Конституциямизга пайваста диний маърифат

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини теран нигоҳ билан ўрганишда диний

маърифатнинг ҳам ўрни алоҳида. Бош қомусимиз, қонунларимиз ва уларга пайваста диний маърифату миллий қадриятларимиз ҳаётбахшлиги, амалиётдаги самаралари билан янада қадрлидир, дейди Дониш домла қуйидаги мақолани ўқишни тавсия этар экан.

шайх1

بسم الله الرحمن الرحيم

КОНСТИТУЦИЯ – Ҳуқуқимиз кафолати 

الحَمْدُ للهِ الَّذِي أَمَرَ عِبَادَهُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ، وَنَهَى عَن البَغْيِ وَالظُّلْمِ وَالعُدْوَانِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى نَبِيِّنَا محمد الَّذِي نَشَرَ العَدْلَ وَالأَمَانَ، وَحَفِظَ كَرَامَةَ الإِنْسَانِ، وَعَلَى أَلِهِ وَأَصْحَابِهِ الكِرَامِ، أَمَّا بَعْدُ

Муҳтарам азизлар! Бугун юртимизда яна бир катта байрам тантанаси олдимизда турибди. у ҳам бўлса Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллик тантанаси кунидир. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг халқимиз қўлга киритган энг катта ютуқларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи бош қомусимизнинг қабул қилиниши бўлди.

Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, уларни ўзаро аҳил ва иноқликда ер юзини обод қилиб яшашга буюрган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

(سورة النحل/90)

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо)насиҳат қилур” (Наҳл сураси, 90-оят).

Жамиятдаги инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. динимизда жамиятдаги ҳар бир кишининг ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг миллати ва эътиқодидан қатъий назар, аниқ  ва равшан белгилаб берилган.

Мамлакатимиз халқи мураккаб тарихий жараённи бошдан кечирди. Барча қийинчилик, жабр-зулм ва адолатсизликларга қарамай, буюк аждодларининг муносиб авлодлари, жаҳонга довруғи кетган машҳур алломаларнинг қонуний ворислари эканини ҳар томонлама исботлади. Аллоҳнинг лутфу карами ила азиз ва муқаддас истиқлолга эришди. Халқимиз нурли келажак сари катта ишонч билан қарамоқда ва улуғ орзуларига етмоқда.

Маълумки, Қомусимизда инсон омилининг, инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бундай ҳолга мамлакатимиз мусулмонлари диний, маърифий қадриятларни қайта тикланиши борасида ҳам шоҳид бўлмоқдалар.

Диёримиз мустақилликка эришгач, миллий истиқлол ҳақидаги азалий орзу-умидларимиз амалга ошди. Натижада асрий қадриятларимиз тикланди ва ривожланиб бормоқда. Маданиятимиз, динимиз ўзининг тарихий, миллий-диний ва фалсафий асосларига қайтмоқда. Айниқса маънавий меросни ўрганиш, аждодларимиз қолдириб кетган турли соҳалардаги асарларини оммалаштириш, буюк алломалар, улуғ аждодларимизнинг муборак номлари ва ижодининг халққа қайтариб берилиши, она тили ва динимиз ривожланиши учун шароит яратилгани ўзбек халқи, хусусан, мусулмонлар учун буюк халоскорлик ва миллатнинг келажак тараққиёти учун қудратли куч омили бўлди. Зеро, Аллоҳ таборака ва таоло таъкидлаб айтган:

وَيَسْتَجِيبُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَيَزِيدُهُمْ مِنْ فَضْلِهِ

 (سورة الشورى/26)

Яъни: “У имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни(дуоларини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёдалик ато қилур…” (Шўро сураси, 26-оят).

Мустақил она диёримизда яшовчи барча халқлар томонидан якдиллик билан қабул қилинган Қонунимизда инсон ҳуқуқлари, бурч ва вазифалари каби Виждон эркинлиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Конституциянинг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбури сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб алоҳида таъкидланган.

Диёримизда амалдаги қонунлар асосида турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилиши таъминланган, диний ва ўта мутаассиблик, экстремизм, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли дин тоифалари ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди.

Муҳтарам жамоат! Давлат томонидан чиқарилган қонун-қоидаларга бўйсуниш, жамият фаровонлиги учун меҳнат қилиш, унинг тинчлиги ва хавфсизлигини сақлашдан бўйин товламаслик давлатнинг жамият олдидаги ҳақларидан саналади. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ

 (سورة النساء/59)

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! …” (Нисо сураси, 59-оят).

Ушбу оятдан Аллоҳ ва Унинг расулининг буйруқларига итоат қилиш билан бирга мусулмонлар ўзларидан бўлган дин ва давлат бошлиқларига ҳам итоат қилишнинг вожиблиги маълум бўлади. Модомики раҳбар ёки ота-оналар гуноҳ ишларга буюрмас эканлар, уларга итоат этиш шаръан вожибдир (Имом Таҳовийнинг «Ақоид»ига қаралсин).

Муҳтарам жамоат! Конституциямизда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, билим олиш ҳуқуқига эга экани махсус моддалар билан белгилаб қўйилган. Юртимизда бу икки ҳуқуқ соҳасида ислоҳот ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Диёримизнинг барча аҳоли яшайдиган минтақаларида аҳоли учун кўплаб иш ўринлари ташкил этилмоқда. Бу хусусда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда тарғиботлар мавжуд. Масалан Жумъа сурасида шундай дейилади:

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

(سورة الجمعة/10)

яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд(шунда) нажот топсангиз(10-оят).

Демак,  азизлар сизу биз ибодатларимизни адо этганимиздан сўнг ҳар биримиз ўз касби ҳунаримиз сари шошилишимиз, шу Юрт, шу Ватан равнақи йўлида бор куч ва меҳнатимизни сарфламоғимиз исломий кўрсатмалардан экан.

Шунингдек, билим олиш ҳуқуқи ҳам юртимизда жуда яхши йўлга қўйилган. Бу соҳада ҳам кенг кўламда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Таълим-тарбия  жараёнларига Давлат даражасида эътибор қаратилган. Хусусан, ўсиб-улғайиб келаётган ўғил-қизларимизнинг таҳсил олишлари учун янгидан-янги мактаблар, ўқув юртлари, олийгоҳлар, кутубхоналар барпо этилмоқда. Ёшларни тўлиқ билим олишлари учун ҳар бир ўқув муассасалари давлатимиз томонидан замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланмоқда. Бу қилинаётган ҳаракатларнинг замирида сизу бизнинг фарзандларимизнинг илмли, салоҳиятли, баркамол бўлиб вояга етишлари ётибди. Зеро, динимиз кўрсатмаларида ҳам илм олиш борасида қатор оят ва ҳадислар мавжуд.

Қуръони каримнинг Тоҳа сурасида Аллоҳ таоло Ўз расули Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб шундай дейди:

«… وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا»

(سورة طه/114)

яъни: Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!(Тоҳа сураси, 114-оят).

Хулоса қилиб айтганда, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир. Демак, муқаддас ислом динимиз қонун-қоидаларига риоя қилиш билан бирга давлатимиз қонунларида қайд этилган инсонпарварлик ғояларига ҳам риоя қилишимиз зарур бўлади.

Аллоҳ таоло халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин! Юртимизни турли хилдаги самовий ва арозий офату балолардан ҳифзу ҳимоясида сақлаб, барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизга муяссар қилсин! Омин!

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида баъзи оилавий муносабатларҳақида суҳбатлашамиз.

Маълумки, аёлларга гўзал муомала қилиш динимизда буюрилган амаллардандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا

яъни: …Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли оилага гўзал муомалада бўлиш кишининг имони комил эканини намоён этадиган, инсонийлигини кўрсатадиган мезон, дея уқтириб, шундай деганлар:

أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِيْنَ إِيْمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا، وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهمْ

яъни: “Мўминларнинг имони комилроғи хулқи гўзалроғидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аёлларига яхши бўлганларидир” (Имом Термизий ривояти).

Демак, шариатимизнинг мезонига кўра, киши ошна-оғайниси, ҳамкасблари, раҳбар-хўжайинлари, қариндош-уруғи, маҳалла-кўйи ҳамда ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишининг ўзи билан энг яхши инсон бўла олмас экан, балки ўз аҳлига яхши бўлган киши одамларнинг энг яхшиси ҳисобланар экан. Ҳақиқатан ҳам киши қўл остидаги, ўзидан қуйи, заиф одамларга, ўзига қарам бўлганларга бўлган муносабат унинг ҳақиқий ахлоқини намоён қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳли оиласига яхши бўлган кишини одамларнинг энг яхшиси демоқдалар.

Маълумки, киши ўз никоҳидаги аёлининг емоқ-ичмоғи, кийим-кечаги ва турар-жойи билан таъминлаши эрлик вазифасидан ҳисобланади. Бу ҳақда

Аллоҳ таоло Бакара сурасида бундай дейди:

وَعلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ

яъни: “У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир (Бақара сураси, 233‑оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг нафақаларига бефарқ бўлмасликка ундаб, уларга берилган ҳар бир луқмада савоб борлигини биз умматларга билдирганлар:

إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ نفقَةً يحتَسبُها فَهِي لَهُ صدقَةٌ

(متفقٌ عَلَيهِ)

яъни: “Киши ўзининг аҳли аёлига савоб умидида нафақа қилса бу унинг учун садақадир” (Муттафақун алайҳ).

Афсуски, ҳозирги кунда баъзи эрлар ўз зиммасидаги вазифаларини унутиб, ўз зиммасида бўлган нафақаи рўзғорга бепарволик қилмоқда. Натижада, аёллар турли йўллар орқали ўзининг нозик хилқатига муносиб бўлмаган касблар билан машғул бўлиши, ҳатто мардикор бозорига чиқиб, пул топиш ҳолатлари учрамоқда. Бунданда ачинарлиси, баъзи аёллар чет элларга бориб, қанчадан-қанча машаққатларни бошидан ўтказиб, ўзбекчилигимиз ва динимизга тўғри келмайдиган йўллар билан пул топишга уринмоқда.

Очиғини айтганда, ҳозирги баъзи одамлар оилавий тутумда, эр-хотин муносабатларида, муомала ва юриш-туришда ота-боболаримиз тутган йўл, миллийлигимиз ва мусулмончиликка зид бўлган йўлни тутмоқдалар. Қаердаги шариатимиз ва миллийлигимизга зид бўлган оилавий муносабатларни ўзларига намуна қилиб, турли муаммоларга дуч келмоқдалар. Аслида эса мусулмон киши учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий муносабатлари ва тутган йўллари ҳар тарафлама етарли намунадир. Унда севги-муҳаббат, меҳр-оқибат, ахлоқ-одоб, таълимтарбия  ва барча гўзал хислатлар ўз ифодасини топгандир. 

http://muslim.uz/index.php/maqolalar/zhuma-mav-izalari/item/11925-07-12-2018-j-konstitutsiya-u-u-imiz-kafolati

***

Таҳририятдан: Ушбу мавзуни теран ўрганишда Имом Насафийнинг “Мадорикут-танзил” ва Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул-улум” номли тафсирлари ҳамда ундан бошқа мўтабар манбаларни ҳам мутолаа қилиш мақсадга мувофиқдир. 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *