Замонавий технологиялар орқали таҳдидларга йўл йўқ!

Ёмонликни одат қилган нобакор яхши нарсалардан ёвуз мақсадда фойдаланишга

уринади. Айтайлик, компьютер – бебаҳо мўъжиза. Унда интернет тармоғи орқали қанчадан-қанча эзгу ишларни амалга ошириш мумкин. Инсоният тараққиётида интернетнинг ўрни беқиёс. Минг афсуски, ана шу мўъжизадан ёвуз ва ғаразли мақсадларда фойдаланаётган, ёшлар онгини заҳарлашга чиранаётган кушандалар кам эмас. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги “Талабаларнинг ижтимоий медиа ва маданият маркази”да ўтказилган “Замонавий технологиялар орқали таҳдидларга йўл йўқ!” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.

1 2 3

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Тўлқин Эшбек шу мавзудаги маърузасида таъкидлаганидек, ахборот соҳасидаги глобаллашув қанчалик юқори чўққисига чиққанини бугунги кунда миллионлаб ёшларнинг интернетдан бош кўтаролмай қолгани ва шунга яраша ўнлаб ижтимоий тармоқларда турфа хабар ҳамда мақолалар ҳар куни муттасил равишда ёритилаётгани мисолида кўришимиз мумкин.

Бу ижтимоий тармоқлардан кимдир сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган бўлса, бошқаси ўз ғояларини зўр бериб тиқиштиришга уринмоқда. Шундай чигал ва мураккаб шароитда биз учун галдаги энг муҳим вазифалардан бири – ёш авлоднинг онги ҳамда қалбини ёт ғоялардан, мафкуравий таҳдидлардан асраб-авайлашдир. Бир донишманд ёзганидек, “Хавфсизлик бу – ёвузлик йўлининг тўсилишидир”. Ахборотлашган жамиятда бу масалани ижобий ҳал этиш йўли қандай, деган саволга жавоб ахтарамиз.

Компьютер технологиясининг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет курраи заминни ягона ахборот маконига айлантирди. Бунинг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигини англадик. Ўша салбий ҳолатларнинг битта кўриниши – “ахборот хуружи”дир. Оилада ана шу “ахборот хуружи”га қарши қай тариқа иммунитет пайдо қилинган бўлса, Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилиб бориш улкан заруриятга айланди. Бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати таълим муассасаларида ёш авлодга ўргатилаётгани ҳам бежиз эмас. Биринчи Президентимиз ибораси билан айтганда, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”.

– 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилиниши жаҳонда тинчлик ва осойишталик барқарор бўлишига хизмат қилади,– деди маърузачи.– Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашиш“га қаратилган. Бу резолюцияда маърифатпарварлик ғоясини илгари суриш қайд этилиб, сайёрамизда хавфсизлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли муҳимлиги эътироф этилади. Ҳужжатда динлар, маданиятлар ва конфессиялараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда айрим шахсларга нисбатан дин ва эътиқодлар замиридаги камситишларга йўл қўйилишига қарши курашишга қаратилган барча халқаро, минтақавий ва миллий ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Айни пайтда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган ҳужжатда аъзо давлатларга миллий ва халқаро ОАВлар, жумладан, Интернет тармоғида кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, бағрикенглик, зўравонликка барҳам бериш ҳамда дин ва эътиқод эркинлигига доир маърифий ахборот тарқатиш каби тегишли коммуникацион стратегияни жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Мутахассислар эътироф этишларича, интернетдан фойдаланувчиларнинг кўпчилиги ижтимоий тармоқларни кўпроқ кузатар экан. Уларнинг аксарияти ўша ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга ишониб, шулар таъсирига тушиб қолади. Бундай тармоқларда ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайтлар “фаоллик кўрсатаётгани” аниқланган. Компьютер ўйинлари орқали зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилиш авж олиб кетмоқда. Дунё миқёсида 38 фоиз бола зўравонликни тарғиб қилувчи сайтларга, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб-сайтларга “михланиб” қолаётир. Минг афсуски, улар орасида бизнинг ёшларимиз ҳам кам эмас… Айни пайтда ёшлар орасида оммалашган “Одноклассники”, “Facebook”, “Twitter” тармоқларида инсон маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи ғояларни тарғиб қилувчи юздан зиёд гуруҳлар мавжудлиги ва уларга эллик мингдан зиёд ёшлар аъзо эканлиги аниқланган. Маълумотларга кўра, биргина odnoklassniki.ru ижтимоий тармоғи кунлик аудиториясининг 20 фоизини Ўзбекистондан кирувчилар ташкил этади. Шундан, 80 фоиз киши мобил версиядан фойдаланади…

Интернетга кирган ҳар бир ўқувчи гўё ўзи учун атайлаб тайёрланган ахборотларни осонгина топади. Албатта, маънавиятга, эзгуликка хизмат қилувчи бадиий, илмий, илмий-оммабоп асарлар, мақолалар ҳам кам эмас. Бунинг учун ўша сайт ижодкорларига таҳсинлар айтсанг арзийди. Айни пайтда шов-шувли олди-қочдилар, инсон онгини ўз домига аёвсиз тортиб кетадиган “форум”лар, асоссиз гаплар, миллий қадриятларни парчалаб ташлашга қодир ғоялар ҳам урчиб ётибди. “Айрим сайтларда дин ниқобида диний экстремизм, терроризмга даъват қилувчи маълумотлар тарқатилади,– деб ёзади профессор Муҳаммаджон Қуронов “Интернет содда ёшларни қопқонга тушириш, медиа фирибгарлик майдони ҳамдир” сарлавҳали мақоласида.–. Медиатерроризм мақсадли, режали ҳолда одамларда қўрқув, саросима, ваҳима туйғуларини уйғотувчи ресурсларни яратиб, кўпайтириб, тарқатиб, одамлар устидан манипуляция қилмоқда. Мақсад – одамларни диний экстремистик, террористик майллар асосида рефлексив бошқариб, ўзларига керакли хулқ-атвор моделларини шакллантириш. Шунинг учун ҳар бир ёш аввало анъанавий, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган, асрлар синовидан ўтган диний қадриятларни яхши билиб, танқидий фикрлаш орқали сохта талқинларни дарҳол “таниб”, фош қила олишлари зарур бўлади”.

Айтиш жоизки, бугун дунёнинг исталган нуқтасида содир бўлган воқеа, янгилик хусусида етарли ахборот олишимиз учун атиги бир неча сония кифоя. Интернет бир неча ўн йил ичида глобал тармоққа айланиб, наинки ахборотлашган жамиятни юзага келтирди, балки жаҳонда глобаллашув жараёнининг тезлашишида ҳам муҳим омил бўлди. Интернет – инсоният тафаккури маҳсули. Иш столимизда турган компьютерга шунчаки электрон қурилма сифатида қарай олмаймиз. У ахборот олиш, алмашиш ва узатишнинг энг самарали, қулай воситасидир. Унинг мультимедиа (тасвир, овоз, матн) хизмати ва бошқа қатор қулайликлари инсониятни виртуал оламга оҳанрабодек тортмоқда. Виртуал олам инсонни манипуляция қилмоқда. Манипуляция – бу фикрий қарамлик орқали ўзига бўйсундириш демакдир. Мутахассислар фикрича, виртуал оламда инсоннинг вақтни идрок қилиш тизими бузилади, ижтимоий фаоллиги камаяди. Энг даҳшатлиси, бу жараёнда виртуал воситаларнинг салбий таъсири маънавий-ахлоқий таназзул билан чегараланиб қолмай, кўп касалликларни ҳам келтириб чиқарар экан…

Маърифатли жамиятимизда интернетнинг ижобий жиҳатларини эътироф этган ҳолда, кўплаб зиёлилар, мутасаддилар айрим ижтимоий тармоқлардаги бузғунчи, вайронкор ғояларга қарши дадил курашаётгани эътиборга моликдир. Яъни, ижтимоий тармоқлар орқали содда одамларни лақиллатаётган, ёшларни йўлдан ураётган бузғунчиларнинг асл башарасини очиб ташлашга хизмат қиладиган мақолалар ўқувчиларни ҳушёр торттиради.

Лойқа сувга барҳам беришнинг самарали усулларидан бири – тиниқ ва зилол сувларни кўпайтириш зарур. Эътибор берган бўлсангиз, ҳовузнинг бир томонидан тиниқ сув оқиб кираверса, лойқа сувлар аста-секин барҳам топиб кетади. Мутафаккир шоир Мир Алишер Навоийнинг “Агар огоҳсен сен, Шоҳсен сен”, деган бетакрор сатрлари замирида ахборот соҳасидаги огоҳлик масаласи ҳам акс этиб турибди. Демак, биз интернет тизимидаги ҳар қандай ахборотларга ҳушёрлик билан боқсак, ўз навбатида эзгуликка, яхшиликка хизмат қилувчи сермазмун ахборотларимиз билан тегишли сайтларимизни бойитиб борсак мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Инсон ҳаётда муносиб ўрнини топиш, бахтли яшашга интилади. Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романида тасвирланганидек, камолга етаётган ҳар бир йигит-қиз улкан дарахт янглиғ униб-ўсиши учун учта маънавий илдизга эга бўлиши лозим. Бундай илдизлар отиш талабалик даврига тўғри келар экан. Бу илдизларнинг биринчиси, ҳақиқий инсон бўлиш! Иккинчиси, пухта билим эгаллаб, чинакам мутахассис бўлиб етишиш! Учинчиси, севги-муҳаббат билан оила қуриб, бахтга эришиш! Мазкур романда талабалар ҳаёти мисолида ана шу ажойиб ғоя юксак бадиий маҳорат билан ёритилганини яхши биласиз. Асарни теран нигоҳ билан ўқиб, ўлмас ғояларни қалбларига жо этган ва ҳаётда шундай уч илдизига эга бўлганлар чинакам саодатга эришганларига шоҳидмиз. Улуғ устозларнинг ана шундай маънавий анънасини давом эттириш мақсадида биз ҳам www.uchildiz.uz веб-сайтини ташкил этдик. Сайтимиз ижодкорларининг мақсади: бугунги ёш авлод ҳам орзу-ниятларига эришишлари, ҳаётда муносиб ўрниларини топишлари учун ана шундай теран илдизлар отишига маънавий мададкор бўлишдир. Шу ниятда веб-сайтимизда улуғ устозларнинг сабоқлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар, журналистлар, шоиру адибларнинг илмий-оммабоп ва турли мавзудаги мақолалари, бадиалари, шеърлари, ҳикоялари ҳамда ёш истеъдод соҳибларининг ижодий машқлари ёритиб борилмоқда, деб таъкидлади маърузачи.

Яхшиликка хизмат қилувчи ҳар бир янгиликни тўғри қабул қилиш керак. Жумладан, интернетдан ҳам яхшилик мақсадида фойдаланиш жоиз. Афсуски, уни қандайдир бўлмағур, бузғунчи гаплар билан тўлдиришга ва шу йўл билан ёшлар онгини заҳарлашга чиранаётганлар ҳам йўқ эмас… Биз журналистлар, илғор фикрли зиёлилар бунга бефарқ қарашимиз мумкин эмас. Ахборот маконида инсонни яхшиликка, эзгуликка чорловчи фикрлар, Ватанпарварлик, миллатпарварлик, бунёдкорлик каби эзгу ғоялар ҳукмрон бўлмоғи лозим. Ёшларни аввало теран фикрли, қалами ўткир қилиб тарбиялаб, ижодий маҳорат сирларини ўргатаётганимиз мақсадга мувофиқдир.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Энергетика факультети 2-курс талабалари Мафтуна Иброҳимова, Акбар Ҳайдаров, Моҳинур Мўминова, Азиз Ортиқов, Сабина Жўраева ва бошқалар давра суҳбатидан олган тассуротлари ҳақида сўз юритар экан, барча тенгдошларини интернетдан фойдаланишда ҳушёрликка чақирдилар.

 

Наргиза ДЎСИМБЕТОВА,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги

“Маънавият ва маърифат” маркази масъул ходими,

Отабек БЕГМУЛЛАЕВ,

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника

университети Энергетика факультети декани муовини

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *