Аҳмаджон Мухторов ким эди?!
Ҳақиқий журналист бўлиш учун Устозлардан сабоқ олмоқ зарур, дейди Дониш домла.
Ўтган асрнинг 80-90-йиллари ўзбек матбуотида “А.Мухторов” деган имзо (Аллоҳ раҳмат қилсин!) жуда ҳам машҳур эди. Кимсан – Самарқанд вилоятининг “Ленин йўли” (ҳозирда “Зарафшон”) газетаси раҳбарлигидан тўппа-тўғри Марказқўмга бўйсунувчи “Қишлоқ ҳақиқати” газетасига бош муҳаррир бўлиб келган, кўп ўтмай, Олий Мажлис шафеълигида “Халқ сўзи” газетасини ташкил этиб, уни оммага суюмли қилган маълуму машҳур публицист!..
Танимаганлар, у кишидаги жиддийлик ва қатъиятни кўриб, каттакон арбоб деб ўйларди.
Ҳақрост, Аҳмаджон Мухторов муҳаррирлар арбоби эди!
СССР халқ депутати Аҳмаджон Мухторовнинг қизил империя минбарлари-ю матбуотида ўзбек халқи манфаатини қаттиқ туриб ҳимоя қилгани бугун эҳтимол кимларгадир арзимас бўлиб туюлар, аммо ўша даврда халқпарвар, жасоратли одамларгина шундай қилганини унутмаслик лозим. Ўзбекистон журналистикаси дарғаларидан бўлган бу инсонни мустақиллик тенгдошлари танимайди, аммо ёши улуғ зиёлилар “рўйи замин” фарзандини ҳамон ҳурмат билан эсга олади. Тўғрисини айтсам, бу одамнинг суҳбатида бўлмаганман, лекин чиқарган газеталари, ёзган мақолаларини ўқиб, довруғи достон бу зотни ўзим учун кашф қилдим. Таассуротларимни сизга ҳам айтгим келди.
“Зарафшон” газетасининг 100 йиллиги муносабати билан нашр этилган “Биз “Зарафшон”данмиз” мақолалар тўпламида СамДУ профессори Бекмурод Йўлдошев“1973 йилда газетага туғма истеъдод соҳиби, ўзбек ва рус тилларида эркин ижод қиладиган моҳир публицист Аҳмаджон Мухторов муҳаррир этиб тайинланди. Ўша вақтдан то 1980 йилнинг ўрталаригача у раҳбар сифатида газета оммавийлиги ва салоҳиятини янада оширди. Ўнлаб ёш мухбирларни тарбиялади, Самарқанд журналистикаси мактабини яратди. Бунинг самараси ўлароқ, Анвар Жўрабоев, Абдурашид Абдураҳмонов, Миршариф Хўжаев, Адҳам Ҳайитов, Ҳабиб Темиров, Фармон Тошев, Сулаймон Ҳусаинов, Азиз Йўлдошев, Жамол Турсунов, Тоғаймурод Шомуродов каби юзлаб қалами қайралган ижодкорлар етишиб чиқди”, дея эътироф этади.
Самарқанд адабий муҳитида муҳри бор Аҳмаджон ака Тошкентга – Марказқўм газетасига мўмин-қобил дастёр бўлиш учунгина келмайди. Комфирқанинг муз қотган матбуотини эритиш, халққа яқинлаштириш чакана гапми?
Менимча, “журналист” сўзининг ўзаги ўзбекчасига “журъат” бўлса керак. Аҳмаджон аканинг журъатли муҳаррир эканига бир мисол. “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг 1988 йил 17 февраль сонида маърифатпарвар Абдурауф Фитратнинг “Қиёмат” хаёлий ҳикоясидан парча эълон қилинади. Саҳифа Наримон Орифжоновнинг “Айбсиз айбдорнинг оқланиши” номли мақоласи билан очилган. Унда СССР Олий Суди 1957 йил 16 сентябрда кўпгина ижодкорлар қатори Фитратни ҳам оқлаган бўлишига қарамасдан, бу олим ва ижодкор меросини ўрганиш ҳамон пайсалга солиб келинаётгани айтилади. Ҳолбуки, Тожикистонда Фитрат асарлари 1964 йилда китоб бўлиб чиққан экан. Газета “Қиёмат” асарини ана ўша нашрга асосланиб тайёрлаган. Хуллас, ҳикоянинг бир парчаси адабий-бадиий журнал ёки газетада эмас, Ўзкомпартиянинг ижтимоий-сиёсий минбари бўлган “Қишлоқ ҳақиқати”да чоп этилади. Аммо “давоми бор” дейилишига қарамасдан, асарнинг газетада босилиши негадир тўхтаб қолади. Сабаби ҳам кўрсатилмаган. Қизиқиб, нашрни сонма-сон кузатиб бордим. Дафъатан, 20 март сонида “ЎзТАГ” номидан эълон қилинган икки саҳифалик ҳисобот-мақолага кўзим тушди. Ўқиб, саволга жавоб топгандай бўлдим.
“ЎзТАГ”нинг ёзишича, Ўзбекистон Компартияси Марказқўмида 19 март куни ижодкор зиёлиларнинг, илмий-педагогик жамоаларнинг вазифалари муҳокама этилган катта анжуманда Р.Нишонов таҳлилий-танқидий маъруза қилади.
