Устознинг мангу мактаби

Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим, мунаққид Озод Шарафиддинов

таваллудининг 90 йиллигига бағишланган ижодий кечалар, маърифий тадбирлар, анжуманлар, адабиёт кунлари, очиқ дарслар ёш авлодни муносиб камолга етказишда ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади. Шу улуғ Устоз сабоғини олган авлод — бахтиёрдир, дегим келади. Устозга эҳтиромим қуйидаги мақолаларда ўз ифодасини топган, деб ўйлайман.

DSC_0029

Суратда: (ўнгдан) Озод Шарафиддиновнинг қизлари Муҳаббат Шарафиддинова, София она ва Пиримқул Қодиров 2008 йилда «Олтин қалам» мукофотини топшириш маросимида.

УСТОЗНИНГ МАНГУ МАКТАБИ

 Парвона нурга интилган мисол илмга чанқоқ талабалар ҳақиқий устозга ўзгача ихлос билан қарайдилар. Ўтган аср саксонинчи йилларида Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультети талабаларининг битта «армони» – энг зўр адабиётшунос олим деб билган домламиз Озод Шарафиддинов бизга дарс бермаслиги эди…

– Бу орзуга эришиш мушкул эмас, – деб қолди бир куни ҳамкурсим Аъзам Ўктам.– Устоз бизга келмаса, биз у кишининг даргоҳига борамиз! Филология факультети шу бинода-ку!

– Ахир, факультетимиз бошқа-ку?!– Каловланиб қолдим.– Рухсат беришармикин?

– Қанақа рухсат?!– Қошлари чимирилди ёш шоир сифатида довруқ тарата бошлаган дўстимнинг.– Озод домла: «Адабиётни севган талабаларни мен ҳам жуда севаман!» деган…

Омадни қарангки, ўша куни машғулотимиз бор-йўғи икки пара экан, учинчи парада эса Озод Шарафиддиновнинг филфакдаги тенгдошларимизга дарси! Аъзам Ўктам (уни ҳам Оллоҳ раҳмат қилсин!) иккимиз тўртинчи қаватга югуриб чиқдигу бўлғуси филологларнинг аудиториясида ўтириб олдик. Бир маҳал эшикдан қомати келишган, ҳақиқий илм соҳиби эканлиги дўнг пешонасидан кўриниб турган устоз кириб келиши ҳамоно тенгдошлар қатори дув этиб ўрнимиздан турдик. Саломлашиб ўтиргач, аудитория лиқ тўла эканлигини кўрган устоз «йўқлама»га вақтини кеткизиб ўтирмади. Чамаси, ўтган дарсда «келиб қолган жойидан» давом эттирди:

– Абдулла Қаҳҳор ўзини аяб яшашни, ярим куч билан ижод қилишни билмасди – у нима ёзган бўлса, ҳаммасида адибнинг ёниқ юраги манаман деб кўриниб туради,– деди устознинг ўзи ҳам наздимда қандайдир ёниқ юрак билан.– У адабиётга ёниб кирди ва адабиётда атрофига нур таратиб, мухлисларининг қалбига ёруғлик бахш этиб ёниб яшади…

Ўша кездаёқ «адабиётни севган талабаларни севадиган» устозга бўлган меҳрим, ҳурматим минг чандон ортиб кетди. Адабиёт бобида неки савол пайдо бўлса, аввало Озод Шарафиддинов китобларига мурожаат қиладиган бўлдим. Шунга яраша, адабиёт бўстонида устознинг назаридан четда қолган бирор жўяли асарни ҳам учратмайсиз. Қайсики таниқли адиб ё шоир ижодига қизиқсангиз, унинг адабий талқини, теран таҳлилини у кишининг мақолаларида кўриш мумкин. Бу бетакрор мақолалар орқали ўша асарни яна бир бора дилдан уқиб, мазмун-моҳиятини теран англаб олишингизга ёрдам беради, фикрингизни бойитади.

Чорак аср илгари устознинг дарсларидан озми-кўпми баҳраманд бўлганимдан ўзимни бахтиёр ҳис этаман. Беназир мураббийнинг қалбимга муҳрланган оташнафас сўзлари ҳамон юрагимга ёруғлик бахшида этаётгандек туюлаверади. Аслида бу қуйма сатрларни бугун мен устоз Озод Шарафиддиновнинг ўзига нисбатан ҳам айтгим келади. Яъни, у киши ҳам адабиётга ёниб кирди ва атрофига нур таратиб, мухлисларининг қалбига ёруғлик бахш этиб ёниб яшади…

Устоздан сабоқ олиш бахтига минглаб йигит-қизлар мушарраф бўлган. Умрини адабиётга, мураббийликка бахшида этган фидойи устоз ЎзМУ ўзбек филологияси факультетида қирқ йил мобайнида ёшларни камолга етказди. Адабиёт илмида ўз ўрнига, улкан салоҳиятига эга бўлган профессор кам эмас – ўттизга яқин филолог олимнинг илмий ишларига раҳбарлик қилган.

Талабалик йиллари бошқа факультет аудиториясида бўлса-да устоздан сабоқ олган бўлсак, кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган қатор анжуманлар, ижодий учрашувларда бу буюк адабиётшунос олимнинг бетакрор сўзларидан баҳраманд бўлганмиз.

Ижтимоий ҳаётда жуда фаол бўлган устоз жамиятдаги ўзгаришларга мудом ўз муносабатини дадиллик ила билдирар эдилар. Айниқса, 1989 йилда она тилимизга давлат тили мақоми берилиши борасида баҳс-мунозаралар авжига чиққан пайтлари Озод Шарафиддинов тимсолида биз ҳақиқий ўзбек маърифатпарварлари сиймосини кўрган эдик. Ўша кезларда устознинг ҳар бир мақоласини эътибор билан мутолаа қилар, ойнаи жаҳон ва радиодаги чиқишларини жон қулоғимиз билан тинглар эдик. Нафсиламрини айтганда, миллат тақдири учун бўлган курашларда биз ёшлар ана шундай дарғаларга эргашар, улардан ибрат олар эдик!.. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниши эса халқимиз асрий орзулари рўёбга чиқишининг бетимсол ифодаси эди.

Ўтган асрнинг биринчи ярмида, ҳатто тўқсонинчи йилларгача миллий адабиётимизга, ўзбек ёзувчи ва шоирларига нисбатан мустабид тузум муносабати қандай бўлганини ўша давр кишилари яхшироқ биладилар. 1929 йилда Тошкентда таваллуд топган бўлғуси адабиётшунос ўсмирлик чоғлари бул заминда қандай қўрқинчли воқеа-ҳодисалар юз берганини ўз кўзи билан кўрган. Бугун тасаввур этишнинг ўзи даҳшат бўлган қатағонларни у саккиз-тўққиз ёшларида мурғак қалби ила англаган. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирлар фожеасини билган. Ўша замон даҳшатларини шу давр одамларичалик теран ҳис этиш мушкул…

Мурғак қалбига муҳрланган воқеалар кейинчалик қоғозга кўчиб, устоз ёш замондошларига, турли давр китобхонларига Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Миртемир каби миллий адабиётимиз дарғаларини бутун бўйи-басти ила таништирди!.. Юртимиз истиқлоли шарофати ила қайтадан нашр этилган ўша адибларнинг бетакрор китобларига Озод Шарафиддинов ёзган сўзбошини ёхуд улар ҳақидаги адабий мақолаларини мутолаа қилган ўқувчи кўз олдида аввало муаллиф сиймоси гавдаланади. Ўша ёзувчи ё шоирнинг қалб кечинмалари, ажиб туйғуларига ошно бўлиб қоласиз.

Кейинги йилларда ўзбек бадиий адабиётини янада юксакларга олиб чиққан Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод сингари ўнлаб ёзувчи-шоирлар ижоди ҳам ўз вақтида буюк адабиётшунос олим талқинида адабиёт ихлосмандлари қалбига абадий муҳрланди, десак муболаға бўлмас.

Наздимда, қайсики адиб ё шоир ўз асарини қандай иштиёқ ила ёзган бўлса, нозиктаъб мунаққид ҳам уни шундай бир ҳарорат ва теран нигоҳ билан таҳлилу талқин этган. Буни турли даврларда чоп этилган «Ҳаёт билан ҳамнафас», «Адабий ўйлар», «Сардафтар саҳифалари», «Ижодни англаш бахти», «Истиқлол фидойилари», «Довондаги ўйлар» каби китоблар мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Озод Шарафиддинов қаламидан ўт чақнаган танқидчи эди. У «Замон, қалб, поэзия» асаридаёқ бадиий ижоддаги камчиликларга беаёв эканлигини кўрсатди,– деб ёзади таниқли адабиётшунос олим Абдуғафур Расулов «Зиёлилар сарвари эди» сарлавҳали мақоласида.– Каттаю кичик ижодкорлар, филолог-олимлар қандай асар ёзмасинлар кўнгилларининг бир чеккасида: «Озод устозга маъқул келармикин» деган андиша бўларди…

Ота маърифатли ва қаттиққўл оилада тарбия ўзгача бўлганидек адабиёт боғининг боғбони бўлган Озод Шарафиддиновдан ижод аҳлининг бундай андишаси аслида буюк мунаққид олимга нисбатан беқиёс ҳурмат, эътироф ҳамда эътибордан бошқа нарса эмас. Бу эса ҳар бир ижодкорга қандайдир масъулият юклаган бўлиши табиий. Унинг мевасини ўнлаб ўлмас асарлар мисолида кўриш мумкин. Фикри ожизимча, адабиёт бўстонида ҳамма даврда ҳам ана шундай «андиша» қилишга ундаб турадиган дарғалар – холис ва теран фикрли адабиётшунослар, мунаққидлар зарур! Бу борада устоз яратган чароғон ва мангу мактаб бор!

Маънавий дунёмизни янада бойитишга хизмат қилаётган «Жаҳон адабиёти» журналида устоз Бош муҳаррир сифатида самарали фаолият кўрсатди. Ўзлари дунё билан бўйлашган адиб, моҳир таржимон сифатида жаҳон адабиёти дурдоналаридан бўлмиш Оскар Ульд, П.Коэльо, Лев Тольстой, И.Бунич, Кобо Абэ, В.Биков, Ф.Саган, П.Мериме сингари ўнлаб ёзувчиларнинг 140 дан ортиқ асарларини ўзбек китобхонларига туҳфа этган. Айниқса, Элвин Тоффлернинг «Учинчи тўлқин», Игорь Буничнинг «Партиянинг олтинлари» асарлари ўзбек китобхонлари учун ҳам катта воқеа бўлганини алоҳида таъкидлагим келади.

Меҳнат қилган элда азиз, деганларидек, буюк адабиётшунос олим, моҳир таржимон ва адиб Озод Шарафиддинов Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати, «Меҳнат шуҳрати», «Буюк хизматлари учун» орденлари, «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвонлари билан тақдирланган.

Устоз ҳақида яна бир мухтасар гап: умри бўйи ўзгалар ижодини тадқиқ этган олим ва адибнинг ҳам ижодий меросини кенг кўламда илмий тадқиқ этиш фурсати етди. Бу борада шу кунгача қилинган эзгу ишларни давом эттириш, илму ижод майдонида улуғ сиймонинг бетакрор ишларини ҳар томонлама ёритиш ҳам фарз, ҳам қарз. Зотан, улуғ устозлар яратган мактаб – келажак авлоднинг бетимсол мероси бўлиб қолажак!

Кўнгилга таскин бергани шуки, умр ўтса-да, инсоннинг эзгу ишлари абадий экан. Ўтган йили рамазон арафасида Озод домла билан видолашиш оғир бўлганди. Бироқ, ҳанузгача ул мўътабар зот орамизда юргандек. Гоҳ ойнаи жаҳон орқали нурли сиймосини кўриб кўнглимиз ёришса, гоҳо радио орқали жозибали сўзларини тинглаб дилимиз таскин топади. Ўлмас асарлари эса қўлдан тушмайди. Устознинг чароғон мактабидан таралган нур-у зиё шу тариқа йиллар, асрлар оша авлодлар қалбида мангу машъала бўлиб қолажак!..

Тўлқин ЭШБЕК

“Фидокор” газетаси, 2006 йил 3 октябрь

 ОзодШ

БУЮРМАГАН БОЙЛИКЛАР 

XX асрнинг сўнгги йилларида ёзувчи Игорь Буничнинг “Партиянинг олтинлари” деб номланган ҳужжатли асари дунё юзини кўрди. Атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов маҳорат ила ўзбек тилига таржима қилган бу асарни ўша машъум даврларни кўрган авлод вакиллари бошдан-оёқ ҳаяжонсиз ўқимаслиги мумкин эмас…

Улуғ ёзувчи Михаил Шолохов XX аср бошларида яратган “Тинч Дон” романида “салбий образ” Калмиков тилидан шундай ёзган:

“– Сизлар партия эмас, жамиятнинг қуйқаси, энг палид, разил бандитсизлар. Сизларга ким раҳбарлик қилади! – Немисларнинг бош штаби. Большевиклар!..Ҳа-ҳа-ҳа. Пасткашлар! Сизнинг партиянгизни, шу ялангоёқларни ж…дек сотиб оладилар! Юзсиз, беорлар!.. Ватанни сотдингизлар!.. Менинг қўлимда бўлса, ҳаммангизни бирдорга осар эдим!.. Ҳе, ҳали вақт-соати келади! Сизнинг Ленинингиз Россияни ўттиз немис маркасига сотмадими?! Бир миллионни чўнтакка уриб, жуфтагини ростлади…каторгачи…”

Ё, алҳазар! Келажакни теран нигоҳила кўра билган адиб ўша даврда “салбий образ” тилидан ёзаётган маҳал кўнглидан не ўйлар кечганикин?..

«Тинч Дон»даги Калмиковнинг гапларига монанд ажиб фикрлар «Партиянинг олтинлари»да роса кифтини келтириб ёзилган:

«Большевистик Россиядаги ишчи раҳбарларнинг кўзлаган савдойи орзуси иккинчи Хорун ар Рашид бўлишга уринишга ўхшайди. Фақат фарқи шундаки, афсонавий халифа беҳисоб бойликларини Бағдоддаги ўзининг қасрида ертўлаларда асраган, большевиклар эса, аксинча, барча бойликларини Оврупо ва Америка банкларида сақлашни афзал кўрадилар. Бизга маълумбўлдики, фақат ўтган йилнинг ўзида большевик раҳбарларнинг ҳисобига қуйидаги пуллар тушди:

Троцкийдан АҚШнинг фақат битта банкига 11 миллион доллар ва Швейцария банкига 90 миллион швейцария франки;

Зновьевдан Швецария банкига 85 миллион швейцария франки;

Урицкийдан Швейцария банкига 85 миллион швейцария франки;

Генецкийдан 60 миллион швейцария франки ва 10 миллион АҚШдоллари;

Лениндан 75 миллион швейцария франки.

Афтидан, «жаҳон инқилоби»ни «жаҳон молиявий инқилоби» деб атасак тўғрироқ бўлади, шекилли. Бу «инқилоб»нинг бутун маъноси шундан иборатки, жаҳоннинг жами пулини йигирмаўттизта одамнинг жорий ҳисобига ўтказиш керак…»

Ҳаётнинг ёзилмаган қонуни бор: бировники ҳеч вақтбировга буюрмайди. Асарни ўқишда давом этамиз:

«…Сталин уларнинг ҳаммасидан охирги тийинигача суғуриб олади. …Сталин уларнинг биронтасини эсидан чиқаргани йўқ. Ҳатто Ленинни ҳам. Шахсан ўзи Надежда Константиновнага агар у жаҳон пролетариати доҳийсининг Швейцария банкидаги пулларини қайтариб бермаса, бошига нима кунлар тушишини уқтирди. Эртагаёқ Крупская Лениннинг хотини бўлганини ва ҳозир беваси эканини ҳамма паққос унутиб юборадида, Землячкани, ҳа, ўша Бела Кун билан бирга Севастополдан олтинларни олиб чиқиб кетган Землячкани Лениннинг беваси деб ҳисоблай бошлайди. Надежда Константиновна лаққа тушди, пулнинг ҳаммасини қайтарди».

Шоншуҳрат ва беҳисоб бойликларга эга бўлганида босартусарини билмай қолган бандалар камми? Сталин ҳам аслида хом сут эмган бандалардан бири бўлгандирда. Буни қарангки, қудрати авж нуқтасигачиққанда Сталин«…элу юрт олдида Ленинни немис жосуси деб эълон қилиш ва унинг хотирасини янчиб, талқон қилиб юбориш хоҳишига тушиб қолди. Қамоққа олинган Фриц Платтен заруркўрсатмаларнибериб ҳам бўлган эди, аммо энг сўнгги дақиқада Сталиннинг юраги бетламади. Нима бўлганда ҳам «Сталин – бугунги Ленин!» эдида».

Дунёда ҳеч нарса қолмас абадий, дебёзган эди бир шоир. Лениннинг арвоҳини чирқиратган Сталин эҳтимол«бойликларим боқийдир» деб ўйлагандир. Ҳаёт эса ўз қонуниятларига амал қилаверди:

«Ундан кейин юз берган ҳалокатлиқурғоқчиликлар Хрушчевни Сталин томонидан тўпланган олтинниАмерика буғдойини сотиб олишга сарфлашга мажбур қилди».

Хрушчевнинг аянчли қисмати ҳам кўпчиликка яхши маълум. 1964 йилнинг 14 ноябрь куни осойишта «сарой тўнтариши»дан кейин у ҳокимиятдан четлатилгани маълум:

«– Ҳар ҳолда, мен бу мамлакатни жиндай бўлсада ўзгартирдим,– деб ғурурланиб эслайди Хрушчев томорқасидаги экинларни чопиб юриб.– Мени отишмади, қамашмади, балки нафақага жўнатиб қўя қолишди. Шунинг ўзи катта гап».

Брежнев «даври» ҳақида ўқиганларимни ҳатто кўчиришга юрагим бетламади. Наҳот, ўша даврдаги шивирпичир гаплардан юз бора баттар бўлган бўлса…Асримиз фожиаси ҳақида нима дейсиз, деган саволга дафъатан – «коммунистик мафия»нинг жирканч ишлари, деб жавоб берганингни сезмай қоласан. «Партиянинг олтинлари»ни ўқишда давом этамиз:

«Андропов деярли қарамай зарба берар ва ҳар гал мўлжалга аниқ урарди.

…Аммо уни мутакаббирлиги нобуд қилди. У партияга унинг олтинларини қайтариш пайига тушар экан, бу ишни шундай амалга оширмоқчи бўлдики, охирпировардда бу олтинлардан унинг ўзидан бошқа ҳеч ким фойдалана олмас эди.

…Ишда борган сари янги ва янги фамилиялар қалқиб чиқа бошлади: Лигачев, Соломенцев, Рекунков (Бош прокурор), Теребилов, Гусев, Афанасьев, Георгадзе.

…Георгадзедан бошлашга қарор қилишди.

Терговчилар Георгадзенинг пўлат қутиларидан ва уйининг яширин жойларидан 8 килограмм жавоҳир ва олмос, 100 та олтин ёмби (ҳар бири 20 килограммдан), 40 миллион сўм совет пули, 2 миллион доллар, ҳовучҳовуч узук, исирға, маржон… топишди. Ҳаммаси бўлиб 6 миллиард сўмлик буюм чиқди.

Шундан кейин кўп ўтмай Андропов… ғойиб бўлиб қолди. Уни шамоллаб қолган деб, анча вақтгача мамлакатнинг ва дунёнинг бошини қотиришди. Кейин эса Юрий Владимировични элу юртга тобутда кўрсатишди».

Горбачев даврининг долғали воқеалари ҳақидаги гаплардан қай бирини кўчиришни билолмадим. У ҳақда ўйлашнинг ўзиёқ таҳликага солади. Асар сўнггида у ҳақда ҳам ёзилган, албатта:

«Бутун бошли коммунистик тузумни маҳв этиб, нафақат омон қолиш, балки турмани ҳам четлаб ўтиш, ишонаверинг, осон иш эмас.

Партиянинг олтини эса ишончли қўлларда қолди.

Уни излаб овора бўлманг, чунки уни мобода топганингизда ҳам ҳеч нарса қилолмайсиз. …Аммо ўзининг ҳамма олтинини партия амалда Қўшма Штатларга ўтказиб юборган бўлса, бунақа валютани қандай қилиб барпо этиш мумкин? Ишлаш керак. Аммо ҳеч ким ишлашни билмайди ва хоҳламайди ҳам. Мабодо биров хоҳласа, унинг ишлашига йўл қўйишмайди. Йўл қўйишса, ишлаганни хонавайрон қилишади. Албатта, буни онгли равишда атайин қилишади».

Ана, сизга бир замонлар нақадар жилвали кўринган, аммо, аввалбошданоқ қарғиш теккан «қизил тузум»дан аччиқ сабоқлар. Ўйлаб ўйингга етолмайсан. Наҳот, шу қадар тубан кетилган бўлса?.. Кечаги тарихимизда юз берган шунча воқеаҳодисалар ҳақида жуда мулоҳаза билан ҳикоя қилган Игорь Буничга тан бермай илож йўқ.

Тангри умр бериб, Михаил Шолохов шу кунга қадар ҳаёт бўлганида нима қилган, яна қандай ажойиб асарлар яратган бўларди, дея ажиб хаёлларга бериламан. Ўша «салбий қаҳрамон» – Калмиков деганлари аслида зўр башоратчи бўлгани ҳақида баҳсмунозаралар бўлармиди!.. Йўқ, аслида гап бунда эмас. Гап, ҳар қандай даврда ҳам адабиётнинг, бадиий асарнинг қанчалик ҳаёт кўзгуси бўла олишида, деб ўйлайман. Михаил Шолохов ўз даврида бир «салбий қаҳрамон» тилидан миллионларнинг дилидагини ёзган экан, орадан унчалик кўп вақт ўтмасданоқ ҳаммаси ўз исботини топганига қойил қоласан киши.

Демак, ижобийми, салбийми – қайсидир қаҳрамонингиз тилидан бўлсада, бор ҳақиқатни ошкор этсангиз, ёзган асарингиз умрибоқий бўлишига шакшубҳа йўқ. Адабиётнинг ўзига хос мезони ҳам ана шундадир.

м3

Тўлқин ЭШБЕК

“Огоҳ” газетаси, 2005 йил 4 ноябрь

Вам может также понравиться...

Ответов: 4

  1. Зокирова Мадина:

    Устознинг мангу мактаби
    Ушбу мақолани ўқиб устоз Озод Шарафиддинов ижодига бўлган ҳурматим, меҳрим кучайди ва ўзим билмаган маълумотларга эга бўлдим.
    Озод Шарафиддинов ижодини чуқурроқ ўрганиш ҳар бир ёш авлоднинг бурчидир.

  2. Baratjonova Janona:

    Ozod Sharafiddinov deganda ko’z o’ngimda o’zbekning mard o’g’loni, adabiyotimizning zabardast vakili va hech qachon takrorlanmas buyuk inson ko’z oldimga keladi. Ushbu maqolani o’qib ularga bo’lgan e’tiborim va qiziqishim yanada ortdi. O’zim bilmagan ko’plab ma’lumotlarga ega bo’ldim. Ushbu maqola uchun To’lqin Eshbek ustozimizga katta rahmat.

  3. Ozod Sharafiddinov bu ustoz haqiqiy o’zbek farzandi. Jasoratli buyuk siymo. O’zbek xalqining faxrlaridan biri, bu ustoz haqidagi maqola uchun To’lqin Eshbek domla sizga katta rahmat. Buyuklarni yod etmoq bizning burchimiz.

  4. Shubxasiz Ozod Sharafiddinov. Xaqiqiy õzbek õğloni. Bu insonda nafaqat bilim balki vatanga bõlgan muxabbat, xalqni ardoqlash kabi buyuk xislatlarni õrgansak arziydi.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *