ЎзМУ ректори Сурхондарё мактабларида сабоқ бермоқда
Халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва
жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни ушбу масалага бағишланган видеоселектор йиғилишида олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, уларнинг кафедра ва деканатларини мактабларга бириктириш, яъни, улар мактабларни «оталиққа олиш»лари лозимлиги алоҳида қайд этилди. Бунда олий таълим муассасалари салоҳиятидан унумли фойдаланган ҳолда мактабларда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш кўзда тутилган эди.
Шу муносабат билан республикамизнинг бир гуруҳ вазирлик ва идоралари масъул ходимлари, олий таълим муассасалари ректорлари Сурхондарё вилояти мактабларига бориб, бу таълим масканларидаги муаммоларни ҳал этиш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш, тарбия соҳасида замонавий услубларни қўллаш ишларини ташкиллаштиришга яқиндан кўмаклашишга киришдилар. Улар вилоят мактаблари ва бошқа ўқув даргоҳларида ана шу муаммоларни самарали ҳал этиш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан интерфаол суҳбатлар ўтказмоқдалар.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, профессор Авазжон Мараҳимов Шеробод туманидаги 29 ва 2 мактабларда бир гуруҳ педагоглар билан суҳбатлашди.
– Мактаб ҳаёт-мамот ва келажак масаласи экан, уни самарали ҳал этишда барчамиз бир тан-у бир жон бўлиб курашмоғимиз зарур,– деди ЎзМУ ректори.– Бунинг учун мактаблардаги камчиликларни тузатиш, таълим сифатини назорат қилиш учун ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг иштироки таъминлашга жиддий эътибор қаратиш лозим. “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган тамойилга асосланган ҳолда ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун баҳамжиҳатлик билан курашаверамиз. Давлатимиз раҳбарининг қатъий саъй-ҳаракатлари билан мактаб ўқитувчисини моддий рағбатлантириш, унинг ҳаёт сифати даражасини ошириш масалалари ижобий ҳал этилаётган экан, ҳар бир педагог шунга яраша фаолият кўрсатиши даркор. Инчунин, ўқитувчи ва мураббийлар билим ва касб маҳоратини ошириш, жамоат ишларида фаол иштирок этиш, ҳалол меҳнати ва ташаббускорлиги билан бу касбнинг обрўсини ошириши кераклигини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.
Юзма-юз мулоқотларда оиладаги таълим-тарбия муҳити, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлиги масалалари юзасидан ҳам фикрлар билдирилди.
ЎзМУ ректори мактаб ўқувчиларига маънавий-маърифий мавзуда сабоқ берди.
– Биз ҳам мана шундай мактабда таълим-тарбия олиб улғайганмиз,– деди профессор Авазжон Мараҳимов.– Шу даргоҳда сиз ўз келажагингиз учун пойдевор яратасиз. Аввало пухта билим ўрганасиз, одобли бўлиб улғаясиз, касб танлайсиз. Аъло баҳога ўқиб, фан сирларини мукаммал эгаллашга интилганларга Миллий университетимиз ва бошқа олий таълим муассасалари ҳамиша мунтазир. Сиз қанчалик етук кадр, комил инсон бўлиб камолга етсангиз, жамиятимиз ривожига шунча самарали ҳисса қўшасиз.
ЎзМУ ректорининг “Ўқитувчи фахри – Устоз” мавзуида ўтказган интерфаол суҳбати ўғил-қизларда катта қизиқиш уйғотди.
Айтиш жоизки, айни дамларда ЎзМУ профессор-ўқитувчилари, факультет деканлари, кафедра мудирлари ҳам мактабларда ана шундай сабоқ беришни режалаштирган. ЎзМУ ва мактаблар ҳамкорлиги шу зайл давом этаверади.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Ахборот хизмат раҳбари
***
Ректор Сурхондарё мактабларида суҳбат ўтказмоқда
http://uza.uz/oz/society/rektor-surkhondarye-maktablarida-su-bat-tkazmo-da-09-09-2019
Сўнгги фикрлар