Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш, таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, инновацион илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш орқали мамлакатда таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлашмаганлиги, ўқув жараёнига Ўзбекистоннинг Миллий квалификация тизими тўлақонли жорий этилмаганлиги тайёрланаётган кадрларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига тўсқинлик қилмоқда.

Профессионал таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда мазкур жараёнга иш берувчиларни кенг жалб қилиш мақсадида:

1. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (кейинги ўринларда – Халқаро таснифлагич) даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар:

Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасалари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида олий таълим тизими билан интеграциялашган ўрта махсус профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган, олий таълим муассасалари ҳузурида фаолият юритадиган таълим муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ;

Касбга ўқитиш марказларини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимига ўтказиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

Олий таълим муассасалари қувватларини ошириш, истиқболда хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларини ташкил этиш учун бериладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати 5-иловага мувофиқ;

Олий таълим муассасаларининг кўп тармоқли ўқув марказлари ва амалиёт полигонларини ташкил этиш учун бериладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати 6-иловага мувофиқ;

Бинолари умумий ўрта таълим муассасалари сифатида фойдаланиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига зарур ҳолларда ушбу банд билан тасдиқланган рўйхатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларига Халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилади;

б) тизимда мос равишда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади;

в) касб-ҳунар мактабларида:

кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади;

таълим олаётган ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади. Бунда касб-ҳунар мактаблари ўқувчиларни уч маҳал овқат билан таъминлаш ёки мазкур овқат пулларини уларга тўлаб бериш ҳуқуқига эга;

жорий сақлаш, фаолиятни юритиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

г) коллежларда:

кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

жорий сақлаш, фаолиятни юритиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш харажатлари тегишли вазирлик, идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

д) техникумларда:

кадрлар тайёрлаш Халқаро таснифлагичнинг камида 3 ёки 4-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади;

жорий сақлаш, фаолиятни юритиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва кадрлар тайёрлаш харажатлари тегишли вазирлик, идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

е) касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларга идоравий бўйсунувидан қатъи назар ўқув-методик раҳбарлик қилиш ҳамда бу соҳада давлат сиёсатини юритиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 январдан янги ташкил этиладиган бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларининг таъминотига, шу жумладан, уларнинг жорий сақланишига, фаолиятини юритишига, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга Давлат бюджети параметрлари доирасида зарур молиялаштиришни назарда тутсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари тугатилиши ҳисобига бўшайдиган маблағлар профессионал таълим тизимини молиялаштиришга йўналтирилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

а) икки ой муддатда Миллий квалификация тизимига мувофиқ Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторини қайта кўриб чиқсин;

б) илғор хорижий тажрибалар асосида:

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасида миллий квалификация рамкасини;

2020 йил 1 январгача иқтисодиётнинг барча тармоқлари учун Квалификацион рамкаларни;

2020 йил 1 апрелгача Миллий профессионал стандартларни ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

а) қуйидагиларни:

икки ой муддатда Узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълими тўғрисидаги низомни тасдиқлашни;

уч ой муддатда касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларнинг намунавий уставларини тасдиқлашни;

2020 йил 1 январгача ҳудудларда инвестицион лойиҳалар асосида яратилаётган иш ўринлари, кадрларга бўлган реал эҳтиёжлардан келиб чиқиб, таълим муассасаларининг ихтисослашувини инобатга олиб, мавжуд жиҳозларни қайта тақсимлашни;

2020 йил 1 апрелгача идоравий бўйсунувидан қатъи назар профессионал таълим муассасаларининг ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълим усталарини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги тизимини жорий этишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) 2020 йил 1 июнгача бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими учун таълим дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ҳамда вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва мавзуга оид кўрсатувларни ташкил этсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

  Ўзбекистон Республикаси

   Президенти                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 6 сентябрь

http://uza.uz/oz/politics/professional-talim-tizimini-yanada-takomillashtirishga-doir—06-09-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *