kun.uz жамоасига ташаккур!
Энг оммабоп электрон нашрга айланган kun.uz жамоаси каминага «сюрприз»
қилганини мухлислардан эшитиб қолдим. Вақтида kun.uz сайтини кузатиб боролмаганим (саломатликни тиклаётган эдим…) учун бироз хижолат бўлдим. Ҳечдан кўрпа кеч бўлса-да kun.uz сайти жамоасидаги фидойи ҳамкасбларимга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Тўлқин Эшбекнинг «Катта карвон йўлдан адашмас ёхуд Биринчи Президентимизнинг суянган тоғлари» сарлавҳали мақоласи UzA сайтида эълон қилинди.
Мақолада давлат ва жамоат арбоблари, Исмоил Жўрабеков ва Бўритош Шодиева, шунингдек ижтимоий тармоқларда бу шахсларнинг фаолиятига оид муқаддам эълон қилинган мақолалар ҳақида сўз юритилади.
Ғоят улкан, залворли карвон!
Мустақиллигимиз асосчиси дея эътироф этилган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бу карвонга роппа-роса 27 йил сарбонлик қилди. Дастлабки давр – 1989-1991 йиллар бениҳоя оғир ва хатарли дамлар эди. Собиқ иттифоқда ҳеч бир республика раҳбари ўзи билганича ёки хоҳлаганича сиёсат юргизиши мумкин эмасди. Карвоннинг жилови Москвада эди…
Шундай оғир ва мураккаб замонда Ислом Абдуғаневич жуда катта жасорат ва сиёсий маҳорат билан Ўзбекистонни истиқлол сари бошлаб келди.
Шу ўринда иккита мулоҳаза.
Биринчиси, раҳматли Шароф Рашидовдан кейин Ўзбекистон анча йиллар раҳбарга ёлчимай қолганини кўриб, азият чеккан эдик. Худо кўрсатмасин, ўша таҳликали ўтиш йилларида кунимиз номуносиб кимсаларга қолганида бормиди… Бундай мустақил давлат, дориломон ҳаётни тушимизда ҳам кўрмасмидик…
Иккинчиси, Ўзбекистонни истиқлол сари бошлашдек ғоят залворли ишни биргина шахс билан боғламаслигимиз керак. Битта шахс ҳамма муаммони ёлғиз ўзи ҳал этолмаслиги кундай равшан. Республика етакчиси бўлган Ислом Каримов атрофида, қолаверса, Қорақалпоғистондан тортиб барча вилоятларда юзлаб раҳбар-кадрлар, мутасаддилар, депутатлар, зиёлилар, ёзувчи-шоирлар ҳам енг шимариб курашганларини яхши биламиз. Фақат, мустабид тузум давридан қолган ақида: жамиятдаги барча ислоҳотлар, бунёдкорлик ва бошқа ютуқларни биринчи шахс номи билан улуғлаб гапириш «одати» қолмаганди.
Демак, ҳаёт ҳақиқати шу: барча муваффақиятларни ҳам, хато-камчиликларни ҳам битта шахс номи билан боғламаслигимиз керак.
Истиқлолга эришгач, фахрлансак арзийдиган ютуқларимиз кўпайиб борарди. Фақат, бу бунёдкор халқимизнинг меҳнатлари эвазига бўлаётганини, ҳар бир соҳа етакчисининг улуши, ҳиссаси қай даражада бўлаётганини айтиш «одати» йўқ эди.
Айтайлик, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда Исмоил Жўрабековнинг хизматлари қанчалик улканлигини яхши билардик. Оддий одамлар орасида у киши ҳақида «Президентнинг энг ишонган кадри» деган фикр юрарди. Бироқ, бу улуғ сиймони ибрат қилиб кўрсатадиган бирор очерк ёки мақола ёзилганини билмайман.
Яна бир улуғ сиймо – Бўритош Шодиевани ҳам бутун халқимиз яхши билар, ҳурмат қилар, кўпчилик ҳақли равишда фахрланарди. 1999-2000 йилларда мен Олий Мажлис биноси биринчи қаватида жойлашган Марказий сайлов комиссияси Матубот гуруҳида фаолият кўрсатган давримда кўп депутатлар фаолиятини яқиндан ўрганиб, ҳатто «Ўзбекистонда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамоатчилик билан алоқалари ва оммавий ахборот воситалари» деган мавзуда номзодлик диссертацияси ҳам ёзиб, ҳимоя қилганман. Ўша кезларда Олий Мажлис раисининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган Бўритош Шодиева ҳақида ҳам оддий одамлар «Президентнинг энг ишонган кадри» деган фикрда эди. Афсуски, бу фидойи опа ҳақида ҳам эсда қоладиган очерк ўқимадим.
Ватан тарихи – шахслар фаолияти билан пайвастадир. Демак, биз қайсики давр ҳақида ёзмайлик, сўз юритмайлик, албатта, ўша пайтда ким нима ишни қойил қилгани ҳақида ҳам холис фикр юритмоғимиз лозим.
Кези келганда шундай сиймолар ҳақида «Ватан арбоблари» деган туркум очерклар ёзгим келади ва албатта ёзаман ҳам!
Ҳозирги катта авлод шуурида бир ғалати ҳол «муҳрланиб» қолган. Биринчи раҳбарни тиригида мақта, ўлганидан кейин ёмонла! Бу «анъана» собиқ мустабид тузум даврида «ижтимоий воқелик» сифатида онгимизни «забт» этди. Сталинни қоралашди, кейин Хрушчев, Брежнев, Андропов, Черненколарни ўлганидан кейин ёмонотиқ қилишди.
Ўзбекистонда ҳам вафотидан кейин Шароф Рашидовнинг қабрини безовта қилишгача боришди… Уни «шарофрашидовчилик» дея кимўзарга ёмонлайдиганлар урчиб кетди.
Ҳаёт ҳақиқатини қарангки, ўзбек халқининг буюк фарзанди, улуғ давлат ва жамоат арбоби бўлган Шароф Рашидовнинг номи барҳаёт сиймолар қаторида тарих зарварақларига битилди. Ўшанда акиллаган кимсалар карвон ортидан ҳуриб қолган итдек ўтмиш чанг-тўзонларида қолиб кетди!
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафотидан кейин халқимиз яна шундай синовларни бошидан кечирмоқда. «Қоралаш бошланса» устамонлар тош отишга пайт пойлаб туришгани сир эмас… Кимнидир ёмонлаб, кимгадир яхши кўринаман, дейдиганлардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди.
Мард ва олижаноб Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз вақтида Биринчи Президентимиз фаолиятига берган энг холис сиёсий баҳони бутун халқимиз жуда қониқиш билан қабул қилди. Бу ҳақда яна билишни истаганлар давлатимиз раҳбарининг «Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз» («Ўзбекистон», 2017 йил), «Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз» (1-жилд. «Ўзбекистон», 2017 йил), «Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир» (2-жилд. «Ўзбекистон», 2018 йил) деб номланган китобларидан теран нигоҳ ила ўқиб олишлари мумкин.
Тагсарлавҳамизни «Биринчи Президентимизнинг суянган тоғлари» деб ёзган эдик. Хўш, ўша тоғлар кимлар эди, деган саволга энди мухтасар жавоб айтсак бўлади. Юқорида сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган икки сиймо номини тилга олган эдик. Агар рўйхатни улардан бошласак, бу ёғи муболағасиз – йигирма миллиондан ошиши аниқ! (Бу рўйхатга ҳали она сути оғзидан кетмаган ёшларни сунъий равишда киритмадик). Улар – 1989 йилда вояга етиб, эс-ҳушини таниган авлоддан тортиб бугунги кунгача юрт равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилиб келаётган замондошларимиздир.
Тўғри, 27 йил мобайнида кўп ишлар қилинди. Бироқ, қилишимиз зарур бўлган ишларимиз ундан-да кўпроқ эди. Қайсидир мутасаддиларнинг лоқайдлиги билан қатор соҳаларда турғунлик ҳолати юз бериб, муаммолар урчиб кетган. Мансабини суиистеъмол қилиб, жиноят ботқоғига ботганлар, коррупцияни авж олдирганлар ҳам кам эмас. Бу масалада аён ҳақиқат шу: ҳар ким ўзи учун жавоб беради! Ҳар бир жиноий ишга қўл урган мутсадди қилмишига яраша ўзи жавоб бериши шарт.
Шундоқ ислоҳотлар изчил давом этаётган бир паллада жамиятимиз ҳаётини янада мураккаблаштиришга, одамларда норози кайфият уйғотишга чиранганлар Биринчи Президентимизнинг руҳини безовта қилишга уринмоқда…
Шукрки, юртимиздан миллат ғурурини, ўтган аждодлар руҳини топтайдиган номард чиққани йўқ! Ҳеч қачон чиқмаса ҳам керак! Фақат, юртдан ўзларича бош олиб кетган тўрт-бешта аламзада ижтимоий тармоқлар орқали беармон ёмонлаб келмоқда. Уларга нисбатан юртимизда «Ит ҳурар, карвон ўтар» мақолига монанд муносабатда бўлиб келинмоқда. Улар минг ёмонламасин, раҳматли Биринчи Президентимиз ёмонотлиқ бўлиб қолмайди! Қолаверса, инсон шаъни қонун билан ҳимояланишини ҳам унутмаслик керак. Ҳар ким ўз қилмиши, ножўя гап-сўзлари учун бу дунёи у дунё жавоб бериши азалий ҳикматдир.
Аслида, уларнинг ўзлари шу юрт, эл учун нима каромат кўрсатган экан, деган саволни дангал берадиган давр келди. Хўш, сиз ўз манфаатингиздан бўлак бу юрт учун қандай ишни қойил қилдингиз?
Хўш, ўтиб кетган сиймони ёмонлаётганларнинг ўзлари яхши одамларми? Ўзлари яхши бўлганида ўтиб кетган инсонни ёмонлармиди? Ҳақиқий яхши инсон ҳатто ёмонни ҳам ёмонламайди, деган ҳикматга амал қилишмайдими? Уларнинг гапига ишонганлар нимага эришиши мумкин? Ақлли инсонлар умуман бировга тош отмайди, ўтганнинг орқасидан ёмонламайди, вассалом.
Минг қатла шукрки, кунимиз сиздақаларга қолмаган!
Ўзбекистонда сизлардан минг чандоқ ақллироқ, фаросатли, маънавий юксак инсонлар сонмингта! Уларнинг ҳар бири ўша 27 йил мобайнида ўз бурчини ҳалол бажариб, жамият равнақига баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Сизчи?! Соддадил ёшларни онгини заҳарлашдан бошқа нимага эришдингиз?
Ўша мураккаб даврни ўз кўзи билан кўриб, улкан бунёдкорлик ишларида жавлон урган катта авлодга мансуб кишилар сизнинг фисқу-фасодингизни сариқ чақага олгани йўқ ва олмайди ҳам!
Журналистик кузатувим ва ўзимга яраша фикримга эга ижодкорман. Ўтган давр мобайнида жамиятимизда юз берган салбий ҳолатлар, коррупция ва бошқа иллатлар ҳақида ҳам яхши биламан.
Йиллар мобайнида пайдо бўлган муаммоларни ижобий ҳал этишга дадил киришган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотларини бутун халқимиз сидқидилдан қўллаб-қувватламоқда! Давлатимиз раҳбарининг салбий иллатларга қарши курашдаги матонатига ҳамма бирдек тан бермоқда.
Биз жамият ҳаётига дахлдор бирор хатони тўғрилаш ёки муаммони ҳал этиш баробарида кимнидир ёмонотлиқ қиладиган миллат эмасмиз.
Нима бўлса асли наслида бўлган, деганларидек, бугун ўтган раҳбаримизни ёмонлайдиганларнинг қони шунақа эканлиги аён. Ёмонлаш уларнинг генида – уруғида бўлса ажабмас. Уларнинг ота-буваси бизнинг буюк аждодларимизни ёмонлаб ўтган. Эртага бугунги Ватан фидойиларини худди шу зайлда ёмонлаши шубҳасиз. Шу ўринда қуйидаги ҳикматли сатрларни ёдга олиш ўринлидир:
Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа, топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.
Юқорида ўзим яхши таниган, билган икки улуғ сиймонинг номларини бекорга тилга олмадим. Сўнгги пайтларда баъзи ижтимоий тармоқларда улар шаънига бўлмағур гаплар ёзилаётганини кўриб ҳайрон қолдим.
Исмоил Жўрабеков билан суҳбат қилган журналист ҳамкасбимиз мақоласига «Кўприк ёхуд Президентнинг бажарилмаган топшириғи» дея сарлавҳа қўйишидан мақсади – шов-шувга ўчроқ ўқувчиларнинг эътиборини қозониш бўлгани сезилиб турибди-ку.
Бўритош Шодиева билан суҳбат қилган ҳамкасбимиз ҳам «Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг махфий топшириғи» деб сарлавҳа қўйиш билан қандай мақсадни кўзлагани аёндир.
Ҳар иккала суҳбатда ҳам Биринчи Президентимизнинг Олий бош қўмондон сифатидаги қирралари ўзига хос равишда очиб берилган холос. Ўша даврда унинг суянган тоғлари бўлган сиймолар ҳам бирор салбий гап айтишмаган.
Иккала суҳбат ҳам эндигина мустақил давлат сифатида қаддини ростлаётган Ўзбекистонимизни ёвуз кучлардан асраш йўлида юз берган воқеалар ҳақида. Ўша даврдаги Олий бош қўмондонимизнинг ҳарбий тактикаси хотирланган холос. Бу мавзу ҳамма учун қизиқарли, албатта. Бироқ, бу гаплардан бирор фожиа ясашга ҳожат йўқ-ку.
Илгари бундай мазмундаги мақола ё суҳбатлар хорижий сайтларда ёритилар ва гўё улар «қаҳрамон»га айланишарди. Сўз эркинлиги кенг қулоч ёзаётган сўнгги йилларда ЎзА унданда дадил мавзулари билан ахборот майдонини забт этаётгани қувонарли ҳол. ЎзАни ҳамма бирдек кузатиб турганини фейсбукда ҳозиржавоблик билан ёритилаётган муносабатлардан ҳам билса бўлади. Кўп шоввозлар ЎзАни манба сифатида кўрсатган ҳолда фикрномаларини баён этишаётир. Бу фикрлар, муносабатлар орасида халқчил, ҳаққоний мулоҳазалар ҳам кам эмас. Баъзиларини ўқиб, миллий уйғоқлик, ватанпарварлик туйғуларини ҳис этаётганларга тасанно айтгинг келади. Демак, она Ватанимиз тақдирига бефарқ қарамайдиган фидойилар кўплигидан хурсанд бўласан. Бироқ, мудом сувни лойқалатишни «касб» қилиб олган айрим кимсалар билиб-билмай, ўйламай-нетмай, мавзунинг моҳиятига унча тушунмай ўзгаларга лой чаплаётганлари жуда таажжубли ҳолдир. Умрини эл-у юрт хизматига бахшида этиб келаётган давлат ва жамоат арбоби Бўритош Шодиева шаънига тўғри келмайдиган баъзи гапларни ўқиб, очиғи, жуда ранжидим. Замонамиз Тўмариси дея эъзозлашга муносиб бўлган ҳурматли опамизни садоқат тимсоли, дегим келади. Унинг садоқатини она Ватани, халқи, кўп йиллар бир сафда фаолият кўрсатган Биринчи Президентимиз ва ҳамкасбларига бўлган ҳурмат-эътибори мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда роса шов-шув қилсак бўладиган яна бир қизиқ мавзу чиқиб қолди. Мазкур мақоламнинг дастлабки вариантини сайтимизда ёритган куним ёши саксонга яқинлашаётган ҳурматли устозларимдан бири менга қўнғироқ қилди:
– Ҳамманинг дилидаги гапларни ёзибсиз,– деди аввал табриклаган бўлиб. Кейин хомуш оҳангда давом этди – Афсуски, баъзилар сувни лойқалатишга, ҳамма ёқни алғов-далғов қилишга уринаётганга ўхшайди. Уялмай-нетмай менинг ҳузуримга келиб, нима дейди денг: «Биринчи Президентимизнинг хатоларини фош қиладиган, қоралайдиган давр келди. Ана, фалончи-писмадончилар билганларини айтди. Сиз ҳам унинг ёнида кўп юргансиз. Хатолари ҳақида интервью беринг ёки ўзингиз ёзасизми?». Кутилмаган бу гап менга қаттиқ зарбадек таъсир қилди…
– Ўша одамнинг кимлигини айтсангиз, ўзим бир гаплашиб кўрардим, – дедим босиқлик билан. – Қани мақсадлари нима экан?..
– У билан суҳбатимиз охирига етмади, – деди суҳбатдошим энди жўшқин бир оҳангда. – Ўзим бир ўрганай-чи, кейин, керак бўлса боплаб адабини берамиз!
Демак, масала равшан. Юқоридаги суҳбатларни уюштиришлари ва интервью берганларни ижтимоий тармоқларда ёмонотлиқ қилишлари ҳам тасодифий эмас. Катта ёшдагиларнинг қўли билан Биринчи Президентимизга тош отиш, кейин интернетда кимлигини таниб бўлмайдиган кимсалар номидан бугунги миллат етакчиларини ёмонотлиқ қилиш режаси пухта ишлаб чиқилганга ўхшайди…
Эй, миллатим, элим, юртим деган азиз замондошлар! Мафкура майдонида кўзни янада каттароқ очадиган, чинакам огоҳ бўладиган, қўлни қўлга маҳкам бериб Ватан шаъни учун курашадиган замон келибди!
Бу курашда оғир-вазминлик ва оқиллик билан иш тутганлар ғолиб бўлади. Миллатини, ғурурини, ўтмишдошларини топташга йўл қўймайдиганларнинг қўли баландроқ келади.
Ориятли инсонлар Ватан учун жонини бахшида этиб кетганларнинг қадрига етадиган мард ва жўмард бўладилар. Улар ҳеч қачон ўз манфаатлари учун кечаги кунига, ўз бурчини бажариб кетган Биринчи Президентига тош отишларига асло йўл қўймайди!
Бугун номардлик қилаётган айрим бузғунчилардан эса ҳеч қачон яхшилик кутиб бўлмайди.
Глобаллашган замонда биз ён-веримизга, керак бўлса, бутун дунёга теран нигоҳ ила боқишимиз лозим. Хўш, бугун қайси мамлакатда ўтиб кетган раҳбарини қоралаб, номини булғаб яшаётган эканлар? Ўтганларга тош отиб барака топган бормикин бу дунёда?
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Жорж Вашингтондан ё Мустафо Камол Отатуркдан қаери кам?
Мустақил давлати асосчиси бўлган улуғ сиймоларининг қадрини билган, номини шарафлаган АҚШ ва Туркия бугун ҳавас қилса арзийдиган давлатларга айландими, демак, биз ҳам шундай тажрибадан андоза олиб яшасак мақсадга мувофиқ бўлур эди.
Бугун ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олаётган Ўзбекистонимизнинг ҳаёт карвони ғоят залворли. Бу буюк карвон ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди. Зиёлиларимиз, миллат фидойилари ўтмишига ҳурмат билан қарайди, ўтиб кетган улуғ сиймоларига тош отишларига йўл қўймайди!
Катта карвон улуғ мақсадлар сари олға қадам ташлар экан, унга йўлдош мард ва олижаноб инсонларнинг ғурури, орияти ва маънавияти ҳам шунга яраша бўлади.
https://kun.uz/news/2019/07/22/katta-karvon-yoldan-adashmas-yoxud-birinchi-prezidentimizning-suyangan-toglari
Сўнгги фикрлар