Бу саволга ЎзМУ Хорижий филология факультети Француз филологияси
кафедраси мудири, профессор Раҳима Ширинова нима дер экан? “Ўзбекистон-Франция”дўстлик жамияти ижрочи директори Раҳима Ширинова, шунингдек, Хорижий филология факультетида фаолият кўрсатишаётган бошқа тиллар мутахассисларидан ҳам қуйидаги мақолани ўқиб, унга мухтасар фикрларини билдиришларини кутиб қоламиз, дейди Дониш домла куюнчаклик билан.
Бизга фақат инглиз тили керакми?
Немис тили Европадаги асосий чет тили бўлиб, унда 120 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Биз бу тилни олдиндан ўрганиб келганмиз, аммо охирги йилларда глобализация сабабли асосий ўрганиладиган тил инглиз тили бўлиб қолди. Бу ҳақда Германиядаги немис-ўзбек илмий жамияти раиси, профессор Хуррам Раҳимов Тошкентда ўтказилган немис тили ўқитувчиларининг 12-анжумани давомида интервью берди.
Унинг таъкидлашича, маълум муддат қатор хорижий тилларга кам эътибор қаратилди.
– Жумладан, республика мактабларида 97 фоиз инглиз тили, 3 фоиз бошқа тиллар қолди. Аслида 97 фоиз дарсларни инглиз тили мутахассислари билан таъминлаш имконияти йўқ. Ҳозирги кунда тизимга 3000 га яқин инглиз тили ўқитувчиси етмайди. Айни бир пайтда 4000 дан ортиқ немис, француз, испан ва бошқа шунга ўхшаган тиллар ўқитувчилари ишсиз. Шуларни тайёрлашга мамлакатнинг катта маблағи сарфланган. Ҳозирда республикамиз раҳбарияти томонидан бу тилларни ривожлантиришга яна эътибор қаратиляпти. Жумладан, немис тили бўйича қатор мактабларда махсус лойиҳалар жорий этилаётир. Бу кишини қувонтиради, – дейди Хуррам Раҳимов. – Бугунги кунда Германия компаниялари Ўзбекистондаги фаолиятини ривожлантириш ниятида. Шундай экан яқин орада бу тилни билувчи мутахассисларга эҳтиёж ҳам ортиб боради. Тошкентда ташкил этилган анжуманнинг номи “Немис тили ҳаммага эшикларни очмоқда” деб аталади. Унда айнан немис тили мутахассисларининг олдида турган муаммолар, тил ўқитишни янги методикалари ва уни ривожлантириш йўллари ҳақида сўз юритилди. Масалан, дарсликлар масаласида ҳам муаммолар борки, уларни фақат ҳамкорликда ечишимиз мумкин.
8-9 ноябрь кунлари Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги немис тили чуқурлаштириб ўқитиладиган Шайхонтоҳур академик лицейининг биносида ўтказилган анжуманда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги мактаб, лицей, коллеж ва олий таълим муассасаларининг 200 дан ортиқ немис тили ўқитувчилари иштирок этди.
12-маротаба ўтказилган анжуман Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Гёте институти, Германия Халқ университетлари ассоциацияси (DVV) ва Германиянинг Хориждаги мактаблар бўйича марказий бошқармаси (ZFA) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда халқ таълими тизимидаги ўқитувчилар ҳам қатор масалаларни кўтарди. Бироқ, вазирликдан кутилган вакиллар келмаганлиги сабабли саволлар очиқ қолди.
Нозима Тошпўлатова, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/bizga-fa-at-ingliz-tilai-kerakmi-09-11-2018
Сўнгги фикрлар