Адиб мероси – маънавий хазина
Севимли газетамиз – “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да
ҳисобот мақолам ёритилди. Улуғ адиб Пиримқул Қодировнинг мухлисларига муборак бўлсин!
Бироқ, кимдир мақолани шундоқ қисқартирибдики, натижада биринчи жумла тушунарсиз, тўмтоқ бўлиб қолганини ҳеч қачон ҳеч кимга айтмоқчи эмасман. (Бу менинг шахсий сирим!)
Яхшиси, мақолани асл ҳолида сайтимиз орқали тақдим этишни лозим топдим.
АДИБ МЕРОСИ – МАЪНАВИЙ ХАЗИНА
Адабиётшунослар тилида адиб ё шоирнинг “иккинчи умри” деган пурмаъно гап бор. Бу – ўша ижодкорнинг дунёдан ўтганидан кейин ҳам севиб ўқиладиган асарларига бериладиган баҳодир.
2008 йил 7 апрель куни адиб Пиримқул Қодировнинг хонадонида ўтказган бир машваратимиз қалбимга муҳрланиб қолган. Ўшанда улуғ шоиримиз Абдулла Орипов (у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси эди), адабиётшунослар Абдуғафур Расулов, Умарали Норматов, Ҳамидулла Болтабоев, Нурбой Жабборов ва Баҳодир Каримов Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров таваллудининг 80 йиллигига ҳозирлик кўриш юзасидан маслаҳатга тўпланган эдик.
Умарали Норматовнинг таклифи билан Абдулла Орипов ташкилий гуруҳ раиси, Абдуғафур Расулов ўринбосари, камина котиб бўлдик.
Ташкилий гуруҳ режаси ишлаб чиқилди. Унга биноан адиб ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Меҳрга йўғрилган ижод” ва “Ҳаёт билан ҳамнафас ижод” деб номланган иккита тўплам нашрга тайёрланди. Уни ўша даврада Навоий номидаги Миллий кутубхонамиз директори бўлган Абдусалом Умаров бош-қош бўлиб нашрдан чиқарган.
Атоқли адибнинг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ўша йили 25 октябрь куни “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировга” сарлавҳаси остида йўллаган табригидаги қуйидаги сатрлар адибга бир олам қувонч бахш этди:
“Сизнинг бугунги таваллуд айёмингиз барча китобхонлар, бутун адабиёт аҳлининг катта байрамидир. Эл-юртимиз Сизни атоқли адиб, етук адабиётшунос олим ва таниқли жамоат арбоби сифатида яхши билади ва қадрлайди. Сизнинг қаламингизга мансуб бадиий баркамол ва чуқур ҳаётийлик руҳи билан суғорилган қатор қисса ва романлар халқимизнинг маънавий юксалишида муҳим ўрин тутиб, катта тарбиявий аҳамият касб этиб келмокда. Юксак инсоний фазилатларни тараннум этувчи бу асарлар жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилингани билан ҳам эътиборлидир.
Айниқса, собиқ шўро мафкураси тазйиқлари ва қаршиликларига қарамай, Сиз халқимиз тарихининг ёрқин саҳифаларидан бўлмиш буюк темурийлар даврини, дилбар шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларининг мураккаб, машаққатли ҳаёт йўлини ҳаққоний акс эттирган «Юлдузли тунлар», «Авлодлар довони» сингари гўзал асарлар яратдингиз ва улар адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олиб, халқимизнинг маънавий мулкига айланди”.
Бу мактуб юртимизда барча ижодкорларни тўлқинлантириб юборди. Шунга яраша Пиримқул Қодировнинг 80 йиллик юбилейи муносиб равишда нишонланди. Атоқли адиб билан қатор олий таълим муассасаларида, турли жамоаларда ўтказилган ижодий учрашувлар адабиёт ихлосмандларининг қалбларига муҳрланиб қолган.
Орадан 10 йил ўтди. Бу йил раҳматли адибимиз таваллудига 90 йил тўлмоқда!
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 август куни эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида” Фармонида адабиёт соҳаси бўйича биринчи даражали давлат мукофоти Пиримқул Қодировга “Амир Темур сиймоси” ва “Тил ва эл” асарлари учун берилгани улуғ адиб руҳини қанчалик шод этганини ва миллионлаб адабиёт мухлисларини мамнун қилганини тасаввур этиш қийинмас. Айни пайтда бу – атоқли адибнинг 90 йиллиги олдидан муносиб туҳфа бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бу орада 2010 йил декабрь ойида улуғ адиб Пиримқул Қодировни сўнгги манзилга кузатгач, унинг ижодини изчил тадқиқ ва тарғиб қилиш мақсадида Мерос комиссияси ташкил этилди.
Очиғи, улуғ шоир ва адиблар вафотидан сўнг уларнинг ижодий меросларини ўрганиш ҳамда тарғиб қилишни давом эттириш мақсадга мувофиқ экан. Улуғ адиб Абдулла Қодирийдан сўнг ўғли Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида” деган мўъжазгина китобини ҳаяжон ва қандайдир қониқиш билан мутолаа қилгандик. Ҳабибулла ака отаси ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этиш билан бир қаторда унинг ижодий меросини ўрганиш бобида ҳам амалга оширган ишлари кўп хайрли бўлганини барча бирдек эътироф этади.
Яна бир улуғ адиб Абдулла Қаҳҳорнинг ҳаёти ва ижодий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишда унинг умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорова ҳам ана шундай жонбозлик кўрсатганининг шоҳидимиз.
Демоқчимизки, улуғ шоир ва адиблар ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этиб бориш жамиятимизда китобхонлик маданиятини тобора ошириб боришда ғоят муҳим ўрин тутар экан.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган Мерос комиссияси кўпгина хайрли ишларни амалга оширмоқда. Сирожиддин Саййид раислик қилаётган мазкур комиссия аввало раҳматли адиб ва шоирларнинг ижодий меросини ўрганиш устида изланмоқда. Уларнинг оилалари ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдамлар берилмоқда. Комиссия аъзолари вақти-вақти билан улуғ адиб ва шоирлар мангу қўним топган қабристонга зиёратга бориб, у ерда ободонлаштириш ишларини ҳам назорат қилмоқда.
Айни пайтда Пиримқул Қодиров ижоди, хусусан, қўлёзмалари, ён дафтарлари, хатлари, турли йилларда газета-журналларда ёритилган мақолалари, бадиалари, меҳнат фаолиятига оид муҳим маълумотлар изчил ўрганилмоқда. “Истиқлол даври замонавий ўзбек адабиётида ижтимоий ҳаёт ва давр муаммолари талқини” (Пиримқул Қодиров бадиалари мисолида)” мавзуида докторлик диссертацияси устида ишламоқда.
Улуғ адиб таҳсил олган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида унинг талабалар ҳаётига бағишланган “Уч илдиз” романи асосида махсус маҳорат мактаби ҳамда интернет тармоғида www.uchildiz.uz сайти ташкил этилган.
Сўнгги йилларда адиб қўлёзмаларидан “териб олинган” дурдона фикрлар “Адиб сабоқлари” сарлавҳаси остида қатор нашрларда ёритилди. Шу номдаги салмоқли тўплам ҳам нашрга тайёрланмоқда.
Яна бир қувончли воқеа: адибнинг машҳур “Юлдузли тунлар” тарихий романини яқинда “Адабиёт учқунлари” нашриёти «Абадий барҳаёт асарлар» туркуми остида қайтадан нашр этди. Бу нашрнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, унда бугунги ёш китобхонларга айрим сўз ҳамда иборалар янада тушунарли бўлмоғи учун тегишли ва зарур изоҳлар ҳам берилган. Айни пайтда бу асар лотин ёзувига асосланган янги алифбомизда ҳам чоп этилмоқда. Шунингдек, адиб таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан бошқа машҳур асарлари ҳам шу тарзда янгидан нашр этилади.
Пиримқул Қодиров нафақат улуғ адиб, айни пайтда филология фанлари номзоди – адабиётшунос олим ҳам эди. Унинг “Тил ва эл”, “Амир Темур сиймоси” деб номланган илмий бадиалари тилшунос ва адабиётшунослар томонидан юксак баҳоланган. Шу муносабат билан адиб ва олим таваллудининг 90 йиллиги олдидан “Пиримқул Қодиров – тил, эл ва миллат фидойиси” мавзусида илмий анжуман ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.
Қиссадан ҳисса шуки, адиб мероси – бебаҳо маънавий хизинадир. Бу хазинадан бугунги ёш авлодларни муносиб равишда баҳраманд этиш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Мерос комиссияси масъул котиби, филология фанлари номзоди, доцент
Сўнгги фикрлар