Шириновнинг очиқ ва аччиқ гаплари

Жасур, дангал гапирадиган, аммо камтаргина юрадиган истеъдодли қаламкаш

Ғайрат Ширинов  ЎзМУ Журналистика факультетида таҳсил олиб юрган кезларида ҳам ҳақиқат учун толмас курашчи сифатида ажиб таассурот қолдирган. Сўзида собит турадиган бу умидли шогирдимиз аллақачон Устоз журналистлар шоҳсупасига кўтарилгани билан фахрланамиз. Қатор йиллар у «Шарқ зиёкори» газетаси Бош муҳаррири лавозимида самарали фаолият кўрсатди. Айни пайтда ЎзАда масъул лавозимда жавлон урмоқда.

Яқинда Журналистика факультетида ўтказилган ижодий учрашувда талабалардан бири шундай савол берди: «Сиз орзуларингизга қандоқ эришгансиз?»

Ғайрат Шириновнинг жавоби ноанъанавий бўлди:

«Устозларимнинг ўгитига амал қилиб!..»

Навбатдаги савол:

«Инсон ҳаётда адашмаслик учун нима қилиши керак?»

Ғайрат Шириновнинг жавоби ана ўзига хос:

«Устозлар кўрсатган йўлдан юрмоқ керак»

Яна шундай савол берилди:

«Ҳаётда Сиз англаган ҳақиқат?»

Ғайрат Шириновнинг жавоби тўлқинлантириб юборди:

«Устозлар дуоси — саодат калити эканлигини билдим, кўрдим ва орзуларимга, бебаҳо бахтимга эришдим».

Бизнинг ҳам Ғайратжонга навбатдаги тилагимиз:

СИЗГА ҚАНДОҚ УСТОЗЛИК ҚИЛГАН БЎЛСАК, СИЗ ҲАМ ШОГИРДЛАРГА ШУНДОҚ, БИЗДАН ҲАМ ЮКСАКРОҚ ДАРАЖАДА УСТОЗЛИК ҚИЛИНГ, МЕҲР КЎРСАТИНГ, КАМОЛГА ЕТКАЗИШ ЙЎЛИДА ЎЗИНГИЗНИ АЯМАНГ!

Куюнчак журналист Ғайрат Шириновнинг қуйидаги мақоласини ўқиб, қанийди ҳамма ҳаётга мана шундоқ теран нигоҳ ила боқиб, бор ҳақиқатни очиқ ва дангал ёзишга ўрганса!

ш1 ш2

Ишонч телефонлари номигагина ишлаётган вазирлик ва ҳокимликлар

Ишонч телефонлари номигагина ишлаётган вазирлик ва ҳокимликлар

Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйлаб беминнат хизматга бел боғлаган “ишонч телефонлари” одамлар мушкулини енгиллатиш бобида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар барҳам топиб, юзага келган камчиликлар бартараф этилмоқда.
Афсуски, “ишонч телефонлари”нинг ҳаммаси ҳақида ҳам шундай деб бўлмайди. Биз, “ишонч телефонлари” билан боғлиқ вазиятларни ойдинлаштириш учун www.gov.uzҳукумат порталининг “Давлат органлари” бўлимида кўрсатилган 130га яқин  ишонч телефонига қўнғироқ қилиб кўрдик.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг «ишонч телефони» (+99871 232-65-55) доимий банд. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (+99871 203-00-50) рақамини тергач “Ассалому алайкум! Сиз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг «ишонч телефони»га қўнғироқ қилдингиз. Ўзбек тилини танлаш учун бирни босинг!” деган оператор овози эшитилди. Шу сўзларнинг русча такроридан сўнг бир оз жимлик ҳукм суради, кейин яна шу ҳолат қайталанади. Сўнг гўшакда алоқа узилганини англатувчи “ту-ту-ту” сигнали эшитилди. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «ишонч телефони»да (+99871 239-41-12) ҳам худди ўша вазият такрорланди. Фақат “Оператор билан боғланиш учун бирни босинг” деган жумла қўшилди ва гўшакда бизга таниш ўша: “ту-ту-ту”. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг (+99871 246-37-12) рақами ҳам доимий банд, балки, ишламас.
Барча «ишонч телефонлари» билан боғланиш ҳаракатлари бир эмас, бир неча куннинг турли вақтида амалга ошириб кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги – 10-06 рақами: “Ассалому алайкум! Сиз таълим соҳаси бўйича «ишонч телефони»га қўнғироқ қилдингиз. Халқ таълими масалалари бўйича бирни, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими масалалари бўйича иккини, Олий таълими масалалари бўйича учни босинг… ва кутилмаганда “ту-ту-ту”. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (+99871 239-47-95) «ишонч телефони»га тушиш учун қилган уринишларимиз ҳам шу тахлит зое кетди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (+99871 233-39-39) «ишонч телефони» рақамларини тергач, зум ўтмай кимдир нариги томондан сергак товушда чақирувга “лаббай” дейишини ишонч билан кутдик. Афсуски, ундай бўлмади.
1266bf39-c047-4730-aafb-75e0eb7d2ecc.jpg
Ниҳоят икки кунлик уринишларимиздан сўнг Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «ишонч телефони» (+99871 147-10-50)га уланишга муваффақ бўлдик. Бизга бу тармоққа “78” рақами орқали уланиш эслатилди. Кўриниб турибдики, бу тармоқда ҳам бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар етарли.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (+99871 233-28-28), Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги (+99871 238-51-32) «ишонч телефони» ҳам қўнғироқларга жавоб бермади.
Энг қизиғи, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 10-08 қисқа рақамидан “блогадарим за терпение” деган жумладан бошқа маълумот ололмадик. Кутиш навбатимиз келгунича 27 дақиқа вақт увол кетди… кейин алоқа ўз-ўзидан узилди.
Снимок.JPG
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан (+99871 232-25-37) бир неча бор уринишларимизга қарамай боғлана олмадик. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг (+99871 239-24-07, +99871 239-24-39, +99871 239-24-49) учала рақамидан бирортасидан садо чиқмади. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (+998 71 239 34 39) «ишонч телефони»нинг ҳам аҳволи, юқоридагидек жим-житлик.
Умид билан қилган қўўнғироқларимизга жавоб берган идоралар ҳам бўлди. Лекин улар саноқли.
Ишонинг, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (+99871 256-85-07) «ишонч телефони»да масъул ходимнинг товушини эшитиб, ҳатто қувониб кетдик. Ўзини Элдор деб таништирган ходимнинг мурожаатчига муносабати ҳам таҳсинга лойиқ. Бу бизни хурсанд қилди.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (+99871 244-05-05) ходимининг самимий муносабатидан кўнглимиз кўтарилди. Ўзини Ҳакимжон Шарифжонов деб таништирган масъул ходимнинг айтишича бир кунда 30 га яқин қўнғироқ бўлар экан.
Марказий банкнинг (+99871 200-00-44) «ишонч телефони»да биз билан 4-оператор боғланди. Кун давомида 20 дан ортиқ мурожаатчи билан боғланишини ва кўплаб мурожаатлар бириктирилган мутахассис ходимлар ёрдамида ўз вақтида ҳал этилаётганини қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг (+99871 232-10-07, 1007) рақамларини териб, 2-3 бор 26 дақиқалик кутишлардан сўнг, 607 оператор билан боғланишга муваффақ бўлдик. 607-операторнинг айтишича, «ишонч телефонлари» учун 24 соатлик навбатчилик тизими йўлга қўйилган экан. Негадир, операторнинг ишлар қатъий тартиб билан ташкил этилган дейишига қарамай, бу рақамларга бир неча бор уринишлар ва узоқ кутишдан сўнг боғланиш мумкин бўлаяпти…
shutterstock_391274656.jpg
Айни кунларда юртимизда вилоят ва шаҳар ҳокимликларига кенг имкониятлар берилмоқда. Ҳудуддаги барча муаммоларни вақтида узил-кесил ҳал этиш учун кўплаб янги иш ўринлари, масъул лавозимлар жорий этилмоқда. Шундай бўлса ҳам «ишонч телефонлари»га бўлган эътибор ҳар бир эл хизматига киришган амалдор бунга юқори даражали масала сифатида жиддий ёндашмоғи жоиз. Мана шу масъулият вазифа қандай тартибда амалга оширилаётгани билан қизиқиб, «ишонч телефони» рақамларига юзланамиз.
Мамлакатимизнинг бош кенти саналган Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 99871 200-90-69, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг +99861 222-46-33,Андижон вилояти ҳокимлигининг +99874 223-25-28, +99874 223-30-31, Бухоро вилоятиҳокимлигининг +99865 222-22-22 рақамларида бир хил, алоқа йўқлигини англатувчи “ту-ту-ту” товушлари қулоққа чалинади. Жиззах вилояти ҳокимлигининг +99872 226-00-11 рақамидан эса обонент блокировка қилингани маълум қилинди. Қашқадарё вилоятиҳокимлигининг +99875 200-55-05 рақамли телефонидан “Кечирасиз, сиз тераётган телефон рақами тармоқда йўқ”, деган сўзларни эшитдик. Навоий вилоятиҳокимлигининг +99836 220-10-20 рақамли телефонидан “Кечирасиз, сиз нотўғри рақам тердингиз”, дейилмоқда. Наманган вилояти ҳокимлигининг +99869 227-08-29 рақамини териб, умумий бўлим ходими Умиджон Юсупов билан боғланишга муваффақ бўлдик.
SamVil.jpg
Самарқанд вилояти ҳокимлигининг +99866 231-11-25 рақамли «ишонч телефони» билан боғланиш имконсиз бўлиб чиқди. Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг +99876 224-15-96 рақамли «ишонч телефони»да ҳам бизга таниш овоз: “ту-ту-ту”. Сирдарё вилояти ҳокимлигининг +99867 200-02-06 рақамига уланганимизда опреатор тағин, “Кечирасиз сиз тераётган телефон рақами тармоқда йўқ”, деган сўзлар билан бизни сийлади. Тошкент вилояти ҳокимлигининг +99871 200-88-11 рақамидаги овози магнит тасмага ёзилган хоним “Ассалому алайкум. Сиз Тошкент вилояти ҳокимлигига қўнғироқ қилдингиз. Сўзлашувни ўзбек тилида давом эттиришни хоҳласангиз бирни босинг….” шу сўзларнинг рус тилидаги таржимаси айтилгач, гўшакдан яна “ту-ту-ту” товушлари эшитилди. Фарғона вилояти ҳокимлигининг +99873 244-07-50 +99873 244-21-65 рақамидан эса “Ассалому алайкум. Фарғона вилояти ҳокимлиги «ишонч телефони»га хуш келибсиз. Оператор билан боғланиш учун бирни босинг…” бирни босган заҳотингиз алоқа узилиб қолаверади… Хоразм вилояти ҳокимлигининг +99862 223-00-06 рақами, бизни аслида ижтимоий комплекс ходими Ифтихор Ражаббоев билан боғлади…
«Ишонч телефонлари»нинг “ишончли”лиги ана шундай.
Беихтиёр кўнгилда шундай савол туғилади. «Ишонч телефонлари» фаолияти билан боғлиқ шу қадар жиддий муаммолар мавжуд экан, мурожаатчиларнинг муаммоларини ҳал этиш масалаларига эътибор қай даражада?
Бир сўз билан айтганда, «ишонч телефонлари»нинг узлуксиз ишлаб туришидан мақсад – халқ тинчлиги, юрт фаровонлиги. Бунда кўзбўямачиликка ёинки хўжакўрсинликка йўл қўйилса, одамлар қалбида ишонч йўқолади, ишончсизлик ин қўяди. Рости, кези келганда айтилган бир оғиз ширин калом минглаб муаммоларнинг ечими бўлиши мумкин. Мана шунда кўнгиллар таскин топади. Миллатга дахлдорлик ҳисси эса минг чандон ортади. Ҳар бир киши эркинликни ёки ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис этса, келажакдан умидворлиги ортади. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, асосий мақсад – одамларни рози қилишдир.

Ғайрат Ширинов, ЎзА

http://uza.uz/oz/society/ishonch-telefsdfgfdscvonlari-nomiga-ishlayetgan-vazirlik-va-okimlikla-22-02-2019

***

ТЕГИШЛИ ТАШКИЛОТЛАРДАН МАЗКУР МАҚОЛАГА МУНОСАБАТЛАР БИЛДИРИЛГАН. Булар билан ҳам танишамиз, дейди Дониш домла.

​“Ишонч телефони” бўйича чоп этилган мақола юзасидан Адлия вазирлигининг муносабати

​“Ишонч телефони” бўйича чоп этилган мақола юзасидан Адлия вазирлигининг муносабати

Сайтимизда чоп этилган “Ишонч телефонлари номигагина ишлаётган вазирлик ва ҳокимликлар” сарлавҳали материал юзасидан турли вазирлик ва ҳокимликлардан турли муносабатлар келмоқда. Ҳар бир билдирилган муносабат сайтимизда эълон қилиб борилади. Бундан аввал Самарқанд вилоят ҳокимлигидан келган изоҳни чоп этган эдик. Қуйида Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан ЎзА мақоласи юзасидан билдирган муносабати: 
Адлия вазирлигида 2018 йилда жисмоний ва юридик шахслардан “ишонч телефони”га келиб тушаётган мурожаатларни марказлашган ҳолда қабул қилиш мақсадида 1 008 қисқа рақамли “Call center” хизмати ташкил қилинди.
“Call center” кўп каналли бўлиб, у орқали ўзбек ва рус тилларида халқимизга хизмат кўрсатиб келинмоқда.
“Call center” ташкил этилгандан даврдан буён фуқаролардан ва чет эл фуқароларидан, инвесторлардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
“Call center”га тушаётган мурожаатлар ҳафтанинг душанба кунидан жума кунигача (байрам кунларидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача қабул қилинади.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг сайтида “Ишонч телефонлари номигагина ишлаётган вазирлик ва ҳокимликлар” сарлавҳали мақоласида “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 1008 қисқа рақамли “Ишонч телефони” фаолияти юзасидан эътирозлар билдирилди.
Жорий йилнинг 18 февраль куни Адлия вазирлигининг “Ишонч телефони”га жами 4.082 та мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаатларнинг 3.264 таси белгиланган тартибда қабул қилиниб, “Call center”га бириктирилган масъул ходимлар томонидан реал вақт режимида тушунтиришлар берилган.
Агентлик мухбири томонидан (71) 233-36-30 рақами орқали Адлия вазирлигининг “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилинганда, ишонч телефонига маъсул бўлган ходим томонидан бошқа фуқаронинг мурожаати қабул қилинаётгани ҳамда унга мурожаати юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилаётгани маълум бўлди. Бундан ташқари, вазирлик биносида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли фуқароларнинг “Ишонч телефони”га боғланишида узилишлар юзага келмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг масъул ходими вазирлик “Ишонч телефони”га боғланишда қийинчиликка дуч келган.
Ҳозирги кунда «Ишонч телефони»га фуқаролар томонидан бўлаётган мурожаатларнинг кескин ошаётгани муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан барча қўнғироқларга жавоб бериш учун техник томонлама имкониятларни янада яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *