Аслида босма нашр, хусусан, журналлар ҳамиша аҳолининг саводхонлиги, билим ва савиясини юксалтиришга хизмат қилиб келган. Аммо «OLTIN ASR» журнали ўз ўқувчилари ва обуначилари олдидаги бундай масъулиятни унутган кўринади. Журнални қўлга олишингиз биланоқ хатоларга кўзингиз тушади. Муқованинг ўзиёқ журналнинг ички саҳифаларида сизни нималар кутаётгани ҳақида огоҳлантириш бергандек бўлади.
Албатта, шу пайтга қадар 10 га яқин сонини нашр этишга улгурган журнал муаллифларининг ҳар бир хатосини санаб чиқишнинг имкони йўқ. Аммо мисол тариқасида 2018 йилда чоп этилган 3-сонини таҳлил этиш кифоя. Муқовада оммавий ахборот воситалари сўзлари қўштирноққа олиниб, «27-июн Ўзбекистон «оммавий ахборот воситалари» ходимларининг касб байрами!..» шаклида ёзилган. Аслида, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни эмасми? Ёки 40-саҳифадаги «Кўнгил очар боғга марҳабо» («Кўнгилочар боққа марҳабо!») сарлавҳаси остида берилган материалда «тасарруф» – «таъссарруф», «замонавий» – «замонваий», «аттракцион» – «атракцион», «албатта» – «албатда», «унутманг» – «унитманг» каби кўплаб имло хатолари учрайди. Ҳатто журнал ҳақидаги маълумотлар ҳам имловий ва мантиқий хатолар билан берилган: «Тассисчи:» (Таъсисчи), «Саҳифаловчи Дизайнер» (Саҳифаловчи дизайнер), «Мусаҳҳих» (Мусаҳҳиҳ), «маротоба» (маротаба), «оргинал» (оригинал) ва ҳоказо. Бундан ташқари, айрим мақолалар сарлавҳаси ва матнлар айнан такрорланган, материалларнинг мазмуни ва сарлавҳаси бир хил, матнида фақатгина жой номлари, исмлар ва рақамлар ўзгартирилган, холос.
Бундан ташқари, айни шунда эълон қилинган мақолаларда ғализ, таҳрирталаб жумлалар жуда кўп учрайди. Масалан, «Бу хусусда чет эл ОАВ қатор ижобий мақолалар, радиоэшиттириш ва кўрсатувлар намойиш этилмоқда», «Олис қишлоқлардан келтирилаётган, даволанишига қарамай, йиқилиб қолгач, зўраки сўйилган (хонадонларда антисанитария) ҳолатидаги гўшт маҳсулотлари, айниқса, саратонда бозори чаққон бўлади», «Шиддат билан ривожланишга йўл тутган дунё талаблари йилдан-йилга мураккаблашиб турган замонда бизнинг бошқалардан ортга қолиб кетишга асло ҳаққимиз йўқ», «Юртимиз юксалаверсин, жаҳонда ягона давлат сифатида тараққий этаверсин…» сингари мантиқсиз ва тутуруқсиз жумлаларга кўзингиз тушади. «Буҳтоннинг умри қисқа ёҳуд «ёзувчи»ларнинг кирдикорлари хусусида», «Чорва моллари касаллигидан эҳтиёт бўлинг» каби мақолаларда эса ҳеч бир фактсиз, конкрет шахслар номи кўрсатилмай, номаълум кишилар шаънига ҳақоратлар ёғдирилган. Журналда эълон қилинган кўплаб материалларда муаллифлик ҳуқуқига риоя этилмаган, мақола ва хабарлар турли сайтлардан олинган бўлишига қарамасдан, манба кўрсатилмаган.
Энг қизиғи, журнал таъсисчилари ва бош муҳаррири томонидан Агентлик тақдимномаларига ёзилган жавоб хатлари ҳам имловий хатоларга тўла экани бу нашрда саводсизликка барҳам бериш мутлақо имконсиз эканини кўрсатади.
.Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига мазкур журналга берилган гувоҳномани тугатиш ҳақида даъво аризасини киритди. Агентлик бу каби саводсизликни тарғиб этадиган, мақсад-муддаоси ноаниқ ва сифатсиз маҳсулот чиқаришни одат қилган нашрларга нисбатан кескин ва муросасиз муносабатда бўлади.
https://kun.uz/89388038
Сўнгги фикрлар