Кўчирма:
“Тарихий мавзулардаги мунозаралар чоғида бир талай беҳуда, ғўр, шов-шувга сабаб бўлувчи гаплар ҳам пайдо бўлиб қолганлигини англаб олиш зарур. Фактларни, воқеаларни, тарихий шахсларнинг фаолиятини ёритишда қуюшқондан чиқишга йўл қўйилмоқда. Фитрат ва Чўлпоннинг ижодий мероси республика матбуоти саҳифаларида завқ-шавқ билан, бирёқлама талқин этила бошлади. Ҳолбуки, улар адабиётшуносликка оид ва шеърий асарлар, Пушкин ва Шекспирдан таржималар қолдириш билан бирга, пантуркизм ва миллий маҳдудлик мафкурасини ҳам қолдирганлар”.
Муҳтарам газетхон, унутманг, ўқиганингиз 38-йилдаги тергов-айблов хулосасидан олинган иқтибос эмас. Бу 1988 йилдаги гап, яъни қатағон давридан эллик йил ўтгандан сўнг республикага раҳбарлик қилган арбобнинг маърузасидан парча. Раҳбарларимиз маърифат фидойиларидан нега бунча чўчиди экан-а?! Гап фақат ҳукмрон сиёсатдами ёки Фитрат ижодида?! Шу саволга жавоб излаб, профессор Фитратнинг бизга маълум бўлган асарларини варақладим. Серқирра аждодимиз Компартия қўрқса қўрққудай гапларни кўп ва хўп айтган экан. Алломанинг 1919 йилда “Иштирокиюн” газетасининг бир нечта сонида босилган “Шарқ сиёсати” асаридаги мана бу гапга эътибор қилинг.
Кўчирма:
“Шарқға маданият мактаблари, инсоният мадрасалари очармиз деб келган Оврупа жаҳонгирлари фоҳишахона ва майхонадан бошқа бир нарса очмадилар. Ажабо, Оврупа жаҳонгирлари бу ишларини билибми қилдилар, билмасданми қилдилар? Албатта, билиб қилдилар, жўрттага қилдилар. Унларнинг тилаклари бизға маданият бериб, бизда маориф тарқатиш, бизни тараққий этдурмак эмас, турли фоҳишахоналар, майхоналар очиб, бизнинг ахлоқимизни бузмоқ, бизнинг соғлиғимизни хароб этмак ва уруғимизни қурутиб, бизни ишдан чиқармоқ ва ўз қўллариға муҳтож қилиб қўймоқдир”.
“Тўғри гапнинг тўқмоғи бор” деган гап рост экан. Ана шунақа, илоё, гўри нурга тўлсин фидойи боболаримизнинг. Лекин, ярим аср ўтиб ҳам, ҳақиқатпешалиги учун илиқ сўз ўрнига ҳақорат эшитгани дилни хира қилади. Боз устига, калтабинлигимиз сабаб газетани маърифатномага айлантирмоқчи бўлган муҳаррирнинг босиб қўйилгани-чи! Бир қадам ташлаган эдик, икки қадам орқага чекиндик. Аммо…
ЮКСАК МАРТАБАЛИ… МУНОФИҚ
Хўш, “Қиёмат”-ку чала қолиб, таҳририят тавбасига таянтирилибди. Марказқўм бундай “бебош”лар танобини тортиш учун қаттиқ чора-тадбирлар белгилабди. Аммо, ўша йиллари, ростини айтганда, халқимиз бошида қиёмат қойим бўлиб, миллий уйғониш“миллий маҳдудлик мафкураси” тамғаси остида таъқиб қилинаётган эди. Бегуноҳлар додлаб ётган 1988 йилнинг кўкламида СССР давлати раҳбари Михаил Горбачёв Тошкентга келади. Қизилпошшонинг ташрифи-ю Марказқўмнинг Наврўз арафасидаги йиғилиши орасида кўзга кўринмас қалин ришта бор. Янги тайинланган биринчи котиб ишончни қозониш учун мана шундай ҳақоратли “Босди-босди”ларга зўр бериб, қандай бўлмасин, совет давлати раҳбарининг назаридан қолмасликка тиришар эди. Ғимирлаб қолган зиёлиларга ён босиш ўлим билан баробар! Салафлари бошига тушган қора кун унга ҳам етиши мумкин!
Республика раҳбари совет давлати анъанасига кўра юксак мартабали меҳмонни ясатилган, ўзига тўқ хўжаликлардан бири, Тошкент туманидаги Карл Маркс номидаги жамоа хўжалигига олиб боради ва “Ўрнатилган тартиб”га кўра, “олам гулистон” деган қўшиқни хиргойи қилиб, меҳмон қаршисида қўл қовуштиради.
Ўзбекистон баҳоридан завқланган Бош котиб ҳайратини яшира олмай: “Шафтоли чиройли гуллар экан, биринчи кўришим”, дейди.
Хуллас, М.Горбачёв “Мен Ўзбекистонни биламан, деярли ҳамма областларида бўлганман. Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Навоий, Зарафшон, Наманган, Фарғона, Андижонда бўлганман. Кўп нарсани кўрганман, ишлаб чиқаришда, қишлоқларда ёшлар, оқсоқоллар билан учрашганман” дея мақтанади. Бу гаплардан қувонган ўзбекистонликлар қизил империя раҳбарини ўзгача бир меҳр билан тилга олади. Ҳар бир сўз ва эътирофни яхшиликка йўядиган халқимиз бу ташрифга жуда-жуда кўнгил боғлайди.
М.Горбачёв “Алгоритм” заводида ишчилар билан гаплашиб, “Ўзбекистон бутун мамлакатга маҳсулот етказиб беради ва ўзи ҳам ҳамма жойдан маҳсулот олади, олганда ҳам юборганига қараганда кўпроқ маҳсулот олади” деб таъкидлайди. Унинг бу гапида Республика ва унинг халқи Марказ учун боқиманда, деган очиқ ишора бор эди.
Пахтакор эл не-не умидлар билан ҳар гал интиқ бўлмасин, коммунистлар сардорининг келиб-кетиши Ўзбекистон учун ҳеч қандай фойда келтирмайди, аксинча, “Ўзбек иши”, “Пахта иши” деган ҳақоратларнинг “пилиги”ни кўтаради. Бунинг исботи сифатида республика раҳбарининг “Аргументы и факты” газетаси мухбири П.Лукьянченко билан қилган гурунгини эслаш кифоя. “Ҳақиқат орқали покланиш” сарлавҳали суҳбатни газетанинг 1988 йил 16 сентябрь сонида ўқиш мумкин. Мазкур мулоқот “Совет Ўзбекистони” газетасининг 214-сонида ҳам чоп этилган. “АиФ” мухбири Ўзкомпартия етакчисига “СССР Прокуратурасининг тергов группаси ишини Сиз қандай баҳолайсиз? – дейди. Ўзбекистон раҳбари мустабидлар чизган чизиқдан чиқолмай, “Ғоят ижобий баҳолайман…” дея жавоб беради.
Қонхўр гуруҳнинг бутун бир халқни нима учун назар-писанд қилмагани, ҳайбаракаллачи Марказқўмнинг Чўлпону Фитратларни яна бадном қилишга интилгани, менимча, тушунарли бўлди-ёв!
МУХТОРОВ – МЕДВЕДЕВ МУНОЗАРАСИ
А.Мухторов “Тошкент оқшоми” газетасининг 1990 йил 12 январь сонида чиққан“Адолат тантана қилғусидир” сарлавҳали суҳбатда халқимиз бошига ёғилган ноҳақлик ва адолатсизликлар ҳақида гапира туриб, “Ўзбек журналистикаси шу даражада қолоқликка тушиб қолганки, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этганича Марказий матбуот саҳифаларидан туриб ҳайқирадиган азамат топилмади!” – дейди. Мақолада шовинизм қандай кулфат экани, ундан кимлар жабр кўргани мисоллар орқали очиб берилган.
Кўчирма:
“СССР халқ депутатларининг биринчи съездида мен Рой Медведевнинг комиссияни бошқаришига қарши чиққандим. Чунки унинг тўғрини тўғри, нотўғрини нотўғри дейишига ишончим комил эмасди. Тахминим ҳақлиги кўп ўтмай аниқланди – Р.А.Медведев ўзини гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга ташлайверди. Гдлян ва Ивановга қарши далиллар сон-саноқсизлигига кўзи етгач, адолат тарозисининг тутқичини ушлагандай бўлди. Лекин ҳали ҳам унинг оғмачилиги баъзан сезилиб қолади. Италияда чиқадиган “Унита” газетаси мухбири билан мусоҳабада у ўзбек халқи шаънига ҳақорат сўзларини ёғдирганлиги, ўзбекистонлик депутатларга менсимаслик қилганлиги, съезд кўрсатмаларини бузганича СССРдаги жамики маъмурий маҳкамалар фаолиятини текширишдек ваколатни ўзбошимчалик ила зиммасига олганлиги, съезд тузган комиссия ишини бўяшга уринганлиги учун у билан “ёқама-ёқа” бўлдим. Натижада Рой Александрович Ўзбекистон радиоси ва телевидениеси орқали республикамиз меҳнаткашларидан узр сўради”.
Мустабид тарихчининг узрхоҳлиги Аҳмаджон акани қониқтирмайди. Халққа нисбатан ўта беписанд айтилган гап тагида гап борлигини чуқур англаган публицист даҳшатли иллатни атрофлича таҳлил қилишга уринади. А.Мухторов халқ назарида демократ бўлиб кўринган айрим арбоблар аслида зулм салтанатининг қўриқчиси эканини исботлайди. “Ёш ленинчи” газетасининг 1991 йил 15 март сонида чоп қилинган “Арбоблар тўқнашганда” мақоласи “десантчи”лар ҳомийси ҳақида эди.
Кўчирма:
“Бир воқеани хотирамдан чиқаролмайман. Гдлян ва Ивановнинг Ўзбекистонда қилган қонунбузарликлари атрофида ўткир мунозара бошланган, уларни СССР халқ депутатлигидан чақириб олиш масаласи ўзбекистонликлар томонидан қатъий қўйилган бир пайтда, Борис Николаевич бу кимсаларнинг ашаддий тарафдори эканлигини сезиб қолдим. Шунда мен минбарга кўтарилиб: “Биласизларми, ўртоқлар, ана шу икки ғаламис бир пайтлар Борис Николаевич Ельцинни ҳам порахўрликда (Тошкентдан иккита гиламни совға тариқасида олиб кетишда ) айблаш учун қамоққа олинганларни қийноққа тутиб, кўргазма беришни талаб этган, менинг қўлимда буни исботловчи ҳужжат бор”, – дедим. Депутатлар орасида жонланиш бошланди. Б.Н.Ельцин эса пинагини ҳам бузмади. Сўнгра мен Гдлян ҳақидаги фикрини аниқ билиш мақсадида, унга хат ёзиб топширдим. У инсон ҳуқуқларини поймол этган бузғунчи шахсни “ёмон одам эмас, унинг катта хизматлари бор” дея баҳолагач, қўлимни ювиб, қўлтиққа урдим”.
“БУ КУННИ ЭСЛАРЛАР…”
1991 йилнинг илк куни Ўзбекистон маърифий ҳаётига ўзига хос янгилик олиб киради. Олий Кенгаш муассислигида “Халқ сўзи” газетаси чиқа бошлайди (Газетанинг нишона сони 1990 йил 29 октябрда босмадан чиққан). Чўлпоннинг “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир!” сатрини шиор қилган янги нашр номини кирилл ва настаълиқда ёзиб, газетхонларга янада тушунарли бўлиши учун йил, ой, кунни милодий, ҳижрий қамарий ва ҳижрий шамсийда ҳам кўрсатиб ўтган эди.
1989-1991 йилларни ўзбек журналистикасининг, жумладан матбуотнинг олтин даври десак муболаға бўлмайди. “Ёш ленинчи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталари, “Ёшлик”, “Ёш куч”, “Муштум”, “Фан ва турмуш” журналлари юз минглаб нусхада босилар, матбуот том маънода ҳақиқат минбари эди. Ана ўша нашрлар қаторига “Халқ сўзи” газетаси ҳам келиб қўшилади. “Қовун-қовундан ранг олади”, деганларидек, янги нашр сафдошларидан ортда қолмасликка, теппа-тенг қадам ташлашга интилди. Газета нишона сони билан халқ тилига тушиб, ўқувчилари кўпайгандан-кўпаяди. Бу муваффақият ўша вақтда Ҳабиб Темир, Анвар Жўрабоев, Абдунаби Бойқўзиев, Набижон Собир, Ўринбой Усмон, Жўра Саъдулла, Муҳтарама Улуғ, Ҳабибулла Олимжон, Тожиддин Раззоқ, Исмат Худоёр, Тоҳир Доли ўғли, Эсиргап Боли каби ижодкорлар заҳмати эвазига келган эди.
Халқ орасида “Дўстинг кимлигини айтсанг, мен сенинг кимлигингни айтаман”, деган нақл юради. Аҳмаджон ака атрофига худди ўзи каби қаламкашларни йиққанида мазкур ҳикматли гапни тасдиқлашни ўйлаб ҳам кўрмаган. Бундай уюшув қалб эҳтиёжи, руҳ, маслак ва ғоя талабидан келиб чиққани шубҳасиз.
Сояси бор одам шундай бўлар экан-да!
Номи зикр этилганларнинг кўпчилиги миллий матбуотимиз саҳнасида атоқли бўлди.
“Халқ сўзи” жамоасининг мақсади бир қўли билан социализм, иккинчи қўли билан миллийлик кемасини тутиб турган халқ тафаккурини, руҳий дунёсини, миллий шахсиятни кўтариш бўлган. Уйғонган жамиятга эски қўшиқ сингмайди-да! Шу маънода, Мухтор Носирнинг “Эҳсон учун… қувғин”, “Десантчи”лардан бири”, Муҳаммад Содиқ Муҳамад Юсуфнинг “Бозордан чўчишнинг ҳожати йўқ”, Нур Исломнинг “Бозордан бошқа йўл йўқ”, Иброҳим Норматовнинг “Сохта майинлик сири”, Ҳабиб Темирнинг “Жумъа намози”, “Ёнаётган аёл”, Анвар Жўрабоевнинг “Биз киммиз?”, Собир Ўнарнинг “Маошдан нолимайдилар, лекин…”, Очил Тоғайнинг “Туҳматнинг ижтимоий қиёфаси” каби мақолалари халқчиллиги, услубининг содда-самимийлиги сабаб эътибор топади. Ахир, “Ният хайр – оқибат хайр” деган гап бор-ку? Аслида, таҳририят парламент ва ҳукуматни халққа яқинлаштирмоқчи эди. Бу1991 йил 17 мартда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида яққол кўринди. Мана шу жараёнда “Халқ сўзи” матбуотнинг эркин, холис мавқеда бўлиши лозимлигини намоён этди. “Оҳангарон” газетаси ходими Озод Хушназарзода “Мустақиллик нима?” мақоласида (“Халқ сўзи”, 1991 йил 18 декабрь) шундай ёзади:
Кўчирма:
“Шу йилнинг 17 мартида биз Иттифоқни тўла ёқлаб чиқдик. Ишончим комилик, шу халқ 29 декабрь куни Ўзбекистон мустақиллигини ёқлаб чиқади. Наҳотки, халққа барибир бўлса?..
Қизиқ-да, ўшанда бугун мустақиллик ҳақида жар солаётган рўзномалар “йўқ” деган сўзни ўчиришиб, халққа “йўл” кўрсатишганди. Телевизор ва радиода ҳам шу ҳақда эрта-ю кеч ташвиқот қилинди. “Олмалиқ ҳақиқати” шаҳар рўзномасининг муҳаррири Ғайрат Салимбоев (унинг рўзномаси доминантда босилмасди) эрталабгача “йўқ” деган сўзни сиёҳли ручка билан ўчириб чиққан эди. Хайриятки, “Оҳангарон” рўзномаси ва Аҳмаджон Мухторов муҳаррирлик қилган “Халқ сўзи” рўзномаси буни ўзига эп кўрмади”.
Ҳамиша ва ҳамма даврда матбуот жамиятда етакчи куч бўлишини истаган Аҳмаджон Мухторов раҳбарлигидаги “Халқ сўзи” газетаси мақеини ҳеч иккиланмасдан 60-йиллар охирида Иброҳим Раҳим муҳаррир бўлган “Гулистон” журналига менгзаш мумкин. Туғма матбаачилар бошқарган ижодий жамоа муваффақиятда бир-бирига ўхшар экан-да?!
“Биз “Зарафшон”данмиз” китобида таниқли муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев “Аҳмаджон Мухторов тиним билмай, енг шимариб ишлайдиган, таҳрир қалами бир зум тўхтамайдиган муҳаррирлардан эди. Бундай муҳаррирларни футболда ўйинчи-тренерга қиёслашади” деб ёзади. Газета тахламларини варақлаб, юқоридаги фикр нақадар тўғри эканига иқрор бўлдим. Расмий нашр раҳбари хоҳласа-хоҳламаса турли катта-кичик мажлис-муҳокамаларда қатнашиши шарт. Фикр ва руҳнинг эгови бўлган бундай даҳмазалардан, қолаверса, таҳририятнинг минг битта ташкилий-молиявий масалаларидан ортиб мақолалар битиш…
Ростини айтганда, бу мақолалар ўзини кўрсатиб қўйиш ёки қўлнинг қичувини қондириш учун ёзилмаган. Аҳмаджон ака имзосини арзон сотадиган ижодкор эмас эди.
Санаб чиқдим. Гоҳида Аҳмаджон Ғуломзода, баъзан Аҳмади Мухтор, аксарият ҳолларда Аҳмаджон Мухторов дея имзо чеккан журналист олти ой ичида “Уруш бўлмайди деб, уруш бўлди-я”, “Томдан тараша тушгандек”, “Ҳар ким тор доирада ўйламасдан, умумий манфаатни кўзласин”, “Ўн имзо остига имзо”, “Бировдан кам, бировдан зиёд”, Анатолий Ковалёв билан ҳамкорликда “Мевали дарахтга тош отадилар”, Ҳабиб Темир билан ҳамкорликда “Баҳор қайтиб келади”, “У айтмаган сўз”, “Синса кўнгил шишаси” каби йигирмага яқин мақола эълон қилган. Улардан баъзиларига қисқача тўхталсак.
Илк сондаги “Кўзнинг очилиши” мақоласи янги нашр эҳтиёжи ва миллат маънавиятидан баҳс қилса, ўша сонда эълон қилинган “Фирдавсга учдингми, булбули гўё?” марсияси шоир ва таржимон Жонибек Қувноқ хотирасига бағишланган. Дўст ёдига эътимоду иззат-икромни кўриб, тасанно дейсиз. Марсия айрилиқ азобидан бўзлаётган, ҳамдамини йўқотган қалб нидоси бўлиб қулоққа қуюлади. Уни ўқиб, ўқиётиб тинглаб, не вақт ўйланиб қолдим: Аҳмаджон ака муҳаррирми, шоирми ёки мадраса мударриси?! У кишининг бошқа мақолаларини мутолаа қилганимда ҳам шу фикр хаёлимдан нари кетмади. Чунки тилдаги фасоҳат ва энг муҳими, саж усулида қофияланиб келадиган сўзларни нозик ҳис қилиш, ички оҳангни сақлаб қолиш айтишгагина осон. Аксариятимиз бирини эпласак, бирини бой берамиз.
А.Мухторов “Ёзишимиз керак” (1991 йил 24-сон) мақоласида газетхону депутатларга, барча мухлисларга ҳисоб берар экан, “Халқ сўзи”нинг дастлабки бир ойлик иши қониқарсиз бўлганини таъкидлайди. Маъмурий-буйруқбозлик тизимини жинидан бадтар ёмон кўрган муҳаррир газетада изтироб чекаётган халқ дарди ёритилмаётганидан куюниб, “Маҳаллий кенгашлар фаолияти-ю турмушнинг ичкарисига кириш нари турсин, ҳатто дарвозаси яқинига боролмадик. Халқ вакиллари ва уларни сайлаганлар юрагидаги гаплар пинҳонлигича қолмоқда” дейди. Матбуотга тазйиқ борлигини ҳам яширмайди. Газетачиликда эскича ёндашувлар, талаб ва тамойилларнинг яшаб қолаётганини танқид қилиб, “Кўп йиллик анъана (яхши эмас, ёмон) давом этаётир: бирор соҳани ёритмасангиз, “гап эшитасиз”, ёритай десангиз, ҳеч ким ўз ихтиёри билан ёзиб юбормайди, “уюштириш”га мажбурсиз. Ошкораликнинг ҳозирги босқичида бундан воз кечиш зарур”, дея уқтиради.
Аҳмаджон Мухторовнинг 1991 йилнинг 9 май сонидаги “Мен ҳам тил ўрганай, сиз ҳам тил ўрганинг” мақоласи ўзбек тили ҳақидаги қонун ижросига бағишланган. Муаллиф бу ўта муҳим ҳужжатга ҳафсаласизлик, “бўлса–бўлар, бўлмаса – ғовлаб кетар” қабилида ёндашилаётганини танқид қилиб, ҳукумат ҳатто матбуотдаги чиқишларга ҳам эътибор қаратмаётганини, қонун ижросини назорат қилувчи комиссия қўл учида ишлаётганини бирма-бир санаб ўтади. Мақола “Истардимки, ўзбек тилининг қонуний ҳокимлигини таъминлашдек сиёсий, миллий, ижтимоий, ҳуқуқий масала алғов-далғов, ғала-ғовур, тасир-тусир, чала-кемтик тўқсонинчи йилларнинг даҳшатли бўронлари, чанг-тўзонлари ичра қолиб кетмаса-ю умидбахш XXI асрга соф она тилимизда “Ассалом!”деб кириб борсак”, дея якунланган.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1991 йил 18 январь сонида босилган “Ичамиз, ичамиз, ичамиз…” деган мақоласи ароқхўрга айланиб бораётган ўзбек мусулмонларининг Совет байрамлари моҳиятига етмай, мазмунини суриштирмай нишонлаб келаётгани ҳақида. Муаллиф кўр-кўрона сана нишонлаш анъанасига барҳам берайлик деган фикрни ўртага ташлайди.
Кўчирма:
“Қизил Армия Туркистоннинг парчаланиб кетишига қанчалик ҳисса қўшганини, Фрунзе, Куйбишев, Будённий ва бошқалар жафокаш тупроғимизда не-не кароматлар кўрсатишганини, “босмачи”, “қулоқ”, “колхозга қарши”, “халқ душмани”, ҳоказо-ҳоказо тамғалар пешонамизга босилганини, алп ўғлонларимиз жасади солинган очилмас тобутлар аввал афғонлар юртидан, ҳозир эса Россиядан келтирилаётганини, қуролли кучлар мамлакат фуқаросига қарата ўқ узаётганликларини ўйламай-нетмай байрам қиламиз.
Ичамиз, ичамиз, ичамиз…
Дунёдаги қайси элу элат шу кўйга тушган, мустабидлик ботқоғига бизчалик ботган, айтинг! Билмасам, билдиринг, ғалат гапирган, хато қилган бўлсам, худо хайрингизни берсин – тўғриланг!
…Менинг кўзим очилди, ақлим кирди, виждоним туғён урди.
Менинг ўз диним, диёнатим, меҳробим, имоним, эътиқодим, миллатим, ўтмишим, бугуним, умидбахш келажагим бор!
Энди куфрга қўл урмайман, ўзга байрамларга қиё боқмайман ва қасамёд этиб, сизлардан ўтиниб сўрайман:
Ичмайлик, ичмайлик, ичмайлик!”
“Халқ сўзи” адабиёт, хусусан шеърият муҳиби бўлган бош муҳаррир саъй-ҳаракати билан Ҳазрат Навоий ижод оламига кўприк ташлайди. “Ёдлаб олинг”, “Тил яқину дил яқин” рукнида Навоий рубоийлари ва Навоий луғати ўқувчиларга ҳавола этиб борилган. Газетанинг 3-сонида Сулаймон Раҳмоннинг “Менга бир дўст керак” деган каттагина шеъри чоп этилган. Шоир ҳам аслида газета таҳририяти каби халққа жасорат билан истиқлол эҳтиёжини уқтиради:
“Менга бир дўст керак, қоракўз керак,
бўзчиман, бир ёлчий, менга бўз керак,
бу серсўз жаҳонда битта сўз керак,
то қилғай туронюрт сўзини битта.
Гадога, бор-йўғи чақа лозимдир,
таннозга пардоз – ғам, упа лозимдир,
ўзбекка шундай бир ёқа лозимдир,
ки қилғай ўзбекнинг бошини битта.
Эй, худо, қонун қил, боб қил, модда қил,
бу тарқоқ элларни ўзинг удда қил,
уларга шундай бир зотни катта қил,
то билгай абадий ўзини битта!..”
Ватан мавзусини шоу-бизнесга айлантириб олганлар шоирнинг Турон, Туркистон ишқида битган сатрларини ўқиса, отдан тушиб қолмаса керак. Сулаймон Раҳмон Биру борга бежиз нола қилаётгани йўқ. Чунки ўша даврда совет ҳукумати “Суверен республикаларнинг Иттифоқи тўғрисида шартнома” лойиҳасини эълон қилган эди. Моҳият эътибори билан жумҳуриятлар эрки ва ҳуқуқини чекловчи, истиқболда ҳам Марказнинг ҳукмронлигини сақлаб қолишга қаратилган ҳужжат, гарчи “республикалар – мустақил давлатлар”дир дейилган бўлса ҳам, амалда қуруқ ваъда, чиройли ёлғон эди.
“ЎЗ АРИЗАСИГА АСОСАН…”
А.Мухторов “Халқ сўзи” газетасининг 134-сонини чиқариб, лавозимни тарк этишга мажбур бўлади. Бу–1991 йилнинг 16 июли эди. 1991 йил 19 июлда “ЎзАС” ҳафтаномасида “Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсатида” деган хабар босилган. “ММ” – муассис – муҳаррир тўқнашуви ҳақидаги хабардан парча келтирамиз.
Кўчирма:
“Навбатдаги мажлисда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” рўзномалари муҳарририятларига раҳбарлик қилиш ва уларнинг ишини ташкил этишдаги жиддий камчиликлар тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди.
Республика парламентининг матбуот органини яратиш бўйича қилинган ишлар билан бир қаторда, рўзномалар муҳарририяти фаолиятини ташкил этишда ва уларга раҳбарлик қилишда жиддий камчиликларга йўл қўйилган. Муассиснинг нуқтаи назаридан ва кўрсатмасидан жиддий чекинишга йўл қўйилган. Парламент, унинг идоралари ва жойлардаги халқ сайлаб қўйган вакилларнинг фаолиятини, аҳолининг ҳаётий манфаатларига тааллуқли бўлган ҳамда бозор иқтисодиётига ўтиш, Иттифоқни янгилаш ва миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш билан боғлиқ муаммоларни ёритиш ўрнига сифати, ҳаққонийлиги ва мақсадга мувофиқлиги шубҳа туғдирадиган бир қанча мақолаларнинг берилиши депутатларда жиддий эътирозлар туғдирмоқда.
Раёсат ўртоқ А.Ғ.Мухторовни ўз аризасига асосан рўзнома бош муҳаррири вазифасидан озод этиш тўғрисидаги илтимосини қондирди”.
Расмий нашр расмий бўлиб қолиши керак, деганлар халқчилликка интилган жамоани хавфли рақиб деб ҳисоблайди. Оқибатда, миллатпарвар муҳаррир мустабидлик қурбонига айланади. Газетани 136-сондан 211-сонгача бош муҳаррир вазифасини бажарувчи Намоз Саъдуллаев бошқариб турган. Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган кун – 1 сентябрдан бошлаб газета негадир ҳижрий қамарий ва ҳижрий шамсий йил ҳисобини беришни бас қилади. Лекин раёсат йиғилишдан кўп ўтмай, А.Мухторов республика раҳбарининг тавсиясига кўра бош муҳаррирликка қайта тикланади. Бунинг ўзига яраша тарихий сабаблари бор. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов А.Мухторовни “Зарафшон” газетаси муҳаррирлиги пайтида, қолаверса, СССР халқ депутати сифатида яқиндан билар эди.
Ўтган қисқа даврда таҳририят ва ижодий ходимлар ҳаётида қандай воқеалар содир бўлгани ҳақида сал кейинроқ тўхталамиз.
Газетани 212-сондан бошлаб қабул қилган А.Мухторов ўз анъаналарини, жумладан, йилнинг мусулмонча юритилувини тиклайди. Лавозимга қайта тайинланган муҳаррир ҳеч нарса кўрмагандай, адолат ва ҳақиқат йўлида аввалгидек шижоат билан меҳнат қилади. Деярли ҳар ҳафта “Халқ сўзи” саҳифаларида унинг мақоласини ўқиш мумкин эди. “Қонга сиғиниш”, “Қамоқда сақланаётган эркинлик”, “Жон олиш – роҳат, жон бериш–даҳшат”, “Қонсираган кўзлар, мунофиқона сўзлар. Огоҳ бўлинг, Гдлян бош кўтармоқда!” каби ниҳоятда долзарб мақолалар шулар жумласидан.
Газетанинг 1991 йилги 15 ноябрь сонида “Халқ сўзи” жамоаси муштарийларга ҳасратли мурожаат билан чиқади. Бу илтижо бош муҳаррир юрагини тирнаб ётган қониқмаслик ҳисси билан ёзилган. Ундаги “Сиздан бироз узоқлашдик, дидингизга мос ишламадик, дилингиздагини ёзолмадик, саҳифаларни кўпинча расмий хабарлар билан, бошқа рўзномаларникидан фарқ қилмайдиган даражада чиқардик ва ҳоказо қусурларимиз бор…” деган иқрорни ошкор қилиш унча-мунча одамнинг ҳадди эмас. Бу сўзлар бир юз беш кунлик бошбошдоқлик қандай оқибатга олиб келганидан дарак эди. 1992 йилнинг биринчи январь сони 4-саҳифасида яна “Халқ сўзи” жамоасининг мурожаати чоп этилган. Хўш, ўқувчиларга бир ярим ой ичида икки марта мурожаат қилишдан мақсад фақат обуначиларни кўпайтириш бўлмагандир?! Кейинги “Урилиб-сурилиб, қоқилиб-йиқилиб” сарлавҳали мурожаатда таҳририят бошидан ўтказган изтиробли тарих тафсилоти берилган.
Кўчирма:
“Халқ сўзи”бир ёшга тўлди. Азиз муштарий билан 1991 йилда икки юз эллик бир марта учрашди. У туғилганда қўй сўйиб, остонага қон суртиб, муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга дуои фотиҳа ўқитиб, хатми Қуръон туширганимизни ўшанда рўзномада ёзиб чиққандик. Аммо таассуфларким, ярим йўлга етар-етмас, ярим ёшга тўлар-тўлмас пинҳона кучлар унинг бешигини бузиб, умидини узиб, патларини тўзитиб, қўлу оёқларини фалаж этиб ташлашди. Шўрликкина манглайнинг шўрини чиқаришди.
Атайлаб, кўриб-билиб, тўғриси – кўролмасликдан, ҳасаддан… Бу шўр иш роса бир юз беш кун давом қилди.
Эсламаймиз, деган эдик, эслаш шартмиди? Ҳа, бўлмасам-чи! Ахир, халқ билиши, тарих билиши керак. Нималарни? Ўнлаб одамлар ноҳақ ишдан кетказилганликларини, маошлар, қалам ҳақи қисқартирилганлигини, русча ва ўзбекча рўзномаларни қўшиб-чатиб ғайри шаърий никоҳ ўқитганликларини, мазмуну мундарижасининг маза-матраси қочганлигини, шаклу шамойил бузилганлигини. Ва, ниҳоят, адолат тантанаси кўринишида хатолар тузатилганлигини”.
Жамоа ўқувчилар оммасидан ёрдам сўрар экан, янги – 1992 йилга “ярим оч, ярим ялонғоч кириб келгани”ни яширмайди. Ҳақиқатан, ўша даврда қоғоз нархи сунъий равишда оширилгани сабаб, барча газета-журналлар боши берк кўчага кириб қолган эди. Обуна нархларининг ҳам қимматлагани, пировардида, ойнома-ю рўзномаларнинг юз минглаб мухлисдан айрилишига олиб келади. Шундоғам қийин иқтисодий ҳаётга рўбарў келган омма маърифатдан беихтиёр узоқлаша бошлайди.
Муҳаррирлар ичида “олақарға” бўлиб қолган А.Мухторов қаттиқ босимга қасдма-қасд ишлаб, газетанинг 48 та сонини чиқаришга муваффақ бўлади. 1992 йилнинг 14 март, 50-сонидан бошлаб газета муассиси ўзгариб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг рўзномаси сифатида чоп этила бошлайди. Кутилмаган янгиликка Олий Кенгаш Раёсати ва Вазирлар Маҳкамаси изоҳи 50-сонда берилган. Ахборотда “ўзбошимча” муҳаррирдан қутилиш йўлини оқлаш, хаспўшлаш учун ҳукуматнинг бирон-бир матбуот органига эга эмаслиги таъкидланади. Лекин асл мақсад ҳужжат сўнгида баён этилган.
Кўчирма:
“Янги рўзномаларга раҳбарликни тугатилган рўзномаларнинг собиқ бош муҳаррири А.Ғ.Мухторовга ишониб топшириш мумкин эмас, деган фикрга келинди. Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи тайинлангунга қадар рўзномалар муассислар имзоси билан чиқариб турилади”.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг “Рўзномамизнинг муҳтарам ўқувчиларига” деган мурожаатида мураккаб вазият деярли батафсил баён этилиб, иддао учун ҳатто эски гаплар ҳам қўзғалган.
Кўчирма:
“Таассуфки, А.Ғ.Мухторов ишончимизни оқламади. Вазифасига қайта тикланганлигини ўзича тушунди, берган ваъдаларини унутди. Бунинг оқибатида рўзномаларда кадрларнинг ўрнини алмаштириш, уларни “бегона” ва “ўзиники”га ажратиш, номақбуллардан қутилиш яна қайтадан бошланди. А.Ғ.Мухторов шахсий таркиби Олий Кенгаш Раёсати томонидан тасдиқланган таҳрир ҳайъати фаолиятини ўзбошимчалик билан тўхтатиб қўйди. Олий Кенгаш ходимлари ва рўзномаларнинг айрим ижодкорлари ўз мулоҳазаларини айтганларида эса оғринди.
Натижада, буни очиқ эътироф этиш керак, Олий Кенгашнинг рўзномаси бўлган “Халқ сўзи” аслида ўз олдига қўйилган вазифаларни бажармай қўйди, ўзининг мавзу йўналишидан маҳрум бўлди. Бунинг устига, кўпинча ҳақиқий аҳволни бузиб кўрсатувчи иғвогарона ва туҳматдан иборат уйдирмалар баён этилган материаллар босилишга йўл қўйилди”.
Шундай қилиб, халққа ҳақ сўз сабоғини беришга уринган, ўз фикрига эга бош муҳаррир бўйнига “халқ душмани” деган тамға урилади. Бу эркин сўзни жиловлаш ва матбуотни минги қилиш кампанияси авж олаётгани белгиси эди.
Олим Тошбоев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
филология фанлари номзоди
http://uza.uz/oz/society/a-madzhon-mukhtorov-kim-edi—04-01-2019
Сўнгги фикрлар