҳаёт давомида қандай вазият бўлишидан қатъи назар, рост сўзлашга одатланган эди. Руҳи безовта бўлишини хоҳламайман. Шу сабаб, хафа бўлмасангиз, у киши ҳақида мақола чоп этилишидан олдин, мен уни албатта, ўқишим керак…
Ҳаётлигида турмуш ўртоғини авайлаб, вафотидан кейин руҳини эъзозлаётган Ўлмас опа ҳар қандай ҳурматга лойиқлиги, самимийлиги ва зукколиги, оиласига вафоси, меҳр-муҳаббати билан садоқатнинг баланд чўққисигача юксалгандек туюлди менга…
Сурат нега йиртилди?
Абдулла Қаҳҳорнинг яна бир гапи бор: «Ўз қадрини билган хотинга эркак киши ёмон кўз билан қарашга ботинолмайди».
Дарҳақиқат, агарда айрим аёллар ўз ҳурматини билганида, ҳалоллик ва покликни ҳамма нарсадан устун қўйганида балким маъшуқаси бисёр, ориятсиз эркаклар кўпаймаган бўлармиди!
Бир онахоннинг гаплари ҳеч эсимдан чиқмайди:
— Бир аёл хонанданинг қўшиқларини севиб эшитардим. Ҳар бир айтган янги қўшиғи эътиборимдан четда қолмасди. Кийинишини айтмасизми, одоб билан ҳамма жойи ёпиқ, узун кўйлакда чиқади. Биз катталарга шундай кийинишса ёқади-да. Бир куни денг, шу хонанда ҳақида бир миш-миш эшитиб қолдим. Айтишларича эри, оиласи бўла туриб чолғучиси билан юрармиш… Тавба, одамларга ҳам ҳайронсан, шундай аёлгаям лой чапласа-я, дедим. Ҳеч қанча вақт ўтмай узоқ қариндошим ўғлини уйлантирди. Тўйга борсам, ўша хонанда хизматда экан. Хурсандлигимни кўрсангиз эди. Ҳаяжонланиб ёнига бориб у билан суратга тушдим. Бир пайт қарасам, дам олиш учун ўтирган хонанда ўша миш-миш бўлган чолғучиси билан бир-бирининг қўлини силаб ўтирибди. Аёл шунча одамнинг олдида уялмай унга кўзини сузгани сузган. Телеэкранда кўринган одобдан асар ҳам йўқ. Уят-э, дедим. У билан тушган суратимни тўйхонадан чиқмасдан йиртиб ташладим. Шу бўлди-ю, бу хонанданинг қўшиқларини эшитмайдиган бўлдим…
Ақл ўргатишга ким ҳақли?
…Телевидение орқали чиқиб маънавият ҳақида, ахлоқ-одоб ҳақида тинмай фикр билдириб, «ақл ўргатаётган» айрим ижодкорларни кўриб ҳайратланасиз. Маънавиятдан оғиз кўпиртириб гапираётган бу инсонларнинг айримлари билан бир-икки марта суҳбат қурсангиз ёки шахсий ҳаётига назар ташласангиз, маънавиятдан асар ҳам кўрмайсиз…
Шу ўринда телерадиокомпания ходимлари ҳам кўрсатув ёки эшиттиришга кимни таклиф қилаётганини яхшироқ билиб олса, нур устига нур бўларди. Ижод қилди дегани бу ўзида йўқ фазилат ҳақида гапириши, насиҳат қилиши мумкин дегани эмас. Агар истеъдод одоб-ахлоқ, юксак маънавият билан уйғун бўлмаса, бундай қобилиятнинг қадр-қиммати йўқ. Назаримизда, ҳам ижоди, ҳам одоб-ахлоқи билан ўрнак бўла оладиган инсонларгина гапиришга, ақл ўргатишга ҳақлидир…
Халқимиз ҳар қандай истеъдоддан кўра, энг аввало, одоб-ахлоқни биринчи ўринга қўяди. У қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар бу мезонга ҳамма бирдек амал қилиши лозим. Айниқса, ўзини нозик хилқат деб биладиган азиз аёлларимиз. Зеро, халқимиз аёлни қадрлайди, эъзозлайди. Бу юксак туйғу ва муносабатлар замирида эса битта муқаддас тушунча бор — ПОКЛИК.
Нилуфар ЖАББОРОВА,
журналист
“ЖАМИЯТ” газетасининг 2017 йил 22 сентябрь сонида эълон қилинган.
Сўнгги фикрлар