етакчи ўринни эгаллагани муносабати билан ҳурматли Ректоримиз Авазжон Мараҳимов бошлиқ барча ҳамкасбларимизни самимий муборакбод этиб, келгусида бундан-да улканроқ муваффақиятларга эришиш насиб этишини Яратган Эгамдан тилаб қоламиз.
Жўшқин меҳнат жабҳасида Ректоримиз, проректорларимиз, декан ва айниқса тиниб-тинчимас кафедра мудирлари ҳамда профессор-ўқитувчиларимиз, тадқиқотчиларимизнинг фаолликлари таҳсинга лойиқдир. Аҳил ва жипслашган жамоамиз ҳар қандай улуғвор ишларга қодирлигини алоҳида таъкидласак арзийди.
Мамлакатимиз олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган агентликлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш белгиланган.
Миллий рейтинг олий таълим муассасаларимизнинг нуфузли халқаро рейтинглардан жой олишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бу йўналашидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида Таълим инспекцияси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Йўл хатираси” тасдиқланган. Халқаро рейтинг индикаторларига мослаштирилган миллий рейтинг тизими орқали олий таълим муассасаларидаги сифат кўрсатикичларини йилдан-йилга яхшилаб бориш орқали уларнинг дунё рейтингида юқори ўрин эгаллашларини таъминлаш режалаштирилган.
Ўтган давр мобайнида Таълим инспекцияси томонидан ривожланган давлатлар тажрибалари чуқур ўрганилди. Халқаро экспертлар гуруҳи жалб қилиниб, амалдаги миллий рейтинг тизими қайта таҳлил қилинди. QS (Quacquarelli Symonds) ва THE (Times Higher Education World University Rankings) каби нуфузли рейтинг агентликларининг мутахассислари миллий рейтинг тизимимиз билан танишиб чиқдилар ва тегишли тавсияларини бердилар. Бугунги кунда рейтинг тузиш методикасини янада такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик ишлари давом этмоқда.
Янгиланган методикага олий таълим муассасаларининг битирувчилари ҳақида иш берувчилар баҳоси, талабаларнинг мутахассислик фанларини билиш даражаси, профессор-ўқитувчилар яратган илмий мақолаларнинг «Web of Science» ҳамда «Scopus» каби халқаро базалардаги улуши, халқаро индекслар маълумотлари асосида илмий нашрларга иқтибослар сони, олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот фаолиятининг натижадорлиги, таълим муассасасидаги ижтимоий-маънавий муҳит каби янги индикаторлар киритилди.
Таъкидлаш жоизки, миллий рейтингни аниқлаш учун зарур бўлган асосий маълумотлар жорий йилнинг март ойига қадар умумлаштириб бўлинган эди. Кутилмаганда келган коронавирус пандемиясига қарамасдан миллий ОТМлар рейтингини аниқлаш бўйича ишлар давом эттирилди. Шунингдек, қўшимча ўрганиш талаб қилинадиган маълумотлар масофадан туриб ёки жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Бир неча маротаба олий таълим муассасалари ректорлари билан ҳар бир индикатор бўйича маълумотлар таҳлил қилиниб, тўлиқ шаффоф ҳолатга келтирилди. Рейтинг балларини ҳисоблашдан олдин таҳлилий ўрганилган маълумотлар тасдиқлаш учун олий таълим муассасалари ректорларига тақдим этилди.
Халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштирилган индикаторлар асосида жорий йилнинг февраль-июнь ойларида Республиканинг 57 та олий таълим муассасалари (филиаллари билан бирга) фаолияти таҳлил қилинди ва 2020 йил 1 январь ҳолатига уларнинг рейтинг натижалари тайёрланди:
1. Гуманитар ва иқтисодий соҳада Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент молия институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети етакчи ўринларни эгаллади.
Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти кабилар эса сўнгги ўринларни эгаллади.
Шунингдек, ушбу соҳада Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети аввалги йилга нисбатан юқори поғоналарга кўтарилган.
2. Техника ва қишлоқ хўжалиги соҳасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти етакчи ўринларни эгаллади.
Андижон машинасозлик институти, Бухоро муҳандислик технология институти, Самарқанд ветеринария тиббиёт институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қуйи ўринларни эгаллади.
Ушбу соҳада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти фаол ҳаракат қилиб миллий рейтингда биринчи ўринни яна ўзида сақлаб қолди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент архитектура-қурилиш институти каби ОТМлар аввалги йилга нисбатан юқори поғоналарга кўтарилган.
3. Тиббиёт соҳасида Тошкент стоматология институти, Тошкент тиббиёт академияси, Бухоро давлат тиббиёт институти етакчи ўринларни эгаллади. Бухоро давлат тиббиёт институти ўтган йилги рейтингдаги 16-ўриндан юқорига кўтарилиб 12-ўринга чиқди.
Тошкент фармацевтика институти, Андижон давлат тиббиёт институти эса сўнгги ўринларни эгаллади.
4. Маданият, санъат ва спорт соҳасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти етакчи ўринларни эгаллашди. Ушбу ОТМлар дастлабки рейтингларда энг охирги 10 таликка тушган эди. Жорий рейтингда ушбу олий таълим муассасалари фаолиятида ижобий ўзгаришлар бўлиб мос равишда 29- ва 32-ўринларга кўтарилган.
Ўзбекистон давлат хореография академияси соҳада сўнгги ўринни эгаллади.
Умумий рейтингда Ўзбекистон миллий университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент давлат аграр университети етакчи ўринларни эгаллашди.
Нукус давлат педагогика институти, Қўқон давлат педагогика институти, Гулистон давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти сўнгги ўринлардан олди.
Сўнгги бир йил ичида миллий ОТМларнинг асосий штатдаги профессор-ўқитувчилар сони 10,6%га, талабалар сони 25,4%га, фан доктори (DSc) илмий даражасига ёки профессор унвонига эга профессор-ўқитувчилар 11,0%, фан номзоди (PhD) илмий даражасига ёки доцент унвонига эга профессор-ўқитувчилар 10,1%, диссертация ҳимоялари (шу жумладан, берилган профессор ёки доцент унвонлари) 41,1% га ошган.
Илмий салоҳияти бўйича Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти етакчи ўринларда қайд этилди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Термиз давлат университети, Қўқон давлат педагогика институти, Фарғона политехника институти сўнгги ўринларни эгаллади.
Дунёнинг нуфузли 1000 талигига кирувчи ОТМларда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини олган профессор-ўқитувчиларнинг сони бўйича Тошкент ахборот технологиялар университети, Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат аграр университетлари етакчилик қилмоқдалар. 7 та ОТМда бундай профессор-ўқитувчилар мавжуд эмас.
Энг кўп хорижий профессор-ўқитувчилар Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Бухоро давлат тиббиёт институтида фаолият олиб бормоқда.
Энг кўп иш берувчилар баҳосини тўплаган ОТМларга Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд давлат тиббиёт институтлари қайд этилди.
Иш берувчилар томонидан “Битирувчиларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаси”га 84,5%, “ОТМнинг иш берувчилар билан ҳамкорлик даражаси”га 80,2%, “Битирувчиларнинг келгусида ўсиш имкониятлари”га 85,3%, “ОТМларнинг кадрлар тайёрлаш сифатига” 82,5% ижобий жавоб берилган.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги ОТМлар молиявий мустақиллик бериш, уларнинг қўшимча маблағ топишини такомиллаштиришга алоҳида этибор қаратилмоқда. Ушбу кўрсаткич миллий рейтинг тизимида ҳам алоҳида кўрсаткич сифатида киритилган. Бунда миллий ОТМлар ўртасида 1 нафар профессор-ўқитувчининг илмий-тадқиқот фаолияти натижалари асосида олинган маблағлар улуши бўйича энг юқори кўрсаткични Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (42,97 млн. сўм) қайд этган. Ушбу индикатор бўйича навбатдаги ўринларни Тошкент ахборот технологиялар университети (33,24 млн. сўм), Тошкент педиатрия тиббиёт институти (24,21 млн. сўм), Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти (20,68 млн сўм) ва 20,11 млн сўм маблағ билан Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти банд қилган.
Келгусида рейтинг натижаларини таҳлил қилиш асосида олий таълим муассасаларини халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашларини жадаллаштириш ва улар самарадорлигини рақамли технологиялар ёрдамида доимий баҳолаш мақсадида:
2030 йилгача халқаро рейтингларда 2 та олий таълим муассасасини топ-500 таликка киритиш учун “2/500” лойиҳасини ва 8 та олий таълим муассасасини топ-1000 таликка киритиш учун “8/1000” лойиҳасини амалга ошириш бўйича давлат дастурини қабул қилиш;
олий таълим муассасаларини рейтинг кўрсаткичлари асосида самарадорлигини таққослаш (benchmarking) ва реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини берадиган интерактив веб-портал ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
http://uza.uz/oz/society/oliy-talim-muassasalari-reytingi-elon-ilindi-17-10-2020
Сўнгги фикрлар