Сунъий тухум Ўзбекистонда…
Ёки «ғийбатчиларнинг ғийбати» ҳақида
Охирги кунларда Ўзбекистон бозорларида сунъий тухумлар пайдо бўлгани ҳақидаги ОАВда шов-шувлар тарқаб кетди. Бу қанчалик асосли? Ўзи сунъий тухум ҳақиқатдан борми? Уни табиийси билан қандай фарқлаш мумкин? Истеъмол қилинса, инсон организмига зиён-заҳмат етказмайдими?
Ҳар йили дунё миқёсида 600 миллиард дона товуқ тухуми истеъмол қилинади. Уни ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича Хитой, АҚШ ва Ҳиндистон етакчилик қилмоқда. Истеъмол қилиш бўйича эса Мексика пешқадам. Бу ерда 133 миллион аҳолининг ҳар бирига кунига бир яримтадан тухум тўғри келмоқда.
Жаҳонда 3 миллиард одам тўйиб овқат емаяпти, бир миллиарди очлик азобида яшаяпти. Шу сабабли олимларнинг организм учун зарарсиз, бироқ зарур озиқ-овқат маҳсулотларини яратиш бўйича изланишлари изчил давом этмоқда.
Хитой каби аҳоли сони 1,35 миллиард бўлган давлат учун эса сунъий озиқ-овқатлар ишлаб чиқариш соҳаси янгилик эмас. 2005 йилда яратилган сунъий, яъни суррогат тухумлар ҳам шу тизимнинг бир шаклидир.
Хитойдаги битта устахонада кунига мингтагача ана шундай тухум тайёрлаш мумкин. Афсуски, бундай мини-фабрикалар ўн мингларни ташкил қилади. Гарчи унинг савдоси расмий тақиқланган бўлса-да, ҳукумат улар билан қатъий кураш олиб бормаётган кўринади.
Бир қарашда ташқи кўринишидан табиий ва нотабиийси бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Ҳақиқий тухум озиқ моддалари – ёғлар, оқсил, глюкоза, углеводлар, минераллар, кўплаб ферментлар, А, Б, Е, Д витаминларга бой. Одам соғлиғи учун зарарсиз холестерин ҳам бор. Шу сабабли мутахассислар ҳар куни бир дона тухум истеъмоли инсон соғлиғи учун кони фойда эканлигини таъкидлаб келишади.
Аммо сунъий тухумда ҳеч қандай фойдали нарсалар йўқ. Пўстлоғи гипс, кальций ва парафиндан тайёрланади. Ичидаги оқсили ва тухум сариғи пигментлар билан бойитилган желатин ва кальций альгинати қоришмасидан, ноорганик моддалардан шакллантирилади.
Бу каби «ясама санъат намунаси» истеъмоли инсон организмида кутилмаган оқибатлар юзага келтириши мумкин. Шифокорларнинг огоҳлантиришича, уни узоқ вақт истеъмол қилиш асаб тизимини издан чиқаради. Болалар эса ортиқча ҳаракатланиши, ақлий жиҳатдан орқада қолишлари мумкин.
Кимёвий қоришма пигмент ёрдамида сариқ ранг билан бўялади ва шар шаклига келтирилади. Карбонат ангидридлик калийга солинади. Натижада сунъий парда ҳосил бўлиб, тухум сариғи ташқарига чиқиб кетмай, думалоқланиб қолади.
Кейин парафин, карбонат калий ва гипс кукуни аралашмасига буланади ва пўстлоқ ҳосил бўлади. Шу тариқа бир қарашда оддий товуқ тухумидан ҳеч қандай фарқи қолмайди ва ажратиш қийиндир.
У ҳарорати ўзгармайдиган хонада 6 ойгача сақланиш мумкин.
Бу катта бизнес ва мўмай даромад келтиради. Унинг таннархи ҳам табиий тухум баҳосидан 6-7 баробар арзондир. Бозорда одатдаги нархдан озгина тушуриб сотилса кифоя, чўнтак пулга тўлади. Бу ишларнинг барчаси яширин цехларда қилиниб, бирорта номи чиққан компания унинг сифатига кафолат бермайди.
Хавотирга ўрин йўқ
Албатта, ҳар бир инсон ва ҳар бир давлат ўз хавфсизлигини ўйлаб ҳаракат қилади. Охирги пайтларда рус ва қозоқ журналистлари Хитойнинг Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларидаги бозорларда ана шундай фактлар аниқлангани сабабли бонг ура бошлашди. Аммо бу маҳсулотлар ҳар қандай чегараларни кесиб ўтиб, Озарбайжон, Украина, Ҳиндистон ва ҳатто Европанинг ривожланган давлатларига қадар етиб бормоқда.
Албатта, Ўзбекистонга ҳам у кириб келиши хавфи йўқ эмас. Бироқ Давлат божхона чегараларидан сифатсиз ва инсон саломатлигига зарарли бундай маҳсулотлар кириб келишига йўл қўйилмаяпти.
«Давлат ветеринария қўмитаси лабораторияларида уларни бозорларда танлаб-саралаб текширишлар доимий равишда олиб борилмоқда. Чунки бу маҳсулот ветеринар меъёрларга, техник регламентга, санитар-гигиена талабларига мувофиқ эмас ва сотиш ман этилади, – дейди Давлат ветеринария қўмитаси раҳбари Баҳром Норқобилов. – Қолаверса, Ўзбекистон ўзини ўзи тухум маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлабгина қолмай, четга ҳам экспорт қилмоқда».
Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг ўтган бир ярим ойида ташқи бозорларга, биринчи навбатда қўшни давлатларга бир неча миллион долларга тенг 2500 минг тоннага яқин тухум экспорт қилинди. Четдан жуда оз миқдордаги тухумлар наслли жўжаларни кўпайтириш мақсадида энг ривожланган давлатларнинг лабораторияларидан қатъий назорат остида келтирилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқовнинг айтишича, Ўзбекистонда сунъий маҳсулотларни сотиш тақиқланади ва барча манфаатдор ташкилотлар аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш борасида ҳамкорликда ишламоқда ва ҳавотирга ҳеч қандай ўрин йўқ.
Аммо бозорлардаги айёр ва ғаламис кимсаларнинг нотўғри ахборот тарқатиши ортида одамларимизни безовта қилишга, ташвиш уйғотишга жиддий уруниш ҳолатлари пайдо бўлмоқда.
Сунъий тухумнинг арзонлиги алоҳида ажралиб турувчи жиҳатдир. Бозордаги айрим қаллоблар кучли рақобат шароитида ўз маҳсулотлари нархларини тушурмаслик ва катта фойда олиш мақсадида ҳам арзон тухумларни «ёмонотлиқ»қа чиқариш учун рақибининг маҳсулотларини сунъий тухум, дея атаб харидорларни чалғитмоқчи бўлаётгани ҳам бор гап.
Вазиятни издан чиқаришга қўштироқ ичидаги баъзи блоггерларнинг асосланмаган ва сохта видео материаллари ҳам жиддий рол ўйнамоқда.
Қолаверса, Ўзбекистон томони Қирғизистонга сунъий тухумлар экспорт қилмоқда, деб тарқалган хабарлар ортида минтақа мамлакатлари интеграциялашаётганини кўра олмаётган ва икки қардош халқлар орасига қутқу солувчи геосиёсий кучлар турган бўлиши ҳам мумкин.
Кичик тухум катта ўйинларнинг муҳим воситасига айланишига йўл қўймаслик учун ҳам барча чоралар қўлланиши, ҳушёр бўлишимиз керак.
Шу ўринда ҳар эҳтимолга қарши харидор уларни ажратиб олса бўладиган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтмоқчимиз. Масалан, тухум сариғи ва оқсили оғирлиги сохтасида бир-биридан фарқ қилмайди. Чунки улар бир хил моддалардан тайёрланади.
Кимёвий тухумнинг сариғи увадаланмайди, вақт ўтиши билан одатдаги каби ранги сарғаймайди. Аксинча, оқсили ҳам сарғайиб, қотиб-қисмларга бўлиниши мумкин. Резинасимон ва кимёвий ҳиди бўлади. Аммо уни зираворларни мўл қилиб солиб, тайёрлаб беришса, таъмини фарқлай олмай қолишингиз мумкин.
Сотиб олаётганингизда қутидаги тухумлар барчаси ҳажми ва кўриниши бир хилда бўлган-бўлмаганига эътибор қаратинг. Табиийси, сохтаси каби силлиқ ва бир текисда бўлмайди.
А.Ҳасан ўғли, журналист
https://www.xabar.uz/tahlil/suniy-tuxum-ozbekistonda
Сўнгги фикрлар