Фаровон жамиятга элтувчи йўл: инсонга ҳурмат, қонунга итоат ва ватанга муҳаббат
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодировнинг
эътиборингизга ҳақола этилаётган қуйидаги мақоласи айниқса талаба-ёшлар учун ўзига хос ҳаёт ва ибрат мактабидир, дейди Дониш домла.
Инсонга ҳурмат!
Одам боласи кўп жиҳатларига кўра ҳурмат қилинади. Унинг дини, илми, ирқи, жамиятдаги тутган ўрни, ёши, миллати… Аммо у, авваламбор, ҳазрати инсон бўлгани учун ҳурматга лойиқдир. Инсонийлик моҳияти ўзини англаш билан бошланади. Буюк мутафаккир аждодимиз Алишер Навоий: “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам”, – деганида ҳар бир инсон ўзини қадрлаши, англаши ва ривожланиши, шундан кейингина уни эл таниши, эътироф этиши ва ҳурмат қилиши мумкинлигини таъкидлайди. Бошқа бир мутафаккир Юнус Эмро: “Мени менда дема – менда эмасман. Бир мен бордир менда – менинг ичимда”, – дея инсоннинг суврати алдамчи бўлиб, сийрат бирламчи эканини таъкидлаган ва бу билан ҳар бир инсонни ички “мени”ни гўзал қилишга чақирган.
Бугунги тез ўзгарувчан, кўриниши ва мақсади бир-биридан фарқ қилаётган муносабатлар негизида Адам Смит айтганидек, манфаат – ҳаракатлантирувчи куч эмас, балки инсонга зарар келтирувчи омилга айланиб бормоқда. Даромад мақсадида инсонни оёқости қилиш, хўрлаш билан бунёдкор кучни бузғунчи кучга айлантираётганлар ким? Худди шундай, даромад мақсадида ўзини қадрламайдиган, ўзини хорликка маҳкум этаётганлар ким? Ҳар иккиси ҳам ўзини – ички менини, аслини тополмаган, ғурурдан мосуво одамлар эмасми?
Юртимизда бугун фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш, уларга энг зарур яшаш шароитларини яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар бошланган. Унинг моҳияти Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган: «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» ва «Халқимиз эртага ёки узоқ келажакда эмас, бугун яхши яшаши керак» деган ҳаётий концепцияда намоён бўлади. Бунинг амалий натижаси сифатида аҳолининг уй-жойга бўлган эхтиёжини қондириш учун сўнгги икки йилда Ўзбекистонда бунёд этилган уй-жойлар машъум Тошкент зилзиласидан кейин қудрати дунёни қўрқитган советлар мамлакати қурган уй-жойлардан 2 баробар кўпроқни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич Ўзбекистон Президентининг ҳаётга кўчган инсонпарварлик, юртпарварлик ғоясининг асл мазмуни, аслида.
Аҳоли даромад манбаини шакллантириш борасида имтиёзли, мақсади фойда бўлмаган кредитлар берилмоқда. Махсус давлат фондлари орқали ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун триллионлаб маблағ ажратилмоқда. Харобага айланган қишлоқ ёки маҳаллалар навбат билан обод масканларга айланмоқда. Ўз уйи бўлмаган одамдан Ватанга эгалик қилишни талаб қилишнинг маъноси борми? Умуман, шахсий мулки бўлмаган фуқарода ватанпарварлик ҳисси бўладими? Абу Али ибн Сино бахтли жамият сифатлари ҳақидаги қарашларини илгари сурар экан, фуқароси мулкдор бўлган юртгина чин маънодаги бахтга эришишини алоҳида таъкидлаган. Демак, юртимизда амалга оширилаётган бу сиёсат мустаҳкам азалий илдизларига эга.
Инсоннинг ўзига бўлган ҳурмати оиласи, фарзандларига бўлган масъулиятли муносабатини, бу муносабат ўз ўрнида мамлакатга ва атрофидаги инсонларга бўлган ёндашувини шакллантиради. Инсон ҳурмати тикланган жамият тараққиёт ҳақида режалар тузиши мумкин, чунки тараққиёт ўзини ҳурмат қиладиган инсонларнинг онгли, фидоий ва садоқатли меҳнати эвазига юзага келади. Илмига, қадрига, ғурурига таянган инсонларгина Ватан тушунчасини моҳияти билан идрок этишга қодирдир.
Қонунга итоат!
Қонун — фуқаролар ўртасидаги келишувдир. Шунга кўра, унга қатъий амал қилиш жамият аъзоларининг барчасига бирдек тааллуқли. Ушбу келишувни қайд этиш, расмийлаштириш, амал қилиш ва назорат қилиш тизимининг барчага баробар тушунарли бўлиши жамиятнинг комиллик даражасини белгилаб беради. Демак, барча жабҳаларда қонун устувор бўлган жамият комил жамиятдир. Давлатнинг ўзагини ташкил этувчи жамиятнинг ҳолати давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини белгилаб беради. Интизом, тартиб, ўзаро ҳурмат бўлган жамият ривожланиш йўлини тез топиб олади ва ушбу йўлда собитқадамлик билан илгарилайди.
Ким тинч, фаровон ва хотиржам яшашни истамайди? Бу эҳтиёжнинг бўлмаслиги инсоннинг хасталигидан далолатдир. Чунки одам боласи ўзига зулмни, камбағалликни раво кўриши мумкин эмас! Мақсадга эришишнинг йўли қаерда? Албатта, инсоннинг ўзида. Инсон ўзига ҳоким. У ўз ҳаётини ўзи қуради. Танлови, хоҳиш-иродаси билан. Илм олиш, касб ўрганиш, эътиқод каби инсон ҳаётини белгилаб берувчи асосларга эга бўлиш ёки бўлмаслик унинг истагига ва ҳаракатига боғлиқ. Бунга халақит берувчи омиллар юқорида айтиб ўтилган ўзаро келишувга амал қилмаслик, ўз манфаатини устун қўйиш, боқимандалик ва иродасизликнинг маҳсулидир.
Давлатимиз раҳбари: «Бундан минг йил олдин жаҳолатга қарши маърифат билан курашган аллома», дея таърифлаган теолог Абул Муин Насафийнинг бу борадаги қарашлари муҳим. У эзгулик ва ёвузликдан бирини танлаш инсон ҳаётининг асосини ташкил этишига эътибор қаратиб, бахтли ёки бахтсизлиги айни шу сабаб билан боғлиқлигини уқтиради ҳамда тўғри танловнинг бир кўриниши жамиятда мавжуд қонунларга итоат эканини айтади. Бундан кўринадики, бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири инсонларга, айниқса, ёшларга илмий танлов, тўғри қарор қабул қилиш маданиятини ўргатишдир. Шундай экан, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олиши, уларни англаб етиши, оғишмай амал қилиши хотиржам, фаровон ҳаёт кечиришнинг гаровидир.
Ватанга муҳаббат!
Мўътабар манбаларнинг гувоҳлик беришича, инсоннинг туғилиб, илк нафасни олган, вояга етган маскани унинг Ватанидир. Улуғларимиз ҳатто, муборак Ҳаж ибодатини амалга оширган заҳоти Ватанга қайтиш шартлигини уқтиришаган.
Ота-она каби Ватан ҳам танланмайди. Уларга истисносиз хизмат қилинади. Яхшилигию ёмонлиги муҳокамада этилмайди – таҳлилсиз қабул қилинади. Демак, ота-она ва Ватан туйғусини англаб етиш – шукроналикнинг бошланиши.
Инсон ўзи туғилиб ўсган жойидан узоқда яшаши, ривожланиши ва бахтли бўлишимумкин, лекин туғилган жойига ва у ерда яшаётган одамларга ёмонлик тилаши мумкин эмас. Дунёда энг бахтсиз инсон ўз қадриятлари қарор топган Ватанидан ажралиб қолган инсон бўлса керак.Буюк фақиҳ Имом Шофийнинг таъкидлашича, инсонга ватанидан айрилишдан каттароқ кулфат йўқ. Чунки Ватанини онгли тарк этган, уни инкор қилган инсоннинг хотири жам бўлмайди, билъакс, табиатида жоҳиллик устувор бўлиб, садоқатдан йироқлашади. Бу тоифа инсонларда қадрият қадрсиздир.
Мақсад – БАХТ!
Ҳар бир давлатни ҳаётнинг ҳадсиз ва бешафқат уммонида ўз мақсадларига интилаётган бир кемага ўхшатсак, унинг ичида кетаётган халқнинг ҳамжиҳат, ҳамкор ва хотиржам бўлиши кеманинг бехатар ҳаракатини кафолатлайди. Ҳар бир инсоннинг ўзига хос дунё экани сабабли фикрлар ва дунёқарашларнинг турли бўлиши табиийдир. Алишер Навоий таъбири билан айтганда, бахт қуши бўлган Симурғ бир мақсад йўлида бирлашган ўттиз нафар турли-туман қушлардан иборатдир. Шунингдек, мутафаккир бобомиз мақсадсиз миллат бўлмаслигини айтади. Миллат мақсади эса, шубҳасиз, унинг миллий ғоясидир. Жамиятни ташкил этувчи инсонлар Симурғ мисоли бир бунёдкор мақсад атрофида бирлашса, унинг ижобати йўлида жидду жаҳд кўрсатсагина мақсад – бахт ҳосил бўлади.
Алишер Қодиров,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари
http://www.uza.uz/oz/society/farovon-zhamiyatga-eltuvchi-y-l-insonga-urmat-onunga-itoat-v-16-02-2019
Сўнгги фикрлар