Маънавият ва маърифат мактаби

Биз кўп мактаблар ҳақида тасаввурга эгамиз.

Биринчиси, ёшлигимизда савод чиқарган жонажон мактабимиз бўлса, университетларда илмий мактаблар. Ҳаёт мактаби ҳаммасидан улуғ, деймиз. Энг муҳими, ҳар бир мактаб – илму маърифат сарчашмаси ҳисобланади. Ундан баҳра олган йигит-қиз чинакам камолтга етади, ҳаётда муносиб ўрнини топади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети элликтача илмий мактаблари билан машҳур. Ўша илмий мактаблар билан бир қаторда биз яна бир ажиб мактабни яратилганини англаш мушкул эмас. Бу – маънавият ва маърифат мактабидир. Сиёсий фанлар доктори, профессор Қаҳрамон Қуронбоев ва филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбекнинг “Университет” нашриёти томонидан 2011 йилда чоп этилган “Миллий университет: маънавият ва маърифат сарчашмаси” ҳамда 2012 йилда чоп этилган “Ахборот сабоқлари” тўпламларини варақлар эканмиз, бу даргоҳда аллақачон чинакам маънавият ва маърифат мактаби яратилганини ҳис этдик. Мазкур китобларнинг муаллифлари Қаҳрамон Қуронбоев – шу даргоҳда қатор йиллар Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозимида ишлаган бўлса, Тўлқин Эшбек айни пайтда Журналистика факультети Журналистика кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга у халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати ҳамдир.

1 2 3 4

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларда биз қандай орзу-умидлар билан яшаганмиз? Йиллар давомида тафаккуримизда қандай ўзгариш ва эврилишлар юз берди? “Ахборот сабоқлари” тўпламини мутолаа қилган ўқувчи ана шу саволларига мухтасар жавоблар топади.

Республикамиз ҳаётининг барча соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида талаба-ёшларга ахборот бериб бориш тизимини ривожлантириш, уларнинг сиёсий онги ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, юртимиз тинчлигига рахна солаётган турли бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабаларни зарур ахборот билан мунтазам таъминлаб бориш ғоят жиддий ва таъбир жоиз бўлса, кўп меҳнат талаб этадиган мушкул масала. Бундай мушкул масалаларни ижобий ҳал этишнинг ёрқин йўли – талаба қалбига йўл топишдир.

Талаба қалбига йўл топишнинг ёрқин йўлларидан бири – интерфаол суҳбат-у мулоқотлардир. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли қарори ва буйруғига биноан Миллий университетнинг барча ўқув гуруҳларида ҳафтада бир марта 45 минут “Ахборот соати” ва 45 минут “Мураббийлик соати” ўтказилиши йўлга қўйилгани ва унинг самараси мазкур тўпламда атрофлича таҳлил қилинган.

ЎзМУ ректори, Ўзбекистон “Миллий Тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Авазжон Мараҳимов раҳбарлигида мазкур маънавият ва маърифат мактаби янги босқичларга кўтарилаётганини кенг жамоатчилик эътироф этмоқда. Буни биргина Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббусни амалга ошириш доирасида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Сўнгги йилларда талабалар ҳаётида маънавий-маърифий тадбирларимиз муҳим аҳамият касб этамоқда,– дейди ЎзМУ ректори.– Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан муҳим ижтимоий воқеликка айланган 5 ташаббус ҳар бир талаба ҳаётида ўчмас из қолдирмоқда. Дарсдан бўш пайтларида талабалар мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турлари билан шуғулланишлари учун махсус тўгараклар ташкил этилган. Бугунги ёшлар ҳаётини компьютер технологиялари ва интернетсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ўқув биноларимиз билан бир қаторда талабалар турар-жойларида ҳам етарли даражада интернетга уланган компьютерлар билан таъминланган. Ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун ҳамма шароитлар муҳайё. Китобхонлик маданиятини такомиллаштириш учун талабалар турар-жойларида алоҳида кутубхоналар ташкил этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда таниқли ёзувчи-шоирлар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб туриш ўзига хос анъанага айланган. Шундан илҳомланиб ижодга қизиққан ёш қаламкашларнинг шеър-ҳикоялар тўпламларини нашр этиб бориш йўлга қўйилмоқда. Талаба қизларни тикувчилик, чеварлик ва бошқа касб-ҳунарга ўргатиш учун ҳам тегишли шароитлар яратилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, университетимиз профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабаларидан иборат ижодий-тарғибот гуруҳи сўнгги икки йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Хоразм, Сирдарё вилоятлари, Тошкент шаҳри таълим муассасаларида ана шу 5 ташаббус доирасида қатор тадбирлар ўтказиб келдилар. Демоқчиманки, ЎзМУдан таралаётган маънавият ва маърифат нурлари бутун мамлакатимиз узра ўз самарасини кўрсатаётир.

Юқорида номлари қайд этилган тўпламларда ЎзМУ тарихи ва фаолиятига оид муҳим маълумотлар ҳам қайд этилган. Чунончи, мазкур университетидастлаб 1918 йил 12 май куни Туркистон мусулмонлари халқ дорилфунуни номи билан ташкил этилган. Шундан сўнг турли даврда у турфа номлар билан аталиб келинган. 1918 йил 31 майдан бу таълим муассасасининг махсус газетаси “Халқ дорилфунуни” чиқа бошлаган. Тўрт ой давомида жами 15 та сони босилди. Бу газета собиқ шўро даврида ўзбек тилида чоп этилган дастлабки газета ҳисобланади. Бу университетни илк бор тамомлаганларга биринчи диплом 1921 йилда берилган. 1920 йилдан Туркистон давлат университети, 1923 йилдан Ўрта Осиё давлат университети, 1960-2000 йилларда Тошкент давлат университети деб аталган бу маскан 2000 йил 28 январдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб номланган.

Юртимиз мустақиллиги йилларида бу масканда етук мутахассис-кадрлар тайёрлаш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш даражаси тобора ортиб бораётгани эътироф этилмоқда. Узоқ ва давомли, шу билан бирга, шарафли тарихий йўлни босиб ўтган Миллий университетнинг ҳаёти Ўзбекистон тарихи билан чамбарчас боғланиб кетган. Ватанимиз қандай машаққатли ўсиш ва юксалиш жараёнларини бошидан кечирган бўлса, уларнинг барчаси ушбу билим даргоҳи тимсолида акс этгандир.

Айтиш жоизки, бугунги кунда бу даргоҳда амалга оширилаётган ишларнинг қиёси йўқ. Йиллар ўтган сари бугунги кунларимиз ҳам тарихга айланиб қолиши табиий ҳолдир. Шундай экан, бугунги улуғвор воқеликлар ҳақида ҳам юқоридаги каби китоблар яратиб бориш ҳам фарз, ҳам қарздир.

 

Нигора МИРЗАЕВА,

Раҳимқул МАҲАММАДИЕВ,

Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатлари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *