Ҳарбий журналистика истиқболлари
Мамлакатимизда етукжурналист-кадрлар тайёрлашга бўлган эътибор тобора
ортиб бормоқда. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Ҳарбий журналистика касбий қайта тайёрлаш курси ва 2019-2020 ўқув йилларида Ҳарбий журналистика йўналиши очилиши бу борадаги ғоят муҳим қадамлардан бири бўлди.
Эътибор берсангиз, ҳарбий соҳа фаолиятини ёритиб боришга ихтисослашган қатор газета, журнал, китоб нашриёти, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар, веб-сайтлар бор. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ахборот хизматлари фаолияти ҳам такомиллашиб бормоқда.
Хўш, ҳарбий соҳа фаолиятини ёритиб боришни мақсад қилган таҳририятлар, нашриётлар, теле, радио ва кино студияларида, Ахборот хизматларида кимлар, қандай мутахассислар фаолият кўрсатиши керак, деган саволга энди мухтасарроқ жавоб топса бўлади.
Очиғини айтиш керак, энг қалами ўткир журналист ё телерадио юлдузи ҳам ҳарбий соҳани рисоладагидек ёритишга қоди эмас. Бунинг учун аввало ўша соҳаларнинг сир-синоатларини пухта билмоғи лозим. Қайсики соҳанинг назарий билимларини пухта билмасдан туриб у ҳақда юритган сўзингиз, ёзган мақолангиз юзаки бўлиб қолаверади. Унинг мазмун-моҳиятини билиш учун аввало етарли даражада билим ва малака зарур.
Маълумотларга қараганда, Ҳарбий журналистикага қабул қилинадиган 20 нафар талаба грант асосида ўқийди. Ҳарбий журналистика йўналиши икки босқичда амалга оширилади. Улар 4 йиллик бакалавриат таълим йўналиши ва 4 ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларидир. 2019-2020 ўқув йилида Ҳарбий журналистика йўналиши бўйича 20 нафар талабаларнинг барчаси грант асосида ўқишга қабул қилинади.
Бу, албатта, дастлабки қадам. Келгусида эҳтиёжга қараб бу йўналишларда ҳам квоталар оширилиши ҳаёт тақозосига айланади. Негаки, 20 нафар ҳарбий соҳа журналистлари битта таҳририятга камлик қилади. Ваҳоланки, бу йўналишда қанча таҳририятлар, нашриётлар, теле, радио ва кино студиялари, Ахборот хизматлари бор? Бу масалада нафақат республика, шу билан бир қаторда қуйи бўғинлар (вилоят ва бошқа ҳудудий тузилмалар)ни ҳам ҳисобга олиш даркор. Демак, ЖОКУда Ҳарбий журналистика йўналиши бўйича келгусида алоҳида факультет ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.
ЖОКУда жами 4 ойлик (576 соатлик) касбий қайта тайёрлаш курсларининг махсус ўқув режаси ва дастурлари замон талабларидан келиб чиққан ҳолда яратилгани, ўқув курсларида журналистика билан боғлиқ назарий ва амалий машғулотлар, ҳарбий соҳага йўналтирилган фанлар акс этгани, ўқув жараёнига журналистика соҳасида кўп йиллик тажрибага эга профессор-ўқитувчилар, ҳарбий соҳанинг етакчи мутахассислари жалб этилиши айни муддаодир. Негаки, айни пайтда шу соҳада фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакаларини ошириб бориш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида келишув меморандуми имзоланиши мазкур соҳада фаолият кўрсатадиган профессор-ўқитувчилар ва бошқа мутахассислар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди, албатта. Сўнгги йилларда ҳарбий соҳа мутахассислари малакасини оширишда ўқиб-ўрганишлари учун қатор ўқув қўлланмалар яратилди. 2017 йилда чоп этилган “Мафкура ва ахборот-психологик хавфсизлик” ўқув қўлланмаси, “Мулоқот майдонида ахборот хизматларининг ўрни” ўқув-услубий қўлланмаси ва айни пайтда нашр этилаётган “Ахборот хизматлари” деб номланган ўқув қўлланмаларидан ҳам мазкур курсда кенг фойдаланиш мумкин. 2016 йилда “Lesson press” нашриётида чоп этилган “Ўзбекистон қуролли кучлари тизимида маънавий-маърифий тарғибот” деб номланган услубий қўлланманинг “Марказий Осиё ва дунёда вужудга келган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва ҳарбий сиёсий вазият”, “Ўзбекистон миллий хавфсизлигига таҳдидлар ва уларни бартараф этиш йўллари” деган мавзудаги бобларини ёзиш жараёнида кўп маълумотлар тўпладим ва бу соҳа сирлари нақадар мураккаблигига амин бўлдим.
Айни пайтда 2015 йилда нашр этилган “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” деб номланган дарслигимизни янги таҳрири устида иш олиб боряпмиз.
Бугун мамлакатимиз ҳарбий қудрати ва салоҳияти ошиб бораётган, инчунин, мудофаа, божхона, ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати, фавқулодда вазиятлар соҳалари тобора такомиллашиб бораётган экан, улар фаолиятини кенг, холис ва теран ёритиб бориш учун шунга муносиб кадрлар тайёрлаб бориш улкан масъулият талаб қилади.
Тўлқин Эшбек,
филология фанлари номзоди, доцент.
Сўнгги фикрлар