Оролбўйида талабалар боғ яратадилар
Боғ яратиш, чўлни бўстонига айлантириш — бу буюк боболаримизнинг асл
анъаналаридан ҳисобланади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Биология ва Қорақалпоқ давлат университети Табиатшунослик факультетлари фаол талабаларидан иборат ташаббускор ёшлар ўқув-илмий экспедицияси катта мақсад йўлидаги ўз режаларини амалга оширишга киришди.
Мазкур экспедиция «Орол ва ёшлар» шиори остида Мўйноқ тумани «Шағирли» овулига туташ 2 гектар майдонда енг шимардилар. Бу ернинг тупроқ ва иқлимига мослашган 12 турдаги мевали, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, улкан боғ барпо этилади.
ЎзМУ талабалари бир гектар майдонга 600 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишса, ҚорДУ талабалари ҳам худди шунча ҳудудга 500 туб мевали, 250 та декоратив дарахтлар кўчатини экишади.
Ўқув-илмий майдончада Оролбўйи минтақасининг флора ва фаунаси, ҳудудда тарқалган тупроқлар комплекс ўрганилиб, улар геоморфологик, гидрологик ва агрокимёвий таҳлил қилинади. Оол ҳудудида янгидан ташкил этилган экосистеманинг ҳолати баҳоланади ва уни янада яхшилаш чоралари белгиланади. Қолаверса, бакалавр, магистр ҳамда таянч докторантларга мазкур ҳудуддаги ўз ечимини кутаётган муаммолар юзасидан мавзулар танланиб, илмий тадқиқот ишлари олиб борилади.
Ўқув-илмий экспедиция аъзолари шу йилнинг 18 март куни Орол денгизининг қоқ марказига қадар бориб, минтақанинг тупроғи, ўсимликлари, суви, унинг таркиби ва хусусиятларини ўрганиш мақсадида улардан намуналар олишади. Ўрганишлар жараёнида Буюк Британиянинг Кембриж ва Россия давлат аграр университети профессорлари билан онлайн мулоқот олиб борилади. Ўқув-илмий экспедиция кун тартибидан маданий тадбирлар ҳам ўрин олган.
Экспедиция аъзолари 13 март куни Тошкент шаҳри жанубий вокзалида тантанали равишда кузатилди. 14 март куни меҳмонларни Қўнғирот шаҳрида, сўнгра Мўйноқ туманида маҳаллий ҳокимлик вакиллари, Қорақалпоқ давлат университети, Нукус давлат педагогика институти раҳбарлари, Ёшлар Иттифоқи фаоллари кутиб олдилар.
ЎзМУ Ахборот хизмати
http://uzmu.uz
Сўнгги фикрлар