Талаба ЎзМУ Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи лавозимига таклиф этилди

Юзма-юз мулоқотларда кўп муаммолар ечимини топишга йўл очилади, таклифлар

ўртага ташланади, ҳатто, янги ғоялар, ташаббуслар пайдо бўлиши мумкин.

1

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимовнинг “Маданият саройи” катта залида талабалар билан ўтказаётган мулоқотларида ана шундай ҳол кузатилмоқда. Хорижий филология, Иқтисод, Таэквандо ва спорт фаолияти, Журналистика, Тарих ва Ижтимоий фанлар факультетлари талабалари билан учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳамда унда белгиланган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритилди.

– Ҳаракатлар стратегиясида таълим ва уни янада ривожлантириш, иннвацион ўқитишни жорий қилиш, хорижий давлатлар университетлари билан алоқаларни янада такомиллаштириш ҳамда барча соҳаларда етук кадрлар тайёрлаш вазифаси белгиланганини яхши биласиз,– деди ЎзМУ ректори.– Бугун ҳар биримиз ўз фаолиятимизга танқидий баҳо беришни, янгича ишлашни ўрганишимиз керак. Энди хўжакўрсинга чиройли қилиб ёзилган рақамлар, кўзни қувнатадиган ёлғон статистикалар ҳеч кимга керак эмас. Шу жумладан, шунчаки баҳо учун ўқиб олинган дипломлар ҳам! Бу билан сиз ўзингизни алдаган бўласиз. Барчамиз яхши яшашни, фаровон ҳаёт кечиришни хоҳлаймиз тўғрими? Бунинг учун нима қилиш керак? Албатта, яхши ўқиш, изланиш ва она тилимиз билан бир қаторда хорижий тилларни ҳам мукаммал ўрганиш керак. Ана шундагина катта марраларни кўзласангиз бўлади. Яхши яшаш ҳақида гап кетганда, Сингапур давлати ҳаёти, муҳити ҳаммани мафтун этади. Аҳолиси биздан 3-4 баробар кам, лекин иқтисодий томондан ривожланган давлатлар қаторида туради, экспорти ҳам жудаям юқори. Улар бунга қандай эришган. “HR” яъни, инсон капитали уларда биринчи ўринда туради, ундан тўғри фойдаланади. Агар биз ҳам мана шу инсон ресурсини ишлаб чиқаришга, янгиликка йўналтирсак ишончим комилки, шундай ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаймиз. Энди савол туғилади, биз бунга тайёрмизми, эртага етук кадр бўла оламизми? Бунинг учун сизларга биздан қандай ёрдам керак? Қанақа муаммолар қийнамоқда?

Юзма-юз мулоқотда талабалар баъзи муаммолар ҳақида сўз юритдилар ва ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволларига жавоблар олдилар.

Айрим таклифлар барчада катта қизиқиш уйғотди.

Журналистика факультети 3 босқич талабаси Муҳаммаджон Аҳмаджонов Халқаро алоқалар бўлими фаолиятини янада жонлантириш, янгича ишлаш ва самарадорлигини ошириш борасида ўз таклифини ўртага ташлади.

Бунга жавобан ЎзМУ ректори шу ернинг ўзида Муҳаммаджонга мазкур бўлимнинг раҳбарлик лавозимини таклиф қилди.

Тарих факультетининг 4 босқич талабаси Хайрулло Шермуҳаммедов ЎзМУда ҳам Япониядаги олий ўқув юртлари каби талабанинг танлови асосида фанларни чуқурлаштириб ўтилишини таклиф қилди.

Бу таклиф ҳам атрофлича ўрганилади.

Тарих факультетининг 3 босқич талабаси Насиба Нарзуллаева Археология йўналишида қадимий экспонантларнинг қайта тиклаш бўйича лаборатория ва Археология музейини ташкил қилиш бўйича таклиф билдирди.

ЎзМУ ректори университетнинг Археология музейини ташкил этиш учун 200 миллион сўм пул пул ажратилганлиги ҳамда бу борада амалий ишлар бошланганлигини таъкидлади.

Таэквандо ва спорт фаолияти факультети 1 босқич талабаси Зиёдулла Араббоев дарсдан ташқари вақтларда спорт машғулотлари билан шуғулланиш учун спорт зали мавжуд эмаслигини, бунга амалий ёрдам берилишини сўради.

Бу масала ҳозиржавоблик билан ҳал этилиб, уларга спорт зали ажратилди.

Мулоқот сўнггида ЎзМУ фаолияти юксак савияда акс эттирилган видеорлик ва буклетлар яратган талабага 5 миллион сўм пул мукофот берилиши эълон қилинди. Шунингдек, билдирилган таклифлар атрофлича ўрганилиши ва барча муаммолар баҳамжиҳаликда ҳал этилиши алоҳида таъкидланди.

Ботир Маллабоев,

ЎзМУ Маънавият ва маърифат, иқтидорли

Талабалар билан ишлаш бўлими услубчиси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *