Абдулла Орипов шеъриятининг ХХ аср шарқ адабиётидаги ўрни

Шеърият ихлосмандлари “замонамиз Алишер Навоийси” дея таърифлашган

атоқли шоиримиз Абдулла Орипов миллат ғурури, юрт фахрига айланган улуғ сиймодир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимизга янада кўтаринки руҳ бахш этди.

Шу муносабат шоирнинг ўзи таҳсил олган Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетида “Абдулла Орипов шеъриятининг ХХ аср шарқ шеъриятидаги ўрни” мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

ЎзМУ проректори Ҳикмат Сабуров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, филолог олимлар Ҳамидулла Болтабоев, Нурбой Жабборов, Насимхон Раҳмон, Журналистика факультети доценти, халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Тўлқин Эшбек ва бошқалар улуғ шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритдилар.

1 2 3 4

Атоқли шоирнинг қизи Шоира Абдулла Орипованинг отаси ҳақида сўзлаб берган хотиралари анжуман иштирокчиларини ҳаяжонга солди.

Анжуманда таъкидланганидек, Абдулла Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида дунёга келган. 1963 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган.

У «Ёш гвардия» (1963-69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969-74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974-76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976-82), масъул котиб (1985-88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983-85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси лавозимларида фаолият юритган. Қатор йиллар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Сенат аъзоси бўлган.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган. Атоқли шоирнинг «Митти юлдуз» (1965), «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003) мухлислари қалбидан мангу жой олган.

Адабиётшунослар эътирофича, Абдулла Орипов ўзбек шеъриятига ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ совет жамиятида эса бошлаган янги шабаданинг элчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърларидан бошлаб миллий шеъриятда янги поэтик тафаккурнинг қарор топиши йўлида
ижод қилди; турмушда пайдо бўла бошлаган янгича карашлар, кишиларнинг руҳий оламидаги эврилишлар, фикр ва хатти-ҳаракат эркинлигига бўлган эҳтиёж Абдулла Орипов шеърларининг ғоявий мундарижасини белгилаб берди.

Абдулла Ориповнинг дастлабки шеърларидаги романтик кайфият аста-секин ўз ўрнини фалсафий мушоҳадаларга бўшатиб, шоирнинг ҳаётда рўй бераётган воқеа ва ҳодисаларга муносабати фаол тус олди. Шу маънода «Тилла балиқча», «Қўриқхона», «Генетика», «Оломонга» каби шеърлар Абдулла Ориповнинг лирик шеърият уфқларини ҳаёт муаммолари тасвири ҳисобига кенгайтириб бораётганидан дарак берди. Худди шу нарса Ориповнинг достон жанрига мурожаат этиши ва лиро-эпик тасвир имкониятларидан самарали фойдаланишига сабабчи бўлди.

Абдулла Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонларида маънавият масалаларига алоҳида эътибор бериб, кишиларнинг руҳий оламидаги айрим қусурлар билан илмий-техник тараққиёт ва тафаккурнинг парвози ўртасидаги зиддиятни очиб ташлади.

Умуман, Абдулла Ориповнинг шеър ва достонларида олға сурилган маънавий муаммолар мустақиллик даврида, айниқса, долзарб аҳамият касб этиб, шоирнинг худди шу масалалар тасвирида ўз даврига нисбатан (уларнинг аксари 1990 йилларга қадар ёзилган) илғорлаб кетганини намойиш этди. Унинг ижодида, бир томондан, Ғафур Ғулом лирикасига хос фалсафийлик кўзга ташланса, иккинчи томондан, Ҳамид Олимжон шеърларига хос мусиқий равонлик ва бадиий соддалик акс этиб туради.

Шоирнинг сўнгги йиллар лирикасида туйғу ва кечинмалар тасвири сусаймаган ҳолда яна бир муҳим фазилат бор. Бу, Абдулла Орипов шеърларига лиро-эпик тасвир унсурларининг кўплаб кириб келишидир. У мустақиллик йилларида адабиётнинг ранг-баранг тур ва жанрларида ижод эта бошлади. Шу даврда тарихий адолатнинг тикланиши, ўтмишда яшаган саркардалар ва алломалар хотирасининг эъзозланиши Абдулла Ориповни Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихий тақдирида ўйнаган буюк ролини кўрсатувчи «Соҳибқирон» шеърий драмасини (1998) ёзишга илҳомлантирди. Халқ шоири бу асарида қарийб уч аср давомида ҳукм сурган қудратли Темурийлар салтанатининг асосчиси ва XV аср Шарқ Уйғониш даврининг бошланишига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий шароит яратган Амир Темур образини ёрқин гавдалантириб берди. Мазкур асар республиканинг барча йирик театрлари ва қардош мамлакатлар саҳналарида катта муваффақият билан ўйналди.

Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матни муаллифи экани билан ҳам хотираларда сақланиб қолади. У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган аксарият сценарийлар муаллифидир.

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси етакчиларидан бири, академик Акмал Саидов бошлиқ бир гуруҳ муаллифлар томонидан нашрга тайёрланган “Ўзбекистон – дилбар Ватаним” (Устоз Абдулла Орипов ҳақида хотиралар) китоби атоқли шоир таваллудининг 80 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Тадбирда ЎзМУ кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган кўплаб китоблардан туҳфа этилди.

Анжуманда сўзга чиққанлар ва истеъдодли талабалар Абдулла Орипов шеърларидан айтиб бердилар.

5

Ўзбекистон халқ артисти Гулбаҳор Эрқулова атоқли шоир шеърларини куйга солган қўшиқларидан ижро этиб, даврага файз киритди.

***

Сўзимизга Шоира Орипованинг фейсбукда ёритган қуйидаги дил сўзлари билан нуқта қўямиз:

“Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетида отамнинг ижодига бағишланган «Абдулла Орипов шеъриятининг ХХ аср шарқ шеъриятидаги ўрни» мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Университет раҳбарияти ректор профессор И.У.Мажидовга, профессор филологларимиз Нурбой Жабборовга, Ҳамидулла Болтабоевга, Тўлқин Эшбекка, Ўзбекистон халқ артисти опамиз Гулбаҳор Эрқуловага ва Ёзувчилар уюшмаси раиси отамнинг шогирдлари Сирожиддин Саййидга чиройли дилдан гапирилган маърузалари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман”.

 

Маҳлиё МИРСОАТОВА,

ЎзМУ Журналистика факультети декани,

Равшанжон ОМОНОВ,

Дилдора АЗИМОВА,

ЎзМУ Журналистика факультети декани ўринбосарлари,

Феруза КАРИМОВА,

халқ депутатлари Олмазор туман кенгаши депутати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *