Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах
филиали очилишини вилоят жамоатчилиги катта мамнуният билан қарши олди.
Айни пайтда мамлакатимиз етакчи олий таълим муассасасининг филиали учун зарур шароит яратишда вилоят ҳокимлиги ва жамоатчилик яқиндан кўмаклашмоқда. Энг аввало, филиал таълим стандартларига жавоб берадиган бино билан таъминланди. Муассаса учун Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежининг шаҳар марказида жойлашган замонавий биноси танланиши биринчи катта қулайлик бўлди.
Энг муҳими, филиалга ҳужжат топшириб, талабалик бахтига мушарраф бўлганларни қўллаб-қувватлаш учун вилоят ҳокими томонидан қатор имтиёз ва рағбатлар жорий этилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалида тўлиқ “5” баҳога ўқийдиган талабаларга вилоят ҳокимининг махсус стипендияси берилади. “Аъло” баҳога контракт асосида ўқийдиган талабаларнинг контракт тўловлари ҳомийлар томонидан тўланади.
Шунингдек, бир йилда бир маротаба барча талабалар қишки ва ёзги кийимлар билан бепул таъминланади.
Ётоқхонада яшайдиган талабалар учун нонушта, тушлик ва кечки овқат 4 йил мобайнида ҳомийлар томонидан етказиб берилади. Бундан ташқари, яхши ўқийдиган талабаларни бир йилда бир маротаба Япония, Россия ва Жанубий Кореяда бир ойлик малака оширишга юбориш йўлга қўйилиши ҳам режалаштирилган.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/talabalar-uchun-viloyat-okimi-stipendiyasi-zhoriy-etildi-17-07-2019
Сўнгги фикрлар