Ўқув муассасаси — маънавият тарғиботчиси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида

яқинда бўлиб ўтган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Жаҳон тарихига назар солсак, ҳар бир халқ, аввало, маънавий бирлашуви, миллий ғояси билан юксалган. Бугун янги ҳаёт қуриш, ривожланган давлатлар қаторига чиқиш йўлидан бораётган мамлакатимизда ҳам миллий ғоя масаласи жуда муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда бу борада қатор қарорлар қабул қилинди. Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси Президент экани белгилаб қўйилди. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилди. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди. “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз”.

Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият. Яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Чунки бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп. Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис Президент мамлакатимиз мафкурасининг асосий ғоясини таъкидлаб ўтди: – Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган, – деди давлатимиз раҳбари.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида маънавият ва маърифат соҳасига масъул  Ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими фаолият юритади. Ушбу бўлим Республика Маънавият ва маърифат марказининг шаҳар, туман бўлимлари ҳамда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган жамғармалар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда маънавий-маърифий ишларни такомиллаштиришда фаол иштирок этишдан иборат.

Университетда Ижтимоий фанлар Миллий ғоя ва Фалсафа йўналиши  маънавият ва маърифат, миллий ғоя соҳасига оид фанлар, амалиёт мавжуд. Шунингдек АҚШ, Туркия, Испания, Россия каби давлат ОТМ ва илмий фондлари билан алоқалар мавжуд  бўлиб, бу илмий ва таълим дастурларида миллий давлатчилик илдизлари, Марказий Осиё фалсафаси, Шарқ фалсафаси тарихи мавзуларида илмий ҳамкорлик ўрнатилган. Хориж тажрибаси ўзбек менталитети ва маданияти нуқтаи назаридан кўпроқ Яқин ва Ўрта Шарқ, Шарқий Осиё давлатлари давлатчилик ташкил этилишидаги мафкуравий тажрибалари мослигини кўрсатиб, илмий назарий тадқиқотларда ҳам ҳудудий ва ментал яқинлик хусусиятлари акс этади.

Ижтимоий фанлар факультети таркибида эса 2019 йилгача Миллий ғоя ва ижтимоий фалсафа ҳамда Диншунослик ва маънавият асослари кафедралари мавжуд бўлиб, 2019 сентябр ойида Ижтимоий фанлар факультети кафедралари реорганизацияси натижасида бу кафедралар номи Фуқаролик жамияти ва ҳуқуқ таълими, Фалсафа ва маънавият кафедралари сифатида ташкил этилди. Шунингдек Ижтимоий фанлар факультети таркибидаги Фалсафа ва мантиқ кафедраси мавжуд бўлиб, ушбу кафедра фалсафа тарихи соҳасининг Шарқ фалсафаси, мантиқи йўналишлари таълимини қамраб олган. Фалсафа йўналиши таълим соҳасида 2-3-курс бакалав таълимида араб ва форс тиллари ўқитилади. Фалсафа тарихи магистратура мутахассислигида Ислом илоҳиётшунослиги фалсафаси предмети мавжуд.

Университетнинг Ижтимоий иш фанлари факультетида миллий  ғоя ва ҳуқуқ таълим йўналишида 2020—2021 ўқув йилида 25 та квота ажратилган бўлса, 126 нафар талаба қабул қилинди. Бу талабалар учун Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон, Хитой, Партугалия давлатлари билан талаба ва ўқитувчи алмашинув ҳамкорлиги мавжуд. Маърузалар ва амалий дарсларда ёшлар онгига маънавият тушунчаси сингдирилади.

Маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти. Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда. Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур. Давлатимиз раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлади. Йиғилишда қайд этилганидек, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. «Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоянинг, маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаганлар, маънавият керакми-йўқми деб юрганлар ҳам йўқ эмас. Миллий ғоя деганда эски совет мафкурасини тасаввур қилиб, лабига учиқ тошаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу ҳам ҳақиқат. Лекин агар мафкура одамий бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилса, нима учун ундан қўрқишимиз керак? Ҳамма ҳаракатларимизнинг асоси – халқимизни рози қилиш. Шу муносабат билан таъкидлаб айтмоқчиман, биз яратаётган Янги Ўзбекистоннинг мафкураси – эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда аввало фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Албатта, бу юксак ғоялар осмондан тушмаган. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган», – деди Шавкат Мирзиёев селекторда. Президент пандемия даврида Ўзбекистон халқи кўрсатган бирдамликни миллий қадриятларга бир мисол сифатида эслаб ўтди.

Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти. Шунинг учун Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди. Президентимиз ушбу марказнинг “Маънавият тарғиботчиси” ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди.

 

Раима ШИРИНОВА,

ЎзМУ халқаро алоқалар бўйича проректори, профессор

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *