Мушоира этади давом…

Элимизнинг атоқли фарзанди, улуғ шоира Зулфиянинг таваллуд кунига

бағишлаб ўтказиладиган ижодий кечалар, маънавий-маърифий тадбирлар ижодкор талабалар учун ўзига хос адабиёт байрами ва маҳорат мактабига айланиб кетади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Хорижий филология факультети талабалари истиқомат қилишаётган 16-Талабалар турар-жойида 1 март — Зулфияхоним таваллуди куни муносабати билан ўтказилган «Мушоира этади давом» мавзуидаги адабий кеча ҳам ана шундай таассуротларга бой бўлди.

з1 з2 з3 з4

— Атоқли шоиранинг «Мушоира этади давом» деган қуйма сатрлари амалда ҳамон ёш ижодкорларни шундай шеърий мушоираларни давом эттиришга ундаб келаётганга ўхшайди,- деди филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев.- Демак, мушоирамиз бардавом бўлмоғи учун учун “Ҳилол” ёш ижодкорлар тўгараги фаолиятини давом эттиришимиз мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими, шоир  Рустам Мусурмон атоқли шоира шеърлари ва ўзга тиллардан таржима асарларидан намуналар айтиб берди.

«Ўзбекистон Миллий университети» газетаси Бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек шоира Зулфиянинг «Саодат» журнали Бош муҳаррири бўлган даврда амалга оширган ибратли ишлари, қанча ижодкорларга устозлик қилгани ҳақида сўз юритар экан, ижод бўстонида устоз-шогирдлик анъанасини давом эттириш мақсадга мувофиқ эканлигини, бугунги ижодкор-талабалар учун кенг майдон яратилганини таъкидлади.

ЎзМУ Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров бундай ижодий кечалар, таниқли шоир-ёзувчилар билан мунтазам ижодий учрашувлар ўтказиб туриш учун яратилган имкониятлар ҳақида сўз юритди.

«Жаҳон адабиёти» журнали бўлим мудири, истеъдодли ёш шоира Шаҳноза Назарова устоз шоира шеърларидан айтиб берди ва яқинда нашр этилган «Оҳанг» деб номланган шеърлар тўпламини ижодкор талабаларга армуғон этди.

Ёш истеъдод соҳибалари бўлган талабалар мушоирани давом эттиргани кечага янада файз киритди.

Сайфулла Аширов,

Эркинбой Абдусатторов,

ЎзМУ Ахборот хизмат ходимлари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *