ЎзМУ талабалари – янги ташаббуслар ила фаоллик кўрсатиш йўлида
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрда
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган йиғилишида илгари сурилган муҳим фикр ва ғоялар, белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини теран ўрганаётган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабалари бугун янги авлод вакиллари сифатида янги ташаббуслар руҳи ила одимламоқдалар. Бугун бир гуруҳ ташаббускор талабалар «Янги авлод – янги ташаббуслар» мавзуига бағишланган ёшлар форумида иштирок этдилар.
Қуйида ЎзА мухбирларининг ушбу мавзуда ёритилган мақоласи ҳамда фоторепортажида ЎзМУ талабалари ҳам фаол иштирок этаётганлари ўз аксини топган, дейди Дониш домла.
Ижодкор ёшлар янги ташаббусларни илгари сурди
Республика Маънавият ва маърифат марказида бадиий ижод ва журналистика соҳасида қалам тебратаётган, маънавий-маърифий йўналишларда фаолият олиб бораётган ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
“Янги авлод – янги ташаббуслар” шиори остида ташкил этилган мулоқот Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан ўтказган йиғилишида илгари сурилган муҳим фикр ва ғоялар, белгиланган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар ўртасида китобхонлик кенг тарғиб этилмоқда, – деди Республика ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова. – Бунинг учун “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови ўтказилиб, ғолибларга “Спарк” автомобили берилмоқда. Ўз навбатида китоб ёзаётган ёш қалам аҳлига ҳам алоҳида эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Албатта, “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида иқтидорли ёшларнинг китоблари давлат бюджети маблағлари ҳисобига чоп этилиб, мактаб кутубхоналарига етказиб берилмоқда. Афсуски, ана шу ижодкорларнинг қалам ҳақи мақтанарли даражада эмас.
– Президентимиз томонидан илгари сурилган “Ватан ифтихорлари” институтини жорий этиш, жойларда IT-парклар ташкил этиш, ёшлар аудиториясига йўналтирилган теле ва радиоканаллар, босма нашрлар асосида “Ёшлар медиа холдинги” ташкил этиш каби қатор ташаббусларни катта хурсандчилик билан қабул қилдик, – деди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Ситора Барлибоева. – “Ёшлар медиа холдинги” ташкил этилганида унга хорижда таҳсил олаётган иқтидорли тенгдошларимизни жамоатчилик асосида жалб этиш керак. Хорижий давлатларда ватандошларимиз қандай ютуқларга эришаётгани тўғрисида махсус дастурлар тайёрлаш жоиз, деб ўйлайман.
– Ёш ижодкорларнинг асарлари бошқа тилларга таржима қилинмоқда, бироқ тарғиботи суст, – деди “Академнашр” нашриёти масъул котиби Маҳфуза Имомова. – Ўзбек адабиётини дунёга кенг тарғиб этишда барча қаламкашлар биргаликда ҳаракат қилиши керак. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида хорижий тил курсларини йўлга қўйиш, бошқа давлатларда ташкил этиладиган адабий курсларга иқтидорли ёшларни юборишни таклиф этаман.
Иштирокчиларга Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи томонидан нашр этилган бадиий китоблар тақдим қилинди.
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА
Сўнгги фикрлар