Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология
фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўтган вақт мобайнида республикада ер қаърини комплекс геологик ўрганиш, узоқ истиқболга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастурларининг самарали бажарилишини таъминлаш, ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш ва уларнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ягона геология хизматини ташкил қилиш юзасидан бир қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, келгусида ушбу соҳада фойдали қазилмалар захираларини кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, энг аввало ҳудудларда замонавий саноат ишлаб чиқаришини ташкил этишда етарли хомашё базасини яратиш учун қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:
биринчидан, геология соҳаси эҳтиёжлари учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ҳозирги замон талабларига тўлиқ мослаштириш;
иккинчидан, геология соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт ўртасида узвий боғлиқликни етарли даражада таъминлаш, ер ҳақидаги фанлар, шу жумладан, уларнинг фундаментал йўналишлари ҳамда амалиёт ўртасида реал интеграциялашув жараёни учун шарт-шароитлар яратиш;
учинчидан, ер ҳақидаги фанлар соҳасидаги илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг аниқ мезонлари ҳамда самарали механизмларини жорий этиш;
тўртинчидан, кадрлар тайёрлаш тизимида моддий рағбатлантириш механизмларини яратган ҳолда олий таълим муассасаларига ҳалол ва юқори малакали ходимларни жалб қилиш.
Геология соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш, ўқитишнинг замонавий услубларидан кенг фойдаланиш, геология соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, таълим жараёнининг моддий-техника базасини илғор хорижий технологиялар асосида мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат геология қўмитаси), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг геология соҳасида таълим, илмий-тадқиқот ва амалиёт интеграциясига ихтисослашган, Давлат геология қўмитаси таъсисчилигида давлат муассасаси шаклидаги Геология фанлари университетини (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
геология соҳасининг илмий-тадқиқот, ишлаб чиқариш ва бошқа вазифалари билан узвий боғлаган ҳолда, юқори малакали ва замонавий фикрловчи олий маълумотли кадрларни халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлаш;
замонавий таълим дастурлари ва шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқув жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини ҳамда фан ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаш, илмий-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
фан ва таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлиги тамойили асосида, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашувни таъминлаш ҳисобига мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш;
геология соҳасида таълим, илм-фан ва амалиётнинг узвий интеграциялашуви учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларга иқтидорли талабаларни кенг жалб қилиш, уларни самарали рағбатлантириш механизмларини жорий этиш;
фойдали қазилмаларнинг янги турларини аниқлаш, уларни геологик ўрганиш ва саноатда ўзлаштиришнинг замонавий усуллари, инновацион ва рақамли технологияларни жорий этишга йўналтирилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш;
ер ҳақидаги фанлар соҳасидаги илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг аниқ мезонлари ва самарали механизмларини ишлаб чиқиш, уларнинг натижаларини геология соҳаси амалиётига кенг жорий қилиш;
хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, бизнес-ҳамжамиятлари ва халқаро геологик жамиятлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш;
геология соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, жаҳон геология фани ҳамда амалиёти эришган ютуқлар ва янгиликларни чуқур ўргатиш асосида уларга етказиш, шунингдек, ўқув дастурларини такомиллаштириб бориш;
фойдали қазилмалар намуналари коллекцияларини йиғиш, сақлаш ва тўлдириб бориш, ноёб ва илмий-маърифий аҳамиятга молик бошқа экспонатларни яратиш, шунингдек, ер ости бойликлари ва геологик хилма-хиллик тўғрисидаги маълумотларни жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш.
3. Давлат геология қўмитаси:
бир ой муддатда Университет уставининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишини;
икки ой муддатда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари учун белгиланган меъёрлар ва илғор халқаро тажрибани ўзида мужассамлаштирган Университетнинг ташкилий тузилмасининг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрга қадар Университет профессор-ўқитувчиларининг таркибини юқори малакали кадрлар билан, шу жумладан, илмий-тадқиқот институтлари илмий ходимлари ҳисобидан тўлдирилишини таъминласин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Университет Давлат геология қўмитаси, тоғ-кон саноати корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун геология йўналишидаги малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бажариш бўйича республиканинг ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;
Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Давлат геология музейи Университет таркибига киради;
Университетга талабалар Давлат геология қўмитаси буюртмаларига асосан шакллантириладиган ва ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида қабул қилинади;
Университетда кадрлар мазкур қарорнинг 1-иловасида келтирилган йўналишлар (мутахассисликлар) бўйича тайёрланади;
Университетда талабалар Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари асосида геология ва кончилик йўналишидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг (Россия Федерацияси) қўшма таълим дастурлари бўйича, улар билан эришиладиган келишувларга мувофиқ ўқитилади;
Университет тегишлича Давлат геология қўмитаси тизимидаги ташкилотлар ва “Ўзбектелеком” АЖнинг Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Олимлар кўчаси 43, 45, 49, 64-уй манзилларидаги, Университет автогаражи эса Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, М.Ашрафий кўчаси 70-уй манзилидаги мавжуд ва янгидан қуриладиган бино ва иншоотларида жойлаштирилади ва улар оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Университетга берилади.
Бунда, “Ўзбектелеком” АЖ устав капиталидаги давлат улуши Университетга берилаётган объектнинг баланс (қолдиқ) қийматига камайтирилади.
5. Университет фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:
талабаларни давлат грантлари асосида ўқитиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Давлат геология қўмитасига ажратиладиган маблағлари;
Университет томонидан Давлат геология қўмитаси билан келишилган ҳолда белгиланадиган тўлов-контракт асосида талабаларни ўқитишдан тушадиган маблағлар;
ҳар йилги минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастурларида назарда тутилган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;
республика ва халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
Университет томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Университетга академик эркинлик ҳамда ўзини ўзи молиялаштириш ва молиявий барқарорликни таъминлаш тамойиллари асосида хўжалик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.
6. Геология фанлари университетининг Геоинновацион технологиялар маркази (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилсин.
Белгилансинки, Марказда:
ер қаърини геологик ўрганиш, оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида тадқиқотлар ва ишланмаларни янада ривожлантириш учун илғор илмий-техник база яратилади ва самарали фаолият юритилади;
минерал хомашёни ўрганишнинг энг янги усулларини ва технологияларини эгаллаган малакали кадрларнинг янги авлоди тарбияланади;
пировард натижада, ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва моддий қийматларни қайта тўлдиришга йўналтирилган ихтирочилик ғоялари ва лойиҳалари шаклланиши учун ноёб тадқиқот майдончаси, изланувчанлик ва ихтирочилик муҳити яратилади;
глобал инновацион тизимга интеграция қилиш, замонавий рақобатбардош усуллар ва технологик ечимлар яратиш учун инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этишга, шунингдек, илмий-техник ва инновацион дастурларда, халқаро конкурслар ва грантларда фаол қатнашишга имкониятлар яратилади.
Марказни жиҳозлаш учун замонавий лаборатория-технологик ускуналар ва инвентарлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Давлат геология қўмитаси, “Навоий КМК” АЖ ва “Олмалиқ КМК” АЖнинг Марказни замонавий лаборатория-технологик ускуналар ва инвентарлар билан жиҳозлаш “Навоий КМК” АЖ ва “Олмалиқ КМК” АЖ томонидан тенг улушларда ажратадиган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
“Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳузуридаги Аккредитация маркази” давлат унитар корхонаси белгиланган тартибда Марказ лабораторияларининг аккредитациядан ўтказилишини таъминласин ва кейинчалик Марказнинг халқаро тан олинган аккредитация органларида аккредитациядан ўтишига кўмаклашсин.
8. Давлат илмий техника дастурлари доирасида “Рақамли геология” ва “Тоғ жинслари ва минералларнинг миллий электрон базаси” лойиҳалари амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Давлат геология қўмитаси 2021 йил 1 мартга қадар:
фойдали қазилмалар ягона электрон платформасини ишлаб чиқсин;
Университетда рақамли аэро-космик суратлардан фойдаланган ҳолда фойдали қазилма конларини масофавий зондлаш бўйича кадрлар малакасини ошириш курсларини жорий қилсин.
9. Университет фаолиятини ўз вақтида йўлга қўйиш ва белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида, истисно тариқасида:
“Геолтехтаъминот” давлат корхонасига – Марказни жиҳозлаш учун мазкур қарорга 2-иловада назарда тутилган замонавий лаборатория-технологик ускуналар ва инвентарларни харид қилиш учун техник топшириқларни “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда мажбурий экспертизадан ўтказмасликка;
Давлат геология қўмитаси тизимида фаолият юритаётган ташкилотларга – ҳар йилги минерал хомашё базасини ривожлантириш давлат дастурларини бажариш учун геология-қидирув ишларига ўзаро ҳамда илмий-тадқиқот ва лаборатория-таҳлил ишларига Университет билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.
10. Давлат геология қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 сентябрга қадар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2020/2021 ўқув йили учун Университетга талабаларни қабул қилиш жараёнини талабга мувофиқ ўтказилишини таъминласин;
ўқув жараёнига илғор таълим методикалари ва технологияларини, билим даражасини баҳолаш механизмларини жорий этиш, шунингдек, амалий машғулотлар ва ўқув ишлаб-чиқариш амалиётларининг давомийлигини оширишни назарда тутувчи Университет фан дастурлари ва ўқув режаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
Университет ҳузурида етакчи геология ва кончилик йўналишидаги хорижий олий таълим муассасаларининг, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг махсус умумтаълим ва базавий техник фанларини ўқитишга ихтисослашган Бошланғич муҳандислик тайёрлаш марказини ташкил этсин.
Университет ҳузуридаги Бошланғич муҳандислик тайёрлаш маркази битирувчилари ўз ўқишларини мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат геология қўмитасининг нуфузли таълим муассасалари билан келишувига асосан хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетида ёки Университетда давом эттириши белгилаб қўйилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
2020-2021 ўқув йилида Университет талабаларини қабул қилиш ва ўқитиш жараёнини ўз муддатида ташкил қилиш мақсадида, биринчи ўқув йилида уларни И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг тоғ-кон иши факультети ва ўқув-лаборатория биноларида таълим олишларига шароит яратиб берсин;
Давлат геология қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ Университетда тайёрланадиган мутахассисликлар рўйхатини инобатга олган ҳолда, Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.
Университет 2020-2021 ўқув йилида И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
12. Қуйидагилар:
Геология фанлари университетини ташкил этиш ва унда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйиш бўйича “йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ;
Геология фанлари университетида саноат корхоналаридаги геология соҳасига оид муаммолар ечимига қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишнинг мақсадли дастури 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари мазкур қарорнинг 3 ва 4-иловаларида назарда тутилган чора-тадбирлар ҳамда илмий-тадқиқот лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.
13. Геология фанлари университетининг Васийлик кенгаши таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қуйидагилар Университет Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, ундан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида олий таълимни ривожлантиришга йўналтирувчи янги шакллар, дастурлар ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, илмий ишланмалар натижаларини геология-қидирув ишлари амалиётига самарали жорий қилиш;
Университетнинг таълим ва илмий-тадқиқот салоҳиятини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, ҳамкорлик битимларини тузиш амалиётини ривожлантириш ва уларни амалга ошириш;
илмий-техник ишланмаларни молиялаштириш ва стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун республика ва халқаро грант маблағларини жалб қилишга кўмаклашиш;
Университетни мунтазам ривожлантиришни таъминлаш учун ҳомийлик хайрия маблағларини, техник қўллаб-қувватлаш (грантлар) ва бюджетдан ташқари бошқа маблағларни жалб қилиш;
Университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий ўқув-лаборатория ва тажриба-саноат ускуналари билан таъминлашга ёрдам кўрсатиш;
таълим ва илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;
давлат, жамият ва бизнес тузилмалари билан битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича янада самарали ҳамкорлик қилиш;
Университетнинг педагог, илмий ва бошқа ходимлари иш шароитларини ҳамда ижтимоий таъминотини яхшилаш.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат геология қўмитаси, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 8 июнь
Сўнгги фикрлар