Ғамхўрликдан ногиронларнинг кўнгли ўксимайди!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳукуматимиз
томонидан коронавирус пандемияси даврида кўрилаётган чора-тадбирларда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада пойтахт шаҳримизнинг Олмазор туманида қатор хайрли ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси ва коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабининг 2020 йил 13 апрелдаги қўшма йиғилиши 18-баёнининг 34-бандида ногиронлик муддати тугайдиган фуқароларни қайта кўрикдан ўтказмасдан, ногиронлик муддатлари автоматик тарзда узайтирилган холда пенсия (нафақа) тўловларини давом эттириш топшириғи берилган.
Мазкур топшириқни амалга ошириш мақсадида карантин даврида қуйидаги тадбирлар бугунгача бажарилди:
- Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялар (ТМЭК) томонидан республикада карантин жорий этилган кундан бошлаб ногиронлик муддати тугайдиган 16 ёшдан катта ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ҳамда Махсус жамғармаларга (Давлат Хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, божхона қўмитаси ва б.) пенсия (нафақа) тўловларини автоматик тарзда узайтириш учун тақдим этилди.
Шунингдек, Олмазор туманида яшовчи 2020 йил март-апрел-май ойларида ТМЭКдан қайта кўрикдан ўтиши лозим бўлган ҳар бир ногиронлиги бўлган шахсларга телефон орқали пенсия тўловлари автоматик тарзда узайтирилиши тўғрисида хабар берилиб хотиржам қилинди, уйда қолиш яна бир бор тавсия этилди;
- Оилавий поликлиникаларнинг Тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ҳамда 16 ёшга тўлиб ногиронлик муддати тугаган болалар рўйхати худудий Пенсия жамғармаларига нафақа тўловларини автоматик тарзда узайтириш учун тақдим этилди;
- Оилавий поликлиникаларнинг Тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек нохуш клиник прогнозли беморларга бирламчи ногиронлик белгилаш бўйича тиббий хужжатларини карантин даврида ТМЭКлар томонидан масофадан туриб (“онлайн” режимда) қабул қилиб олиш ва сиртдан фуқаронинг иштирокисиз кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги 213-Ф Фармойишини ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар Агентлигининг 2020 йил 24 апрелдаги 30/359-сонли хати ижросини таъминлаш учун тумандаги барча ногиронлиги бўлган шахслар рўйхати ТМЭКлар томонидан шакллантирилиб “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” туман бўлимларига етказилди;
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида мазкур фармойишга мувофиқ “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш” худудий бўлинмалари ҳузурида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил этилди. “Саховат ва кўмак” жамғармасининг маблағлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун ишлатилиши белгиланган.
Ирода МУХАМЕДХОДЖАЕВА,
Тошкент шаҳар, Олмазор туман 102-сон тиббий-меҳнат эксперт комиссияси раиси, олий тоифали врач-эксперт невропатолог
Сўнгги фикрлар