Наврўз – ҳаётга муҳаббат рамзи

“Ўзбекистон тарихи” телеканали халқимизнинг буюк тарихи, азалий

миллий қадриятларини намойиш этаётгани билан миллионлаб томошабинлар эътиборини қозонмоқда.

Мазкур канал Бош муҳаррири Баҳриддин Қўшмонов, режессёр Хуршид Тўлабоев, телебошловчилар Нажмиддин Эрматов ва Ҳилола Назировалар Наврўз байрамига бағишланган “Тарихий савол” кўрсатувини эфирга тайёрладилар.

Кўрсатувда таниқли филолог олимлар Шомирза Турдимов, Маматқул Жўраев ва тарихчи олим Адҳам Аширов билан бирга давра суҳбати ўтказдик. Унда Наврўз байрами тарихи, ўтган асрда унга нисбатан қилинган баъзи тажовузлар ва ниҳоят, юртимизда бу байрамнинг тикланиши билан боғлиқ ажиб воқеа-ҳодисалар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

1

Баҳорни Наврўзсиз, Наврўзни баҳорсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шоир ёзганидек, баҳорни узукка қиёс айласак, Наврўз шаксиз унинг ёқут кўзидир! Бу кўз қорачиғида акс этган гўзалликни тараннум этиш ҳар бир қаламкашнинг асл сўзидир! Маънавий қадриятларимиздан бирига айланган Наврўз ҳақида қанча нодир китобларда дурдона сўзлар битилмаган дейсиз!

Миллий маънавиятимизнинг азалдан қандай омил ва мезонлар негизида шаклланиб келаётгани халқимиз учун энг азиз ва энг миллий байрам – шарқона янги йил бўлмиш Наврўз айёми мисолида ёрқин намоён бўлади. Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда.

Буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Эрон подшоҳи бўлган Жамшид “янги кун”ни Наврўз деб атагани ҳақида ёзиб, шундай ривоятлар келтиради: “Жамшид ўзига арава ясаб олгач, ўша куни аравага чиқиб олди, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбованддан Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайиб қилдилар ва Жамшиднинг (аравада учишига) тақлид қилиб арғимчоқларда учдилар”.

Бу тарихий асарда яна шундай нодир фикрлар ўқиш мумкин: “Наврўз кунида бир соат (пайт) бор, шу соатда фируз (яъни, бахт) фалаки руҳларни махлуқотни яратишга ҳайдайди… У куннинг энг саодатли соатлари Қуёш соатларидир. Унинг тонгида ёруғлик имкони борича (ерга) яқинлашади, одамлар унга қараш билан ўзларини бахтли санайдилар”.

Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”  асарларида ҳам Наврўз тарихига оид қимматли маълумотлар билан танишиш мумкин.

Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонида Наврўз байрами ҳақида шундай битиклар ўқиймиз:

 

Ки бу сур эрур олам афрўз ҳам,

Хусусан эрур фасли Наврўз ҳам…

 

Бу байрам қанчалик қадимий қадриятларимиздан бири бўлгани ҳақида таниқли журналист Шомуҳиддин Мансуров “Сиёвуш” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади: “Ислом дини хаёлда бўлмаган, Будда ҳали “туғилмаган” даврларда Кўҳистон деб аталган ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган битиклар – “Бундахиши”да унинг номи Сиёвахш, “Авесто”да эса Сиёваршан шаклида келтирилади”. Муаллиф бу маълумотлар Бухоронинг Наршах қишлоғида туғилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик ан-Наршахийнинг 943-944 йилларда араб тилида ёзилган “Бухоро тарихи” китобидан олинганини таъкидлар экан, Сиёвуш бундан тўрт минг йиллар илгари яшаб ўтганлигини, демак халқимиз Наврўзни тўрт минг йилдан буён нишонлаётганини асослайди. “Халқ Сиёвушни мангуликка, мангуликни эса Наврўзга қиёс қилади,– деб ёзади муаллиф.– Наврўз халқ севган қаҳрамонларни мангу ёдда қолдирган бўлса, ўз навбатида, халқ қаҳрамонлари Наврўзни мангуликка дахлдор байрамга айлантирдилар”.

Кези келганда таассуф билан айтиш жоизки, собиқ мустабид тузум даврида топталган қадриятларимиз қатори Наврўз ҳам 1986 йили расман таъқиқлангани ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиққани йўқ.

Шундай оғир дамларда бир гуруҳ мард ва олижаноб ўзбек зиёлилари Наврўз байрамини тиклаш йўлида маърифат ила курашганларини ҳам яхши биламиз. Улардан бири тарих фанлари номзоди, доцент Шавкат Миралимов эди. У ўша кезда марказ ҳисобланган Москвадаги масъул раҳбарларга Наврўзнинг ҳеч қанақа диний байрамларга алоқаси йўқлигини асослаб хатлар ёзган.

Ниҳоят, юртимизда 1990 йил 2 майда “Наврўз халқ байрамини ўтказиш якунлари тўғрисида“ги тарихий ҳужжат имзоланди. Унда аввало Наврўзнинг тиклангани, буни юртимизнинг бутун аҳолиси мамнуният билан маъқуллаб, кўтаринки руҳда кутиб олгани баён қилинган. Шундан буён мамлакатимизда ҳар йили 21 март – Наврўз байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Шундан буён ҳар йили баҳорнинг илк кунларидан юртимизда, шаҳару қишлоқларимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авжига чиқиши, умумхалқ ҳашари ташкил этилиб, маҳаллалар, кўчалар, аҳоли турар-жойларига янада файз кириши, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилиши анъанага айланган.

Мамлакатимизда Наврўз байрами 1990 йилда қайта тиклангани муносабати билан Шавкат Миралимов бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорларнинг “Наврўзи олам бугун” деб номланган публицистика, мақолалар ва шеърлар тўплами 50000 (эллик минг!) нусхада чоп этилди!

3

Наврўз байрами бугун ҳаётга муҳаббат рамзи сифатида ардоқланади. Баҳор чечакларини қанотида олиб келган Ҳумо қуши мисол юрт кезганида олам ўзгача мунаввар бўлганини дилдан ҳис этмаган киши топилмаса керак.

Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ҳам бу кун ҳақида кенг ёритилган. Яъни, Наврўз баҳорнинг тенг кунлиги – қуёшнинг ҳамал буржига киришига тўғри келади. Уни байрам қилиш дастлаб ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган. Собиқ совет тузуми Наврўзни диний маросимлар қаторида таъқиқлаган бўлса-да, у халқимиз маънавий ҳаётидан озиқланиб, бойиб, мукаммаллашиб бораверди…

Наврўз байрами бутун юртимизда кенг нишонланиши боқий анъанага айланиб қолди. Наврўз байрамига пайваста халқ маросимлари, урф-одат ва анъаналари миллий туйғуларимизни янада жўш урдиради. Наврўз байрами куни шаҳару қишлоқларимизда халқ сайилга чиқишини кузатсангиз дилингиз яйрайди. Шундоқ дориломон кунларга етказгани учун яратганга шукроналар айтасиз.

Бугун қайсики қишлоқ ёки маҳалла кўчасига қадам ранжида қилманг, гулга бурканган дов-дарахтларни кўриб дилингиз яйрайди. Улар эртанги фаровонлик, файзли-баракали ҳаётдан дарак бераётганга ўхшайди. Мамлакатимизда баркамол авлод камолга етган сайин орзу дарахтлари ҳам улғайиб бораётганини ҳис этасиз. Зотан, бу қутлуғ байрам олий ўқув юртларида қанчалик шодиёналар билан нишонланишини таърифлашга тил ожиз. Гўё шу лаҳзаларда Наврўз айнан баркамол авлодни маънан камолга етказувчи байрамга айлангандек!

Яна бир хушхабарни айтиш жоиз. Яқинда “Право-пресс” нашриёти томонидан “Хуш келдинг, Наврўз” (байрам тадбирларида фойдаланиш учун сценарий ва шеърлар) деб номланган тўмлам чоп этилди. Тўпламдан ўрин олган “Наврўз нафосат байрами” сарлавҳали сценарий мактаб саҳналарига мўлжалланган.

1

“Тарихий савол” кўрсатуви азиз телетомошабинларимизга баҳор чечаклари мисол хушкайфият бахш этади, деган умиддамиз.

2

Тўлқин Эшбек,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

республика Маънавият ва маърифат маркази

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси,

халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *