Буюк шоирларнинг боқий мероси
Тошкент Маданият коллежида сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий ва
шоҳ ҳамда шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кунларига бағишлаб “Буюк шоирларнинг боқий мероси” мавзуида ижодий кеча ўтказилди.
– Юртимизда “1991 йил – Алишер Навоий йили” деб эълон қилинган эди. Бобур бобомизга ҳам мудом эҳтиром кўрсатиб келинмоқда,– деди республика Маънавият ва маърифат маркази Илмий экспертиза бўлими етакчи мутахассиси Ҳаёт Нуриллаев.– Буюк аждодларга бўлган ана шу эҳтиром ҳам ёшлар учун катта сабоқдир.
– Она Ватанга муҳаббат ва садоқат буюк аждодларга эҳтиромдан, уларнинг бой маънавий меросларини теран ўрганишдан бошланади,– деди Олмазор туман ҳокимлиги Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Муаззам Алибоева.– Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини қунт билан ўқиб-ўрганган ёшларнинг маънавий олами шунга яраша бой бўлади.
Филология фанлари доктори, таниқли масалчи шоир Мухтор Худойқулов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбек буюк аждодларимиз ижодининг умрибоқийлиги ҳақида сўз юритдилар.
Мазкур ўқув маскани ўқитувчилари Сарвар Тоғаев, Сурайё Икромова, Тўлқин Ўрмонов бўлғуси маданият ходимлари мумтоз адабиётимиз намоёндаларининг бебаҳо асарларини катта қизиқиш билан ўрганаётганларини таъкидладилар.
Тадбирда энг яхши китобхон ўқувчиларга китоблар ҳадя этилди.
Коллежда таҳсил олаётган хушовоз ўқувчилар Алишер Навоий ва Бобур ғазалларига басталанган қўшиқларни ижро этдилар.
Олмазор туман ҳокимлиги
Маънавият ва маърифат маркази
Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар