Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлар

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлар

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида бизнес юритиш тартиб-таомилларини сезиларли даражада соддалаштириш, инфратузилмани яхшилаш ва молиявий манбаларни кенгайтириш орқали тадбиркорликнинг изчил ўсиши таъминланмоқда.

Аҳолининг турли қатламларини, шу жумладан, ёшлар, кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож фуқаролар ҳамда кичик корхоналарнинг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Биргина “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун 7,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шу билан бирга, бир қатор ҳал этилмаган муаммолар сақланиб қолмоқда, айниқса, ер участкаларини ажратиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда, тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш инфратузилмасидан, кредит ва бошқа молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини таъминлашда бюрократик тўсиқлар ва сансалорликлар учрамоқда.

Мансабдор шахслар давлат ҳимоясида бўлган хусусий мулкнинг дахлсиз эканлигини, ҳар қандай важ билан хусусий мулкни, шу жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкни олиб қўйиш, асосли заруратсиз мулкни бузиб юбориш ғайри ҳуқуқийлигини англаб етмаяпти ҳамда ер участкаларини ажратишда ўзбошимчаликларга йўл қўймоқда, бу эса мулкдорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатларини кучайтириш ва бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйганлиги учун ушбу масъул шахсларнинг жавобгарлигини оширишни тақозо этмоқда.

Кўрсатиб ўтилган камчиликлар комплекс ва тезкор ҳал этишни, барча даражадаги давлат органларининг ягона услубий раҳбарлик остида ўзаро мувофиклаштирилган ҳамкорлик қилишини, хусусий мулкнинг ишлаши, ер участкаларини реализация қилиш, тендер савдоларини ўтказиш ҳамда давлатга тегишли бўлмаган бино ва иншоотларни бузишга оид аниқ ва лўнда ҳуқуқий нормаларни яратишни, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашни, аҳолининг кенг қатламларини бизнес билан шуғулланишга фаол жалб этишни талаб этади.

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча туртки бериш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, жойларда ижтимоий қамров даражасини ошириш мақсадида:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – «Давергеодезкадастр» қўмитаси) ва уларнинг худудий бўлинмалари ҳамда бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг хусусий мулкнинг дахлсизлиги, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва янада кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисидагинормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилсин.

Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (кейинги ўринларда – Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил):

хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан, мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка, жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш, мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан, мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш, шунингдек, мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат (контроль) ўрнатсин;

мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўрсин.

2. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу Фармон қоидаларини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларига, шу жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мулкдорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, мулкдорларга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдонининг бозор қийматида тўлиқ қопланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

3. Қуйидагилар барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг муҳим вазифалари этиб белгилансин:

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг сўзсиз бажарилиши, мулк ва бошқа мулкий ҳуқуқлар бузилишига йўл қўйилмаслиги тамойилларига қатъий риоя қилинишини таъминлаш;

аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, барқарор ривожланаётган тадбиркорлик субъектлари сонини янада кўпайтириш бўйича тизимли чоралар кўриш, шунингдек, ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлар билан ишлашни кучайтириш;

фаолият кўрсатмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва нотураржой объектлари негизида кичик саноат зоналарини ташкил этиш, ер участкаларини белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион орқали ажратишда кўмаклашиш;

тадбиркорлик субъектларининг молиявий, товар ва хом ашё ресурслари, муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши, инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларни ўзлаштиришида амалий ёрдам кўрсатиш;

тадбиркорлик субъектлари учун мавжуд имкониятлар, имтиёзлар ва бошқа молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида, давлат идораларининг расмий веб-сайтларида мунтазам равишда ёритиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда консультатив ёрдам ва ахборот жиҳатдан таъминлаш, тадбиркорларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича жойларда семинар-тренинглар ўтказиш;

тадбиркорларга бизнес форумлар, кўргазмалар ва ярмаркаларни ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашиш, уларда маҳаллий ва хорижий тадбиркорлик субъектларининг кенг иштирокини таъминлаш;

тадбиркорларга ишончли шериклар ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари учун янги бозорларни топишда, экспорт салоҳиятини оширишда амалий ёрдам кўрсатиш.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқлансин:

тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш;

тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай шаклда қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш ишларига) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;

тадбиркорлик субъектлари иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

5. 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларигаберилсин.

6. 2020 йил 1 мартдан кучга кирадиган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни (кейинги ўринларда – Қонун) қабул килинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент (кейинги ўринларда – ҳуқуқий эксперимент) ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар ҳуқуқий экспериментнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

қонунийлик, ихтиёрийлик, ҳақ тўлаш, хусусийлаштириладиган ер участкаларининг ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бирлиги, ер участкаларини хусусийлаштиришнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларининг самарадорлигини аниқлаш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш механизмларини амалда қўллаш самарадорлигини баҳолаш;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш соҳасидаги давлат бошқарувини амалга оширувчи давлат органларининг ваколатларини уларнинг амалий самарадорлиги, тартибга солинадиган муносабатлар соҳаларини тўлиқ қамраб олиниши жиҳатидан мониторинг ўтказиш;

ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш ва аҳолини бизнес билан шуғулланишга жалб қилиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

бир ой муддатда Қонуннинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган зарур ҳужжатлар, шу жумладан, Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни қабул қилсин;

икки ой муддатда Сирдарё вилояти ҳудудларининг режалаштириш схемаситасдиқланишини таъминласин;

оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, аҳоли ўртасида ҳуқуқий эксперимент амалий ижросининг боришини мунтазам равишда ёритиб борсин;

ҳуқуқий эксперимент натижаларига кўра, 2020 йил 5 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ва уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш бўйича таклифлар киритсин.

9. 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини, шу жумладан, таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари бундан мустасно), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият, хусусан кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари ва кинолаштириш объектлари, шунингдек, давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкаларидан(кейинги ўринларда – фойдаланилмаётган активлар) доимий фойдаланиш ҳуқуқини хўжалик фаолиятига жалб қилиш ва сотиш тартиби жорий этилсин. Унга мувофиқ:

фойдаланилмаётган активларнинг мулкдорлари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Давергеодезкадастр» қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг тегишли сўрови келиб тушган вақтдан бошлаб икки ой муддатда балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилоти (агар мавжуд бўлса) билан келишилган, фойдаланилмаётган объектлар ва бўш турган ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича “йул харитаси”ни (кейинги ўринларда – “йўл харитаси”) тақдим этиши шарт;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган объектларни хўжалик фаолиятига жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан “йўл харитаси” тасдиқланади;

фойдаланилмаётган активларнинг балансда сақловчиси томонидан “йўл харитаси” тақдим этилмаган ёки унда назарда тутилган фойдаланилмаётган активлардан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган муддатда бажарилмаган ёхуд “йўл харитаси”ни тасдиқлаш рад этилган ҳолларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўз ваколатлари доирасида фойдаланилмаётган активларни олиб қўйиш ва сотиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

10. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, «Давергеодезкадастр» қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги тартибларни ўрнатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

а) тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкалари бериш ҳоллари бундан мустасно.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ушбу тартибни бузганлик учун шахсий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилсин;

б) жисмоний ва юридик шахсларга “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимида аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учунжойлаштириш тўғрисида таклифлар киритиш ҳуқуқи берилади.

«Давергеодезкадастр» қўмитаси тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун таклиф қилинадиган ер участкаларининг жойлашуви тўғрисидаги ахборотлар Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар порталида ва ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб борилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу банддаги қоидаларни ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этишнинг янги тартибини жорий этишга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин ва унда жумладан қуйидагиларни назарда тутсин:

«Давергеодезкадастр» қўмитаси органлари томонидан “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотларнинг мустақил киритилиши;

ер участкаларини танлаш бўйича материалларни ваколатли органларга келишиш ва хулоса бериш учун автоматик тарзда юбориш;

ер участкаларини танлаш бўйича материалларни келишиш пайтида қурилишга рухсат берилган ёки тақиқланган объектлар турларини аниқлаш, архитектура-режа топшириғини ишлаб чиқиш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун техник шартларни тақдим этиш;

ер участкаларини танлаш бўйича материаллар юзасидан муайян давлат органлари хулосаларини олиш талабини бекор қилиш;

келишув ва ижобий хулосалар берилгандан сўнг қўшимча қарорларсиз ер участкаларини “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон онлайн-аукционга қўйиш;

электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома асосида ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш, шунингдек, аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш тўғрисидаги қарор ўрнига Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма бериш.

11. Жаҳон банки томонидан тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш, аҳолининг кенг қатламларини бизнес юритишга жалб қилиш ва бошланғич капиталдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш бўйича давлат органи сифатида тавсия этилганЎзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кичик бизнес ва тадбиркорликни, хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидагифаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этиш;

ишбилармонлик муҳитининг жорий ҳолатини ўрганиш, шу жумладан, сўровномалар ўтказиш асосида, ҳамда ер участкалари тақдим этиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш тартиб-таомилларини соддалаштириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш инфратузилмаси, бошқа моддий-хом ашё ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

бизнесни кенгайтиришни рағбатлантиришга, қўшимча қиймат яратишнинг яхлит занжирларини шакллантиришга, замонавий технологияларни ўзлаштиришга, экспортни кўпайтиришга, доимий иш ўринларини яратишга йўналтирилган натижага қаратилган воситаларни жорий этиш;

йирик ишлаб чиқарувчилар томонидан кичик ва ўрта корхоналар – оралиқ товарлар ва хизматлар (хом ашё, бутловчи қисмлар ва бошқалар)ни етказиб берувчилар фаолиятини, шу жумладан, тижорат банкларида мақсадли депозитлар очиш ҳисобига молиялаштириш механизмларини жорий этиш;

кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, аҳолининг заиф қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларигакафилликлар ва кафолатлар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш;

кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қонунчилик, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича номолиявий қўллаб-қувватлаш (бепул телефон ва онлайн-маслаҳат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес-инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар) тизимини шакллантириш;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича кабулхоналари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни тайёрлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилиш.

12. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик республика давлат бошқаруви органи бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига бўйсунади.

13. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлигининг:

“Микрокредитбанк” АТБ ва “Халқ банки” АТБни “оилавий тадбиркорлик”ни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштирувчи банклар этиб белгилаш;

“оилавий тадбиркорлик”ни ривожлантириш ва, умуман, аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш давлат дастурлари доирасида аввал ажратилган кредитлар ҳисобига бўшайдиган маблағларни “Микрокредитбанк” АТБ ва “Халқ банки” АТБга кейинчалик кредит бозорида бузилишларни бартараф этиш, пул маблағларидан тенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш ва мақсадли молиявий ресурслардан фойдаланишдан ижтимоий-иқтисодий самарани ошириш мақсадида кичик бизнес ва тадбиркорликни бозор шароитларига яқин ставкаларда кредитлаш учун йўналтириш.

Молия вазирлиги Агентлик ва манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш имконияти чекланган аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини талаб мавжуд бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича ўқитишга, уларни ижтимоий ва номолиявий қўллаб-қувватлашнинг янги воситаларини жорий этишга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳасини ушбу тадбирларни “оилавий тадбиркорлик”ни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида илгари берилган кредитларни “Микрокредитбанк” АТБ ва “Халқ банки” АТБларига жойлаштиришдан тушган қўшимча даромадлар ҳисобига молиялаштиришни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги:

а) 2019 йил охирига қадар қуйидагиларни:

мижозларнинг кредитга лаёқатлилигини баҳолашга асосланган ҳамда уларга жойлашган жойи ва тижорат банклари филиалларида молиявий ресурсларнинг мавжудлигидан қатъи назар тадбиркорлик фаолияти учун кредитларни соддалаштирилган тартибда ва тенг шартларда жалб қилиш имконини берувчи “бир хил” (намунали) банк маҳсулотлари – “модул”ларни ишлаб чиқишни ва кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига банк хизматларини кўрсатиш амалиётига жорий этишни;

тижорат банкларининг кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш бўйича алоҳида таркибий бўлинмаларини ташкил қилишни, ажратилаётган кредитларнинг мақсадлилиги ва самарадорлигини таъминлаш юзасидан ушбу бўлинмалар ходимларининг жавобгарлигини, шунингдек, молиялаштирилаётган лойиҳаларни амалга ошириш натижаларига қараб уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш тизимини кучайтиришни;

Сирдарё ва Андижон вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида мижозларга тезкор хизмат кўрсатиш учун ихчам “банк хизматлари офислари”ни ташкил қилиш, кейинчалик республиканинг барча шаҳарлари ва туманларида уларнинг тармоғини кенгайтириш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишни таъминласин;

б) икки ой муддатда банк хизматлари менежменти ва тизимини тубдан ислоҳ қилиш, шунингдек, банк секторини давлат тасарруфидан чиқариш бўйича қуйидагиларга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин:

тижорат банкларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш ва унинг самарадорлигини ошириш;

тижорат банкларининг мижозга қаратилганлик даражасини ошириш, уларда самарали инфратузилма яратиш ва янги хизмат турларини, шу жумладан, ахборот технологияларини жорий этиш;

тижорат банкларининг операцион харажатларини оптималлаштириш;

тижорат банкларига кредитлар ҳажми ва уларнинг фоиз ставкаларини мавжуд талабга асосан мустақил равишда белгилаш ҳуқуқини берган ҳолда имтиёзли фоиз ставкалари билан кредитлар ажратиш амалиётини бекор қилиш;

давлат улуши иштирокидаги тижорат банкларини халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматлар молиявий ташкилотлари ва консалтинг компаниялари иштирокидаги, бозор тамойиллари асосида ишлайдиган универсал банкларга трансформация қилиш.

15. 2019-2020 йилларда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

16. “Кафолат суғурта компанияси” АЖ:

Агентлик, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ўзининг қуйи бўғиндаги бўлинмалари томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида хизматларни, шу жумладан, тадбиркорлик таваккалчилиги, гаров, лизинг, асбоб-ускуналар, юклар, жавобгарлик ва бошқаларни суғурта қилиш масалалари бўйича мунтазам равишда семинарлар ва тренинглар ташкил этилишини таъминласин;

тижорат банклари билан биргаликда тадбиркорлик таваккалчилигини суғурта қилиш шартларида кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига берилган кредитнинг гаров таъминоти билан қопланмаган қисмини кредит қайтмаслик хатари бўйича суғурталашни амалга оширсин;

Агентлик билан биргаликда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, 2019 йил 1 октябрга қадар кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг суғурта хизматларини олиш учун сарфлайдиган харажатлари ва вақтини қисқартиришга қаратилган тадбиркорлик таваккалчилигини суғурта қилиш шартларидаги замонавий суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқсин ва жорий этсин.

17. Белгилансинки, молиявий йил учун барча турдаги кредитнинг қайтмаслик хатарини суғурталаш (кредитлар ва лизинг операциялари бўйича тадбиркорлик таваккалчилигини суғурталаш) шартномалари бўйича суғурта қопламаларининг умумий миқдори “Кафолат суғурта компанияси” АЖ ўз капиталининг 10 фоизидан ошган тақдирда, компаниянинг ўз капитали 10 фоизидан ортиқ миқдоридаги зарари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ҳар чоракда “Кафолат суғурта компанияси” АЖ Кузатув кенгашида кредитнинг қайтмаслик хатарини суғурталаш (кредитлар ва лизинг операциялари бўйича тадбиркорлик таваккалчилигини суғурталаш) шартномалари бўйича суғурта қопламаларининг ҳажмлари ва улар бўйича кутилаётган йўқотишлар тўғрисидаги жамият ижро этувчи органининг ҳисоботи эшитилишини таъминласин.

18. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва Агентлик 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, маълум сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларини ҳисобга олишнинг ягона ёндашувини;

тадбиркорлик субъектларининг демографияси, шу жумладан, уларнинг фаолият даври бўйича статистик маълумотлар шакллантирилишини;

ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига ўз фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминласин.

19. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бош вазир қабулхоналарининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ўз фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолиятини тиклаш ва унга жалб қилиш, тегишли ҳудудда уларнинг сонини ошириш юзасидан рағбатлантириш ва жавобгарлигини кучайтириш тизими жорий этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу бандни амалга ошириш механизмлари тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

20. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда вилоятнинг олий ўқув юртларига ўтказилаётган касб-ҳунар коллежлари негизида, шу жумладан, хусусий сектор иштирокида тадбиркорлик, маркетинг ва бизнесни бошқариш каби бизнес йўналишлари бўйича ўқитиш учун Ўзбекистонда “Binary” (Малайзия) халқаро менежмент ва тадбиркорлик университетининг филиалини очиш масаласини кўриб чиқсин.

21. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов бир ой муддатда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган долзарб муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари орасидан жамоатчилик кенгашлари тузилишини ҳамда ушбу кенгашлар тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланишини таъминласин.

Белгилансинки, тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари йиғилишларида айтилган (тақдим этилган) таклифлари ва ташаббуслари кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уларнинг амалда бажарилишини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда Агентликка юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига ташкил этиладиган жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

22. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг иқтисодий ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари тизимли равишда:

Агентлик билан биргаликда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши, ижро этилиши ва мониторингини ташкил қилади;

ҳар ҳафтанинг душанба, сешанба ва чоршанба кунлари туманлар ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятнинг тегишли органлари билан биргаликда кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида маҳаллаларга чиқишни ташкиллаштиради;

Агентликка кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек, ҳудудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун зарур хизматлар кўрсатадиган тегишли бозор инфратузилмасини шакллантириш бўйича таклифлар киритади.

23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) этиб қайта ташкил қилинсин ва Агентлик таркибига ўтказилсин.

24. Белгилаб қўйилсинки:

а) кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш Жамғарма томонидан бош битимлар асосида ваколатли тижорат банклари орқали миллий ва хорижий валютада амалга оширилади;

б) кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш асосан кафилликлар ва кафолатлар шаклида, бошқа ҳолларда эса тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар шаклида амалга оширилади;

Агентлик Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда бир ой муддатда умумқабул қилинган методика асосида кафилликлар ва кафолатлар, шунингдек, тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар шаклида молиявий кўмак олувчи салоҳиятли қарздорлар – кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини танлашнинг аниқ мезонларини тасдиқласин;

в) кафолатлар ва кафилликлар, шунингдек, тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар молиявий ресурсларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига уларнинг белгиланган мезонларга мос келадиган тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун тадбиркорлик фаолиятининг барча йўналишларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун тақдим этилади, қуйидагиларни назарда тутувчи кредитлар бундан мустасно:

илгари олинган кредитлар ёки бошқа ҳар қандай қарзни қайтариш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

савдо-воситачилик ва умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини шакллантириш;

савдо ва умумий овқатланиш объектларини қуришни молиялаштириш;

нобанк кредит ташкилотлари ва лизинг компанияларининг ресурс базасини шакллантириш;

қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил қилиш, шунингдек, ушбу мақсадлар учун ускуналар сотиб олиш;

д) қуйидагилар молиявий кўмак олиш учун асослантирилган аризаларни Жамғармага тақдим этиш юзасидан масъул ташкилотлар ҳисобланади:

кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари буюртмалари бўйича –тижорат банклари;

аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари буюртмалари бўйича –туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлинмалари масъул ҳисобланади.

25. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

а) Жамғарма ҳисобидан тижорат банкларининг кредитлари бўйича кафилликнинг энг кўп миқдорини кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорда сақлаб қолган ҳолда, унинг миқдорини 2 миллиард сўмдан 8 миллиард сўмгача кўпайтириш;

б) Жамғарма томонидан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига:

суммаси 10 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган миллий валютадаги кредитлар учун – қайта молиялаш ставкасидан ошадиган, лекин 5 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисми;

эквиваленти 10 миллиард сўмдан ошмайдиган хорижий валютадаги кредитлар учун – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 30 фоизигача, лекин 3 фоизпунктидан кўп бўлмаган миқдорда тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим этиш.

Белгилаб қўйилсинки, ушбу банд талаблари тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Жамғарма томонидан тақдим этиладиган кафилликлар ва компенсацияларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг аввал қабул қилинган ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланганшартларига татбиқ этилмайди.

26. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда:

“Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини белгиланган тартибда киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўрсин;

бошқарув қарорларини қабул қилиш бўйича ислоҳотларни амалга оширишни мувофиқлаштириш учун мамлакат ҳудудларига юборилган вазирлик ва идоралар вакилларининг роли ва ваколатларини қайта кўриб чиқсин.

27. Вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни талабларига қатъий риоя қилган ҳолда тадбиркорлик субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг жалб этиш орқали барча давлат буюртмачилари томонидан давлат харидларининг шаффофлиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича самарали чораларни кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қонунга мувофиқ бўлмаган топшириқлари, шу жумладан, қонунда кўзда тутилмаган, ягона етказиб берувчидан тўғридан-тўғри харид қилиш имконини кўзда тутувчи баённомалар шаклидаги топшириқларни киритиш амалиёти қатъиян тақиқлансин;

давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тақиқлансин.

28. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ахборот тизимларини интеграция қилган ҳолда корпоратив буюртмачиларнинг амалга оширадиган давлат харидлари бўйича тўловлар ҳисобини юритиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

29. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва «Давергеодезкадастр» қўмитаси икки ой муддатда ўз тузилмаларини функционал жиҳатдан такомиллаштириш ва қуйидагилар билан боғлиқ айрим ваколатларни ҳудудий бўлинмаларга ўтказишни назарда тутган ҳолда, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида уларнинг ҳудудий бўлинмалари роли ва масъулиятини ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

қурилиш объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, қабул қилиш, фойдаланиш ва таъмирлаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қурилиш инспекциясини амалга ошириш, бошқа турдаги давлат хизматларини кўрсатиш;

ер тузишни ташкил этиш, ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер ресурсларини ҳисобга олиш, баҳолаш ва мониторинг қилиш, ушбу соҳада тизимли давлат назоратини амалга ошириш, бошқа турдаги давлат хизматларини кўрсатиш.

30. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини киритишда тадбиркорлик фаолияти соҳасида ички ва ташқи инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантиришга қаратилган меҳнат муносабатларини такомиллаштириш бўйича нормаларни назарда тутсин.

31. “Ўзстандарт” агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда олти ой муддатда халқаро ва миллий стандартларга мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар)нинг миллий классификаторини ишлаб чиқсин.

32. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ–4231-сон қарори билан ташкил этилган Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир ишларни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясига ушбу Фармонда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишларни самарали ташкил этиш ҳамда чора-тадбирларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш вазифаси юклансин.

33. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5679-сон Фармони 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

34. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 2019 йил 1 октябрдан кучга кирадиган қўшимча ва ўзгартиришлар 2-иловага мувофиқ киритилсин.

35. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги:

бир ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

36. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 13 август

http://uza.uz/oz/politics/khususiy-mulkni-imoya-ilish-va-mulkdorlar-u-u-larining-kafol-14-08-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *