Аҳмаджон оғанинг “ўзидан ўтмаган” мақолалари
Жамоамиз сал кичикроқ бўлса-да салоҳиятимиз жуда катта!
Бу даргоҳда улкан ҳаёт йўлларини босиб ўтган, не-не лавозимларда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатишган сиймолар бамисоли – ҳаёт мактаби! Собиқ давлат маслаҳатчиси, ЎзАСнинг чорак асрлик Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, ярим аср турли бошқарув идораларида масъул лавозимларда ишлаган, 20 йилдан ортиқ Тошкент вилоят Матбуот бошқармаси бошлиғи бўлган Шавкат Миралимов, анча-мунча нуфузли идораларда тобланган Шавкат Ибрагимов, Зоир Тоҳировлардан ҳарқанча сабоқ олсанг арзийди.
Устоз Аҳмаджон Мелибоевнинг энг ибратли фазилати – ҳар қандай муаммонинг ечимини ғоят хушфеъллик, оқиллик, юморга бой ҳикматлари, ҳазил-мутойибалари билан ҳал этади! Баҳайбат кўринган кўп муаммолар Аҳмад оғанинг юморлари олдида қандоқ ҳал бўлиб кетганини кўриб ҳайратда қоламиз. Бугун “газеталарни йўқотамиз” дейдиганларнинг аждодлари қадимда кутубхоналарга ўт қўйиб, умри нодир китобларга қирон келтириш билан ўтиб кетган, энди суяк сураётган бўлса, бу унчалик ажабланарли ҳол эмас, деганга ўхшаш аччиқ-тизиқ гапларни асло айтманг, дея панд-насиҳат қилган Устознинг ўзлари “Аччиқ тутун” дея юморга бой мақола ёзиб яна бир бора ибрат кўрсатди.
Мақолани ҳаяжон билан ўқир эканман, “ўзимдан ўтмаган мақолалар” деган жумласи эътиборимни тортди. Аччиқ ҳақиқатларни ғоят ширин тил ила қойилмақом қилиб ёзадиган Устознинг ўзидан ўтганидан “ўтмаган” мақолалари қизиқроқ, ибратлироқ эканига шубҳа йўқ, албатта.
Ана Сизга маҳорат!
Қайси талаба мазкур мақоладан теран хулоса чиқариб, маҳорат сирларини зукколик ила ўзлаштириб фикрнома ёза олса, шода-шода “5”лар ундан айлансин, дейди Дониш домла.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети Журналистика кафедраси мудири,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
АЧЧИҚ ТУТУН
Босма нашрларнинг инқирози хусусида яна баҳс бошланди. Бир қарашда ўринли фикрлар: кўплаб нашрлар бугунги тезоб шароитга, иш услубларини янгилашга, ўқувчи эҳтиёжини қондиришга дош бера олмаяпти. Ҳафтада бир марта чиқадиган газеталар янгиликлари соат сайин ўзгариб турадиган электрон нашрлар билан беллаша олмайди. Бунинг баҳс қиладиган жойи йўқ. Аммо баҳс қилишнинг ҳам ўзига яраша маданияти бор. “Фалончи мана бундай фикрни айтган эди, писмадончилар унга қарши черик тортди” ёки бугунги журналистларнинг аксарияти собиқ тузум пайтида жаноб Горбачев берган демократияни қўлдан бой берган маддоҳларнинг авлодлари, деган гап юракка ўқдай ботади. Миллий журналистикамиз оқсаётгани рост, аммо у ориятини йўқотган эмас. Оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади деганларидек, кеча ёки қай бир пайт матбуотдан тарсаки, қайси бир журъатли журналистдан зарба еганлар, холис танқид тиғидан қўрқадиганлар ва – бунисини очиқ айтиш керак – мажбурий обуна тинка-мадорини қуритганларнргаҳонда оммавийахборот воситалари бўйича назариётчиларга айланиб, газеталарнинг, шу қаторда бутун умрини журналистикага бағишлаган устозларнинг шаънига лой чапламоқда, оқибатда матбуотнинг ютуқ-камчиликларини рўйи-рост айтаётган холис таҳлилчиларнинг фикрлари ногаҳоний устозларнинг ҳиссиётли ғала-ғовурига қўшилиб, ола-қуроқ бўлиб кетди. Газетадан бошланган баҳсга “Китобларнинг ҳам тақдири шу, бундан буён ҳамма нарсани интернетдан ўқиш мумкин”, деган гап қўшилди. Жим тураверсак, эртага яна биттаси чиқиб, “Қўлда хат ёзиш – эскилик сарқити”, дейиши ҳеч гап эмас. Ёзувини йўқотган одам шир-ялонғоч бўлиб қолади.
Таҳлилга ўтайлик. “Мана, фалон кундирки, газетасиз, журналсиз яшаяпмиз, осмон узилиб ерга тушгани йўқ, демакки…” дегани ўта жўнхулоса. Исбот: бир ярим ойдирки тўйларсиз, эрталабки наҳор ошларсиз яшаяпмиз, аммо бундан ўзбек халқи ош емай ҳам яшайвериши мумкин, катта-кичик қозонларни “утилсирьё”га топшириш керак, деган хулоса келиб чиқмайди. Газеталарнинг умри тугаётгани ҳақидаги фикрларни соҳадан йироқ, тушунчаси кам қиши айтса, ҳа энди, бу ҳам бир гап-да, дейсиз, қўясиз. Баъзан донишмандлар ҳам хато қилади. Устоз Одил Ёқубов бир гал: “Ай, Аҳматжан, катта язувчиларнинг хатоси ҳам катта бўлади”, деган эди. Шундай ҳам дейлик. Аммо соҳани яхши тушунадиган, қатъиятли, ташаббускор раҳбар, матбуотни қўллаб-қувватлаш вазифасини ўз ташаббуси билан зиммасига олган киши кутилмаганда оғриқли гап қилса, гарчи фикрлари узил-кесил ҳукмдай бўлмаса-да, бошқаларни билмадим-у, менга ҳазм бўлмади. Тўйнинг бошида турган одам совчиликка борганида куёв бола ҳақида, янгаликка номзод келин тўғрисида ёмон гап қилмайди. Боз устига, лавозимли одамларнинг гапитез тарқалади, йўл-йўлакай бошқа ўзанларга бурилиб ҳам кетади. Карантин шароитида талабаларга сабоқ бераётганимиз, мақолалар ёзаётганимиз, янги ўқув йилига жиддий тайёргарлик кўраётганимиз, фаол журналистлар эл-юрт дардида куйиб-пишиб юрганлари, демак, беҳуда уриниш экан-да? Эртага илдизи қурийдиган кўчатга сув қуяётган, тагини юмшатаётган эканмиз-да?
Йигирма йил газеталарга муҳаррир бўлган зукко тадқиқотчиларимиздан бири газетанинг ҳиди бўлади, деган гапни кулгига олибди. Умрида гул экмаган, парвариш қилмаган, ғунчасига тикилиб баҳра олмаган киши гулнинг ифорини билмаса, уни койимаслик керак. Энг яқин дўстларимга газета совға қилиш менинг кўп йиллик одатим эди. Ҳар жума куни баъзиларининг уйигача олиб борганман. Минг машаққат билан ярим кечагача кўзимизнинг нурини тўкиб яратган маҳсулотимизни эрталаб қўлимга олар эканман, газета ҳиди менга тандирган янги узилган нон каби азиз бўлиб кетарди. Начора, раҳматли Анвар Обиджон айтганидек, ҳар ким ўзига яраша бурунга эга бўлади.
Хуллас, адоқсиз саволлар гирдобида қолдим. Уйда, дала ҳовли ва ишхонадаги компьютерларимда мингдан ортиқ папкалар, ҳар бирида қанчадан-қанча ёзилган, чала битган, шунчаки бошлаб қўйилган, турли нашрлардан қайтган, баъзилари ўзимдан ўтмаган мақолалар турибди. Шуларни ўйлайман. Матбуотимиз босиб ўтган йўл, улуғ устозлар, собиқ тузум пайти ҳақ гапни ёзгани учун жазоланганлар, ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача ҳабар, мақола ёзиб, сўнгги нуқтани қўйишга улгурмаганлар, аччиқ-аччиқ фелъетонлари боис тана-дашномга қолганлар, ҳибсга олинганлар, ишидан айрилганлар кўз ўнгимдан ўта бошлайди. Давлатимиз раҳбари “Мен журналистларни ҳурмат қиламан, уларнинг меҳнатини қадрлайман”, дея бизга алоҳида эҳтиром кўрсатаётган, парламентимизда, Сенатда ижодкорҳамкасбларимиз сафи кўпаяётган, Белорус республикасида журналистика университети факультетга айлантирилган йили Ўзбекистонда махсус университет ташкил этилган, китобхонлик маданиятини оширишга қанчадан-қанча интеллектуал бойлик сарфланаётган бир пайтда газеталарнинг куни битди, тўрва халтани йиғиштиринглар, деган мазмунда башорат қилиб, муаммони янада чигаллаштириш нечоғли ўринли?
Денгизга ғарқ бўлган киши амаллаб кимсасиз оролга етиб олганида ҳам, “Э, қаранг-а, уйсиз-жойсиз, кийим-кечаксиз, маош-машинасиз яшаса бўлар экан-ку”, демайди, уйга қайтиш йўлини қидиради. Босма матбуот ғарқ бўлганича йўқ, муҳтарам биродарлар, унинг бугунги ўктам овозини эшитса бўлади, бунинг учун вақти-вақти билан лор врачнинг кўригидан ўтиб туриш талаб этилади, холос. Эҳтимол, кимлардир мабуотнинг овози деганда, собиқ тузум нашрларида ҳукмфармолик билан ёзилган дабдабали айблов мақолаларни, масалан, устоз Озод Шарафиддинов бош қаҳрамони бўлган “Чорбоғчилар” фелъетонини ёки Шароф Рашидов номига доғ тушириш учун қасддан тўқилган туҳматларни тушунишар? Йўқ, ундай эмас, бугунги матбуот бўлар-бўлмасга айюҳаннос солдиган, шовқин кўтарадиган минбарликдан, деҳқонга чигит экишни, қассобга гўшт бўлаклашни ўргатадиган мутахассислик мақомидан аллақачон қутилган. У энди жамаотчиликнинг холис минбари. Газета-журналларимиз бундай мақомга мосмилар ёки йўқми – бу алоҳида масала. Чунки, касални даволаш бошқа, бетига бақрайиб туриб, даволашдан фойда йўқлигини айтиш бошқа. Бу ҳам бир маданият. Матбуот коронавирусга йўлиққани йўқ, аммо иш услуби сурункали касалликка айлангани рост. Бунга даво топса бўлади.
Яқинда бўлиб ўтган бир ижодий йиғинда таниқли олимларимиздан бири бизга узоқ йиллар сабоқ берган, матбуот ривожига салмоқли ҳисса қўшган, бутун умрини журналистикага бағишлаган устозлар ҳақида: “Уларнинг ёзганлари эскида, ҳаммаси яроқсиз”, деганига зўрға чидаб тургандим, аммо газеталарнинг келажаги йўқ, деган фикр оғирлик қилди.
Газетада биринчи хабарим чоп этилганига салкам олтмиш йил бўлди. Ҳали-ҳануз оддий мақола, муносабат ёзиш учун неча кунлаб материал тўплайман, факт, рақам йиғаман, газета-журналларнинг эски сонларини варақлайман, фикримни жамлайман, қоғозга тушган мисраларимни қайта-қайта таҳрир қиламан. Наҳотки шуларнинг ҳаммаси эртага саробга айланса? Бугунги баҳсда қатнашаётган айрим кузатувчиларнинг фикридан: “Хомтама бўлманглар, жаноб журналистлар, газеталарнинг умри тугади, карантиндан чиққунимизча, ҳамма нарса ўзгариб кетади”, деган хулосанинг нохуш ҳиди келмоқда. Менингча, бундай бўлмайди. Карантин ҳолатида бу қадар узоқ қолиб кетмаймиз, ниятни яхши қилайлик. Ҳеч бўлмаса, бош санитар врачимиз даражасида фикрлайлик: “Ҳаммаси яхши бўлади…”, дейди у киши ва буни яхши хушхабарлар билан изоҳлаб беради.
Бошқа бир мамлакатда катта бир газетанинг қоғоз нашри тўхтаган экан, биз ҳам дарҳол шу йўлга ўтадиган бўлсак, ўз йўлимиз қаерда қолади? Ғарб дунёси амал қиладиган бир мақол бор, улар ўзбек тилини билмайди, аммо қурмағурлар “Така бўлсин – сут берсин” деган писандали мақолимизга чирмовуқдай ёпишиб олишган. Эртага вазият ўзгарса, даромад ҳаққи шу тўхтаган газетани ёки бошқа бир нашрни бир кунда бир эмас, икки-уч марта чоп этишлари аниқ. Ота-бола Мердоклар тасарруфларидаги йирик газетадан қандай мақсадларда фойдалангани, ўлган (ўлдирилган) қизчани тирик деб, ота-онасини умидвор қилишгани ва, охир-оқибат, шармандаю шармисор бўлишгани ёдимиздан кўтарилдими? “Фалон мамлакатда одамлар фалон кийимни киймай ҳам кўчага чиқишар экан”, деса, биз ҳам шундай қилишимиз керакми?
Одатда, бир гапни такрор-такрор уқтиравериш дуруст эмас, аммо оддийгина ҳақиқатни тушуниш негадир қийин бўлаётган экан, такрорлашга тўғри келади. Ҳарбийларда “Билмасанг ўргатамиз, хоҳламасанг – мажбур қиламиз”, деган гап бор. Оддий ҳақиқат қуйидагича: босма нашрларнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги гапларда хавотир, ўйлашга, дўппини қўлга олиб, бошни қашлашга арзирли таҳлил бор, буни инкор этмоқчи эмасмиз, аммо неча асрлардан буён жамият билан ёнма-ён, бақамти, ҳамнафас яшаб келаётган, энг оғир кунларда, таҳликали шароитларда таъсирчан сўзи билан не-не муамоларнинг ҳал бўлишига ҳисса қўшган нашрларнинг таназзули ҳақида башоратқилишга асос йўқ.
Жамият қандай бўлса, унинг матбуоти ҳам шунга яраша: очиқ бўлса, очиқ, танқидни кўтара олиш даражасида бўлса, танқидий фикрларга бой, мақтовни ёқтирадиган бўлса – ҳайбаракаллачи ва ҳоказолар. Жамият ўз матбуотини ўзи яратади. Буюк Наполеон ҳар гал ҳокимият тепасига келганида: “Бугундан бошлаб менга француз газеталарининг кераги йўқ, мени қўшни давлатларнинг матбуоти мен ҳақимда нималар ёзаётгани қизиқтиради”, дер экан.
Яна бир фикр. Бу ёруғ оламда тириклик мавжуд, инсон яшашда давом этар экан, демакки, тафаккур эҳтиёжи йўқолмайди. Тафаккур ривожини таъминлаш учун эса одамлар газета, журнал, китоб ўқишлари керак. Хизмат сафарларим чоғи дунёнинг кўп мамлакатлари олий ўқув юртларида, талабалар шаҳарчаларида бўлганман, устозлар, талабалар зарур мақолаларни интернет орқали қидиришади, топганларидан кейин эса уни қоғозга кўчириб, қоғозда ўқишади. Асосан қоғоз манбалардан фойдаланишади. Илм, тафаккур йўли шу. Бунинг фарқини тушуниш қийин эмас. Олимларнинг фикрича, қоғоздаги сатрлар, демакки, ахборот, факт ва рақамлар, ҳис-ҳаяжон, туйғу, ажабланиш, қониқиш, жунбушга келиш, ҳавас қилиш инсон миясига Кумушбибининг “Сиз ўшами?” деган сўзларидек муқим жойлашади, хотирага нақш боғлайди. Бундан атиги бир муддат аввал кимдир ”Коронавирус бу донишманд дунёни тўрт кунда алғов-далғов қилиб юборади, бою камбағал, қарздору ҳақдорнинг жони ҳалқумига келади”, деса ишонармидик? Бу ярамас вируснинг иштаҳаси очилиб, пайтини пойлаб туриб, интернет тўрига ҳужум бошласа, хотирасини чилпарчин қилса нима бўлишини тасаввур қиламизми? Тасаввур қиладиган воқеа йўқ эмас, бор. Бундан бир неча йил аввал, аниқроғи 2012 йил 17 июль кун соат 18.00да МТС мобил телетармоғи ўз фаолиятини тўхтатганида нима бўлганини эслайлик. Интернетни рад этмаган ҳолда мусулмон оламини, Шарқни буюк муаллимлик даражасига кўтарган босма нашрларни унутмайлик.
Интернет имкониятлари, шубҳасиз, чексиз, боз устига, бу тизим ҳали янада ривожланади. Аммо, шуни ҳам унутмайликки, бундай доно ва тезкор машинани газета, журнал, китоб ўқиб зукко билимдон бўлган Инсон боласи яратган ва бундан кейин ҳам, агар иксзурриётлар ҳаммаёқни эгаллаб олмасалар, дунё технократлар қўлида қолиб қолмаса, ворисийлик занжири узилмаса, ақл-идрокка, фаҳм-фаросатга чанг тушмаса, албатта, ҳазрати Инсон, унинг китоблардан олган билими бошқаради. Яхшилаб тушуниб олайлик: интернет хабардорлик даражамизни оширишга хизмат қилади, босма нашрлар тафаккуримизни беминнат чархлайди, қалбимизни бойитади, фикр томирларимизни ҳаракатда ушлаб туради. Тобора мураккаблашиб бораётган ақлли компьютерларнинг инсон мияси ва, айниқса, руҳиятига (демакки, маънавий оламига ҳам) таъсири эса, руҳшунослар ҳозирдан бонг уришаётганидек кейинроқ маълум бўлади. Аммобу маълумликдан деярли фойда бўлмайди.
Румий ҳазратлари шундай деганлар: “Дўкондаги нарсалар омбордагиларнинг бир қисмидир. Омборда бор нарсаларнинг ҳаммасини дўконга сиғдириб бўлмайди. Инсон ана шундай дўконга ўхшайди. Унга Тангрининг сифатлар хазинасидан бирор-бир парча (эшитиш, кўриш, ҳис этиш, сўзлашиш, ақл-фаросат, билим, мардлик, жасорат кабилар) берилган. Демак, инсонлар Тангрининг сотувчиларидир ва улар бу иш билан машғулдирлар. Кундузи савдо қилиб, идишларни бўшатадилар, кечаси эса бўш идишларни яна тўлдирадилар, тўлганларини қувватлантирадилар”.
Улуғ устоз “кечаси идишларни тўлдириш” деганда китоб ўқишни кўзда тутганига шубҳа йўқ. “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур” журналлари китоб ҳолида чоп этилади. Бу нашрларда эълон қилинган мақолаларни йигирма, ўттиз йилдан кейин ҳам ўқиш мумкин. Наҳотки буни фарқламасак?
Бугун пандемиядан сўнг дунёнинг қандай бўлиши ҳақида кўп фикрлар билдирилмоқда. “Дунё бутунлай ўзгаради, ҳаммаси бошқача бўлади, ҳеч нарса шу ҳолича қолмайди”, деяётганлар оз эмас. Эътироз билдириш қийин, чунки бу ялпи офатдан омон чиққан дунё, чиндан ҳам ўзгаради. Турмуш тарзимизда, дунёқарашимизда, жаҳоний муносабатларда, халқаро ижтимоий, иқтисодий-сиёсий алоқаларда янгича йўналишлар, мақсад-муддаолар, умумманфаатли режалар пайдо бўлиши аниқ. Фикримча, янги бир тозаришни бошдан ўтказишимизга, ортиқча, самарасиз нарсалару воситалардан, тўсиқ-тўғонлардан, эскиган қолип-андозалардан воз кечишимизга, қисқа қилиб айтганда, бундан буёғига оёқни кўрпага қараб узатишимизга, даромадга яраша буромад қилишимизга тўғри келади.
Давлат бошқарувида, раҳбарлик тизимларида ўзига хос ихчамлашув бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сифат ва самардорликка қайтамиз. Тежамкор бўламиз. Айний домланинг “Судхўр” романини, Хуршид Дўстмуҳаммад айтганидек, қайта идрок этамиз. Буни ҳар бир давлат, жамият ўзининг ички имкониятига қараб амалга оширади. Алоҳидаланиш, бўлакланиш, тор қобиқли узлатга чекиниш каби қарашлар ўрнини ягона умуминсоний мақсад-муддао, масалан, табиатни асраш, ичимлик сувини тежаш, минтақавий кооперацияни ривожлантириш йўлида бирлашиш ҳаракатлари эгаллайди. Дунёни айни мана шу ўзгаришлар қутқаради. Аммо, шунча ўзгаришлар ҳам “Пандемиядан кейин дунё бутунлай бошқача қиёфага киради”, дейишга асос бўла олмайди. Дунё дунё бўлганидан бери яшаб келаётган маънавий-ахлоқий тамойиллар, шубҳасиз, сақланади. Инсоният юзидаги ниқобини ечганидан кейин ҳам яшашда давом этади, фарзанд тарбиялайди, боғ яратади, болаларига газета-китоб ўқиб беради.
Инсоният ўз тарихида бало-қазоларни кўп бор кўрган, талофатлари коронавирус қурбонларидан ошган. Уй-жойи, қурган шаҳарлари неча бор ёниб кул бўлган, дарёлари неча бор қуриб, қайта жонланган. Аммо ҳеч қачон тушкунликка тушмаган, яшашда, яратишда давом этган. Биз бугун пандемияга қарши курашда асло бўш келмаётганимизнинг боиси ҳам шу – халқимизнинг руҳи баланд, эртанги ойдин кунларга ишончи мустаҳкам, давлат раҳбари, миллат етакчиси бу курашнинг бошида турибди. Шундай экан, у бўлади, бу бўлади қабилидаги тахминларни тўхтатганимиз маъқул. Ўзбекистонда журналист касбини эгаллаган, шу касбга садоқат билан хизмат қилаётган неча минг ижодкор бор. Учта университетда Президентимизнинг олий таълим олдига қўйган янги талаблари асосида эртага ўрнимизга келадиган ўриндошларимизни тарбияламоқдамиз. Дунёнинг кўзга кўринган университетлари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Замонавий дарсликлар яратилмоқда. Янги ўқув йили бошида аудиторияга кириб, талабаларга нима деймиз, “Кечирасизлар, бошқа факультетларга ўтинглар, газета-журналларнинг куни яқинда битади”, деймизми? Бу гап қаердан чиқди, деган саволга қандай жавоб берамиз, “Пандемия кунлари устоз журналистларнинг холидан хабар олган жамғармадан”, дейишга тилимиз борармикин?
Бир гапни очиқ айтиш керак: матбуотимиз жиддий ўзгариши зарур. Ўзгараётган, бугунги талабларга мослашаётган нашрлар йўқ эмас, бор, аммо тўрт-бешта илғор, тўрт-бешта шартаки билан иш битмайди. Ортиқчалари, қуруқ савлатлилари, оғир карвонлари, шунчаки ҳавасга ташкил этилганлари, журналистиканинг обрўсини тўкаётганлари бор ва оз эмас. Бу муаммони ким ҳал қилади? Таъсисчи ва жамоанинг ўзидан бошқа ҳеч ким. Рақобатга дош бера олмаяпсизми, бугуннинг шиддатини ҳис этишингиз қийин кечаяптими, ўқувчингиз камми, сўзингиз таъсирчан чиқмаяптими, ишингиздан қониқмаяпсизми, марҳамат, бир қарорга келинг.
Шу ерга келганда, матбуотимиз муаммоларига бошқа бир тарафдан ҳам қарашимиз зарур. Жорий йилимизнинг энг катта муаммоси, аниқроғи талофати обуна билан боғлиқ бўлди. Мажбурий обунага қарши ғоят зарур кураш кампанияси уқувсизлик билан олиб борилгани натижасида ўртада тушунмовчилик келиб чиқди. Қаерга борманг, кеча ҳам, бугун ҳам ва, албатта, эртага ҳам битта гап: “Акажон, устоздай одамсиз, ҳурматингиз бор, аммо ёрдам бера олмаймиз, обуна билан шуғулланганларни ишдан бўшатишмоқда. Мана, масалан…”
Журналхонлар билан учрашувлар ўтказиш учун олтита вилоятга бордим. Мақроқли суҳбатлар бўлди, аммо… баъзи раҳбарларнинг ўта эҳтиёткорлиги мени ғоят ажаблантирди. Кўзлари олазарак, “Ака, илтимос, обуна ҳақида гапирманг, ўрнимни мўлжаллаб турганлар бор, юқорига хабар беришса яхши бўлмайди”, дейишади.
Хуллса, қош қўяман деб, кўз чиқарилди. Бу хатони тан олмаслик учун нима ҳаракат қилмайлик, сўровларга қандай “отписка”лар жўнатмайлик, интервьюларимизда ўзимизни нечоғли оқламайлик, фойдасиз – ўрмонга ўт тушиб, ҳўлу қуруқ баробар ёнди ва унинг аччиқ тутуни ҳамон кўзимизни ачиштирмоқда. Ҳали ҳам кеч эмас, кимдир: “Азизлар, обунага ҳеч ким қарши бўлган эмас, бизни нотўғри тушунишди, марҳамат, ўзингизга маъқул нашрларни ўқинглар, тарғиб қилинглар, баҳс-мунозараларга қўшилинглар, мақола ёзинглар, яхши ишларингизни кўрсатинглар, обуна тарғиботчиларини жазоламанглар, аксинча, рағбатлантиринглар”, дейиши зарур. Борди-ю бундай дейишга журъат етмаса, унда, ҳеч бўлмаса, обунага халақит бермаслик керак. “Ҳа, биродар, обуна бўлгингиз кеп қолдими, қайси нашрга, э-ҳе, майли…” дея инглизча кулмаслик керак (Инглизларда уч нарсадан – буқанинг шохидан, отнинг туёғидан ва инглизнинг мийиғида кулишидан қўрқ” деган мақол бор).
Устоз Эркин Воҳидовнинг бир гаплари ёдимга тушади. Вилоятлардан бирида ҳунармандларнинг кўргазмаси бўлаётган экан. Раҳбарлардан бири Эркин акага: “Устоз, одамларга қўйиб берсангиз нима ишлар қилишмайди-я, оддий ҳунарманд йигит яратган идиш чинакам санъат асари-я”, деган экан, шоир: “Бир қўйиб бермайсизми”, дебди.
Матбуот ҳам шундай. Таҳририятга, аввало, ишонч билдириш керак. “Ишонч”, “Ҳуррият”, “Миллий тикланиш” газеталарига озроқ қўйиб беришган эди, бу уч нашр анча олдинлаб кетди. Масъулият муҳаррирнинг ўзида бўлсин, оддий ахборотни ҳам юқори билан маслаҳатлашиб ҳал қилмасин.
Якуний сўзим шуки, биз бугун шиддат билан ўзгараётган дунёда, янгиланаётган Ўзбекистонда, давлатимиз раҳбарининг инсоний қиёфа касб этган янги халқчил сиёсати шароитида яшамоқдамиз. Оммавий ахборот воситаларининг бугунги эркинлиги бундан уч-тўрт йил аввал ҳатто ҳаёлимизга ҳам келмаган. Буни тан олайлик. Аммо ҳаёт тинимсиз ўзгариб, денгиз тўлқинидай мавжланиб бормоқда. Фаоллигимиз, ижодимиз, журъатимиз шунга мос бўлсин. Оддий мулоҳазадан бошланган баҳс-мунозарага чуқур берилмайлик-да, сиз, мен, бошқа устозлар, муҳаррирлар, истеъдодли шогирдлар, қўлида қалами, юрагида журъати бор фидойилар матбуотимизнинг эртаси учун жон куйдириб, ўқиладиган, ўқувчида фикр уйғотадиган, қарашларини чархлашга қодир мақолалар ёзайлик, журналист суриштирувлари ўтказайлик, мухлисларнинг ишончини қозонайлик. Ва… Матбуот ҳақидаги бўлар-бўлмас тортишувлар билан сайтларни тўлдиргандан кўра, биз учун яккаю ягона минбар бўлган “Ўзбекистон матбуоти” журналимизни оёққа турғизиб, белини қувватлантириб, унинг беғараз саҳифаларида мириқиб баҳслашайлик, илмий мунозаралар олиб борайлик.
Менингча, яшаб қолишнинг бундан бошқа йўли йўқ.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти, академик
Сўнгги фикрлар