ЎзМУдан таралган нур
Зиёлилар зиё нурин таратиб яшар!
Кўп танқид эшитсак-да, яхши ишларимиз, ютуқларимиз барибир кам эмас.
Камчилик деганлари кўзга яққол ташланиб қолади. Ютуқларинг эса — ҳаёт воқелигига айланиб бораверади. Улар ҳақида гапириш — мақтанчоқликдек туюлаверади. Камтарга камол, деганларидек, ютуқларимизни жимгина ичимизга ютиб кетаверамиз.
2001-2003 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабаларига «Таҳририят ишини ташкил этиш», «Ахборот хизматлари» фанларидан дарс берган эдим. Ўша курсда истеъдодли талабалар кўп эди. (Ўша кезларда ўқиётган талабалар илгарироқ Журфак декани бўлган профессор Файзулла Мўминов даврида ўқишга қабул қилинган эди. Мен кўрган ва билган деканлар орасида раҳматли Анвар Шомақсудов, Феликс Нестеренко ва Бикир Мамутовдан кейин энг тозаси шу Устоз бўлди. У ўқишга қабулда истеъдодли йигит-қизларга кўпроқ имконият яратган, баъзи пулдорларнинг нопок пулига учиб факультетни билимсиз болалар билан тўлдириб ташламаган!) Ўқиш давомида, сессия пайтлари бирор талабадан пул олиш деган иллатга мутлақо йўл қўйилмасди.
Ўша пайтларда ўқишни тамомлаган Беҳзод Шукуров «Ахборот хизматлари» мавзуида Битирув-малакавий ишини аъло баҳога ёқлаган. Унинг илмий раҳбари мен бўлганим боис баъзи ҳамкасбларим Беҳзодга анча-мунча қитмирлик қилгани эсимдан чиқмайди… Бугун Беҳзоджон юқори идоралардан бирида шу йўналишда масъул лавозимда фаолият кўрсатаётгани билан фахрланаман.
Улардан кейинги курсда ҳам истеъдодли талабалар кам эмасди. Уларни бир куни Қибрай туман газетаси таҳририятига олиб борганим, у ерда бўлган ажиб воқеа-ҳодисалар ҳамон ёдимда. Ўша курсда ўқиган ва бугунги кунда «Тошкент ҳақиқати» газетаси Бош муҳаррири Ғайрат Шералиевнинг телеграм каналида қуйидаги дил сўзларини ўқиб, хурсандлигимдан кўзимдан ёш чиқиб кетди. (Фарзандларининг камолидан ота-она қанчалик қувонса, Устозлари ҳам ундан кам севинмас экан-да).
Мана, вужудимни титратиб юборган хат:
«…Журналистика факультетини тамомлаганимизга шу кунларда 15 йил тўлди.
Ўтган шу қисқа вақт ичида сафимиздан кўплаб маҳоратли журналистлар, таҳрир ва стилистика усталари, нозиктаъб ноширлар, филолог олимлар, қўйингки, Президент Администрациясидан тортиб, Сенат девони масъул ходимларигача етишиб чиқишди. Сафимиздан чиққан бош муҳарриру ва бошқа бош муғомбирларни санасак, бармоғимиз етмайди… Кўз тегмасин!
Мана, куни кеча яна бир қувончли ҳабарни нишонладик. Курсдошлар орасида «кичкина» номи билан маълуму машҳур бўлган қадрдонимиз Қобулжон Аҳмедов «Ёшлар» телерадиоканалига бош директор этиб тайинланди.
Умуман, курсимизда иккита кичкина бор эди — мену Қобулжон. Сабабки, биз мактабга олти ёшдан бориб, ҳамиша ўзимиздан катталар билан ўқидик. Шу катталарнинг орасида юриб, шуларга интилиб, хизматларини қилиб, дуоларини олиб кам бўлмадик, назаримда.
Мана, бир мисол. Ўн беш йиллик учрашувимизда эски одатига кўра, Қобулжон алоҳида хизматлари учун курсдошларни обдон хурсанд қилиб, дуосини олди, покиза ва самимий дуолар эса натижасини кўп куттирмади…
Масъулиятли вазифада катта омадлар ёр бўлсин, Кичкина!
Йигирма йиллик учрашувимизга янги ва янги ижтимоий мавқеларда тайёр бўлиб тургинки, илло, дуонинг катталари ўшанда бўлғай!
Дарвоқе, Сиз ҳам дўстларингиздан дуо олиб туринг, қадрли ўқувчим!»
Ғайратжоннинг ўзига ҳам омад тилаган ҳолда навбатдаги хушхабарни эътиборингизга ҳавола этамиз:
«Ёшлар» телеканалига директор тайинланди
Фото: Қобулжон Аҳмедов
Қобулжон Аҳмедовга омад тилаб қоламан. Албатта улардан ўрнак олсак арзийди. Биз журналистлар ҳам келгусида улардек моҳир журналист бўлиб етишиш учун ҳаракатидамиз ва шу мақсадда илм оляпмиз. Бизга билим, сабоқ бераётган , йўл кўрсатаётган Устоз Домлаларимизга Ташаккур дейман.
Фарзандларининг камолидан ота-она қанчалик қувонса, Устозлари ҳам ундан кам севинмас экан-да).
Ўқинг аъло бўлинг доно дейди бизга Дониш Домла!
Маданияти, маънавияти юксак булган юртнинг иктисодиёти ривожланади…