Билимсиз ўзига, маънавиятсиз эса халқи, ватанига зарар етказади

Юксак маънавият ҳақида кўп эшитганмиз, такрор-такрор гапирамиз.

Болаларимизни юксак маънавиятли этиб тарбиялашимиз керак, деймиз. Ҳа, фақат деймиз-у, аммо… натижа масаласида муаммога дуч келамиз. Чунки бугунги глобаллашув даври ёшлар тарбияси масаласини ҳам глобал муаммога айлантирди. Буни ҳал қилиш учун ҳар ким ўзича йўл тутмоқда.

Билимсиз ўзига, маънавиятсиз эса халқи, ватанига зарар етказади

Тарбия борасида кимдир “Олдин моддий ҳаёт, кейин маънавият” қабилида иш тутишни танлаган бўлса, яна кимдир бу масалани ўз ҳолига ташлаб қўя қолди. Оқибатда эса бутун жаҳон миқёсида ёшларнинг маънавий дунёси салбий томонга ўзгара бошлади. Жуда кўплаб мамлакатлар учун маънавият ва уни асраш масаласи энг жиддий, энг долзарб муаммолигича қолмоқда.

Глобаллашувнинг таъсир доираси шу қадар кенгки, у қамраб олмаган бирор-бир соҳа ёки йўналиш йўқ. У ҳатто тарбия масаласига ҳам таъсир кўрсатди. Илгари ҳам жисмонан, ҳам маънан етук, салоҳиятли авлодларни етиштиришга қодир бўлган халқлар ҳам бугун тарбия масаласида, ёшларнинг маънавий дунёси масаласида жиддий тўсиқларга дуч келаяпти. Чунки улар ўзлари танлаган йўлдан адашди. Глобаллашув адаштирди уларни.

Хўш, Ўзбекистонда бу масала қандай ҳал қилинмоқда? Мамлакатимизда таълим ва тарбия уйғунлиги таъминланганми?

Ҳа, бу масала ҳуқуқий-меъёрий жиҳатдан мустаҳкамланган. “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда маънавий-маърифий соҳани ривожлантиришга доир фармон ва қарорлар уни мустаҳкамлаган. Бироқ амалда қай даражада деган саволга жавоб беришимиз мушкул.

Маънавият даражасини аниқлаш мумкин…ми?

Юксак маънавият – енгилмас куч. Бу аксиома. Унинг ҳар бир сўзи тушунарли. Шундай бўлса-да, бу ҳақда қисқача тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида юксак сўзининг иккита: баланд, юқори, юқори даражадаги, олий каби маъноси мавжуд. Юксак маънавият бирикмасида айнан иккинчи маъноси назарда тутилган. Яъни юқори даражадаги, олий мақомдаги маънавият деган маъно англашилади. Демак, маънавият инсонда турли хил даражада бўлар экан: паст, ўрта, юқори. Бу даражани қандай аниқлаш мумкин?

Оддий қилиб айтадиган бўлсак, халқ орасидаги “бамаъни одам”, “бемаъни одам” сингари иборалар аслида маънавият даражасига берилган баҳодир. Яъни инсонлардаги яхши фазилатларнинг қанчалик кўп ёки кам эканлиги билан уларнинг маънавиятлилик даражаси ўлчанади.

Инсоннинг маънавиятини емириб борадиган, фазилатларнинг акси, душмани бўлган нарса бу – иллат (касаллик, дард; камчилик, нуқсон; сабаб). Иллатни захга, шўрга, замбуруғга ўхшатиш мумкин. Унинг биттаси ҳам кўп. Чунки иллат фазилатларни емириб боради, пировардида маънавий таназзул юзага келади.

Фазилатлар инсонда ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. У тарбиялаш орқали орттирилади. Агар болага бирор-бир фазилат сингдирилмаса, одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилишга, тартиб-интизомли бўлишга ўргатилмаса, бу ҳар икки томоннинг вақтини зое кетказишдан бошқа нарса эмас.

Фарзандингизда қандай фазилатларни тарбиялаяпсиз?

Хизмат юзасидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларига борганимизда ота-оналар, тарбиячилар, ўқитувчилар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг маслаҳатчилари билан тарбия ҳақида суҳбатлашдик. Уларга “Болангизда қандай фазилатларни тарбиялаяпсиз?”, “Тарбиянинг қандай усулларидан фойдаланасиз?” деган саволлар билан мурожаат қилдик. Афсуски, сўралганлардан бирортаси бу саволларга жўялироқ жавоб бера олмади. Ҳатто баъзи ота-оналардан ўзлари биладиган фазилатларни санаб беришларини сўраганимизда улар иллатларни ҳам фазилат қаторига киритганига гувоҳ бўлдик. Айримлари эса 4-5 та фазилатни айтиш билан кифояланди. Тарбия билан шуғулланиши лозим бўлган шахсларнинг савияси шу бўлса, аҳволни ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Нечта фазилатни биласиз?

Хўш, аслида тилимизда турли вазият ва ҳолатда у ёки бу ҳудуд, қатлам, гуруҳ, жамоа томонидан тарбия жараёнида ишлатиладиган фазилатлар сони нечта? Уларни сиз санаб бера оласизми? Қани бошладик: 1, 2, 3, 4, 5… 25, 26, 27… 75, 76, 77… 125, 126, 127…Ҳа? Давом эттираверинг. Ҳали ярмига ҳам етиб келмадингиз. Майли, сиз биринчи респондент эмассиз. Биз бу тадқиқотни мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги меҳнат жамоалари, маҳаллалар ва таълим муассасаларида ўтказиб кўрдик. Масалан, Бухоро вилоятининг Ғиждувон ва Вобкент туманларидаги маҳаллаларнинг 100 дан ортиқ масъул ходими биргаликда жами 76 та фазилатни санаб бера олган бўлса, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ва Косонсой туманларидаги маҳаллаларнинг 72 масъули жами 127 та фазилатнинг рўйхатини шакллантира олди.

Бу тадқиқот ўқитувчилар ўртасида ҳам ўтказилди. Андижон вилоятининг Асака ва Марҳамат туманларидаги коллежларнинг 120 нафарга яқин ўқитувчисини бир залга йиғиб, уларнинг ҳар биридан 1 донадан фазилат номини айтиб беришини сўрадик. Улар 135 та фазилат номини бирма-бир санаб ўтди. Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларидан жамланган 27 нафар ўқитувчи билан ўтказилган тадқиқотимизда бу рақам 81 тани ташкил қилди.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да

Бизнинг назарий тадқиқотларимиз натижаси шуни кўрсатмоқдаки, маънан етук – юксак маънавиятли инсонга хос бўлган фазилатлар жуда кўп. Биз улардан “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га киритилганларини топиб, рўйхатини туздик. Натижада 260 та фазилат рўйхати пайдо бўлди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, фазилатларнинг аксарият маъно жиҳатдан бир-бирига яқин – синонимлардан иборат. Лекин, шунга қарамай, халқимиз томонидан улар турли ўринларда турлича қўлланилади.

Яна бир жиҳат, фазилатлар рўйхатидаги сўзларнинг айримлари араб ва бошқалари форс тилларидан кириб келган. Жумладан, 260 та фазилатнинг 50 таси (19,3 фоизи) форс тилидаги, 130 таси (50 фоизи) эса араб тилидаги, 6 таси (2,3 фоизи) юнон ва лотин тилидан олинган сўзлар билан ифодаланган. Демак, 74 таси (28,2 фоизи) туркий тилдаги сўзлардир.

Шуни унутмаслик керакки, фазилатлар асосида шахсни юксак маънавият соҳиби этиб тарбиялаш бир ёки икки йиллик иш эмас. Бу ўн, йигирма, ўттиз йиллик машаққатли ва масъулиятли меҳнатни талаб қилади. Ана шу йиллар давомида болага энг яхши фазилатларни сингдириб бориш, уни ёмон одат ва маънавиятни емирувчи иллатлардан ҳимоя қилиб бориш зарур. Бу осон эмас. Қолаверса, тарбиячи тарбияланувчига ниманидир ўргатишдан аввал ўзи ўша нарсани мукаммал эгаллаган, қўйиладиган талабларга ўзи тўлиқ риоя этадиган бўлиши лозим.

700 йил аввалги хулоса

Соҳибқирон Амир Темур ўзининг “Темур тузуклари”га “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган хулосани муҳрлади. Бу ҳикмат буюк инсон, саркарда, давлат раҳбарининг бундан қарийб 700 йил олдин минглаб одамларни энг қийин вазиятларда синаб кўриб, айтган маънавий хулосаси эди. Чунки билими паст одам эртага ўзига, маънавияти паст одам эса халқи, ватанига зарар етказади.

Биз Президентимиз Шавкат Мирзиёев асарларида бугунги замоннинг комил инсонларига хос бўлган 100 дан ортиқ фазилат борлигини аниқладик. Мана улар: юксак салоҳиятли; маънавий уйғоқ; ор-номусли; собитқадам; шижоатли; миллий қадриятларни билувчи; тарихимиз, маданиятимиз, буюк аждодларимиз меросини чуқур билувчи; ватанга содиқ; миллий ғурурли; янгича фикрловчи; жаҳон тарихи ва маданияти ютуқларини чуқур ўрганган; мард; ташаббускор; эл-юрт ташвишини зиммасига олган; юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигига дахлдор; иймон-эътиқодли; мустақиллигимизни кўз қорачиғидай ҳимояловчи; сахий; ўз мустақил фикрига эга; ғоявий ва мафкуравий таъсирларга қарши тура оладиган; эришган ютуқларимизни давом эттиришга қодир; меҳнатсевар; тадбиркор ва янгиликни тез илғайдиган; ғайрат-шижоатли; иродали; қатъиятли; сабот-матонатли; жасур; фаол; замонавий; юксак технологияларни ўзлаштирган; соғлом турмуш тарзига интилувчи; огоҳ ва ҳушёр; юқори малакали; масъулиятли; етук мутахассис.

Шу фазилатлар бугунги ёшларимизга хосми, деган саволни мардона ўртага ташлайлик. Жавоб: Ҳа! Чунки ён-атрофимиздаги шундай йигит- қизлар бор ва улар талайгина. Демак, бизнинг маънавий юксалиб боришга имконимиз, кучимиз, салоҳиятимиз бор.

ё3

Отабек БОЗОРОВ,

ЎзМУ тадқиқотчиси.

http://uza.uz/oz/society/bilimsiz-ziga-manaviyatsiz-esa-khal-i-vataniga-zarar-etkazad-10-09-2019

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *