Якшанба гурунги: Talaba lug’ati
1980-85 йилларда «Талабанинг бир тўйгани — бой бўлгани» деб қўйиш бизнинг
«луғат»имиздаги энг кулгили ва ҳаётий гапдек туюларди. Ўша кезларда Шукур исли дўстимга шундай ҳазил «шеър» ёзиб бергандим:
– Шукур дўстим, сессиядан сўнг,
Таассуротли бир иш қилайлик.
Ё май ичиб, кайф-сафо қилиш,
Ё тоғларга ўйнаб келайлик.
– Қўйсангиз-чи, хаёлий гапни,
Оч қоринга ёқмайди, бироқ,
Сессияни тамомлаб олгач,
Тўйиб овқат еган яхшироқ!
Бугун бу гаплар «ўтмиш»га айланди. Энди оч қолган талаба йўқ. Шахсий машинасида ўқишга келаётганлар сафи кенгаймоқда, ҳаммасининг қўлида қимматбахо мобил телефони! Қай бир йили жуда қизиқ воқеа бўлганди. Талабаларни бир ой пахтага чиқарармиш, деган гап тарқалди. Биз талабалик давримизда 5 йил мобайнида 2-3 ойлаб Сирдарё далаларида пахта териб келгандик. Ёнимизда азиз домлаларимиз ҳай-ҳайлаб туришларига ҳавас қилардик. Энди домла сифатида талабаларимга бош-қош бўлиб боришни тасаввур этиб, суюниб кетдим. Астойдил тайёргарлик бошланди. Ўшанда бир «совуқ хабар»ни эшитиб, ҳафсалам пир бўлди. Деарли ҳамма талаба ўрнига «мардикор» ёллаб қўйишибди. Ҳам суюндим, ҳам куюндим… Суюнганим — талабаларимизнинг шунчалик бойиб кетганини кўриш мароқли эди, куюнганим — беш бегона болалар билан ўзимни пахта даласида тасаввур эта олмаганим эди…
Бугун телеграм тармоқларидан бирида «Талаба луғати» деган қайроғи қайдларни ўқиб чиқиб, муаллифи барака топсин, деб юбордим. Талабанинг ажиб қалб кечинмаларини машҳур асарлар номи билан ифода этган муаллиф — яхшигина китобхон экан, деб баҳо қўйдим. Афсуски, муаллифнинг исми-фамилияси кўрсатилмабди.
Марҳамат, сиз ҳам баҳраманд бўлинг, дейди Дониш домла нотаниш муаллифни олқишлаб.
Abituriyentlik davri – “Yolg’izlikning yuz yili”
1-avgust – “Asrga tatigulik kun”
Imtihon – “Dahshat”
Imtihonga kirish oldidan tekshiruv – “Alvido, qurol”
Talabalikka tavsiya etilmagan abituriyent – “Bemor”
Talabalikka tavsiya etilgan abituriyent – “Alvido, bolalik” yohud “Qushdek yengil bo’ling”
Universitet – “Javohirlar sandig’i”
Talaba – “Odam bo’lish(i) qiyin”
Dars – “Suv ostida sakson ming kilometr”
Ma’ruza – “Tushda kechgan umrlar”
Konspekt – “Daftar hoshiyasidagi bitiklar”
Amaliy mashg’ulot – “Jimjitlik”
Talabalar darsga tayyor emas – “Abadiyat qonuni”
Stipendiya – “Ulug’bek xazinasi”
Sessiya – “Bozor dunyo” yohud “Dunyoning ishlari”
Qayta topshirishga qolgan talaba – “Urushning so’nggi qurboni”
Amaliyot – “Gulliverning sayohatlari”
Talabalik yillari – “Bahor qaytmaydi”
Сўнгги фикрлар