Таълим соҳаси қачон шаффоф бўлади?

Ўзбекистон телевидениеси “Маҳалла” каналида “Халқ билан мулоқот”

кўрсатувининг навбатдаги сони таълим соҳасидаги ислоҳотлар, қабул жараёнлари ва коррупцияга қарши кураш мавзуига бағишланди.

Таниқли тележурналистлар Рўзибой Қўлдошев ва Лазизжон Исмоилов бошловчилик қилган кўрсатувда таълим соҳасида амалга оширилаётган хайрли ишлар билан бир қаторда илму-маърифатимиз тараққиётига тўғаноқ бўлаётган иллатлар, коррупция илдизлари ва турли кўринишлари ҳақида очиқ-ойдин баҳс-мунозаралар бўлди.

Таниқли журналист Сафар Остонов, филология фанлари номзоди, доцент Раҳимбой Жуманиёзов ва бошқа соҳа мутахассислари бу мавзудаги мухтасар фикрларини баён этдилар.

1 2 3 4

Менинг фикримча, ҳар бир мактабда тахминан 25 нафар ўқувчидан 5 нафари аъло баҳоларга ўқийди. Ана шу иқтидорли ўғил-қизлар олий ўқув юртларига қабул қилинса, ҳеч қанақа муаммо бўлмайди. Ҳозир муаммо шундаки, аълочи ўғил-қизларнинг ота-оналари фарзандларининг билимли эканини биладилар ва ўқишга ўз кучи билан киришларига ишонадилар. Мактабда “4” ёки “3” баҳога ўқийдиганлар кўпроқ турли касб-ҳунарларга қизиқадилар. Уларни ўз хоҳишига қараб касбга йўналтирсалар, албатта ҳаётда муносиб ўрниларини топиб кетадилар. Афсуски, баъзи болаларнинг ота-оналари ана шу ўқишни истамайдиган болаларини турли қинғир йўллар билан олий ўқув юртларига жойлаб кетмоқда. Улар аввало ўз фарзандларига жавр қилишмоқда. Боласи 4 йил ёлчитиб ўқимайди ва дипломини олгач, уни сандиққа ташлаб, ўзи хоҳлаган ишини қилиб кетмоқда. Эсиз шунча умр, шунча пул… бекорга ҳавога учмоқда. Ундан ачинарлиси, саноқли квота-ўринларни – иқтидорли ўқувчиларнинг ўрниларини эгаллаб, хор қилмоқда. Демак, бу иллатга қарши курашда аввало ота-оналар хатога йўл қўймасликлари зарур.

Менинг бу фикримни қўллаб-қувватлаган устоз журналист Сафар Остонов Норвегия тажрибаси ҳақида ажойиб фикрларини айтди. Бу мамлакатда аълочи ўқувчиларни мактабдаги баҳолари ҳамда тарбиясига қараб олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилишар экан!

Кўринишидан анча ёш, тажрибаси ҳаминқадар бўлса-да ўқишга қабулда жавлон ураётган бир укамиз ўзининг кимлигини кўрсатиб шундай деса бўладими: “Мен домланинг гапига қаршиман! Мактабда “3” баҳога ўқиб, олий ўқув юртига киргач, Президент стипендиясини қўлга киритганлар кўп!..”

Тавба, дейман ичимда, мен таниган-билган коррупционерларнинг барчаси шунақа фикрлашади-я. Мактабда “3” баҳога ўқиган, исминиям тўғри ёзолмайдиган бола аввало қандоқ қилиб ўқишга киради? Жавоби аниқ, уни катта пора эвазига киритиб қўядилар. Кейин умри шунақа қинғирликлар билан ўтади.

Ўзи, қабулда ишлайдиганларнинг аксарияти шунақа фикрлайдиганлар, “3” га ўқиганларни катта пора эвазига ўқишга жойлаш учун курашадиган коррупционер бўлади, деган гапни ҳеч қачон айтмайман! Буни қарангки, қабулда ишлаётган ёш домла шунча ёши улуғ ва тажрибаси катта профессор-ўқитувчиларнинг тўғри гапига қарши экан, демак, бунинг ҳам тагида бир гап бўлса ажабмас…

Халқ билан мулоқотнинг меваси шу – фикрдан фикр униб, ҳақиқат ва шаффофлик сари ҳаракатлар давом этаверади.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Олтин қалам” мукофоти совриндори

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *