Эсон Давлатбегим (Ҳикоя)

Бахтиёр Омон 1959 йилнинг 14 мартида Самарқанд вилоятининг Нурота

шаҳрида туғилган. 1982 йилда Тошкент Давлат (ҳозирги Ўзбекистон Миллий) университети журналистика факультети кечки бўлимини, 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. “Энг улуғ, энг азиз”  Республика танлови ғолиби (2000), Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси (2006). Сиёсий фанлар доктори.

1985-2005 йилларда ноширлик соҳасида, сўнг Вазирлар Маҳкамасида етакчи мутахассис, Тошкент ахборот технологиялари университетида проректор, Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлигида Бош директор ўринбосари, Республика Давлат Патент идорасида директор лавозимларида фаолият олиб борган. Айни  кунда Тошкент ахборот технологиялари университетининг  доценти.

Бахтиёр Омоннинг “Юрак оғриқлари” (1998), “Умр дафтари”(1999),  “Последняя трагическая дуэль А.С.Пушкина” (1999, ҳаммуаллифликда), “Сиёсий етакчининг  нотиқлик маҳорати” (2000), “Нотиқнинг нуфузи”(2001),  “Бобурнинг болалиги” (2002),  “Сиёсий модернизациялаш моделлари ва Ўзбекистон  тажрибаси” (2012), “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш механизмлари” (2017), “Имконларим” (2018), “Жамиятни модернизациялашнинг концептуал асослари” (2019), “Ношир дафтари” (2019) сингари китоблари нашр этилган. У Лев Толстойнинг “Акула” (1987, 2004), Ш.Дунасарийнинг “Одамни билиш илми” (1994, 2015), Лао Шэнинг “Бева аёл қиссаси” (1994), “Мушуклар салтанати” (1996) асарларини  таржима  қилган.

1

ЭСОН  ДАВЛАТБЕГИМ

Ҳикоя

Ёш Заҳириддин кечаги шум хабардан ўзини беҳол сеза бошлади. “Ажаб дунё экан, –деди муштларини иягига тираб. – Одамлар нега ит-мушук бўлиб яшайдилар? Нега қондошлар бир-бирига мадад бериш ўрнига юзига оёқ қўядур?!”

Сарой аҳлига жавоб бўлгач, у устозини ёнига чорлади. Мақсади кўнглида йиғилган жумбоқларнинг сири-синоатидин бохабар этмоқлик. Ёши улуғ, оғир, вазмин Хожа Абдуллоҳ яқин суянчиғи, яқин одами. Отаси Умаршайх хизматида юрган бу оқил кишининг донишмандона фикрлари  ёқади.

−Мавлоно, амакимнинг муроди аёнму? –сўради Заҳириддин изн сўраб, эшикдан кирган кишига.

− Бўтам, Аҳмад Мирзога муносабатим андак дуруст эрди, афсус, – жавоб берди устоз аламидан қўллари титраб. –Барча шоҳларнинг нияти яхшилик уруғини сочмоқлик эмас эркан.

−Мен ёмонликни  ўзгаларга  раво  кўрмасмен…

–Қалбингиз зилол сувидай тоза ва поклигини биламен, болам. Ғанимлар орзуларингизни  топташга уринса,  жим қараб турмассиз?

−Аларга  зарба  берурмен!

−Боракалло. Айтинг-чи, шул фикрингизни ўзи қон тўкмоқликнинг далолати эмасми? Подшоҳлик дунёдаги энг мушкул, энг нозик ишдур, бўтам. Яқинда ўн иккига қадам қўйдингиз… Эртанги жангда минглаб навкарларимизнинг ёстиғи қурийдиган бўлди-да, ўғлим. Муштипар оналар қарғиши, бегуноҳ норасидаларнинг дод-фарёди кўз олдингизга келмайдиму? Кечиринг мени…

−Устоз,  нима  қилмоғимни  истайсиз? Ахир, айтингиз…

−Амакингизнинг шум нияти – ҳимоянгиздаги жаннатмакон ерларни илгига олмоқлик. Сиз уни мағлуб этингиз! Токи, отангизнинг узоқ йиллик заҳматлари кўкка совурилмасин. Билдингизму?! Илоҳим, бу жангда пири комиллар сизга мададкор бўлғай.

−Менга инонинг, устоз.

−Инонамен, болам. Энди каминага ижозат беринг. Аммо жангга киришдан аввал Эсон Давлатбегимнинг қошига, албатта, кирингиз. Бувингизни дуолари қиличдан-да кескирдир.

Хожа Абдуллоҳ таъзим бажо айлаб, хонани тарк этди. У кетган бўлса-да, бояги аччиқ сўзлари ўйга толдирди. Шу бўйи, Заҳириддин кўзига уйқу келмади. “Баъзи шоҳлар яхшилик уруғини сепмайди”, дедими. Наҳотки, умрининг  охирига  қадар яхшилик қилмоқлик қўлимдан  келмаса?!

Заҳириддин  бувиси   олдига  шошилди.

−Келингиз, ҳозиргина сиз ҳақда ўйлаб турувдим, − набирасини юз-кўзи ва пешонасидан ўпиб, пешвоз олди момо. Рўпарасида  кечагина сарой ҳовлисида ўйнаб юрган болакай эмас, балки  ақли тўлишган  жиддий ўсмир турарди, гўё.

−Аҳмад Мирзони ютқазишини кўнглим сезиб турибди. Илоҳим, зафар қозониб  қайтинг, ўғлим,– лаблари пичирлаб, юзига фотиҳа тортди бувиси. −Заҳириддин, эмди панд-ўгитларимга қулоқ осинг: келажагингизни кечаю-кундуз ўйлаб,  кўп хаёлга толамен. Жирканч зотлар боламни хароб қилишидан қўрқамен. Орамизда ғараз ниятли ғанимлар бисёр. Жангдан омон-эсон қайтинг,   бу ҳақда бафуржа сўзлашурмиз.

  • Хўп бўлади, бувижон.

…Не бахтки, тенгсиз маҳорабада Заҳириддинга иқбол  кулиб боқди. Қубо[1] кўприги ёнидаги ботқоқдан ўтишда Аҳмад Мирзонинг йигитлари фалокатга мубтало бўлдилар. Ботқоқлик бир зумда оч-наҳор кўзларни ўзининг қаърига тортиб кетди. Отлар, туялардан кейин аскарлар гуппа-гуппа ағанай бошлади. Шум ниятлари ушалмай қолганини сезган сипоҳилар ширин  жонларини азиз билиб, тезда ортга  чекиндилар…

Боши эгик Аҳмад Мирзо шармандали сулҳга қонли бармоғини босиб, юртига тушкун кайфиятда қайтадиган бўлди. Бу хушхабарни эшитган Эсон Давлатбегим: ”Ўсмирга қўл кўтарган кишининг бошига азалдан қора кун тушгуси”, деб пичирлади. Дуолари мустажоб бўлаверган Улуғ она – момони сарой аҳли шундай атайди  –башорати ушалганидан  бағоят  шодланди.

Заҳириддин  зафарли юришдан  сўнг, тўғри  бувисининг ҳузурига  ошиқди.

–Шоҳим, болагинам!–момо қучоғини очиб, неварасини бағрига маҳкам босди.–Сизни чин дилдан қутлаймен. Мўъжизани кўрингки, Яратганнинг ўзи марҳаматини аямади. Бугун отангиз  руҳи  ҳам  шод бўлди, болажоним.

Невара Улуғ онанинг меҳрли кўзларига нигоҳ ташларкан, Қубо жангида шаҳид кетган қурбонларни ўйлади.  “Яхшими ё ёмонми, ҳамма ўлади. Аммо яхшилар нега ўлимни четлаб ўтмайди? Ҳозир тасбеҳ ўгираётган бувижоним ҳам бир куни ҳаёт билан видолашадими?”, деган ўйлар ўтди хаёлидан.

Ардоқли бувисининг ўлими бирдан кўз олдига келди-ю, ҳаяжонга тўла кўзлари жиққа ёшга тўлди.

