Эзгулик йўлида бирлашган ўзар!
Тинчлик ва барқарорлик – олий неъмат. Минтақамизга туташ темир
йўлларда ҳаракатланаётган поездларда бизнесмен ва хусусий тадбиркорлар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш том маънода юртимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қилади. Курраи заминнинг турли бурчакларида давом этаётган можоралар, тинчликка таҳдид солувчи ҳодисалар бизни асло бефарқ қолдирмайди. Ҳеч бир ҳодиса фуқароларимизнинг тинчлигига рахна солишига йўл қўймаслиги зарур. Мамлакатимиз билан иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилаётган давлатларда ҳам тинчлик ҳукмрон бўлишини барча бирдек истайди. Демак, ҳар бир минтақада барқарорлик таъминланиши ҳаётий заруратга айланган. Айниқса, биз қўшни давлатларда вазият барқарор бўлишидан манфаатдормиз. Сўнгги йилларда Марказий Осиё энг тинч ва осойишта минтақага айланиб бораётгани қувончли ҳол. Сўнгги йилларда фуқароларимиз қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон республикаларига эмин-эркин бориб-келаётганлари қувончли ҳодиса. Албатта, бутун минтақамизда шундай улкан ва салмоқли ютуқларга эришиш осон кечмади. Бунда Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг умидбахш саъй-ҳаракатларини бутун жаҳон аҳли бирдек эътироф этмоқда. Энли бизнинг асосий бурчимиз – ана шу тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, фуқароларимизнинг хотиржамлик билан яшашлари, тадбиркорлик, бизнес билан шуғулланишлари учун шароитлар яратишдан иборатдир.
Афсуски, тинчлик-осойишталикнинг қадрига ҳамма бирдек етавермайди. Наркотик моддалар ва наркобизнес ҳар бир давлатнинг миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани сир эмас. Бу иллатга қарши курашда ҳамжиҳатлик зарур. Наркотик моддалар ишлаб чиқариш, тарқатиш ва истеъмол қилишга қарши курашнинг кучайтирилиши замон талабига айланган. Бунда фуқароларимиздан ҳам ҳушёрлик ва огоҳлик талаб этилади.
Мамлакатларимиз ва халқларимизнинг энг аввало савдо-иқтисодий соҳадаги баҳамжиҳат бирлашиб ҳаракат қилишлари барчамизни руҳан яқинлаштиради. Бу яқинлик, меҳр ришталари одамлар онгу шуурида турли иллатларга қарши кураш туйғусини ҳам кучайтиради. Халқимизда, бирлашган ўзар, деган мақол бежиз айтилмаган. Эзгулик йўлида бирлашган халқимиз ҳамма соҳада ўзаверади. Бунинг учун тинчлик ва осойишталик бўлса бас!
Наргиза Искандарова,
Тошкент минтақасидаги темир йўлларда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, капитан
Сўнгги фикрлар