Парламентда тобланган иқтисодчи
Оташин шоир Ғафур Ғуломнинг
“Тақдирин қўл билан яратур одам,
Ғойибдан келажак бахт бир афсона”
деган сатрлари замирида қанчалик ҳаёт ҳақиқати акс этганини ёши улуғ инсонлар “Умр дафтари”дан ҳам кузатса бўлади. Етмиш бешинчи баҳорини қарши олаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, Халқаро бандлик академияси ҳақиқий аъзоси Абдурафиқ Аҳадов ўз фаолияти ҳақида “Ҳаёт карвонлари”, (“Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2005 йилда), “Карвон манзиллари” (“Адолат” нашриёти, 2015 йил) китобларини яратган. Бу китобларда унинг мамлакатимизда иқтисодиётни янада ривожлантиришга оид фикр-мулоҳазалари ва қарашлари ўз ифодасини топган.
Бугунги ёшларга, айниқса бўлғуси иқтисодчиларга Абдурафиқ аканинг ҳаёт йўли ва жўшқин фаолиятини ибрат қилиб кўрсатгимиз келади. У 1945 йилда зиёли оиласида таваллуд топган. Самарқанддаги 1-мактабда таълим олгач, Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1962 йилда Тошкент тўқимачилик комбинатида ишчиликдан бошлаган. 1964-1967 йилларда армия сафида хизмат қилган. 1969 йилдан бошлаб Давлат банкининг Самарқанд вилоят идорасида кредитлаштириш инспектори, катта инспектори, катта тафтишчи, 1978 йилдан Давлат банки Оқтош бўлими, 1985 йилдан эса Темир йўл бўлими бошқарувчиси лавозимларида фаолият кўрсатган. 1986 йилдан Қорақалпоғистонда Давлат банки бошқарувчиси бўлиб ишлаган. 1988 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий бошқарув соҳасида хизмат қилган. Ўша йиллар мобайнида у икки марта – XVII-XIX чақириқ халқ депутатлари Оқтош шаҳар Кенгаши депутати, X ва XI чақириқ Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланган. 1990 йил январида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши (ўша даврда – Министрлар Совети деб юритиларди) Ташкилий ишлар ва халқ хўжалигини ривожлантириш бўлимида бошлиқ ўринбосари, сўнгра Ўзбекистон Республикаси Деҳқончилик саноати банки Бошқарувчиси лавозимига тайинланди.
Банк соҳасида катта билим ва тажрибага эга бўлган Абдурафиқ Аҳадов қаерда, қайси лавозимда ишламасин, зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажарган. У мамлакат миқёсида банк тизимини янада равнақ топтириш, пул муомаласини барқарорлаштириш, молиявий интизомга қатъий риоя этиш ишларига, айниқса аграр секторни қайта янгилаш борасидаги Давлат дастурларини амалга оширишга муносиб ҳисса қўшди.
У ўз фаолияти давомида Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкида Ўзбекистон Вакилининг муовини лавозимида ҳам фаолият кўрсатиб, Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки йиллик ҳисоботини чиқариш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш, Ўзбекистон Республикаси молия тизимини халқаро андозалар даражасида равнақ топтириш учун амалий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этди.
Самарали меҳнатлари ва олижаноб фазилатлари билан эл меҳрини қозонган Абдурафиқ Аҳадовга халқ юксак ишонч билдирди. У тўрт бора Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати этиб сайланди. Олий Мажлиснинг Бюджет, банк ва молия масалалари қўмитаси раиси, 2005 йил январ ойидан эътиборан илк бор шаклланган икки палатали Ўзбекистон парламенти Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси вазифасида сифатида самарали фаолият кўрсатди.
Парламентдаги фаолияти давомида у республикамиз ҳукуматининг пул-кредит сиёсати, корхоналар банкротлиги ва санация масалаларини ҳал этишда кўп ташаббус кўрсатган. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Кенгаши ва бошқа қатор комиссияларнинг аъзоси сифатида ҳам фаол иш олиб борди. Юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, эркин бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган демократик давлатнинг ҳуқуқий асосларини яратишда фаол иштирок этди.
1999-2002 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси биносида жойлашган бир муассаса матбуот гуруҳида фаолият кўрсатган кезларим Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Акмал Саидов, Ўткир Ҳошимов, Хуршид Дўстмуҳаммад каби Устозлардан кўп сабоқ олганман. Бугун илм-маърифат деганда шундай Устозларни эсласам, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳақида сўз борганда таниқли иқтисод соҳасининг пири бўлган Абдурафиқ Аҳадов сиймоси кўз ўнгимда гавдаланаверади.
Катта авлод вакиллари – ёшларга ибрат мактаби бўлмоғи зарур. Аслида, биз кутган даражада ибрат кўрсатиб яшаётган, умри бўйи самарали фаолият кўрсатган замонамиз қаҳрамонлари кам эмас. Фақат, биз улар сиймосини ва ибратли жиҳатларини кўрсата оладиган асарлар яратиб, муносиб тарғиб этиб бормоғимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
Йигирма йиллар илгари кўрган баъзи воқеаларни эслаб юраман. Олий Мажлисда Абдурафиқ Аҳадов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров билан бирга тушлик пайтлари йўлакларда айланишарди. Улар доимо нималарнидир муҳокама қилишаётгани сезилиб турарди.
Бир куни улар билан суҳбатлашиб қолдик. Эркин ака ҳазиломуз оҳангда шундай деди:
– Бирор мавзуда гап кетганда олимлар унга илмий ёндашади, шоирлар бадиийликка мойиллигини биласиз, бироқ, банкирларнинг нигоҳи ўзгача бўлар экан,– деди Абдурафиқ акага ишора қилиб.– Бу кишининг ҳамма гаплари ўта ҳаётий! Уларни китоб қилиб ёзсангиз борми!..
– Албатта ёзаман,– дедим устоз шоирнинг таклифдек айтган гапини маъқуллаб.– Иқтисодчилар ҳаёти, фаолияти кўпчиликни қизиқтиради…
– Ҳаммасини бир бошдан ёзсангиз ҳақиқатан ҳам қизиқ гаплар кўп,– деди Иброҳим ака нимагадир шама қилиб. – Фақат интервью олишда жуда катта маҳорат керак бўлади. Баъзан гапни шундоқ нишонга урадики…
Ҳазил-ҳузул билан айтилган гапларга ҳам фаришта омин деган экан. “Ҳаёт карвонлари” ва “Карвон манзиллари” китобларини варақлаб кўрсам улардан ўрин олган баъзи сиймоларнинг дил сўзлари Абдурафиқ аканинг “Умр дафтари”даги зарҳал битиклари айланибди. Ана шу битикларнинг ўзи қаҳрамонимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятига берилган ҳаққоний баҳодир.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов қанчалик кенгфеъл соҳиби бўлса, ижод бобида нечоғли талабчан эканлигини ижод аҳли яхши биладилар. Устоз камдан-кам ёзувчи-шоирларнинг китобига сўзбоши ёзгани сир эмас. Абдурафиқ Аҳадовнинг “Ҳаёт карвонлари” китобига улуғ шоир ёзган сўзбошини “насрий шеър” дегимиз келади. Унда шоирнинг донишмандона фикрлари ҳар қандай ўқувчини ўзига мафтун этарди:
“Ҳужжат, рақам аслида шеъриятдан йироқ тушунчалар. Лекин бу ҳужжат Ватан истиқлоли ҳақида бўлса, бу рақам миллий тараққиёт кўрсаткичлари бўлса, улар энг юксак шеърият каби илҳомбахш, гўзал ва олиймақом бўлар экан. Дўстим Абдурафиқ Аҳадовнинг ҳисоб-китоблар, кирим-чиқим, даромаду буромад саноқлари ичида кечган умри кимгадир ўта сокин, бир хил, ҳатто зерикарли туюлиши мумкин. Лекин у билан суҳбат қурган, унинг ҳаяжонли, жўшқин сўзларини эшитган киши бу рақамлар замирида қанча маъно-мазмун, қанча меҳнату машаққат, қанча курашлар ётганини ҳис этади.
Дўстим камлик кўрмасин, узоқ йиллар садоқатли дўстлар даврасида, меҳрибон ўғил-қизлар, набиралар қуршовида бахтдан умр кечирсин, дея тилак қиламан. Унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Ҳаёт карвонлари“ китоби умр сарҳисоби, ҳаётдаги ўрни ва меҳнат билан топган қадри ҳақида. Тўпламдан жой олган хилма-хил мақолалар, ҳужжатли ва бадиий лавҳалар, дил сўзлари, фотосуратлар ёш замондошларимизга ибрат мактаби вазифасини ўташига ишонаман”.
Нозиктаъб адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров шундай ёзади:
“Абдурафиқ туғма иқтисодчи, туғма молиячи, туғма ҳисобдон дейдилар. Балки бу ҳаётга яроқли хислатлар унга бузруквор отасидан ўтгандир. Унинг ота ҳақдаги ҳикоялари ниҳоятда ибратли.
Абдурафиқ рақамлар ортида инсонни кўради. Улар ортида катта ижтимоий ҳодисаларнинг ҳаракатини илғайди. Бугун эртанинг тамал тошини қўяди. Шоир учун сўз қандай бўлса унинг учун рақам ҳам шундай мазмундор ва келажак рамзидир. У рақамлардаги сирли қудратни ўқий ва англай билади. У ўзгаришларда ҳаётнинг давомийлиги қонуниятларини кўради. Қонун устуворлигини эса ҳар қандай цивилизациянинг асоси ва тараққиётнинг ҳаракат принципи деб билади. Йигирма йилдан ортиқ қонунлар ижодкорлиги ичида яшади. Уларнинг амалиётини тафтиш ва молия, иқтисод билан чамбарчас боғлади.
Худо Абдурафиққа ранг-баранг инсоний қобилиятлар, салоҳиятларни қўшқўллаб ато этган. У катта молиячи, катта иқтисодчи, катта банк мутахассиси ва шулар билан бирга катта спортчи, катта деҳқон ва инсон қалбининг катта билимдони. Яна унинг талантлари ичида табиатга доим уйғун яшашга интилиши, табиатни юрак-юракдан севиши, ҳис қилиши, уни авайлашини айтмай бўладими! У баъзан ҳақиқий бободеҳқонлар каби дарахтлар, гуллар, зироат билан тиллашади, уларни эшитади. У табиатнинг тилини билади. У мабодо молия устаси бўлмаганида, жуда катта бободеҳқон ёки курашларда елкаси ер искамайдиган паҳлавон ёки кучли учликка кирадиган спорт устаси бўларди албатта”.
Юридик фанлар доктори, профессор, академик Акмал Саидовнинг битикларида ҳам улкан маъно мужассам:
“Абдурафиқ аканинг асл касби – иқтисодчи. У киши нақд ярим асрдан буён касб-корига меҳр ва садоқат билан меҳнат қилиб келаётган, умр бўйи молия-банк тизимида турли вазифа ва лавозимларда ишлаган иқтисодиёт соҳасининг том маънодаги зукко амалиётчиларидан ҳисобланади. Бу соҳадаги фидокорона хизматлари учун Абдурафиқ Аҳадов Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвонига сазовор бўлган.
Абдурафиқ ака собиқ иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин юзага келган жуда кескин ва таҳликали вазиятларни ўз кўзи билан кўрган, нафақат кўрган, айни чоғда иқтисодий соҳада бевосита раҳбарий лавозимларда ишлаган шахс сифатида эски мустабид совет тизимидан воз кечиш билан боғлиқ ўша мураккаб даврнинг масъулиятини чуқур ҳис этган, таъбир жоиз бўлса, бу муаммоларни ўз юрагидан, онг-тафаккуридан ўтказган замондошларимиз сирасидандир. У киши ўша давр муносабатларининг шунчаки четдан кузатувчиси бўлмаган, балки ушбу муаммоларни ҳал этишда тўғридан-тўғри иштирок этган”.
Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев шундай ёзган эди:
“Абдурафиқжоннинг мактабда ва олий ўқув юрти даргоҳида олган билимлари уни иқтисод, молия тизимининг етук мутахассиси, ўз соҳасининг билимдони бўлишига замин яратди. У қаерда яшамасин ва қаерда ишламасин, оддий ходимми ё масъул лавозимдами, қишлоқ (овул)дами ёхуд шаҳардами – ҳамма жойда ишига содиқ қолди, ҳеч қачон қоқилмади ва дарбозлардай мувозанатини сақлаб қолди”.
– Оллоҳга шукрлар бўлсинким, жонажон Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик, иқтисодий барқарорлик ҳукмрон! Халқимиз турмуши, моддий фаровонлиги кундан кунга яхшиланиб бормоқда. Юртимиз тобора чирой очиб, шаҳару қишлоқларимиз янги-янги замонавий бинолар билан янада гўзаллашмоқда,– дейди Абдурафиқ ака.– Кўз ўнгимизда баркамол авлод вояга етмоқда. Улар замонавий дунёвий илмларни пухта эгаллаб, жаҳонга бўй кўрсатмоқда. Фан олимпиадаларида, спортнинг турли йўналишлари бўйича ғолиблик шоҳсупаларини ишғол этиб, жаҳон аҳлини ҳайратга солмоқда. Тўрт чақириқ парламент депутати этиб сайланиш ҳаётимнинг энг ёрқин даври сифатида қалбимга муҳрланган. Парламентдаги фаолиятим онгимни ва дунёқарашимни тубдан ўзгартирди, десам муболаға бўлмайди. Шунга амин бўлдимки, қонунлар – жамият учун бамисоли қон томиридир. Қонун устуворлигига эришиш – тараққиётга хизмат қилар экан. Аввалги ишлаган жойларимда юқори ташкилотлар йўриқномаси, низом, қарорлар биз учун қўлланма бўларди ва шулар асосида ишни давом эттирардик. Аммо бош Қомус – Конституциямиз талаблари асосида қабул қилинган қонунларга бу ҳужжатлар қанчалик мос келиши ҳатто хаёлга ҳам келмасди.
Қонунчилик амалиётини, уларнинг моҳиятини чуқур тушунмаган жойда ҳуқуқбузарлик ҳоллари юз беради. Кейин, жиноий иш қўзғатилганда, тергов ё суд жараёнларида ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун адвокатга мурожаат қилинарди. Бу соҳада улар мутахассис деган фикрда эдик. Ўзимизнинг ҳуқуқий онгимиз ва савиямиз, ҳуқуқий маданиятимиз ҳаминқадарлигидан хижолат тортмас эдик ва табиийки, ҳақиқат, адолат учун курашмасдик. Ҳақ-ҳуқуқимизни талашиб-тортишиш у ёқда турсин, ҳатто муносабат ҳам билдирмасдик. Бундан айрим устаси фаранглар фойдаланиб қолишар ва жиноий ишлар қилиб, жазолардан осонгина қутулиб қолишар экан… Бунинг оқибатида қанча бегуноҳ одамлар жабр кўрганининг шоҳиди бўлганман. Биргина ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги оқибатида яна қанча жойларда шундай салбий ҳолатлар урчиб ётганини тасаввур этиш қийин эмас. Ҳаётимиз барча жабҳаларида ҳуқуқий нигилизм ҳукм сурарди. Демократик ҳуқуқий жамиятда бу каби нохуш ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмайди. Мен депутатликка номзод пайтларимдаёқ шу ҳақда узоқ ўйлаганман. Жамиятда қонун устуворлигига эришиш, уларни амалиётда тўғри қўллаш масалалари сайловолди дастуримда ўз аксини топганди. Сайловчилар билан учрашувларда бу масала кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Ҳаётда шундай муаммолар борлиги ва уларнинг ечимини топиш мумкинлиги ҳақидаги фикрларимни кўпчилик қўллаб-қувватлади. Айни пайтда сайловчилар билан маслаҳатлашган ва уларнинг ҳам хоҳиш-истаги бўлган ушбу масалаларни қонунларда акс эттириш лозимлигини англадим. Бу йўлда амалга ошириш зарур бўлган вазифалар депутатнинг муқаддас бурчи эканлигини ҳис этдим. Бу – Ватан ва халқ олдидаги шарафли бурч эди! Депутат бўлгунга қадар асосан банк ва молия соҳаси амалиётида тобланган бўлсам, парламент депутати сифатида фаолиятим давомида эса қайтадан шаклландим. Бунга ўша даврда парламентда фаолият кўрсатган ўнлаб-юзлаб ўз касбининг билимдони бўлган юристлар билан яқиндан танишганлигим ҳам сабаб бўлгандир. Улар билан ҳамоҳанг равишда ишлар эканмиз, қонунларсиз ҳамма ёқда “бўшлиқ” пайдо бўлиб, жамиятда бирор натижага эришиб бўлмаслигини тўлиқ англадим.
Афдурафиқ аканинг дил сўзларини тинглаган киши ўтган кунларимизни ўзгача таҳлил қилишга ўрганади. Тажрибали иқтисодчининг айтишича, бугун мустақилликка эришилган кунларни ва ундан олдинги иккинчи жаҳон уруши давридан бери дуч келган ва халқни ғоят қийин аҳволга солиб қўйган ҳаддан зиёд тақчиллик, танглик, қимматчилик ва қийинчиликларни ҳам эсга тушириш мумкин. 1991 йилда сиёсий инқироз кучайиб иттифоқ чок-чокидан сўкилиб битди. Ўзбекистон “марказ”нинг қонли “қучоғидан” озод бўлиб, тобелик занжирини улоқтириб ташлади. Ўша кунларда бўлиб ўтган референдум энди унга тўла мустақил давлат сифатида ўз тақдирини ўзи ҳал этиш ҳуқуқига эга эканлигини умумхалқ имзоси билан тасдиқлади. Бу Ўзбекистон тарихидаги туб бурилиш бўлиб, энг катта ва энг муҳим сиёсий воқеа ҳисобланади. Республика сиёсий ҳаётида ҳам муҳим воқеа содир бўлди, яъни, қонуний асосда компартия тугатилди. Халқ демократик партияси ва бошқа партиялар тузила бошлади ҳамда кўппартиявийликнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Ўзбекистон тарихида, чунончи, собиқ иттифоқда ҳам биринчи марта муқобиллик асосида ўтказилган умумхалқ сайлови орқали йирик иқтисодчи ва сиёсатчи, давлат ва жамоат арбоби, халқ меҳрини қозонган мард, довюрак инсон Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти этиб сайланди. Ўша кезлар шундай воқеалар ҳам содир бўлдики, улар халқ бошига жуда кўп нохушликлар келтирди. Яъни, халқни катта ташвишга солаётган иқтисодий танглик, қалтис сиёсий вазият, нарх-наво кескин кўтарилиши, пулнинг қадрсизланиши, боз устига турли сиёсий нохушликлар ва кўплаб ижтимоий масалалар қалашиб кетганди. Марказдан бирёқлама мантиқсиз бошқариш сиёсати жамиятни аянчли аҳволга солиб қўйган эди.
Бундай ҳолат юзага келишига Ўзбекистоннинг заррача алоқаси йўқ эди. Боз устига иқтисодиёт бир томонлама ривожланганди. Республикамиз фақат хомашё базасига айлантирилганди, бу жафокаш халқимизга жабр бўлганди.
Асосан собиқ иттифоқнинг МДҲга кирган мустақил давлатларида йириклари (Россия, Беларусь, Украина, Болтиқбўйи республикалари) бозор иқтисодиётига ўтишини тезлаштириб юборгани, тўғрироғи, уни ҳар томонлама ўйламай, ўзбекчасига айтганда, “етти ўлчаб бир кесмай” деганларидек, уйғунлаштириб олиб бормай, нарх-наволар жилови ўз ҳолига қўйиб юборилгани халқнинг шундоқ ҳам машаққатли турмушини янада оғирлаштирарди. Ҳамдўстлик давлатлари ҳудудларида нарх-наво эркинлиги таъминланаётганлиги Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий ҳаётига салбий таъсир ўтказарди. 1991 йил давомида нарх-наво камида уч баравар кўтарилди ва бу ҳол кейинчалик яна давом этди. Бошқача айтганда, назоратсиз нарх-наво одамларни саросимага солиб қўйди. Бунинг устига яна бир мушкул вазият пайдо бўлди. Бошқа республикаларга нисбатан арзонроқ баҳоларда мол харид қилиш мақсадида Ўзбекистонга келаётган кишилар сони ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Қоп-қоп пул билан келиб, вагон-вагон ёки катта юк машиналарига мол ортиб кетаётганларни тўхтатишнинг ҳуқуқий механизми йўқ эди. Бу пайтда чегаралари очиқ бир республикадан иккинчисига ҳеч бир назоратсиз келиб кетиларди.Бундай очиқлик республиканинг таъминот балансини издан чиқарарди. Дўконларда барча турдаги моллар кескин камайди. Бозорларда эса нархлар қимматлашиб, уч-тўрт баробарга ошиб кетди. Энг керакли маҳсулотлар (ун, нон, шакар, ёғ, гўшт) дўкон пештахталаридан йўқолиб қолди. Кийим-кечак, газлама, телевизор, холодильник ва бошқа уй-рўзғор буюмлари анқонинг уруғига айланди. Бу турдаги товарлар бошқа республикалардан келтирилар эди. Таъкидлаш жоизки, буғдой, нон, гўшт, сут маҳсулотларининг асосий қисми, яъни, 65-75 фоизи бошқа республикалардан келтирилиб, фонд орқали тақсимланарди. Айни вақтда собиқ иттифоқ раҳбарлари иттифоқдош республикаларда бундай вазиятни юмшатиш учун кўрган барча чоралари қоғозда эди, амалда эса бажарилмай қолди. Аслида бу муаммо узоқ йиллар мобайнида маъмурий буйруқбозликка асосланган самарасиз олиб борилган сиёсий-иқтисодий бошқарувнинг оқибати эди…
Абдурафиқ ака таъкидлашича, тарих ўтмишни ёмонлаш учун ёзилмайди, аслида йўл қўйилган хатолардан сабоқ чиқариш, ҳақиқатни тан олиш ва ўтмишни унутмаслик, у даврда вазият қандай эди-ю, бу кунга қай тарзда эришдик – мана шулар ҳақида мулоҳаза юритади. “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” деган пурмаъно ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган. Демак, тарихни холисона ўрганиш – амалий хулосалар чиқариш учун керак. Юртимиз мустақиллигининг дастлабки йиллари ҳар куни янги-янги ечимини кутадиган масалалар кўндаланг бўларди. Бу вазиятдан чиқиш осон эмас эди. Чунки турли сиёсий ўйинлар, энг оғири барча масалалар молиявий манбага бориб тақалар эди. Иқтисодиётнинг барча соҳалари қарамликдан иборат, мустақил пул бирлиги йўқ, даромад манбаи қишлоқ хўжалик бюджети катта дефицит, ижтимоий масалалар кескинлашган, қўшни мамлакатлардаги аҳвол биздагидан ҳам қалтисроқ эди. Айнан ана шу гирдобдан чиқишда вазминлик, мусулмонча айтганда – аста-секинлик билан ҳар бир масаланинг ечими топилди. Иқтисодиёт аста-секин изга туша бошлади… Агар фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, 90 йилларнинг биринчи ярмида инвестиция масаласида хорижликлар билан музокара олиб бориш мушкул эди. Ўша кезларда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳақида маълумотлар жуда кам бўларди. Республикамизга бир аграр ҳудуд сифатида қараларди. Масалан, Европа қайта тикланиш ва тараққиёт банкидан Тошкент аэропортида реконструкция ишларини бажариш учун 50 миллион АҚШ доллари олишга олти ой давомида музокаралар олиб борилган ва ҳар сафар янги-янги талаблар қўйилган эди. Бугун эса хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатлаш, уларга имтиёз ва переференциялар беришга оид пухта ҳуқуқий база яратилди. Бу борада рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш асосида янги иш жойларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Истиқлолнинг илк йилларида собиқ иттифоқда юзага келган иқтисодий таназзуллар ҳақида кўп мисоллар келтиришимиз мумкин. Ўша дамларда бюджетнинг даромад қисми жуда оз ва катта миқдордаги дефицит, инфляция иқтисодиётни барча соҳасини издан чиқарган эди. Шу таҳликали вазиятда бюджетни бир йилда тасдиқлаш ўта мушкул эди, чунки нарх-наво ҳар куни ўзгарар эди. Ана шу вазиятда талафотдан чиқиш йўллари Биринчи Президентимизнинг аниқ кўрсатмалари асосида бошқарилар эди. Керак бўлган кезларда ҳар ой, ҳар чоракда кўриб чиқиш, таҳлил қилиш ва вазиятга қараб қарор қабул қилиш даромадга яраша буромад чоралари ишлаб чиқилар эди. Шундай оғир дамларда ҳам ташқи қарзга кўз тикиб ўтирмасдан барча ички имкониятларни ишга солиб, тўғри ҳисоб-китоб қилиб мамлакатни одилона бошқаришга ҳаракат қилинар эди. Оғир вазиятларда халқни осойишталикка, сабр-тоқатли бўлишга чақириб, тўғри тушунтиришлар берилди. Ҳатто озиқ-овқат захираси камайиб кетган пайтда ҳам бу муаммолар вазминлик билан ҳал этиларди.
Юқорида ҳикоя қилинган воқеалар аслида юртимиз мустақиллигининг илк шарофати эди. Келгусида бундай хайрли ишларни изчил давом эттириш серғайрат, олов қалб ёшларимиз ташаббусларига ва ғайрат-шижоатларига боғлиқ.
– Юртимиз мустақилликка эришиши арафасидан бошлаб то шунга қадар кимлар нима ишлар қилгани, қандай матонатлар кўрсатганини халқимиз кўриб, холисона баҳолаб турибди,– дейди Абдурафиқ ака.– Бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев амалга ошираётган улуғвор ишлар, улкан ислоҳотлар ҳам албатта ўз самарасини кўрсатишига ишонамиз. Бунинг учун катта ҳаёт тажрибасига эга кишилар ҳар бир ишда бош-қош бўлишлари ва ёш кадрлар ғайрат-шижоатини кўрсатишлари лозим. Очиғи, мен Президентимизнинг мамлакат ҳаёти учун стратегик аҳамият касб этувчи маъруза ва мурожаатларини эътибор билан кузатиб бораман. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида келажагимизнинг ойдин йўллари аниқ-равшан кўрсатилди. Мурожаатнома Ўзбекистоннинг жорий йил ва яқин истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи стратегик ва айни пайтда фундаментал асосга эга бўлган ҳужжатдир. Бу ҳужжат мазмунидан бугунги ислоҳотлар моҳиятини, юртимизнинг бутун қиёфаси қай тарзда жозибадор бўлишини, халқимиз ҳаёти нечоғлик осуда, фаровон ва бахтиёр кечишини англаш мумкин. Белгилаб берилган улкан марраларга эришиш учун ҳар биримиз масъулиятни ҳис этмоғимиз зарур. Мурожаатномада аввало инсон ва унинг манфаатлари устувор ўринга қўйилган. “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган асосий тамойил чинакам ижтимоий воқелигимизга айланиши ўзимизга боғлиқ. Очиғини айтиш керак, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар қандай самара бериши адолатли саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ. Афсуски, жамиятимиз тараққиётига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлардан бири – коррупциядир. Бу хавфли иллат халқимизнинг ислоҳотларимизга ишончини сўндириши, одамларда норозилик кайфиятини кучайтириши ҳеч гап эмас. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжат бўлди. Унда барча соҳаларда коррупцияга барҳам бериш, унинг илдиз отишига шароит яратаётган сабабларни бартараф этишга қаратилган чоралар белгиланди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича иккинчи Давлат дастури тасдиқланди. Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Очиғи, ҳаётга, давлат сиёсатига, жамиятимиз ҳаётига барчамиз мана шундай муносабатда бўлишимиз лозим, деб биламан.
Суҳбатдошимиз 2020 йил мамлакатимизда – “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинишини кўтаринки руҳ билан кутиб олганини таъкидлайди. У кишининг айтишича, рақамли иқтисод – бу бугунги кунда жаҳон иқтисодининг драйвери, ривожланиш белгиларидан бири. Рақамли иқтисод – замонавий миллий иқтисодларнинг қиёфасини ўзгартириб, уларнинг самарадорлигини ва шаффофлигини оширмоқда. Рақамли иқтисод кўп муаммоларимизни ҳал қилиши мумкин. Рақамли иқтисоднинг вазифаси – иқтисодиёт самарадорлигини оширишдадир. Бугунги кунда Ўзбекистон бозор иқтисодиёти тизимини жорий қилиш йўлидан бормоқда. Ҳар бир мамлакатнинг фаровонлиги унинг ЯИМи билан белгиланади. Чунки ЯИМдан ташқарида ҳеч нарса йўқ, оддий сўз билан айтганда. Халқнинг давлатнинг ҳаракат майдони – мана шу ялпи ички маҳсулот. ЯИМ катта бўлса бировга ёрдам пули нафақа беришингиз мумкин. ЯИМ кўпаймаса фаровонликни таъминлаш иложи йўқ. Рақамли иқтисод бозор иқтисоди билан бир вақтда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини оширишга хизмат қилади. Ҳар бир давлатнинг асосий мақсади – иқтисодий ўсиш ва фаровонликка эришиш экан, бу эзгу мақсадларга эришишимиз учун барча имкониятларга эгамиз, дейди мулоҳазакорлик билан Абдурафиқ ака.
Иқтисодиёт билан бир қаторда сиёсат майдонида ҳам жавлон урган очеркимиз қаҳрамонининг умри давомида амалга оширган ишларини холисона таҳлил қилсак, ёшлар учун хўб ибратли жиҳатларини кашф этиш мумкин. Аввал маҳаллий Кенгашлар, кейинчалик 20 йил парламент депутати бўлган Абдурафиқ Аҳадов иқтисодчи бўлиш билан бир қаторда сиёсатчи сифатида ҳам чинакам тобланган сиймолардан биридир. Бугунги ёшлар кимдан ибрат олиши керак, деган жўнгина саволга мана шундай сиймоларнинг самарали фаолиятларини кўрсатгим келади.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати
http://xs.uz/uzkr/25293
Сўнгги фикрлар