–Бувижон, си-из-з кўп яшанг, хўпми?–деди-ю  бошини Улуғ онанинг қучоғига қўйганча, ҳўнграб йиғлаб юборди.

–Йиғлаяпсизми, баҳодирим. Момонгиз ҳали кўп йиллар яшайди. Сиздек шоҳим – улкан тоғим бор экан, яшайверамен, болагинам.

–Алдамаяпсизми, бувижон?–у қизарган  кўзларини енгининг бари билан артиб қўяркан, яна қиёфаси жиддийлашди: –Айтинг-чи, кечаги қурбонлар  учун камина гуноҳкор бўлмайдими? Аларни интиқлик билан кутаётган бола-чақалари  мени қарғамайдиму?

−Нега қарғайди, болам. Бу дунёда ҳар ким ўз қилмишига яраша ўз жазосини олади. Ахир, юртни очкўз рақибнинг ҳамласидан ҳимоя этдингиз-ку?!

Заҳириддин ўрнидан  турди  ва:

–Токи ҳаёт экансиз, руҳингизни чўктирмаймен, бувижон,–деди қўлини кўксига қўйиб. –Сиз ёнимда бўлсангиз, бас, ҳаққимни асло бериб қўймасмен!

–Суюкли набирагинам, катта бир ғанимни енгдингиз. Қадамингиз қутлуғ келди…Аммо ҳушёр бўлингким, қора шарпалар мансаб ва  бойлик илинжида  ҳеч нарсадин қайтмайдур.

Саройда ёш шоҳнинг ғанимлари бисёр эди. Тож кийиш маросимидан кейин “шарпа”лар аниқ кўзга ташланиб қолишди. Эшик оғаси Ҳасан Яъқубга муштдай болакайнинг амру фармон бермоғи ёқмасди, эски хизматлари эвазига у юқори мартабага эришмоқни  истарди. Ул кимсада ҳасад учқунлари ниш урган бўлиб,  ҳукмдорнинг жонига қасд  қилмоқни ўйларди. “Раҳнамоси Хожа Абдуллоҳни ёҳуд бул  тирмизакни бир куни бошини танасидин жудо этурман!”– дея  қасд қилиб юрарди у.

ххх

Ўша кеча Заҳириддин ёмон туш кўрди.  Тушида аён бўлишича, саройда чароғонлик  ўрнини қоронғулик қоплаган эмиш. Ақли шошганича, устози уйига югурибди. Кўчалардан бораркан,  шумқадам одамлар кўпайганини сезибди. Совуқ шамолнинг увиллаши, олашақшақнинг шақиллаши эшитилибди. Бир тўда  одамлар гулхан атрофида чордона қуриб, суҳбат қурар, совуқ башара Ҳасан Яъқуб  тикка турганча,  фитна маслаҳатини қилаётган эмиш.

У  ўнгу сўлга  қадам ташлаб, манзилга етиб борганида, устози масжидга намозга чиқиб кетган экан. Саройга қайтишда машъала тутган  қўлларнинг   таъқиб этаётганини сезибди…

Ғалати тушдан чўчиб уйғонганида, чироқ шўъласи хонани хира ёритиб турарди. У ички кийимда ташқарига отилди. Тун чодрасини ёриб оппоқ тонг отаётганини кўрди. “Хайрият, тушим  экан”, деди  ҳаяжонини босиб.

Ғамгин кайфиятда тўшакка ётаркан,  ичини тирнаган,  қийнаган фикрлари тинчлик бермасди. Дераза ойнасидан ҳилолни кўриб, ҳайратда қолди:  бувиси яқин кунларда ой тўлишини айтганди. Бу недан далолат экан?”.

Заҳириддин  бувисини барвақт уйғонишини билиб,  хобхонасига югурди.

–Ассалому алайкўм, бувижон.

– Ваалайкум ассалом,  болагинам. Эрта уйғонибсизми?

−Уйғониб кетибмен.

–Фикр туғилдими? Дарвоқе, ўтган галги шеърингиз ниҳояландими? Сиздан умидларим бор…–деди-ю, момонинг кўзларига ёш қалқиди. – Отангиз, сизга алоҳида  ихлос қўйган эдилар, болажоним…

Сирли ҳодисот шулки, жанг олдидан ўн уч ёшли Заҳириддин   ҳаяжондан энтикиб, кўз ёши тўккан бўлса, Бобурийларнинг улуғи – Эсон Давлатбегим  энди ўзини тута олмай  ҳўнг-ҳўнг йиғларди.

−Қўйинг, бувижон, йиғламангиз.

–Суюкли набирагинам, – деди озгина жимликдан сўнг буви.– Тўпимизда меҳр-оқибат йўқолиб бораётганини биламен. Хеш-ақраболар бир-бирин кўзига хас ташлайдур, ҳуда-беҳуда ёвлашадур. Ёруғ кўзларимиз дўст киму душман кимлигини ажратолмай аросатда қолаётир. Амакингиз Аҳмад Мирзонинг телбавор қилиқларини кўрдингизму? Эҳ, ақлига суф унинг! Ул кишим бир норасида уруғдошининг  қанотини синдириб ташлагиси келибди. Набирамнинг соф юрагини қилич билан забт этиб бўлмаслигини у билмайди…

−Бувижон, мени тингланг.

−Қани, енгилмас  баҳодирим, сўйланг!

−Ажаб туш кўрибмен. Таъбирини билмоққа ошиқамен.

Заҳириддин  бувисига кўрган тушининг тафсилотини шоша-пиша сўзлаб  берди.

–Ёмон туш кўрибсиз, – деди буви. – Осмонимизда саросимали кунлар яқинга  ўхшайдур. Менинг ҳам кўнглим анчайин безовта, болагинам. Аммо номард каслардин чўчиманг,  бирон чорасини топармуз.

Эсон Давлатбегим набирасига таскин бераркан, “Шу боламнинг бошига етишмасайди”, деган фикр хаёлидан лип этиб ўтди. “Душман ҳам ўзимиздан чиқади. Ҳеч бўлмаганда, Заҳириддин боламга  қаддини тиклаб олгунча ён беришса    яхши бўларди”.

Қўққисдан  фалокат ҳам юз берди. Хожа Абдуллоҳдан ўлдириб кетишди. Туш ҳақ чиқди. Писмиқ ва чиркин  Ҳасан Яъқубнинг бунда қўли бор эди. Шу алфозда музофотда шоҳнинг мансабпараст рақиблари қон тўкишни бошлаб   юборишди.

Фитнадан ижирғанган Заҳириддиннинг кичик муштлари қаттиқ тугилди. ”Калтабинлик ва жаҳолатдан қутулмоқнинг чораси бормикан? – деди у. –  Рўпарамизда не-не ғанимлар фурсат пойлаб турганда, ит-мушук бўлиб нега бир-биримизни ғажиймиз?!”

Яхши орзулар оғушида юрган Бобур Мирзо бошига кафолат бера олмаслигини англаб етди. Бу борада кўп ўй суравериб, ахийри бир қарорга келди: “Салтанатдан бошимни олиб кетамен.  Ўзимни бошқа майдонларда  синаб  кўрамен. Ё ости, ё усти!”.

Сафар олдидан Бобур Мирзо  бувисининг қошига кирди. Момо неварасини  эринмай тинглади, сўзларини тарозига солиб кўрди-да,  ноилож таклифига    рози бўлди.

–Нима дердим, баҳодирим. Ғанимлар сизни нобуд қилиб қўйишидан ташвишдамен. Бу талотўмда Андижондин чиқиб кетмоғингиз мақбул  ишдур. Розимен, болам, розимен. Соҳибқирон бобонгиз янглиғ шуҳратингиз  оламга ёйилишини  жуда-жуда истаймен.

Эсон Давлатбегим набирасига оқ  фотиҳа берди. У дам йиғлар, дам шодланар, юраги аллақандай ҳаприқиб  борарди.

Шом қоронғусида Бобур Мирзо хос йигитлари ҳамроҳлигида олис, анча олис сафарга  отланди.

_______________________________________

         [1]Қубо – Қува.

 

Бахтиёр ОМОН, 

ёзувчи   

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *