Янги Ўзбекистонда янги руҳ билан қадам ташлаймиз
Ҳаёт бизни оғир синовлардан ўтказмоқда.
Биргина коронавирус балосидан бутун халқимизни асраш ва унга қарши кураш силсиласида катта синовларни бошимиздан кечирмоқдамиз. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Олмазор туман Кенгаши аъзолари, фаолларимиз қалбида бугун “Янги Ўзбекистонда янги руҳ билан қадам ташлаймиз” деган руҳ жўш урмоқда. Фуқароларимизни миллий ғурур билан яшашга даъват этиб, бу эзгу йўлда тарғибот-ташвиқот ишларини изчил давом эттиряпмиз. Айни дамда тарғибот-ташвиқот ишлари ижтимоий тармоқлар, телеграм каналлари орқали янада самарали бўлаётганини изоҳлашга ҳожат йўқ. Қувонарли жиҳати шундаки, халқимиз, айниқса ёшларимиз “электрон ҳаёт”га тез кўникди. Одамларни “электрон ҳаёт”га ўргатиб ўтиришга ҳожат қолмади. Ҳозир ҳамма қўлида мобиль телефон орқали турфа ахборотлар оқими ичра яшашга кўникди. Шундай кезда партиямиз фаоллари, миллат фидойилари шунга яраша ҳаракат қилмоқлари ҳаётий заруратга айланди.
Ёшларимизни она Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳида тарбиялаш партиямизнинг энг асосий мақсадларидан биридир. Келажагимиз бўлмиш ёшларни ўз Ватанини ҳурмат қилиш, севиш ва у билан фахрланиш, ҳар қандай шароитда миллий мустақилликни, халқнинг қадриятлари, анъаналари ва урф-одатларини асраш ва ҳимоя қилиш руҳида тарбиялашимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Бунинг учун биринчи галда халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Олмазор туман Кенгашларига депутат этиб сайланган партиямиз аъзолари қанчалик фаоллик кўрсатишаётганини алоҳида таъкидлагимиз келади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Авазжон Мараҳимовнинг сўнгги бир ой орасида “Ўзбекистон-24” телеканали, ЎзА ҳамда қатор ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлари талаба-ёшларга қанчалик кўтаринки руҳ бахш этганини кузатиб турибмиз.
Айниқса, ректор ташаббуси билан талаба-ёшлар ўртасида он-лайн орқали ўтказилаётган ижодий танловлар ёш истеъдод соҳибларини янада илҳомлантирмоқда. Шу тариқа ижтимоий тармоқларда, телеграм каналларида истеъдодли талабаларнинг эзгуликка чорловчи видеороликлари жамоатчилик эътиборини қозонаётгани айни муддаодир. Айтиш жоизки, танлов ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланиши ҳам рағбат, ҳам моддий мададдир.
Шу тариқа партиямиздан сайланган депутатларимиз ва бошқа фаолларимиз аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини изчил давом эттириб, жамоатчилик эътиборини муҳим ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларга қаратаверади.
Раҳимқул МАҲАММАДИЕВ,
Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати,
Шаҳноза РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Миллий Тикланиш демократик партияси Олмазор туман Кенгаши масъул ходими
Сўнгги фикрлар