Орзуси ушалган ветеран отахон

Инсоният тинч-тотув, осойишта ҳаётни энг олий неъмат, деб қадрлайди.

Иккинчи жаҳон урушида қон кечган оталаримизнинг ҳам ягона мақсади – ана шу ҳаёт неъматига эришиш ва уни авлодларига етказиш бўлганини яхши биламиз. Бу мавзуда наинки китобларда ўқиб, фильмларда кўрганмиз, айни вақтда ана шу қаҳрамон оталар билан ҳамнафас эканлигимиздан бахтиёрмиз.

Ўзбекистон “Миллий Тикланиш” демократик партияси фаоллари, мазкур партиядан халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Олмазор туман Кенгашларига сайланган депутатлар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси билан ҳамкорликда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган фахрий Устозлар ҳолидан доимо хабар олиб туради.

1 2 3 4

Шундай отахон устозлардан бири – Олмазор туманидаги Беруний маҳалласида истиқомат қилаётган 97 ёшли Ширинбек Оразимбековдир. Бугунги кунда бахтиёр кексалик гаштини сураётган отахон 1923 йилда Жанубий Қозоғистонда таваллуд топган. 1948-1953 йилларда Ўрта Осиё давлат университети Тарих факультетида таҳсил олган.

Эътибор қилган бўлсангиз, уруш бошланганида у талаба бўлган. 1942-1945 йилларда жангга отланиб, Волховский, Ленинград фронтларида жасорат кўрсатган. Ғалаба кунлари жонажон Тошкент шаҳрига қайтган мард ва жасур ўғлон, истеъфодаги лейтенант Ширинбек Оразимбековнинг кўксини “Биринчи даражали Улуғ Ватан уруши ордени”, “Жанговар Қизил байроқ ордени” ва кўплаб медаллар безаган эди. Юртимиз истиқлолга эришганидан буён “1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 50 йиллиги”, “1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 65 йиллиги”, “Жасорат” медаллари билан тақдирланди.

Меҳнат фахрийси, халқ таълими аълочиси, тарих фанлари номзоди, доцент бўлган бу пиру бадавлат отахон устоз кам эмас – 70 йил (1952-2007) ҳозирги ЎзМУ “Ўзбекистон халқлари тарихи” кафедрасида фаолият кўрсатган.

– Менинг ҳали орзуларим жуда кўп,– дейди отахон устоз ижодхонасидан бир даста газета, журнал ва китобларни чиқариб кўрсатар экан.– Миллий университетимиз тарихи билан боғлиқ бўлган жуда кўп маълумотларни тўплаб юрибман. Бир аср мобайнида бу таълим даргоҳида шу қадар кўп ишлар амалга оширилганки, уларнинг кўпчилигига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлганмиз. Энди ҳаммасини бир бошдан ёзаверсам, бир нечта китобга жо бўлиб кетса ажабмас.

– Иккинчи жаҳон урушида барча халқлар билан бирга бўлиб, фашизм балоси устидан қозонган Ғалабамизни, бу урушда халқимиз кўрсатган матонат, мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини авлодларимиз асло унутмайди, жанг майдонларида бизнинг ўғлонларимиз нимага қодир эканини доимо ғурур ва ифтихор билан эслайди,– дейди халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Талабаларимизга ўтиладиган Тинчлик дарсларида Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабар эканлиги теран изоҳлаб берилади. Зотан, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган миллионлаб юртдошларимиз хотирасига таъзим қиладиган, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги йўлида хизмат қилган нуронийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Бундай кунларда бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка қандай оғир йўқотишлар, синов ва машаққатлар эвазига эришилгани хаёлимиздан ўтади. Бизга насиб этган мустақиллик, тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини теранроқ англаймиз.

Ўзбекистонда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашганининг ўзи, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб, ягона душманимизга қарши чиққанидан далолат беради. Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанча-қанча аёллар бева, болалар етим бўлиб қолгани эсдан чиқмайди. Юртимизда бирорта хонадон йўқки, шу мудҳиш урушнинг жабрини ўз бошидан ўтказмаган бўлса. Халқимиз айни шундай оғир вазиятда кунни – кун, тунни – тун демасдан, машаққатли меҳнат қилиб, фронт учун, ғалаба учун муносиб ҳисса қўшгани ҳеч эсимиздан чиқмайди.

Ота-боболаримиз бешафқат жанг майдонларида мардлик ва матонат кўрсатгани учун уларнинг 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, минг-минглаб юртдошларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани – буларнинг барчасини халқимизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган жасорати ва ботирлигининг амалий намойиши деб биламиз.

Тинчлик ва осойишталикни асраш борасида сўз борар экан, биз энг аввало, Ватан учун жонини тиккан оталаримизнинг жасоратларини эҳтиром ила ёдга оламиз. Она Ватанга муҳаббат ва садоқат, уни кўз қорачиғидек асраш ҳар бир йигит-қизни мудом жасоратга ундайди. Ватан озодлиги, Юрт тинчлиги йўлида курашган, жасорат кўрсатган буюк аждодларимизнинг бетимсол қаҳрамонликлари бугунги авлодларга, айниқса, ёшларга доимо ғурур бахш этади.

 

Раҳимқул МАҲАММАДИЕВ,

Тўлқин ЭШБЕК,

халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатлари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *