Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Марказий Осиёда кўплаб
олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, зиёлиларни етиштириб, таълим берган зиё масканидир. Ушбу таълим даргоҳини тамомлаган ўн минглаб кишилар турли давлат идоралари ва ташкилотлар, шунингдек, халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда ҳам Миллий университетда истеъдодли, билимга чанқоқ талабалар ўзларининг Республика ва халқаро танловлар, олимпиадалардаги юқори натижалари билан дорилфунуннинг нуфузига ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Шундай талабалар университет раҳбарияти томонидан доимий тарзда рағбатлантириб борилади.
“ЎзМУ стипендияси” университетнинг энг иқтидорли, тиришқоқ, ўз билими ва ахлоқи билан ҳар томонлама тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган талабаларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.
2 март куни университетда мазкур стипендия соҳиби бўлган талабаларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ЎзМУ ректори, профессор Авазжон Мараҳимов, Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Нажмиддин Қодиров, Ёшлар билан ишлаш ва маънавият-маърифат бўлими бошлиғи Аброр Хидиров ҳамда стипендиант талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирни Миллий университет ректори профессор Авазжон Мараҳимов кириш сўзи билан очиб берди. Ректор ўз нутқида илм-фан ютуқларининг мамлакатимизнинг ҳозирги тараққиёт босқичидаги ўрни ниҳоятда муҳимлигини, етук мутахассисларга бўлган талабнинг юқори эканлигини алоҳида таъкидлади: “Шу боисдан ҳар бир ютуғингиз, муваффақиятингиз замирида илм-фанга, билимга бўлган тинимсиз интилишингиз бўлсин!” Шунингдек, Авазжон Мараҳимов ўз нутқида Миллий университетда ҳар бир иқтидор эгаси доимий эътиборда эканлигини билдириб, улар учун қандай шарт-шароит зарур бўлса, албатта яратиб берилишини айтди.
Шундан сўнг сўз стипендия соҳиби бўлган талабаларга берилди. Математика факультети 4-босқич талабаси, халқаро ва республика миқёсидаги олимпиада, танловлар ғолиби Сардор Базарбаев университетда иқтидорли талабаларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ҳамда келгуси халқаро олимпиадаларда ҳам ғолиблик учун ўзининг бор билим ва имкониятларини сафарбар этишга ваъда берди.
– ЎзМУ стипендияси менга чексиз қувонч билан бирга, улкан масъулият ҳиссини ҳам юклайди, – деди Физика факультети 2-босқич талабаси Раъно Ҳакимова, – келажакда, албатта, ушбу ишончни оқлайман ҳамда ўз илмий йўналишимда билимларимни ошириб, Президент стипендияси соҳибаси ҳам бўлмоқчиман.
Тадбирда талабаларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, университетда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар учун, фарзандларининг камоли йўлида меҳнат қилаётган устозларга, университет раҳбариятига миннатдорчилик билдиришди.
Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми – тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ректор стипендия соҳибларининг ҳар бирига “ЎзМУ стипендияси” гувоҳномасини ҳамда уларнинг ота-оналарига миннатдорчилик сўзлари битилган ташаккурномаларни топширди.
Тадбир якунида Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Нажмиддин Қодиров тадбирда иштирок этган барча ота-оналарга фарзандларини шундай билимли, тарбияли этиб тарбиялаётганликлари учун университет раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдирди, талабаларга эса билим чўққиларини забт этишларида омад ва зафарлар тилади.
Сайфулла АШИРОВ,
ЎзМУ Матбуот котиби
http://uzmu.uz/uzc/press/news/events/ev-univercity/326
Сўнгги фикрлар